Икки дунё саодатини топган зот
“Бобурнома”. Мирзо Бобур кемалари.

Халқимиз орасида ҳамюртимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурни “шоҳ ва саркарда”, “ёр ва диёр куйчиси”, “зукко тарихчи”, “ҳассос шоир” деб аташ русумга кирган. Бизнингча, бу сифатлашлар буюк Бобурга камдек туюлади. У, бир томондан олиб қараганимизда, Андижон аҳли ичида тез-тез учраб турадиган чапани, чайир, ҳеч қачон тиним билмайдиган, кундузлари офтоб каби бағри иссиқ, ўз меҳрини атрофдагилардан асло аямайдиган, тунлари моҳтоб сингари сергак, нурли, ором билмас инсондек туюлади. Иккинчи томондан, унда Яратган эгам бисёр ато этган ва камдан-кам инсонда топиладиган илоҳий куч-қудрат, ўткир фаҳм-фаросат, кузатувчанлик, тенгсиз етакчилик мужассам эди.
Бобур ҳақида замондошлари, яқинлари, илм аҳли жуда “кўп ва хўб ёзган”. Жумладан, “Ўн олтинчи аср бунёдкори” асари муаллифи, инглиз адиби Уильям Рашбрук шундай деб ёзган эди: “Шахсияти ва ахлоқида туркий маданиятнинг энг гўзал қирралари уйғунлашган, адолатли ҳукмдор ва гўзал хулқ-атвор соҳиби ҳамдир. Синчковлиги, кузатувчанлиги, мавжуд вазиятдан олган таассуротлари, атрофидаги одамлар ҳақидаги мулоҳазалари кишини ҳайратга солади”.
Бобурнинг буюклиги ва халқимизга суюклиги нимада? Гап шундаки, у ҳам бошқалар қатори оддий инсон бўлган, лекин тақдир синовларига тан бериб, қўл қовуштириб ўтирмаган. Юқорида айтганимиздек, юксак даражадаги ақл-идроки, тафаккури, сабр-тоқати, матонати билан қисқа, лекин ўта машаққатли, сермазмун ҳаёт йўлини босиб ўтган. Таассуфки, унга ўзи туғилиб вояга етган Мовароуннаҳр тупроғида ўз орзуларини амалга ошириш, Самарқанд тахтида давру даврон суриш насиб этмади. Унинг рубоийлари ичида шундай бир намуна бор:
Кўнгли тилаган муродиға етса киши,
Ё барча муродларни тарк этса киши.
Бу иккиси муяссар бўлмаса оламда,
Бошини олиб бир сориға кетса киши.
Бу сатрларда гўё Бобурнинг дил оҳлари, юрагининг туб-тубидаги орзу-умидлари, армонлари яшириниб ётгандек туюлади. Ана шу армонларининг натижаси ўлароқ афсонавий Ҳинд ерида буюк Бобурийлар салтанатига асос солди.
Унинг ҳаётига чуқурроқ назар солсак, шунга ишонч ҳосил қиламизки, у нафақат давлатни бошқариш ва ҳарб ишида, балки ҳар соҳада замондошларининг энг олдиндагиси, илдами бўлди. Ҳамиша адолатни туғ қилиб, исломнинг муборак яловини қўлида малолланмай кўтариб юрди, оддий муаммолардан тортиб энг оғир масалаларни ҳал этишда ҳақиқатга таянди, рўйирост сўзлади. Гарчи тақдир Бобурни ўз юртидан олис-олисларга олиб кетган бўлса-да, у ҳамиша она диёр, Ватан соғинчи билан яшади.
Беқайдмен-у хароби сийм эрмасмен,
Ҳам мол йиғиштирур лаим эрмасмен.
Кобулда иқомат қилди Бобур, дерсиз,
Андоқ демангизларки, муқим эрмасмен, —
деган сатрлар унинг характеридаги биз билмаган яна бир муҳим жиҳатларни очишга хизмат қилади.
Бобур ота-боболаримиздан мерос бўлиб авлоддан-авлодга ўтиб келаётган адолат, ҳақиқат, раҳм-шафқат, саховат каби чинакам инсоний туйғулардан бебаҳра бўлмаган, балки уларни ўзининг қалб гўзаллиги, ақл-заковати билан уйғунлашган ҳолда юзага чиқара олган чинакам инсонлардан биридир.
Унинг ижоди ватанпарварлик, юртпарварлик, халқпарварлик, бунёдкорлик, яратувчанлик ғоялари билан чуқур суғорилган. Бугунги шиддатли, таҳликали замонда унинг ижодида ёш авлодга ибрат бўлгудек жиҳатлар истаганча топилади. Булар унга болалик чоғларидаёқ сингдирилган фазилатлар эди.
Болаликдан жанггоҳларда умри ўтганига қарамасдан, “Девон” яратди, “Ҳарб иши”, “Муфассал”, “Мубаййин”, “Мусиқа илми” каби асарларини ёзди, “Хатти Бобурий”ни кашф қилди, Хожа Аҳрор Валийнинг “Волидия” асарини туркийга таржима қилди. У ҳинд, афғон ерларига қурол кўтариб, уларни талаш, пароканда қилиш, даҳшат солиш, бойлик орттириш учун эмас, Яратганнинг изми билан уларни бирлаштириш, жипслаштириш, тарқоқ қабилаларни ягона давлат байроғи остига тўплаш мақсадида борди. Гарчи ўша давр тақозоси билан она юртини ташлаб чиқиб кетган бўлса-да, умр бўйи унга интилиб яшади, Ватанидан узоққа кетишни “юзи қоралик” деб билди, ўзга юртда шоҳ бўлса ҳам, ўзини бенаво, мискин, ғариблар қаторига қўшди. Унинг барча асарларида бу руҳ устунлик қилади. Бобур рубоийларининг бирида шундай деб ёзади:
Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,
Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.
Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.
Бундай ҳароратли, ўтли, кўнгил исёни уфуриб турган мисраларни битиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу каби Ватан, она диёр соғинчи, ушалмас орзу-армонлар шоирнинг “Ғурбат ичра, эй кўнгил, элдин вафо истарни қўй, Чун вафосин кўрмадинг ҳаргиз диёру ёрнинг”, “Дема Бобурга нетарсен, бош олиб кетмак не? Тенгрининг хости мундоқ эса, мен нетгаймен?”, “Юз жавру ситам кўрган, минг меҳнату ғам кўрган, Осойише кам кўрган мендек яна бир борму?” кўринишидаги сатрларида бор бўй-басти билан намоён бўлади.
Айниқса, бу ҳолат адибнинг “Бобурнома” асарида катта маҳорат билан қаламга олинган. Бобур Мовароуннаҳрдаги шаҳарларни, улардаги наботот ва ҳайвонот оламини, тарихий шахсларнинг характерларини тасвирлаганда, уларга чексиз меҳр-муҳаббат билан, фарзандлик тавозеси билан ёндашади. Хусусан, Андижон ҳақида: “Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эрмас. Андижоннинг ношпотисидан яхшироқ ношпоти бўлмас. Эли туркдур. Шаҳр ва бозорасида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам бирла росттур”; Самарқанд ҳақида: “Бу рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур. Узуми ва олмаси ва қовуни ва анори, балки жамиъ меваси хўб бўлур. Хўб нонволиқлари ва ошпазлиқлари бордур. Оламда яхши қоғоз Самарқанддин чиқар”; Марғилон ҳақида: “Пур неъмат; анори ва ўруги асру хўб бўлур. Бир жинс анор бўлур, “дона калон” дерлар, чучуклигида зардолу майхушлигидин андак чошни бор”; Ахси ҳақида: “Қовуни яхши бўлур. Бир навъ қовундурким, “Мир Темурий” дерлар, андоқ қовун маълум эмаским оламда бўлғай” сингари ҳаққоний сўзларни ёзиш, холис баҳо бериш учун шу юртни севиш, унинг ҳар бир қарич ерини, бу ерларнинг хоссаларини мукаммал билиш зарур эди. Ҳазрат Бобурда бу фазилатларнинг барчаси мужассам бўлган.
Иккинчидан, Бобур характерида унга темурийлардан мерос бўлиб ўтган тўғрилик, ростлик, ҳар бир ишга адолатпешалик билан қараш фикри кучли эди. Амир Темурнинг “Куч адолатдадир” деган шиори унга ҳам ўтган бўлиб, ҳар бир ҳодисага ёндашганда, бу шиор унга мадад бўлди. Бу ҳақда Бобур “Бобурнома”да отаси Умаршайх Мирзодан ибрат бўлиб қолган бир воқеани қаламга олади: “Адолати бу мартабада эдики, Хитой карвони келадурганда, Андижоннинг шарқий тарафидағи тоғларнинг тубида минг ўйлук карвонни андоғ қор босдиким, икки киши қутулди. Хабар топиб муҳассиллар йибориб, карвоннинг жамиъ жиҳотини забт қилди. Ҳар чандиким вориси ҳозир йўқ эрди, бовужудки эҳтиёт сахлаб, бир-икки йилдин сўнгра Самарқанд ва Хуросондин ворисларини тилаб келтуруб, молларини солим топшурди”. Отасидан ўтган бу фазилатга Бобур тахтда ўтирганида ҳам, қўлида қилич тутиб жангга кирганида ҳам, ғамли кунларида ҳам, шодон онларида ҳам содиқ бўлиб қолди.
Масалан, Қорабоғ яқинидаги Оқсарой деган жойда “Сейдим Али дарбоннинг бир ўбдон навкари бировнинг бир кўза ёғини тортиб олған учун эшикка келтуриб, таёқлаттим, таёқ остида-ўқ жони чиқди”, деб ёзади. Қалот деган жойда Ҳиндистондан келган савдогарларни “Аксар барин бўлдиларким, мундоқ ёғийлик маҳалда ёғий вилоятиға келадурганни таламоқ керак, мен ризо бўлмадим. Дедимким, савдогарнинг не гуноҳи бор?” — дея уларга озор етказишларига йўл қўймайди.
Айниқса, Бобурнинг ҳалоллиги, пок эътиқодлилиги, тўғри сўзлиги темурий шоҳларга, шаҳзодаларга, саркардаларга, уларнинг уламоларию умароларига берган таърифу тавсифларида яққол намоён бўлади. Бу борада Бобур ўз отасидан тортиб тоғаларигача, амакиларию яқинларигача — барчасининг яхши-ёмон томонларини бирма-бир тасвирлаб ўтади. Бу нарса биз — бугунги авлодга, айниқса, сабр-тоқат, қунт, ҳафсала борасида бироз шошқалоқлик қилаётган, илм-ҳунар ўрганиш борасида ўз устида тинимсиз ишлаши лозим бўлган ёшларга ҳар томонлама ўрнак бўлиши даркор. Масалан, Бобур отасининг яқинларидан Али Мазидбек қавчиннинг “мунофиқ ва фосиқ ва ҳаромнамак ва ярамас киши” эканини тасвирлайди. Ҳасан Ёқуббекнинг “кичик кўнгуллик, яхши таъблик, чуст ва часпонлик, мардона” эканлигини айтиб, шу билан бирга “ичи тор ва кам ҳафсала ва худписанд ва қаттиқ сўзлук ва совуқ юзлук киши эди”, — деб баҳо беради. Бундан тегишли хулосалар чиқаришимиз керак.
Учинчидан, Бобур ўз замонасининг илғор фикрли, маърифатли кишиларидан бири сифатида яратиш, янги биноларни, боғу роғларни, саройларни қуриш билан машғул бўлди. Ўз юрти Андижону Самарқандда қура олмаган биноларни Афғонистонда, Ҳиндистонда барпо этишга ҳаракат қилди. Унинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини эътироф этган инглиз адиби Вилям Рашбрук Бобурни “Ўн олтинчи аср бунёдкори” номи билан улуғлаб, у тўғрисида асар яратган. “Бобурнома”да унинг бунёдкорлигини, яратувчанлигини тасдиқловчи сатрларга жуда кўп дуч келамиз. Масалан, “Одинапур қўрғонининг олида, жанубий тарафида, бир баландида тарихи тўққиз юз ўн тўртта бир чаҳорбоғ солдим”; “Исталифча кент маълум эмаским хейли ерларда бўлғай. Улуғ руд кентнинг ичидин оқар. Бу кентта Боғи Калон отлиғ Улуғбек мирзонинг бир мағсуб боғи бор эрди. Мен эгаларига баҳо бериб олдим. Боғнинг ўртасидин бир тегирмон суйи ҳамиша жорийдир. Бу ариқ ёқасида чинорлар ва дарахтлардур, бурун ариқ эгри-букри ва бесиёқ эрди. Мен буюрдимким, бу ариқни режа ва сиёқ била қилдулар. Бисёр яхши ер бўлди”, — дея ўзининг бунёдкорлик борасидаги ишларини эътироф этади. Худди шундай улуғ ишларни Ғазни, Кобул, Агра, Пирўзпур, Дулпур деган жойларда амалга оширди, жойлар танлаб, боғлар барпо этди, атрофини обод қилди.
Бобурнинг яратувчанлиги унинг Фарғонадан мевали дарахт кўчатларини афғон, ҳинд ерларига олиб бориб эктиришида ҳам кўринади. Бу ҳақда унинг ўзи шундай деб ёзади: “Кобул ва кентларида сардсерий мевалардин узум ва анор ва ўрук ва олма ва биҳи ва амруд ва шафтолу ва олу ва санжид ва бодом ва янғоқ кўптур. Мен олу-болу ниҳоли кетуриб эктурубмен, яхши олу-болулар бўлди ва ҳануз тараққийда эди”. Бундай ҳолат илм-фанда иқлимлаштириш деб аталади.
Тўртинчидан, Бобур яшаган давр жангу жадалларга, тўс-тўполонларга тўла, шиддатли бир давр эди. Ҳар бир йигит киши чавандозлик, қиличбозлик, камонбозликдан бохабар бўлиши талаб этиларди. Бобур сарой тарбиясини кўрган шахс сифатида буларнинг барчасидан нафақат хабардор бўлган, балки у ўша даврнинг мард ва қўрқмас, матонатли, шижоатли жасур жангчилардан, саркардалардан, уруш тактикасини мукаммал эгаллаган сара лашкарбошилардан бири эди. От минишда, қиличбозликда, сузишда, камон отишда унга тенг келадиган навкарлар кам бўлган. Бобур жангларда тобланган, пуртажриба, ҳарб ишининг ҳадисини олган ҳукмдорлардан саналарди.
“Бобурнома”дан олинган “Маҳкам зарб совуқ эди. Ул мартабада совуқ эдиким, ушул икки-уч кунда икки-уч киши бу орада совуқнинг шиддатидин ўлуб эди. Бир ариқ суйидаким ёқалари қалин муз тўнгуб эди, ўртаси сувнинг тезлиги жиҳатидин ях боғламайдур эди, бу сувға кириб ғусл қилдум. Ўн олти қатла сувға чўмдум. Сувнинг совуқлиғи хейли таъсир қилди”, — деган сатрлар Бобурнинг жисмоний жиҳатдан тобланганини, бақувватлигини кўрсатиб турибди. У жангларда юз, балки минг бор ёғий билан юзма-юз келган, аммо қўрқиб ортига чекинмаган, ҳар вақт душманига тик боқиб, уларга қарши мардонавор курашган. “Ёғийни кўчадин қочируб тузға чиқориб, қилич тегурур маҳалда отимнинг оёғига ўқладилар. Отим букилиб, ёғийнинг ўртасиға мени ерга урди”; “Аҳмад Юсуфбек изтироблар қилиб, ҳар замон айтадурким: — Ялонғоч мундоқ кириб борасиз, икки-уч ўқни кўрдумким, бошингиздин ўтти. Мен дедимким: — Сиз мардона бўлунг, менинг бошимдан бундоқлар хейли ўтубтур”; “Ўзум била андиша қилдим. Дедимким, киши агар юз, агар минг яшаса охир ўлмак керак”; Ҳар неча дедиларким, ҳаволга боринг, бормадим. Кўнгулга кечдиким, борча эл қорда ва чопқунда, мен иссиқ уйда ва ва истироҳат била мунда борча улус ташвиш била машаққатта, мен мунда уйқу била роҳатта. Мурувваттин йироқ ва ҳамжиҳатликдин қироқ ишдур. Мен ҳам ҳар ташвиш ва машаққат бўлса кўрайин, ҳар нечук эл тоқат қилиб турса турайин, бир форси масал бор: “Марг бо ёрон сураст” (Дўстлар билан биргаликдаги ўлим тўйдир).
Умуман олганда, биз — бугунги авлод Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан ҳар томонлама ўрнак олсак арзийдиган жиҳатлар бисёр. Ундаги инсонпарварлик, ватанпарварлик, кенг мулоҳазалилик, мардлик ва жасурлик бизга ҳақиқий ибрат мактабидир.
Абдулҳай СОБИРОВ,
филология фанлари доктори,
профессор.
