Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросининг замонавий тадқиқи ва тарғиби: Халқаро тажриба ва миллий ёндашув
14 февраль — Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун
Буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиши билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бу йил Бобур таваллудига 543 йил тўлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда буюк тарихий шахслар меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсияти ва ижодий меросини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, бобуршунослик фанини янги босқичга олиб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан қабул қилинган қарор ва фармойишларда ўз ифодасини топмоқда.

Бобур подшоҳ меросини нафақат миллий, балки халқаро илмий майдонга олиб чиқишга хизмат қилиш йўлида Бобур номли халқаро жамоат фонди, мана, 30 йилдан ошибдики, бобуршунослик фанининг етакчи тарғиботчиларидан бири сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Фонд ташаббуси билан Бобур Мирзо сиймосини абадийлаштириш ва уни муносиб эътироф этиш мақсадида 2025 йил 14 февраль куни буюк ватандошимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари таваллудига бағишлаб “Бобуршуносликнинг янги уфқлари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро анжуман ташкил этилган бўлиб, анжуман доирасида бир қатор бобуршунос олимлар ва адибларнинг соҳага доир маърузалари тингланиб, Бобур ва Бобурийлар ҳаёти ва фаолиятига доир 2024 йил давомида эълон қилинган янги нашрлар тақдимотлари ҳам бўлиб ўтган эди.
Ғурур ва фахр билан таъкидлаш жоизки, шоҳ ва шоир Бобур ҳазратларининг орзулари, курашлари ва ғалабалари биз учун бебаҳо илҳом манбаи, жасорат ва илм тимсолидир. Андижон давлат университетида сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Бобур Шер ўғли томонидан Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги буюртмасига биноан ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Йўлбарснинг туғилиши” номли ҳикояси асосида Жамоат хавфсизлиги университети билан ҳамкорликда суратга олинган қисқа метражли тарихий-бадиий фильмнинг анжуман доирасидаги намойиши бобуршунос олимлар ҳамда университет талабалари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Намойишдан сўнг Бобур ва унинг даври ҳақидаги илмий маълумотлар ва тарихий воқеликлар борасида мутахассис олимларнинг фикрлари тингланди.
“Бобур ойлиги” муносабати билан Ёшлар иттифоқи Андижон вилоят кенгаши, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамкорлигида Бобур номидаги халқаро жамоат фондида “Бобур ҳаёти ва ижоди” мавзусида илмий-амалий учрашув ташкил этилди.
Анжуманда бир қатор давлат, жамоат арбоблари, юртимиз ва хорижий давлатларда фаолият олиб бораётган бобуршунос олимлар, ёзувчи ҳамда шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси жаҳон тарихий-адабий тафаккурида алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг илмий, адабий ва сиёсий фаолияти нафақат тарихий манба сифатида, балки замонавий илмий изланишлар учун ҳам муҳим тадқиқот объектидир. Бугунги кунда бобуршунослик фани янги босқичга кўтарилиб, ёш тадқиқотчиларни ушбу соҳага жалб этиш, халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлаш долзарб вазифалардан бирига айланмоқда.
Бобур меросини ёш авлод нигоҳида талқин этиш ва илмий давомийликни таъминлаш мақсадида Темурийлар тарихи давлат музейи ва Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида 2025 йилнинг 17 декабрь санасида “Бобур ижодий мероси ёш тадқиқотчилар нигоҳида” мавзусида илмий семинар ҳам ташкил этилди. Зеро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг замонавий илмий тадқиқотлар доирасида ўрганилиши бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур тадбир бобуршунослик соҳасида ёш олимларнинг илмий қарашлари ва изланишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим илмий платформа бўлди.
Семинарда бир гуруҳ ёш тадқиқотчилар билан бир қаторда таниқли олимлар — профессорлар Омонулла Бўриев, Абдумажид Мадраимовларнинг эксперт сифатидаги иштироклари семинарга ўзгача шукуҳ бағишлади. Тадбирда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети талабалари ва профессор-ўқитувчилари фаол қатнашиб, мазмунли илмий маърузаларни тингладилар.
Мазкур илмий семинар ёш тадқиқотчилар учун илмий мактаб вазифасини ўтабгина қолмай, тадқиқотларда Бобур меросининг замонавий талқинлари, янги методологик ёндашувлар ва фанлараро таҳлил усулларидан фойдаланилаётгани кузатилди. Тадбир якунида иштирокчилар сертификат ва ташаккурномалар билан тақдирланиб, уларнинг илмий фаолиятига рағбат берилди.
Семинарнинг муҳим жиҳатларидан бири АҚШдаги Индиана университети профессори Акрам Ҳабибуллаевнинг иштироки бўлди. Негаки, унинг Бобур меросига оид илмий мулоҳазалари бобуршуносликнинг халқаро миқёсдаги долзарблигини яққол намоён этди. Семинар доирасида фонднинг Индиана (АҚШ) бўлими ташкил этилиши эса бобуршуносликнинг глобал илмий майдондаги истиқболини янада кенгайтириш баробарида давлатлар ва миллатлараро дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ўзаро илмий-маданий алоқаларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилишига ишонамиз.
Ана шу мақсадларни кўзлаган ҳолда фонд ўз бўлимлари билан яқин алоқада бўлиб келмоқда. Туркия, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон бўлимларининг фаолияти алоҳида эътироф этишга арзийди. Ўтган йили фонднинг Германия бўлимини очганлигимиз ҳам бизни улкан манфаатли ишларни амалга оширишга умидлантиради. Ҳиндистонлик машҳур олим, Жавоҳарлал Неру университети профессори Ахлоқ Охун билан ҳам Ҳиндистоннинг Деҳли бўлими ташкил этилиб, улар билан ўзаро илмий алоқалар йўлга қўйилган. Жумладан, ўрта асрлардаги Бобурийлар тарихи тадқиқоти билан шуғулланувчи профессор олималар: Индира Ганди номидаги Деҳли миллий университети профессори Абха Сингх ҳамда Жамия Мия университетининг профессори Нишаат Манзарнинг Андижон шаҳрига ташкиллаштирилган ташрифлари, шунингдек, Деҳли миллий музейининг қўлёзмалар бўлими раҳбари Хатибур Раҳмонлар билан йўлга қўйилган алоқалар фикримизнинг ёрқин далилидир.
Фонд нафақат хорижий, балки вилоятлардаги ўз бўлимлари билан ҳам доимо алоқада. Айниқса, Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Янгибой Қўчқоровнинг йил давомида Бобур ижодиётини тарғибу ташвиқ қилишдаги фаолияти алоҳида таҳсинга сазовор. Ёш ва изланувчан олимимиз Фахриддин Носиржонов бошчилигидаги фонднинг ёшлар бўлими ҳамда фонднинг Жиззах бўлими раҳбари Ҳулкарой Неъматоваларнинг фонд фаолиятини тарғиб қилишдаги хизматлари, ташкил этилаётган оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар, илмий-амалий семинарлар ўқувчи ва талабалар ўртасида илмий қизиқишларни ривожлантиришга, миллий меросни ҳурмат қилишга ва тарихий шахслар ҳақида чуқурроқ тушунча ҳосил қилишга ёрдам беради.
Умуман олганда, фонд бир неча йиллардан буён ЎзРФА Темурийлар тарихи давлат музейи билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Бу ҳамкорлик, айниқса, Халқаро бобуршунослик илмий электрон платформасининг яратилишида ўз аксини топади. Платформада жаҳон ва Ўзбекистон олимлари томонидан амалга оширилган тадқиқотлар, мақолалар ва илмий ишланмалар ўзбек, рус ва инглиз тилларида жамланди.
“Baburid.uz” домени остида фаолияти ташкиллаштирилган мазкур платформа бобуршуносликни рақамли муҳитга олиб чиқиш, халқаро илмий мулоқотни кучайтириш ва ёш тадқиқотчилар учун очиқ илмий макон яратиш имконини бермоқда.
Фонд доимо Бобур подшоҳ ҳаёти ва фаолиятини тарғиб қилиш борасидаги илмий-адабий, публицистик ва бошқа кўринишдаги фаолият турларини қўллаб-қувватлайди ва доимо бу борада ўз имкониятларини сафарбар этиб келган ва келмоқда.
Таниқли бобуршунос олим Ваҳоб Раҳмонов томонидан нашрга тайёрланган Бобур ҳазратларининг “Тақтеъ” рисоласи, Бухоро давлат университети олимлари Шавкат Ҳайитов ва Маҳбуба Муҳаммадовалар томонидан нашрга тайёрланаётган “Бобурий ва Шайбоний ижодкорлар талқини” номли монографиялар сўзимизнинг исботидир. Арабшунос олим Шокирхон Рустамхўжаев томонидан тайёрланаётган “Бобуршоҳ асарлари тилининг изоҳли луғати”га “Бобурнома”да ишлатилган сўз ва иборалардан ташқари, “Аруз”, “Волидия”, “Мубаййин”, “Мухтасар” ва “Девон” каби асарларидаги ҳозирги замон китобхонига тушуниш мураккаб бўлган сўз, ибора ва жумлалар ҳам киритилган.
Албатта, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” — фундаментал тадқиқотдир.
Бобур меросини тизимлаштириш йўлидаги энг муҳим қадам бу — бобуршунослик тарихидаги энг йирик лойиҳалардан бири — “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” деб айта оламизки, ушбу энциклопедия устида қарийб 15 йилдан буён мамлакатимиз ва хорижлик етук олимлар ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “Ўзбек, рус, инглиз тилларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедиясининг янги нашрини яратиш” номли қўшма грант лойиҳаси 2024 йил 24 сентябрда белгиланган талаблар асосида тасдиқланди. Бу лойиҳа Бобур меросини комплекс, тизимли ва илмий асосда ёритишга хизмат қилувчи фундаментал манба сифатида муҳим аҳамият касб этади. Бугунга қадар икки нашри чоп этилган энциклопедиянинг учинчи, тўлдирилган нашри ҳамда унинг инглиз ва рус тилларидаги таржималари устида жадал ишлар олиб борилди ва бу эзгу иш яна давом этмоқда.
Ҳаммамизга маълумки, фонд фаолиятининг асосий негизини фонд томонидан уюштирилган экспедициялар ташкил этади. Фонд томонидан ташкил этилган қарийб 40 га яқин халқаро илмий экспедициялар Бобур ва Бобурийлар тарихига оид янги манбаларни аниқлаш, қўлёзмалар ва нодир ҳужжатларни ўрганишга хизмат қилмоқда. Ҳиндистон, Туркия, Покистон, Бангладеш ва бошқа давлатлар билан йўлга қўйилган илмий алоқалар бобуршуносликнинг трансмиллий характер касб этаётганини кўрсатади.
Бу йил ҳам энциклопедия нашри доирасида Ҳиндистон давлатига уюштирилган сафар жудаям маҳсулдор бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Сафар доирасида Ҳиндистоннинг Деҳли, Ҳайдаробод, Алигарх ва Агра шаҳарларида бўлиб, Бобур ва Бобурийларга доир қимматли маълумотлар тўпланди, янги асарлар қўлга киритилди. Қўлга киритилган маълумотлар нашр этилажак энциклопедияда ўз аксини топади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсияти ва ижодий мероси Марказий Осиё, Жанубий Осиё ва жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Бобур нафақат буюк саркарда ва давлат арбоби, балки юксак бадиий тафаккур эгаси, тарихчи ва манбашунос сифатида ҳам танилган. Унинг “Бобурнома” асари тарихий-ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, маданий ва географик жиҳатдан бебаҳо манба бўлиб, бугунги кунда ҳам илмий тадқиқотлар марказида турибди.
Таъкидлаш жоизки, бугунгача “Бобурнома” асари ўттиздан ортиқ тилларда чоп этилди. Сўнгги йилларда итальян, қорақалпоқ тилларида нашр этилаётган ушбу асар хитой ва уйғур тилларида қайта нашрдан чиқарилди. Бу нашрлар бобомиз Бобур подшоҳ фаолияти дунё миқёсида долзарб ўрганилаётганлигидан далолатдир. Асарнинг қардош туркман, қирғиз, тожик тилларида ҳам нашрдан чиқиши кутилмоқда. Шу ўринда айтиш керакки, фонд Ўш давлат университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаб, айни пайтда “Бобурнома”нинг қирғиз тилига таржимаси борасида ўзаро ҳамкорлик қилмоқда. Яқиндагина фонд томонидан ташкиллаштирилган “Бобур-тур” доирасида фонд ва музей ходимларининг бир нечта вакиллари қўшни Қирғизистон давлатининг Ўш ва Ўзган шаҳарларида бўлишиб, бу борада олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Араб, қирғиз-кирилл ва туркий транслитерация асосида амалга оширилажак ушбу нашр нафақат қирғиз тилига таржима, балки танқидий матн кўринишида амалга оширилиши ҳам кўзда тутилган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо меросининг марказида турган “Бобурнома” асари бугунги кунга қадар ўттиздан ортиқ тилларга таржима қилинган. Ушбу асар тарих, адабиёт, география, этнография ва маданиятшунослик нуқтаи назаридан ноёб манба сифатида баҳоланади. Асарнинг танқидий матн асосида таржима қилиниши замонавий бобуршуносликда манбашунослик маданиятининг юксалаётганидан далолат беради.
Хуллас, йил давомида уюштирилган бу каби маданий тадбирлар, илмий-амалий семинарлар ва ташкил этилган тақдимотлар Бобур меросининг фақат тарихий эмас, балки бугунги маданий, илмий ва маънавий ҳаёт билан узвий боғлиқлигини кўрсатади. Бу каби жараёнлар эса бобуршунослик фанининг узлуксизлигини таъминлаш, илмий анъаналарни давом эттириш, Бобур ва Бобурийларга оид қимматли меросни келажак авлодларга етказиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Бобур подшоҳ номини улуғловчи, унинг гўзал сифатлари ва фазилатларини ёшлар ўртасида тарғиб қилувчи бу каби тадбирлар эса йил бўйи яна давом этишини истардик.
Зокиржон МАШРАБОВ,
Бобур номли халқаро жамоат
фонди Васийлик кенгаши раиси,
Холида ШАМСИЕВА,
Фонд котибияти мудири.
