Бобуршунослик илмидаги айрим муаммолар
Бобур тошбитиги.
Муҳаммад Ҳайдар мирзо қайси халқ тарихчиси?
Айрим буюк зотларнинг илмдаги қисмати жуда ажойиб бўлади. Бобур Андижонда туғилиб ўсган. Аммо бобуршунослик, гарчи Ўзбекистонда XXI асрнинг дастлабки ўн йиллигида узил-кесил шаклланган бўлса-да, ўзга минтақаларда, айниқса, Ғарб мамлакатларида XVII-XIX асрларда ривожланган.
Бобурнинг бўласи — холаваччаси, таниқли ўрта аср тарихчиси Муҳаммад Ҳайдар мирзо Аёзий ҳозирги Тожикистон Республикасининг Ўратепа (Истаравшан) шаҳрида дунёга келган. Ҳаётининг ўн тўққиз йили Уйғуристонда, ўн саккиз йили эса Ҳиндистонда ўтган. Ҳозир у “Қозоқ тарихшунослигининг Геродоти” деб эътироф этилади (Абдусаттор Дербисали, филология фанлари доктори, профессор). Қозоғистон Республикасида Муҳаммад Ҳайдар мирзо номидаги университет (Тароз шаҳрида), кўчалар ва мактаблар мавжуд. Тароз шаҳрида Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳаёти ва ижодини ўрганиш маркази фаолият кўрсатади. Қозоғистонда Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳақида юзга яқин монография ва рисолалар, мингга яқин илмий мақолалар ёзилган. Бу ҳолатлар Бобур ва Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг бахти ва саодатидир.
Улуғ зотларни бошқа бир халқ олимлари улуғлаб, улар ҳақида китоблар ёзар экан, тан олиб, ўзлаштирар экан, бунинг нимаси ёмон?
Юртимизда Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг “Тарихи Рашидий” асарини биринчи бўлиб рус тилига таржима қилдик (1996 йил). Унинг “Жаҳоннома” достони илк бор 1999 йилда нашр этилди. Кейинчалик у ҳозирги ўзбек тилига ҳам таржима қилинди (2010), шунингдек, уйғур тилида нашр этилди (2011). Бобур номли халқаро жамоат фонди “Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг жаҳон маданияти тарихидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказди. Унда ўндан ортиқ мамлакатдан олимлар иштирок этди. Анжуманга тақдим этилган мақола ва маърузалар тўплами ўзбек ва инглиз тилларида нашр этилди.
Биз қуйида бобуршуносликдаги ҳақиқат ва айрим ёлғон маълумотларга илмий жамоатчилик эътиборини жалб этмоқчимиз. Аввало, “Бобурнома”даги айрим матнларга аниқлик киритишга оид фикрларни айтиб ўтмоқчимиз.
Бобурнинг машҳур тошбитиги қачон ёзилган?
“Бобурнома”да муаллифнинг ўзи қайд этган тошбитик ёзилиши тарихи ҳижрий 906 йил воқеаларида келтирилган. Матн табдили қуйидагича: “Оббурдондон қуйироқда бир чашма бўлиб, бу чашма тепасида бир мозор турибди. Ушбу чашмадан юқориси Масчога қарашли, қуйиси эса Палғарга тааллуқлидир. Ушбу чашма бошида, унинг ёқасидаги тошга ушбу уч байтни ўйиб ёздим:
Шунидам, ки Жамшеди фаррухсиришт,
Ба сарчашмае бар санге навишт:
“Бар ин чашма чун мо басе дам заданд,
Бирафтанд то чашм барҳам заданд.
Гирифтем олам бо мардию зўр,
Ва лекин набурдем бо худ ба ғўр”.
Мазмуни:
Эшитганим борки, Жамшиддек номдор
Бошбулоқ тошига ёздирди ёдгор:
“Бу булоқ бошида кўплар тин олди,
Кўз юмиб-очгунча йитди — йўқолди.
Мардлигу зўрлик-ла оламни олдик,
Лекин қабристонга қуруқ йўл солдик”.
Бу тоғли масканда тошга ўйиб байт ва насрлар битиш одатдир”.
Ушбу маълумот милодий 1502 йилга тўғри келади. Саъдий Шерозийнинг “Бўстон” асаридан олинган мазкур уч байтнинг олдинги икки байти Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида Амир Темурнинг Улуғ Тоғдаги тошбитиги ҳақидаги маълумотлар саҳифасида келтирилганини тарихчилар яхши биладилар. Биз бу гапни Соҳибқирон Амир Темур ва Бобур тошбитикларидаги алоқадорликка ишора қилиш учун атайлаб эслатдик, холос.
Бобур номли халқаро илмий экспедиция 2009 йил сентябрь-октябрь ойларида Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон йўналишидаги сафари пайти Оббурдон кентида бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур қадамжолари ва унинг тошбитикларини излаш, топиш ва ўрганиш билан машғул бўлди. Жумладан, Оббурдоннинг Шамтич қишлоғидаги “Дуруст” қабристонидан Бобурнинг тошдаги дастхатини топишга ҳам муваффақ бўлинди. Тошбитикдаги Бобур ёзуви:
Кофиро, мардумшикоро,
як замон оҳистатар,
Ки оҳуи бечораро тоб-и тири туркон нест.
Ва котибнинг қайди:
Ин китобаи мирам Бобурхон.
Халладаллоҳу мулкаҳу ва султонаҳу.
Мазмуни:
“Эй кофир, эй одам овчиси!
Бир лаҳза шошма.
Шўрлик оҳу турк ўқига
бардош бера олмайди.
Бу амирим Бобурхоннинг битикларидир.
Аллоҳ унинг мамлакати ва
султонлигини абадий қилсин”.
Экспедиция аъзолари кўп изланишлардан сўнг Бобурга тааллуқли яна тўртта тошбитик 1953 йилда тарихчи Аҳрор Мухторов ва унинг акаси Мирҳайдар томонидан пойтахтга олиб кетилгани ҳақида маълумот олдик. Сўнг Душанбе шаҳридаги Тожикистон халқлари қадимий санъати музейи (археология музейи)да сақланаётган битиктошларни ўрганишга муваффақ бўлдик. Биз учун энг муҳими машҳур Бобур тошбитиги эди. Уни турли томонлардан суратга олдик, синчиклаб ўргандик ва ҳайратда қолдик. Чунки тошбитик остидаги тарихий сана “Бобурнома”да келтирилганидек 907 (1502) йил эмас, балки 917 (1512) йил эди. Ушбу тарихий саналардаги фарқ кўп нарсаларни қайта кўриб чиқишни тақозо этади:
Биринчидан, Бобур қўли билан ёзилган тошдаги маълумот китобдагидан ўн йилга фарқ қилмоқда. Қайси бири ҳақиқат? Китобдаги санами ёки тошдагиси? Ҳар ҳолда, мантиқ ва ҳақиқат тошдаги тарихий сана томонида. Чунки тошда Бобурнинг ўз дастхати бор, китоб эса бошқа котиб дастхати билан битилган.
Иккинчидан, кўплаб бобуршунослар билиб-билмай “Бобурнома”ни Бобур таxтга чиққан йилдан бошлаб кундалик тарзда ёзиб борган, деган нотўғри фикрни илмий маълумот сифатида қайд этиб келганлар. Буни мазкур тошбитикдаги сана рад этмоқда. Чунки “Бобурнома” 1525 йилдан ёзила бошланган. Муаллиф эса саккиз йил ўтгач ёзган асарида тошбитик санасини кўрсатишда ўн йилга янглишган. Эҳтимол, “Бобурнома” ёзилаётган пайтда кучли жала вақтида шамол унинг варақларини тўзғитиб, саҳифалар нуқсонли йиғилгандир. “Бобурнома”нинг Ҳиндистонда ёзилганига яна бир аниқ далил бор: асарнинг “Фарғона” қисмида ҳам масофа ва вақт тушунчаларига оид кўплаб истилоҳлар ҳиндча экани кузатилади.
Бобур Муҳаммад ҳайдарни қаерга жўнатган?
Энди “Бобурнома”даги яна бир маълумотни эслайлик. Бобур Муҳаммад Ҳайдар мирзони Кобулга Қалъаи Зафардан чақиртириб олиб, уч-тўрт йил тарбиялайди. Самарқандни учинчи марта олганида Бобурнинг жияни, Ҳайдар мирзонинг поччаси Султон Саидхон илтимосига кўра холаваччаси Муҳаммад Ҳайдар мирзони (агар асарга ишонсак) Кошғарга жўнатади. “Ўғул Ҳайдар мирзо эди. Отасини ўзбак ўлтурғондин сўнг келиб, менинг мулозаматимда уч-тўрт йил бўлди. Сўнгра ижозат тилаб, Кошғарга хон қошиға борди”. (“Бобурнома”, 2002, 39-бет) Аслида-чи?
1512 йилда Саид Муҳаммад бошчилигидаги мўғуллар Андижондан дашт ўзбаклари — шайбонийларни қувиб чиқариб, Бобурни Андижонга таклиф қиладилар. Бобур Андижонни Султон Саидхонга бағишлаб, уни хон қилиб юборган эди. “Шоҳ Исмоил Шайбонийхонни Марвда олғонда, Қундузғаким ўттум, Андижон вилояти менинг сори боқиб, баъзи доруғаларини қавлаб, баъзи ерларини беркитиб, манга киши йибордилар. Мен Султон Саъидхонға бори навкарларимни топшуруб, кўмак қўшуб, зоду буд Андижон вилоятини бағишлаб, хон қилиб йибордим. (“Бобурнома”, 2002, 151-бет).
Убайдуллахон Туркистонга қочиб кетганида унинг хотини Ҳабиба Султон Хониш (Муҳаммад Ҳайдарнинг опаси) кўчада қолган эди. Саид Муҳаммад (Хонишнинг амакиси) уни топиб, Андижонга олиб келиб, Султон Саидхонга никоҳлаб берган эди.
Ҳабиба Султон Хонишнинг илтимосига кўра, Султон Саидхон Муҳаммад Ҳайдарни Андижонга чақиртириб олган эди. Ана шу факт ҳам Бобурнинг Муҳаммад Ҳайдарни “Кошғарга жўнатгани” ҳақидаги маълумотнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини, шунингдек, “Бобурнома”нинг кундаликлар шаклида ҳар йили ёзилмаганини, балки Ҳиндистонда ёзилганини тасдиқлайди. Чунки асар Ҳайдар мирзо жўнаб кетганидан 14 йил кейин ёзилган. Зеро, Муҳаммад Ҳайдар Самарқанддан Андижонга келиб (1512 йил), икки йилдан сўнг, 1514 йилда Султон Саидхон билан бирга Кошғарга ҳарбий юришга отланган эди.
Янги шаҳри Ўтрорми ёки тарозкентми?
Энди котиблар айби билан содир этилган илмий ва фактологик нуқсонларни мушоҳада қиламиз. “Бобурнома”нинг илмда ўрганилган ва дунёнинг 30 га яқин тилига таржима қилинган барча нусхаларида Янги шаҳри Ўтрор сифатида қайд этилган. Асарнинг илмий матнида ҳам (Эйжи Мано), Ўзбекистондаги Порсо Шамсиев нашрлари ва табдилларида ҳам (В.Раҳмонoв ва К.Муллахўжаева), русча таржимасида ҳам (М.А.Салве) шу ҳол кузатилади.
Гап шундаки, Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг “Тарихи Рашидий” асарида Янги шаҳри Тароз шаҳрининг кейинги номи экани аниқ таъкидланган. Бобур кичик хон Султон Аҳмадхонни Сарёмда кутиб олган экан, унинг ёнида жойлашган Янги шаҳри (Тароз)ни билмаслиги мумкин эмас. Демак, “Бобурнома” нусхаларидаги юқоридаги маълумотларнинг хатолиги котиблар сабабли юзага келган. Бу ҳақиқатни тарозликлар ва барча тарихчилар яхши билади. Бироқ ҳозиргача кўплаб “Бобурнома” қўлёзмаси ёки таржимасида бу ҳақиқат очиқ қайд этилмаган эди. Устоз матншунос Порсо Шамсиев кўчирган “Бобурнома”нинг 1989 йилги нашридагина Янги шаҳри Тарозкент эканлиги аниқ ёзилган: “Агарчи бурун шаҳрлар бор экандур, мисли: Олмолиқ ва Олмоту ва Янгиким, кутубларда Тарозкент битирлар” (“Бобурнома”, 1989 йил, “Юлдузча” нашриёти, 5-бет).
2017 йили Бобур номли халқаро жамоат фонди “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни” мавзусида халқаро анжуман ўтказди. Унда ўндан ортиқ хорижий мамлакатдан олимлар иштирок этди. Фонд раёсати таклифига кўра, Бокудаги Бобур халқаро жамоат фонди бўлими мудири, профессор Алмаз хоним Биннатова фондга АҚШнинг Мэриленд штати, Балтимор шаҳрида жойлашган Волтерс музейида сақланаётган “Бобурнома”нинг бир нусхасини тақдим этди. Фонд раёсати ушбу нусха билан танишди ва айнан шу қўлёзма орқали “Бобурнома”даги котиблар томонидан йўл қўйилган жуда кўплаб нуқсонларни бартараф этиш мумкин экани аён бўлди. Жумладан, “Бобурнома”нинг Балтимор нусхасида асардаги “Ўтрор” сўзи ўрнида Янги шаҳар изоҳида “Тарозкент” деб аниқ ёзиб қўйилган.
Самарқанднинг иккинчи марта олиниши кимнинг руҳий ҳомийлигида бўлган?
“Бобурнома”нинг илмий матни, нашрлари ҳамда таржималарида Бобурнинг Самарқандни иккинчи марта олиши Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг руҳий мадади туфайли содир бўлгани қайд этилган.
“Тўққиз юз олтинчи (1500-1501) йил воқеалари:
Нўён кўкалдош деди:
— Ўн тўрт кунда олгаймиз.
Тангри тўғри келтирди: роппа-роса ўн тўрт кундаёқ Самарқандни олдик.
Ўша фурсатда ажойиб туш кўрдим. Туш кўрсам, ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ келмишлар. Мен истиқболларига чиқибман. Хожа келиб ўтирдилар. Хожанинг олдиларига бироз оддийроқ дастурхон солишибди. Бу сабабдан ҳазратга бироз малол келганмиш. Мулло Бобо мен сари боқиб ишора қилди. Мен ҳам имо-ишора билан дедимки, бу ишда менинг айбим йўқ, дастурхон солувчи хато қилибди. Хожа буни фаҳмлаб, бу узрни қабул қилдилар. Ўринларидан турдилар. Кузатиб чиқдим. Ушбу уйнинг даҳлизидa ўнг қўлимдан ёки чап қўлимдан тутиб шундай кўтардиларки, бир оёғим ердан узилди. Туркий ўзбек тилида дедилар: “Шайх маслаҳат берди”. Ўша бир неча кун ичидаёқ Самарқандни олдим”. (“Бобурнома”, “Ўқитувчи” нашриёти, 2018 йил, 146-бет).
Бироқ “Бобурнома”нинг Балтимор нусхасида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорга нисбат берилган сўзлар айнан қуйидагича келтирилган: “Шайх Муслиҳиддин берди”.
Маълумки, бу юришга Бобур Хўжанд шаҳридан йўлга чиққан ва ушбу шаҳарда жойлашган машҳур авлиё Шайх Муслиҳиддин мақбараси ҳозир ҳам аввалгидек машҳурдир. Демак, Бобурнинг тушига кўра, Самарқанднинг иккинчи марта олинишида Шайх Муслиҳиддин Хўжандий руҳонияти мададкор бўлган.
Ваҳоб РАҲМОНОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими,
“Меҳнат шуҳрати” ордени,
Халқаро Бобур мукофоти соҳиби.
