Театр — ибратхона экан…

Ҳар гал “театрга тушаман” деб режа қилардим-у, қандайдир ташвишлар билан чалғиб қолардим. Аммо бу сафар қатъий қарорга келдим: “Албатта, театрга бораман”. Буни қарангки, шу куни Ўзбек миллий академик драма театрида “Чўлпон” спектакли намойиш қилинаётган экан. Талаба эмасманми, дарров ҳамёнимда қанча пул борлигини ҳисоблашга тушдим. “Бугун театрга сарфласам, эртага тирикчилигим қандай ўтади?” деган хавотир бўлса-да, барибир театрга қизиқишим устунлик қилиб, чипта харид қилдим.

Ишонасизми, йўқми, илк бор театр остонасини ҳатладим. Спектаклни томоша қиляпман-у, театр ҳақидаги жўнгина фикрларим буткул ўзгариб кетди. Томошабин сифатида актёрлар билан ёнма-ён бўлиш завқи бошқача бўлар экан. Ўзинг учун севимли бўлиб қолган актёру актрисалар билан юзма-юз кўришиш бахти насиб этса, қувончинг ичингга сиғмай кетар экан. Илк томошадан туғилган ҳайрат, қувонч мутлақо ўзгача бўлди. Тўғриси, олдинроқ театрга келмаганим учун ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Боиси, севимли шоирим Чўлпон сиймосини актёрлар тимсолида кўришга муваффақ бўлдим.

Қайтаётганимда йўл-йўлакай гўшакни қўлимдан қўймай, таассуротларимни тўлиб-тошиб онамга гапириб бердим, ҳайратимни яширолмасдим.

— Она, мен бугун ўқишдан чиқиб, театрга тушдим. Ажойиб спектакль кўрдим. Маданий ҳордиқ чиқардим, маънавий озуқа олдим. Ҳар куни телефонга термилиб, мўлтираб ўтирардим. Мобиль воситадаги томошани театр томошасига алмаштирдим. Вақтим қандай бесамар ўтаётганини, бекорчи бўлиб қолганимни, бекорчилик дангасаликка, дангасалик боқимандаликка олиб кетаётганини сездим. Ўзгариш учун катта имкон бу, онажон. Театрнинг жонкуяр фидойиси, юксак закоси, сертабассум табиати билан мени ўзига ошно этган аёл, иқтидорли санъаткор — Дилноза Кубаевани учратдим ва суҳбатлашдим. Дилноза опа Чўлпоннинг рафиқаси Солиҳа роли талқинида саҳнага чиқди. Том маънода шу образда яшадилар, десам, ҳеч муболаға эмас. Улар мени театр ҳаётини кенгроқ тарғиб қилишга чақирди. Миллат зиёлиларини халқимиз онги-шуурига сингдириш бизнинг жадидлар олдидаги бурчимиз, қарзимиз эканлигини таъкидладилар.

— Қизим, сенинг бир олам шавқингдан мен ҳам тўлқинланиб кетдим. Сен биздан олисдасан, ўзингни эҳтиёт қил. “Театр — ибратхона” деб бежиз айтишмаган. Бу ишингдан мамнун бўлдим. Энди сен мақола қилиб ёз ана шу кечинмаларингни.

Хайрлашаётиб: “Пулинг борми, қийналиб қолмадингми?” — деб сўрадилар онам ҳазин товуш билан.

Ҳа, Чўлпон ҳаёти ҳақида сўзлаганларим онамни ҳам қувонтирганини пайқадим. Волидаи муҳтарамам мени ёзишга ундагани эса энг яхши таклиф ва маслаҳат эди.

Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Чўлпон роллари билан халқимиз назарига тушган, эл ардоғидаги маҳоратли актёр, “Шуҳрат” медали соҳиби Ҳамза Ҳасанов таассуротларимни янада бойитди:

— Тарихий образда чиқиш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган бахт. Театр актёри ҳар бир чиқишида имтиҳондан ўтади. Кинода, телевидениеда ижрони қайта-қайта суратга олиш мумкин. Театрда эса тескариси. Шунинг учун саҳнанинг машаққати, масъулияти, юки бор. Чўлпон образида миллатни уйғотишга, ватанпарвар руҳни сингдиришга интиламиз. Албатта, бу барчамизнинг миллат зиёлилари олдидаги мажбуриятимиз деб биламан. Чўлпон орзу қилган, жони фидо бўлган мустақиллик замонида ғафлатда яшаш ярашиқли иш эмас, деб ўйлайман. Ўйнаган ролимиз орқали томошабин нимадир олиб, хулоса чиқарса, биз ўзимизнинг ютуғимиз, эътирофимиз деб биламиз бундай шарафни.

Актёр Ҳамза Ҳасанов эркпарвар, ҳурфикр жадид ҳаётини қай йўсинда талқин қилди? Чўлпон ҳақ учун, эрк учун курашган, маърифатпарварлик ҳаракати ғояларини асарларида акс эттирган озодлик куйчиси эди. Ёниб, яшнаб, гуллаб ижод этган сўз санъаткорини жисман йўқ қилган бўлсалар-да, асло тафаккурини, сўзини қалблардан ўчира олмадилар. Спектакль давомида шоир сиймоси актёр Ҳамза Ҳасанов ижросида яна бир бор шууримда шу тарзда гавдаланди.

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим асари асосида режиссёр Валижон Умаров саҳналаштирган “Чўлпон” спектакли мени театрга ёлғиз эмас, оилавий бориш керак, деган хулосага келишимга туртки бўлди. Кейинги гал, албатта, дўстларимни, синглимни, қадрдон дугоналаримни ҳам таклиф қилмоқчиман.

Улуғларнинг гапи минг карра рост экан. Чиндан ҳам театр — ибратхона экан. Энди мен “театрда яшаяпман”…

Мунира РАҲИМОВА,

ЎзДЖТУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × three =