“Навоий, сўз айтурда фарзона бўл”

9 февраль — мутафаккир Алишер Навоий таваллуд топган кун

Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.

Алишер Навоийнинг ижоди улкан. Олти достонининг ҳажми ўзи 60 000 га яқин мисрани ташкил этади. Навоий асарларини қанчалик кўп ўқиган сари, ўрганган сари, шунча кўп ҳайратга тушади киши.

Шу боис Алишер Навоийнинг ҳар бир сўзи ҳозир ҳам пурмаъно ҳикмат бўлиб жарангламоқда, ҳозир ҳам бизга ибрат ва сабоқ бўлмоқда. Навоий асарларидаги “сўз” истилоҳи ранг-баранглиги, мазмунан кенглиги билан алоҳида ажралиб туради. Бундан ташқари, Навоий қаерда “сўз” калимасини ишлатар экан, у қайси мазмунда келишидан қатъи назар, адабиёт ва у билан боғлиқ соҳалар (нутқ, сўзлаш воситаси, нотиқлик, тил, ахлоқ, кишилар орасидаги муносабат ва бошқалар) ҳақида ҳам фикр юритади.

 

Бўлмаса сўз ажаб бало бўлғай,

Булбули нутқ бенаво бўлғай.

Донаи дур сўзини афсона бил,

Сўзни жаҳон баҳрида дурдона бил.

 

Навоийнинг бадиий асарга бўлган қарашлари, кўпинча, назм ҳақида экан, “сўз” ҳам аксар пайтда шеърий асарни ифодалаб келган. Шоир:

 

Донаи дур сўзини афсона бил,

Сўзни жаҳон баҳрида дурдона бил, —

 

деганида, биринчи навбатда, бадиий сайқал олган шеърий асарни назарда тутади. Худди шу хусусият Навоийнинг Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий асарларини баҳолашида ҳам кўринади. Навоий ўз замондошларининг ҳар қандай бадиий асарини “сўз” деб атайди:

 

Сўзингники яхши кўрарсан ўзинг,

Кўринмас ёмон чун эрур ўз сўзинг.

 

Ёки:

 

Сен ўзингни тонимас эрмишсан,

Ўз сўзингни тонимас эрмишсан.

Яна бир мисол:

 

Навоий сўз айтурда фарзона бўл,

Чу иш бошингга тушти, мардона бўл.

 

Ушбу байтларда Навоий гўё ўзини ҳам огоҳликка чақиради. Аниқроғи, улуғ шоир ўз асарларини яратар экан, ўқувчи олдида турк тилида яратилаётган илк достонларининг келгуси тақдирини ўйлайди. Шоир бадиий юксак, замондошлари ижодига ҳар томонлама баробар асарлар яратишга чоғланади. Бу меҳнат, машаққатларнинг кўплиги, оғирлиги олдида мардона туришга ундайди.

Улуғ адиб тилнинг ижтимоий заруратини қайта-қайта таъкидлайди. Сўзсиз ҳаётда гўзаллик, ривож бўлиши мумкин эмас. Тилни “сўз” билан ифодалаган шоир унинг моҳиятини, ҳаётий заруратини усталик билан очиб беради:

 

Жисм бўстонида шажар сўздир,

Pyҳ ашжориға самар сўздир.

Бўйла булбул навоси сўздиру бас,

Нағмаи жонфизоси сўздиру бас.

 

Демак, булбул (шоир) фақат сўз орқалигина киши қалбини сеҳрлайди, “жонфизо” байтларни тизиб, ўзига хос “нағма” яратади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Навоий асарларидаги “сўз” ўзининг ифодаси, мазмунан кенглиги ва ижтимоий фикрни ифодалаши билан алоҳида ажралиб туради. Навоий “сўз”ни адабиёт вазифалари, унинг ижтимоий аҳамияти билан бирга тушунди ва талқин этди.

Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижоди фақат ўзбек адабиётидагина эмас, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўринга эга. Улуғ шоирнинг асарлари ҳаётлик даврида ҳам, ҳозирда ҳам барча учун севимлидир. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таъбири билан айтганда:

“… Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер”.

Жаҳонгир ТОЙБОЛАЕВ,

Ўғилой ХОДЖАЕВА,

Фарғона вилояти тарихи

ва маданияти давлат музейи

ходимлари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 5 =