Катта қалб соҳиби
Аввалги мақолаларимиздан бирида раҳматли Муҳиддин қизиқ Дарвешовнинг: “Яхши одамлар кўп-а!” деган жумласини қўллаган эдик. Дарҳақиқат, жамиятимизда яхши, инсофли ва диёнатли инсонлар кўплигига қуйидаги воқеа ҳам мисол бўла олади.
Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримов ва устозим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Тоҳир Мирҳодиев (уларни Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) ёшликдан қалин дўст, улғайишганида ҳам бир-бирига жуда суяниб қолган эдилар. Кўп бора уларнинг дилкаш суҳбатидан баҳраманд бўлганман. Кунлардан бир куни устозим: “Эргаш акангиз уйига бир пиёла чойга таклиф қиляпти, вақт масаласи қандай?” деб қолди. “Топамиз”, дедим.
Ишдан кейин хиёл қоронғилатиб, Эргаш Каримовнинг хонадонига кириб бордик. Улар пойтахтнинг қадимий “Жанггоҳ” маҳалласидаги баланд қаватли уйларда қўшни туришар эди. Эргаш ака бизни хурсанд кутиб олди. У устозимга қарата: “Ҳазрати олиялари Розахоним меҳмонга кетдилар, бу оқшом қайтмайдилар. Тоҳир дўстим, бугун иякни иякка тираб бир отамлашамиз”, деди.
Суҳбати жонон қизигандан-қизиди. Бир пайт Эргаш ака: “Шу дегин, Тоҳир дўстим, бир масала анчадан буён менга ҳеч тинчлик бермаяпти. Шу борада сенинг маслаҳатинг керак”, деди. Бу гапга Тоҳир ака: “Қани айт-чи, ақлим етганча маслаҳат бераман-да”, дея унга қаради. Эргаш Каримов чойдан ҳўплаб, аста гап бошлади.
— Яқинда катта бир йиғин давомида Президентимиз Ислом Каримов билан қисқача суҳбатлашиб қолдик. У гап орасида менга: “Бундоқ биз тарафларга ўтмайсиз ҳам. Ёки биз томондан бирор-бир хафагарчилик содир бўлдими?” — дея гина қилгандай бўлди. Мен унга: “Сиз ахир кечаю кундуз давлат ишлари, халқ ташвиши билан банд бўлсангиз. Шу боис қимматли вақтингизни олмайин, дейман-да”, дедим. Ислом ака бу гапимга: “Албатта, иш кўп, лекин эскидан қадрдон сифатида сизни, Розахон опамни соғинаман”, деди. Мен эса: “Сиз каби соғинган инсонлар учун ҳам тез-тез телевизорда чиқиб турамиз-да”, дедим. Шунда Президентимиз: “Телевизорда кўрган бошқа, лекин юзма-юз дийдорлашишга не етсин! Вақт топиб бир ўтинг”, дея тайинлади.
Бу гапга Тоҳир ака: “Ўтинг, деган бўлса, бор-да, давлат раҳбари ҳаммани ҳам шахсан таклиф қилавермайди ахир. Қадимда ҳам подшоҳлар фуқаросини ўз ҳузурига чорлаганда “қуруқ қўл” билан қайтармаган. Ҳартугул, борсанг, бирор нимали бўлармидинг!” дея илмоқли гап қилди. Бу гапга Эргаш ака ўрнидан турди-да, худди бирор асарда роль ижро этаётгандек образга киришиб кетди:
— Эй дўстим-а, гўёки менинг характеримни билмайдиган одамдай гапиришингни қара. Мен учун энг катта мукофот — бу халқимнинг эътирофи. Шукр, бу борада озми-кўпми мақсадимга эришдим. Биласан, раҳматли Муҳиддин қизиқ халқимизга узоқ йиллар сидқидилдан хизмат қилди. Унинг ичакузди ҳангомаларидан тоза танамиз яйраб, руҳимиз қувват олган. Ҳажвчилигимиз пири комили Саид Аҳмад ака ҳам Муҳиддин қизиқнинг иқтидорига: “Башарти у ҳажвчи-ёзувчи бўлиб қолганида, биз кабиларга умуман нон қолмасди”, дея тан берганди.
Ҳа, том маънода раҳматли Муҳиддин қизиқ “Халқ қизиқчиси” эди. Афсуски, аввал шўролар даврида, кейинчалик мустақиллик йилларида ҳам унинг меҳнатлари қадрланмади, лоақал бирор “значокка” ҳам муносиб кўрилмади. У ҳақиқий талант эди. Сенга айтсам, Ислом аканинг қабулига кира олсам, унга шу ҳақда айтиб, гарчи вафотидан кейин бўлса ҳам бирорта давлат мукофотига лойиқ кўришларини илтимос қиламан”, дея жойига чўкди.
Эргаш аканинг гапларига маҳлиё бўлиб ўтирган Тоҳир ака ўрнидан туриб, уни қаттиқ қучиб олганча: “Ажойиб беғубор қалбинг бор-да, дўстим, дўстгинам. Шунинг учун сени соғинаман-да!” дея қадрдонидан фахрланарди. Орадаги бироз жимликдан сўнг Тоҳир ака: “Хўп, бординг ҳам, гапларингни айтдинг ҳам дейлик, лекин юқоридагилар: “Афсус, у киши вафот этиб кетган экан, бу илтимосингизни бажара олмаймиз дейишлари ҳам мумкин-ку”, деди дўстига маслаҳат берган бўлиб. “Гапингда жон бор, эҳтимол, тартиб-қоида шунақадир. Лекин мен ичимдагиларни айтиб олсам, виждоним олдида ўзимни айбдор ҳис қилишдан қутуламан. Муҳиддин қизиққа бирор нима беришадими, йўқми, уларнинг иши. Умуман, ўлиб кетган киши учун унвону мартабанинг фойдаси кам. Башарти нариги дунёда инсоннинг ҳаётлик даврида қилган эзгу амаллари борасида кечадиган савол-жавобларда марҳумнинг савоб ишларига тариқдек қўшилса, Худонинг бергани шу. Аммо билганим, гарчи халққа хизмат қилган одам ҳечдан кўра кеч деганларидек, вафотидан кейин бўлса ҳам бирор-бир мукофотга лойиқ кўрилса, бу халқ қалбида ҳукуматга бўлган ишончни орттиради. Яъни, “Мана, бир умр у халққа хизмат қилган эди. Эртами-кечми, барибир халққа хизмат қилганлар эътироф этилар экан-да”, дея юртнинг катталарига уларнинг ҳурмати янада ошади. Қолаверса, бу билан марҳумнинг яқинлари, шогирдлари, минг-минглаб мухлисларининг кўнгли таскин топади”.
Афсуски, Эргаш Каримов турли сабаблар билан биринчи Президентимиз қабулида бўлолмади. Лекин масаланинг муҳим жиҳати шундаки, элимиз суйиб ардоқлаган атоқли санъаткор Эргаш Каримовнинг нақадар юксак қалб соҳиби эканлиги менда ҳали-ҳануз ёрқин таассурот уйғотади. Шунингдек, айрим тоифадаги унвон, амал курсиси иштиёқида ёқа йиртиб, айюҳаннос солиб, ҳатто ўта пасткашликдан қайтмайдиган кимсалар учраб турадиган бир вақтда Эргаш Каримов сингари қалби дарё инсонлар бўлгани кўнгилга икки карра таскин беради.
Саидолим ҲАЙДАРОВ,
журналист.
