Ўзгалардан ўзгача
Кўп йил бўлди, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида мақола ўқиб қолдим. Биринчи навбатда мақола муаллифининг ёзиш, фикрлаш услуби эътиборимни тортди. Чунки миллий журналистикамизда услубнинг ўзига хослиги билан ажралиб турадиган — хати “бошқа” муаллифлар у қадар кўп эмас. Тасодифга йўйдим, “Иқбол Қўшшаева” деган бошловчи журналист тажриба тариқасида бир ёзса ёзгандир-да, деган хаёлга бордим. Орадан маълум вақт ўтиб, шу муаллифнинг навбатдаги мақоласи чоп этилди. Яна ўша услуб! Услубнинг ўзига хослиги нимада эди?
Кенг оммага, адабий-маданий жамоатчиликка маълум воқелик орасидан “теша тегмаган” эпкинни, гўдак нафасидек шабадани, насимни топа билишида, ўзи топган ўша ҳолатни, саҳнани, манзарани изтироб призмасида идрок этишида! Яна аянчли ва кўнгилсиз ҳолатларда чекилади изтироб, одатда. Иқбол Қўшшаева эса ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳаётни изтироб дея аталмиш заррабин орқали кўради, назардан ўтказади. “Оламда изтироб кўп” деган жумла келади Михаил Лермонтов ижодига бағишланган битигида. Дарҳақиқат, ким ёки қайси мавзуда изҳори дил қилишга жазм этмасин, изтироб уни бирон қадам ўзидан нари юбормайди ёхуд унинг ўзи изтиробдан воз кечса, ёзишнинг, ижоднинг маъно-мазмуни, ҳикматидан мосуво бўладигандек ҳис этади ўзини.
Дастлабки хулоса шу, яъни Иқболой изтиробли ҳолатга туша олсагина ёзади, акс ҳолда, қаламни қўлга олмай қўя қолади.
Иккинчи жиҳат — Иқбол Қўшшаеванинг мақолаларида ҳам зоҳирий, ҳам ботиний ҳайрат қалқиб туради. Анъанавий ҳавойи ҳайратлардан, офаринбозликдан, ашъорнависликдан неча чақиримлар нари юради у, бинобарин, ҳайратларига яраша тил топади, ифода топади, оҳанг топади. Буларнинг бари таассуротни бойитишга хизмат қилади, таассуротлар эса хаёлни гўзаллаштиради. “Дарвозасиз қолган дунё”да ўқиганимиз ушбу жумла шунчаки ўрни келгандагина қоғозга тушмаган, йўқ, у муаллифнинг ижодий кредосига айлана боради, зеро ҳар бир бадиасида таассурот билан бадиийлашган (демак, гўзаллашган!) хаёл қоришиб, чатишиб кетади.
Учинчи ўзига хослик — қамровнинг кенглигида. Иқболой синглимиз Алишер Навоий, Абдулла Қодирий дунёсида фикрлай туриб, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Антон Чехов оламига нигоҳ ташлайди, Баҳодир Йўлдошевнинг театр режиссураси концепцияларини таҳлил қила туриб, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳон, Тошхўжа Хўжаев, Зайнаб Садриева… Римма Аҳмедова сиймосида мужассам топган ижрочилик маҳорати ва ҳақиқатига буради сўзни. “Театр”, “саҳна” аталмиш мўъжизакор “ҳудуд” моҳиятига яширинган ҳикматни, гўзалликни, мубталоликни янада чуқурроқ ва албатта, ўзгалардан ўзгачароқ кашф этгиси келади. Изтироб, хаёл-тасаввур, ҳайрат, қамровдаги ўзига хосликлар ичида ўрни-ўрни билан келадиган Иқбол Қўшшаева кашфиётлари синчков ўқувчини бехосдан ўйга толдиради. Бир зум мутолаадан тўхтайди ва мушоҳада гирдобига шўнғийди. “Абдулла Орипов” фильми ҳақидаги мақола оддий тақриз эмас, қобиқдан чиқиш! Пўпанак босган даққиликдан юз ўгириш!
“Миллат ҳам тирик организм. Чунки у ўйлаётган, ҳис қилаётган, кун кечираётган нафси уйғоқ жонлардан иборат. Айтишади-ку, одам улғайгани сари унинг гуноҳлари ҳам ўзи билан бирга улғаяди, деб” (“Дарвозасиз қолган дунё”). Тўхтанг! Тараққиётни, юксалишни, маданий равнақни биламиз, булар ҳақида хўп ва кўп бош қотирамиз, лекин “гуноҳ ҳам бир жойда, бир номда турғун ҳолатда турмаса керак”, деб фараз қилади муаллиф синглимиз ва шу заҳоти фикрида қатъийлашади: “Борган сари ўзини янги-янги шаклу шамойилларда намоён этиб борар экан, авлодлар ўзига “мерос” бўлиб келаётган неъматларни асрлар оша елкасига ортмоқлаб ўтишдан ташқари, уни “такомиллаштириб” бораётгандек…”
“Бундан чиқди, ҳаётни, ўзимизни, турмуш тарзимиз, қарашларимизни айни шу нуқтаи назардан тафтиш-таҳлил қилишимиз мумкин экан-да? Нафақат мумкин, балки муҳим ҳам экан-да!”
“…ҳамма бало шундаки, бугун гуноҳ ўзининг гуноҳ эканини унутди” (“Дарвозасиз қолган дунё”).
“Фаросат истеъдод сингари Яратганнинг ноёб инъоми” (“Савдога қўйилмайдиган ягона бисот”).
“Кумушбибининг жозибасидан кўра Раънонинг мардлиги кўпроқ ўйлантиради” (“Сиз нима дейсиз, Ҳожибобо?”).
“…гўзаллик чексиз тушунча бўлганидек, яъни унинг қиёси топилмагани учун ҳам ҳар томонлама мукаммал санъат асари бўлмайди” (“Кумушга айланган маъсума”).
“Санъат яхшини ёмон, ёмонни яхши қилолмас экан. У фақат эзгуликка мойил, яхшиликка ишонувчан, нозик қалбларга далда бўла олиши мумкин экан” (“Санъат ёлғизлигингга арзимайдими?”).
“Дунё ўз қаричига сиғмаган орзулар учун сиздан аёвсиз ўч олади. Айбсиз орзулар увол кетган парвози ҳаққи хаёлпарастни жазолайди” (“Жўмард йигит тазарруси”).
“Гўзаллик хўрланмасин экан, у хўрландими, тамом, ҳўлу қуруқ баробар ёнади” (“Кечир, бизни бахтсизлик”).
“Муҳаббат, бу — касаллик”, деса бир ўринда муаллиф, бошқа бир ҳолатда: “Муҳаббат, бу — фалсафа” деган таърифдан нажот излайди, тополмайди, шекилли: “Муҳаббат — бир тилсим” дея вазиятдан чиқади яна бир бадиасида.
Вазиятдан чиқдимикан? Йўқ, чиқолмайди, ҳиссиёт майинлиги, таъб нозиклиги ҳукмрон кайфиятда, хусусан, муҳаббатдек бетакрор туйғу хусусида мутлақ тўхтамга, мутлақ таърифга келиш маҳол.
Иқбол Қўшшаеванинг эсселари хос кайфият билан ўқишни талаб қилади китобхондан. Кайфият бадиаларнинг номланишиданоқ бошланади — ўйчан, маҳзун, ўзгалардан ўзгача. Шиддатли мушоҳадаларга, баҳсга чорловчи илмоқларга, асаларининг игнаси янглиғ жазиллатадиган чекинишларга-да ўзларини ҳозирламоқликлари даркор Иқбол Қўшшаеванинг ўқувчилари. Бир сўз билан айтганда, ўзимни мароқли мулоҳазалар юритишдан тўхтатай-да, гапнинг индаллосига кўчай: гўзаллик оламига ошуфта, ҳаёт ҳақиқатларини нозик дид, нозик таъб ила англашни ўзи учун саодат деб билган азизлар, сиз орзу қилган латиф, рангин, ҳис-ҳаяжонларга тўлиб-тошгангина китоб муборак бўлсин! Ишонинг, ундаги барча битиклар айнан сизларга бағишланган. Ўқинг, кам бўлмайсиз. Сизу бизга олам-олам шукуҳли онларни ҳадя этган муаллифимизга кўпдан-кўп ижодий омадлар, кенгликлар, ютуқлар ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламиз.
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД.
