Қирқ бир атаманинг муқобилига шарҳ
Бугун миллий армиямиз ҳаётида муҳим ва айни пайтда тарихий аҳамиятга эга бўлган тил ислоҳотлари амалга оширилмоқда. Узоқ йиллар давомида ҳарбий соҳада ишлатилиб келинган кўплаб атамалар хорижий, асосан, рус тили орқали кириб келган сўзлар эди. Энди эса уларни ўзбек тилининг тарихий илдизлари ва лексик имкониятларига таянган ҳолда алмаштириш таклиф этилмоқда. Таклиф этилаётган мудофаа соҳасидаги 41 та атаманинг ўзбекча муқобиллари эса ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги зарур.
Жумладан, армиямизда кенг қўлланиладиган “аксельбант” сўзини “зарҳал боғ(ич)” атамаси билан ифодалаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳарбий либосга тақиладиган, олтинранг иплардан тўқилган безак. “Зарҳал” сўзи унинг олтинсимон кўринишига, “боғ(ич)” эса елкадан осилиб турадиган шаклига тўла мос келади.
Шунингдек, ҳарбий иншоотларда учрайдиган “амбразура” атамасини “шинак” сўзи билан алмаштириш таклиф этилмоқда. Шинак — қадимдан туркий халқларда қўрғон, қалъа ёки деворларда душманни кузатиш ва ўқ узиш учун мўлжалланган махсус туйнукни англатади. Ўйлайманки, бу атама ҳам тарихий, ҳам маънавий жиҳатдан жуда мос.
“Атака” сўзи ўрнига “ҳамла”ни ишлатиш ҳам тўғри танлов. Чунки ҳамла ўзбек тилида олға ташланиш, ҳужум маъноларида азалдан ишлатилиб келинади. Ҳарбий мусиқа асбоби “барабан”нинг “ноғора” шакли ҳам бизга бегона эмас. Бу сўз достону эртакларимизда, ибора ва нақлларимизда ҳам ўз маъносини топган. “Тўйдан олдин ноғора чалма” – айни фикримизнинг исботи.
Фронт ҳудудида ҳимояланиш учун қуриладиган “блиндаж” атамаси ҳам “панажой” сўзи билан ифодаланмоқда. Ушбу сўз ҳам ўз маъносини тўла очиб бера олади. Шунингдек, ҳарбий амалиётларда тез-тез учрайдиган “блокада” сўзини “қамал” атамаси билан алмаштириш масаласи ҳам кўрилмоқда. Қамал – душман ҳудудини қуршаб олиш, уни ташқи ёрдамдан узиш маъносини беради. Тилимизда бу сўзнинг “муҳосара” шакли ҳам мавжуд.
Назорат пунктларига нисбатан ишлатиладиган “блокпост” атамаси учун “тўсиқпост” сўзи таклиф этилмоқда. Бу атама ҳам тузилиши, ҳам мазмуни жиҳатидан ўзини оқлайди.
Шунингдек, таклиф этилаётган “бронежилет” ўрнига “зирҳнимча”, “вещмешок” ўрнига “юкхалта” сўзлари ҳам қадимий тилимизда фаол қўлланилган.
Интизомий жазо ўташ жойи “гауптвахта”ни “тутуқхона” тарзида ифодалаш таклиф этилмоқда. Ҳарбий қисмларда вақтинчалик ҳибсда сақланадиган хизматчилар учун мўлжалланган ушбу жой тутуқхона сўзи моҳиятига тўла мос келади.
Бош кийимларга қадаладиган “кокарда” атамаси ўрнига “жиға” сўзини қўллаш айни муддао бўларди. Чунки туркий тилимизда жиға бош кийимларни безашда ишлатилган зийнат, белгили буюмдир.
Очиғи, туркийлар азалдан жангчи халқ бўлгани учун тилимизда армияга оид кўплаб сўзларни бемалол топа оламиз. Масалан, берилаётган таклифга кўра “Лагер”ни “жамлоқ”, “окоп”ни “хандақ” сўзлари билан бемалол алмаштирсак бўлади. Айниқса, хандақ атамаси халқ тилида яқин-яқингача амалда бўлган.
Армиямизга русчадан кириб келганга ўхшайдиган “паёк” сўзининг асосида туркийча “пай” ўзаги ётади. -к эса от ясовчи қўшимча. Унинг ўрнига “озуқа”, “кунлик егулик” сўзлари таклиф этилмоқда.
Ҳарбийлар олиб юрадиган кичик сумка — “планшет” ўрнига “ёнчиқ”, хавфдан огоҳлантирувчи сигнал – “тревога” ўрнига “бонг” сўзимиз ҳам бор.
Шунингдек, “фортификация” атамаси “истеҳком”, “фуражка” эса ихчам бош кийим сифатида “бўрк” сўзи билан ифодаланиши айтилмоқда.
Ҳарбий либослардаги “шеврон” “уқа” билан, “эмблема” эса танитувчи маъносини берувчи “тануқ” билан, қуролнинг ўқ чиқадиган қисми бўлган “ствол” атамасини “ўққувар” сўзи билан ифодалаш таклиф қилинмоқда.
Кўриб турганимиздек, бу таклифлар тилшунослар томонидан чуқур ўрганилган, тарихий манбаларга таянган ҳолда муҳокамага қўйилмоқда.
Шахсан мен тил мустақиллигини халқ учун ўта муҳим зарурат деб қабул қиламан. Армиямизда миллий тилнинг мустаҳкам ўрин эгаллаши эса истиқлолимизнинг яна бир муҳим белгисидир.
Шоҳсанам Ниёзова,
тадқиқотчи
