Буюк Темур – Европа халоскори

Жаҳон тарихини ўзгартириб юборган, оламшумул ишлар қилган инсонлар саноқли. Буюк Темур, шак-шубҳасиз, ана шундай шахслардан бири. Хорижда Темур ҳақида ёзилган асарларнинг мутлақ кўпчилигида Турон ҳукмдорига нисбатан “буюк” сифати қўшиб ишлатилади. Лекин Буюк Темур ўз юртида ҳамон “Амир Темур”, “Соҳибқирон Амир Темур”, “Амир Темур Кўрагон” ва “Темурбек” деб атаб келинмоқда. Буюклигини дунё эътироф этган Темур бобомизнинг номига унинг авлодлари нима учун “буюк” сўзини қўшиб ишлатмаймиз? Бунинг сабаби нимада? Ана шу саволларнинг жавоби мени роса ўйлантириб юрар эди.

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралда имзоланган “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ана шу кемтикликни бартараф этиш йўлида ташланган катта қадам бўлди!

Кўпчилик биладики, жаҳон тарихи, фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган шахслар номига “буюк” сифати қўшиб ишлатилади. Шу боис жаҳонда Темурни кўпчилик “Буюк Темур” деб атайди. Хорижда Темурга бағишлаб ёзилган асарларнинг аксарияти шундай номланади. Бизда эса унинг номига бошқа сифатлар қўшиб ишлатилади, яъни “Амир”, “Соҳибқирон”, “Кўрагон” ва “Темурбек”. Темурни “Амир Темур” деб аташ эса, менимча, ҳатто руҳимизга ҳам сингиб кетди.

  1. “Амир”. Темур туғилиши бўйича амир эди. Яъни у ҳаётида ҳеч қандай ютуққа эриша олмаса ҳам, жиддийроқ амалга чиқа олмаса ҳам, туғилган вилояти Кешдан ташқарига чиқолмаса ҳам барибир Амир Темур бўлиб қолаверарди. Сўзимнинг исботи сифатида темуршунос олимлар Бўрибой Аҳмедов ва Абдулаҳад Муҳаммаджоновларнинг “Соҳибқирон Амир Темур (1336-1405)” мақоласидан иқтибос келтираман: “Амир Темур, Темур, Темурбек (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағой ибн Амир Барқул)… Отаси амир Тарағой эса барлос уруғининг оқсоқолларидан ҳамда Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари Кеш вилоятида ҳокимлик қилишган”.

Мазкур иқтибосдан кўриниб турибдики, Темурга “Амир” сифати қўшилишида унинг ҳеч қандай хизмати йўқ. Бу отасидан мерос насаб ҳисобланган. Шу боис туғилиши билан унинг исми “Амир Темур” деб аталган.

“Амир” унвонининг бошқа маъноси ҳам бор. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида қайд этилишича, “АМИР — (ҳоким, ҳукмдор; бошлиқ) Бухорода ва баъзи мусулмон мамлакатларида: хонлик, подшолик унвони ҳамда шу унвон эгаси”.

Демак, “амир” унвони “хон” ёки “подшо” маъноларини ҳам билдирар экан. Бу ўринда, балки, Темур “хон” ёки “подшо” унвонларидан “амир” унвонини баланд қўйиб, шу ном билан тарихда қолишни ўйлагандир, деган фараз туғилиши ҳам табиий…

Юқорида номи келтирилган мақоладан қуйида келтирилган иқтибос эса Темур “амир” насабини ҳарбий унвон сифатида ҳам тушунганлигидан далолат беради: “Эл-юртни бошқаришда ҳарбий кучнинг аҳамиятини яхши тушунган Амир Темур қўшиннинг тузилишига катта эътибор қаратди. У “амир” ва “амир ул-умаро” каби юқори даражали ҳарбий унвонлар жорий қилди”. “Темур тузуклари”да ёзиладики, қаҳрамонлик кўрсатган жангчиларни Темурнинг ўзи “амир” унвони билан тақдирлаган: “Энг яқин навкарларимдан уч юз ўн уч кишига амирлик мансаби беришни буюрдим, чунки улар асли тоза, ақл-фаросатли, баҳодир, довюрак, тадбиркор, сергак, эҳтиёткор, олди-кетини ўйлаб иш тутадиган кишилардир”.

  1. “Соҳибқирон”. Бу сўзнинг маъноси “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да қуйидагича талқин этилади: “СОҲИБҚИРОН — (қирон эгаси) 1. Астрология ва афсоналарда: Зуҳра ва Муштарий ёки Зуҳра ва Қуёшнинг эклиптика даврининг маълум бир даражасида тўқнаш келиш вақти (қирон)да туғилган бола (бундай боланинг бахтли, ғолиб, музаффар ва улуғ мартабали бўлиши башорат қилинган). 2. Шарқ мамлакатларида: қудратли ҳукмдор, жаҳонгир унвони. 3. Амир Темурнинг шарафли унвони”.

Демак, Зуҳра (Венера) ва Муштарий (Юпитер) ёки Зуҳра ва Қуёшнинг эклиптика даврининг муайян бир даражасида тўқнаш келиш вақти астрология ва афсоналарда “қирон” деб аталаркан ва шу пайтда туғилган боланинг келажаги буюк бўлиши олдиндан маълум бўлар экан. Соддароқ қилиб айтсак, “Соҳибқирон” атамасининг мазмуни илмий асосга эга бўлмасдан, балки астрология ва афсоналардан келиб чиққан экан!..

  1. “Кўрагон”. Назаримда, буюк Темурни “Кўрагон” унвони билан аташ, аслида унинг шахсига бироз соя солади деб ҳисоблайман. Бўрибой Аҳмедов, Абдулаҳад Муҳаммаджоновларнинг мазкур мақоласида бу масала мана бу тарзда баён этилади: “1370 йилнинг 10 апрелида Балх шаҳри Амир Темурга таслим бўлди. Амир Ҳусайн асир олиниб, қатл этилди. Бу ғалабадан сўнг Амир Темур Мовароуннаҳрнинг чингизийлардан бўлган ҳукмдори Қозонхоннинг қизи Сароймулкхонимни ўз никоҳига олади. Хон қизига уйланганлиги муносабати билан Амир Темур “кўрагон”, яъни “хоннинг куёви” унвонини олди”.

Аввало, миллатимиз ва динимизда хотиннинг насаби билан фахрланиш уят ҳисобланади. Бу гап ҳатто энг оддий йигитларга ҳам тегишли. Халқимиз асрлар давомида шу ақида билан яшаб келган. Шундай экан, наҳотки Турондай катта бир давлатга ҳукмдорлик даражасига етган буюк Темур хон авлодидан бўлган бева аёлга уйланишни ўзига шараф деб билган бўлса! Бунга ишониш қийин! Бундай бўлиши Темурнинг ғурурига мутлақо тўғри келмас эди! Қолаверса, мабодо Темурга “хонга куёвлик” унвони керак бўлса, у хонлар авлодидан бўлган ҳали турмуш қурмаган ҳар қандай қизга уйланиши мумкин эди.

  1. Буюк бобомизни “Темурбек” деб аташ ҳолатлари ҳам бор. Лекин бу унчалик кўп тарқалмаган вариант бўлганлиги ва мазмуни қўшимча изоҳсиз ҳам тушунарли эканлиги туфайли унга тўхталиб ўтириш ортиқча бўлса керак.

Айрим темуршуносларда Темур Чингизхон авлодидан бўлмаганлиги учун у хонлик тахтига ўтиришга ҳаққи йўқ эди, чунки Темурнинг саккизинчи аждоди Қочувли (баъзи манбаларда Қачули) баҳодир ва Чингизхоннинг учинчи аждоди Қабулхонлар ўртасида “Хонлик Қабулхон авлодининг қўлида, сипоҳсолорлик эса Қочувли баҳодир болаларида бўлсин”, деган аҳднома бўлган, дейишади.

Бу фикр ҳам мунозарали. Мабодо шундай аҳднома бўлганида ҳам, 1360 йили чингизий Туғлуқ Темурхон билан Темурнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлиши тўғрисида янги аҳднома тузилган. Янги тузилган аҳднома ҳақида буюк Темур “Тузуклар”да бундай дейди: “Туғлуқ Темурхон Мовароуннаҳрни эса менга қолдирди ва бу хусусда ёрлиғу аҳднома ёзиб берди… Мен бутун Мовароуннаҳр вилоятига, то Жайхун дарёсининг соҳилларигача чўзилган ерларга ҳукмрон бўлдим”.

Демак, кейинги аҳднома олдингисини бекор қиляпти. Лекин негадир кўпчилик бунга эътибор қаратмайди.

Қолаверса, ҳокимият тепасига келгандан бир неча йил ўтиб, Евроосиё материгининг авваллар чингизийлар ҳукмронлик қилган катта ҳудудида Темур асосий фигурага айланди. У ҳатто Олтин Ўрда тахтига ўзи хоҳлаган Тўхтамишни хон қилиб кўтариш даражасига етди. Бу улкан ҳудудда унга тенг келадиган ҳарбий куч қолмади. Ана шундай вазиятда агар Темур хоҳлаганда, у ўзини “Темурхон” деб эълон қилиши мумкин эди ва ҳеч қанақа куч бунга монелик қила олмасди. У бунга ўзи тахтга ўтқизган Тўхтамишхондан рухсат олиши керакмиди?

Мен Темур ўзини “хон” деб эълон қилмаганлигининг сабаблари жуда чуқур бўлган ва у ҳам Темурнинг буюк шахслигидан бир мисол, деган фикрдаман. Чунки ўзини “хон” деб эълон қилганда Темур фақатгина Чингизхон ишининг давомчиси сифатида тарихда қолар эди, мустақил сулоланинг асосчиси бўла олмасди.

Менинг фаразим бўйича, Темур 1370 йилдаёқ ўзининг келгусида буюк ишлар қилиши ва улкан салтанат барпо эта олишига ишонган! Шу сабабга кўра, Темур онгли равишда ўзига “хон” насабини олмаган. Чингизий ҳукмдорлар дунёга машҳур қилган “хон”лик мартабасини Темур ўзига муносиб кўрмаган!

Лекин Темур йигит ёшидан бошлаб, юртини мўғуллар истибдодидан озод қилиш ва ўз давлатини ташкил этиш ниятида бўлган. Унинг айнан шундай фикрда бўлганлиги “Темур тузуклари”да “мен бутун Мовароуннаҳр вилоятига, то Жайхун дарёсининг соҳилларигача чўзилган ерларга ҳукмрон бўлдим” (бу воқеа 1360 йилда, яъни Темурнинг 24 ёшида юз берган — таъкид муаллифники), деб ёзиши (20-бет) ва айнан Темур Мовароуннаҳрга вақтинча ҳукмронликка эришган 1360 йилдан бошлаб юз берган воқеаларни “Темур тузуклари”да “Давлат қуриш олдидан қилган иккинчи кенгашим” (20-24-бетлар), “Ўз салтанатимни тузиш йўлида қилган учинчи кенгашим” (24-26-бетлар), “Салтанатимнинг дастлабки даврларида қилган тўртинчи кенгашим” (26-28-бетлар) деб аташидан кўриниб турибди.

Темур баъзан номига “султон” сўзини қўшиб ишлатган. 1391 йилда Тўхтамишхон билан жангга бораётиб, Дашти Қипчоқда улкан тошга хотира сатрларини ўйдириб ёздирганда, ўзини “Турон султони” деб атади.

Юқорида баён этилган мулоҳазалардан кўриниб турибдики, “Амир”, “Соҳибқирон”, “Кўрагон” ва “Бек” насаблари Темурнинг жаҳон тарихи олдидаги буюк хизматларини тўлалигича ифодаламайди. Лекин унга нисбатан “буюк” унвонини қўшиб, “Буюк Темур” деб атасак, бобомизнинг инсоният олдида қилган хизматларини жаҳонда кўпчилик томонидан қабул қилинган таомилга мос ҳолда унинг номида эътироф этган бўлардик.

Кўпчилик олимлар Темурнинг тарих олдида қилган энг буюк хизматларини қуйидагича ифодалашади:

  1. Ўзбек ва яна қатор халқларни мўғулларнинг 150 йиллик (1219 — 1370 йиллар) истибдодидан озод қилди. Хоразм давлатининг 1220 йилги харитаси Темурнинг бугунги Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Қашқар, Озарбайжон каби ўндан ортиқ давлатларни тўла ёки улар ҳудудларининг катта қисмларини мўғулларга қарамликдан озод қилганлигидан гувоҳлик беряпти. Шак-шубҳасиз, бу шу халқлар олдидаги ўта катта хизмат ҳисобланади!
  2. Темур ўз даврининг энг қудратли ва буюк салтанатларидан бирини барпо этди. Мазкур салтанатга Осиё, Европа ва Африка қитъаларидан 27 та давлат кирган. Бу майдони, аҳолисининг сони, иқтисодиёти ва ҳарбий қудратининг катталиги бўйича жаҳон тарихидаги энг катта империялардан бири эди! Унинг майдони 4 миллион квадрат километрни ташкил этган!
  3. Темур инсоният тарихидаги энг буюк саркардалардан бири ҳисобланади. У ҳокимият эгаси бўлган 1370 йилдан то умрининг охиригача, яъни 35 йил давомида Турон давлати қатнашган барча урушларни ютди. Наинки барча урушларни, балки шу урушлар ичида юз берган барча жангларда ғолиб чиқди.

Бундай ҳолат тарихда камдан-кам ҳукмдорга насиб қилган. Масалан, Чингизхон, Наполеон каби машҳур саркардалар ҳам ўз ҳарбий фаолиятлари мобайнида анчагина жангларни ютқазишган. Чингизхон Жалолиддинга бир неча жангда мағлуб бўлган. Наполеонда ҳам улкан мағлубиятлар бўлганлиги кўпчиликка маълум.

  1. Темурнинг жаҳоннинг кўп ҳукмдорларидан ажралиб турадиган яна бир улуғ сифати бўлган, яъни унинг салтанати фақатгина майдони ва аҳолисининг сони катталиги билангина дунёнинг биринчи давлатига айлангани йўқ, балки бу ҳудудда маданият, санъат, илм-фан, меъморчилик беқиёс даражада ривожлантирилди. Яъни Темур давлатида илм-фан, маданият, санъат, қурилиш ривожига улкан туртки берди. Салтанат пойтахти Самарқанд эса ўша даврнинг энг гўзал ва маҳобатли шаҳрига айлантирилди.

Темурнинг тарих олдидаги энг буюк хизматларидан бири шундаки, унинг ташаббуси ва раҳбарлигида инсоният маданияти тарихидаги энг нодир ҳодисалардан бири бўлмиш “Иккинчи Ренессанс даври” бошланди. Яъни Темур Шарқда янги Ренессанс даврининг асосчиси бўлган.

Темурийлар асос солган Буюк уйғониш даврининг таъсири инсоният маънавий оламида беш юз йилдан кўпроқ давр давом этди, улар қолдирган буюк мерос эса жами инсониятнинг бебаҳо мулкига айланди.

  1. Олтин Ўрдани тор-мор этиб, Россия ва бошқа Шарқий Европа давлатларининг мўғуллар истибдодидан озод бўлишига шароит яратди. Рус тарихчиларининг фикрларига кўра, Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси фақат Марказий Осиё учун эмас, балки бутун Шарқий Европа, шунингдек, тарқоқ Русь князликларининг бирлашиши учун ҳам буюк аҳамият касб этган. Яъни Темурнинг Олтин Ўрда давлатини қаттиқ мағлуб этиши унинг қайта ўзига кела олмаслигига сабаб бўлди. Соддароқ айтганда, бу ҳодиса Шарқий Европа давлатларининг мустақилликка эришишига асосий сабаб бўлди.
  2. Темур — Европа халоскори! Ўзи буни хоҳламаган ҳолда, Боязиднинг қайта-қайта даъватларидан кейин мажбурий равишда Темур у билан жангга киришга мажбур бўлди. Бобомизнинг бу урушда турк султони Боязидни енгиши Европани Усмонли турклардан халос этди. 1402 йили Анқара шаҳрига яқин жойда ўша кунги ­дунёнинг иккита энг қудратли армиялари ўртасида жанг бўлди. Бу жангда Темур жаҳоннинг буюк саркардаларидан бири Боязид Йилдирим устидан тўла ғалаба қозонди. Темур бу ғалабаси билан Европага улкан хавф солиб турган Усмонли турклар давлатига зарба бериб, бутун Европанинг халоскорига айланди.

Негаки, сал олдинроқ Боязид Европа давлатларининг бирлашган қўшинини тор-мор этган ва бу қитъада унга қарши тура оладиган ҳарбий куч қолмаган эди. Шу боис Темурни “Европа халоскори” деб атай бошлашди. Боязид устидан қозонилган бу ғалаба билан Амир Темурни Франция қироли Карл VI (1380 — 1422), Англия қироли Генрих IV (1399 — 1407) табриклаб, унга махсус мактуб юбордилар.

  1. Буюк Темур давлатни ташкил этиш ва бошқаришнинг мутлақо янги сиёсатини яратди. Яъни Соҳибқирон “Темур тузуклари” асарида ўз даврининг адолатли ва прогрессив давлат сиёсати назариясини ишлаб чиқди ва уни амалиётга жорий этди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин ­Султон сценарийси асосида ишланган “Улуғ Амир ва Донна Мария” бадиий фильмида айнан буюк бобомизнинг Европа халоскори сифатидаги ўрни тарихий ҳақиқат сифатида акс эттирилганини қутламоқ керак.

Мухтасар айтганда, Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бизга бу борада жуда катта кўмак беради. Зеро, унда Буюк Темур ва темурийларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Буюк темурийлар” атамасининг халқаро илмий истилоҳ сифатида жорий қилинишини таъминлаш учун хорижий давлатларда “Буюк темурийлар тарихи ва маданий мероси” мавзусида тақдимотлар, медиа тадбир ва анжуманлар ўтказиш” вазифаси қўйилган.

Темур — шубҳасиз, жаҳон тарихидаги энг буюк ва юксак маърифатли, тарихга улкан ҳисса қўшган, уни ўзгартира олган, Иккинчи Ренессанснинг асосчиси бўлган давлат раҳбари ва саркарда! “Амир”, “Соҳибқирон”, “Кўрагон” ва “Бек” нисбалари унинг инсоният олдидаги шахсий хизматларини тўлалигича эътироф эта олмайди. Тарих олдидаги у қилган хизматларнинг кичик бир бўлагини бажара олган қатор давлат раҳбарлари, аввало, ўз халқлари томонидан “Буюк Петр”, “Буюк Екатерина”, “Буюк Карл”, “Буюк Фридрих” деб улуғланишган. Кейинчалик, бу эътирофни бутун дунё қабул қилган ва улар тарихда буюк шахслар сифатида қолишди.

Эътибор беринг, ўтмиш олдида улуғ ишлар қилган шахсларнинг улуғлигини, аввало, ўз халқлари эътироф этишган ва бошқаларни шунга ўргатишган. Биз ҳам улардан ибрат олиб, барчамиз ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиб, ҳамма жойда ва ҳамма вақт улуғ бобомизни “Буюк Темур” деб атамоғимиз керак!

Бобомиз ҳақидаги юртимизда аввал ёзилган асарларнинг кейинги нашрларида номига “буюк” сўзини қўшайлик, келгусида туғилажак асарлар номларини “Буюк Темур” деб атайлик! Суратга олишга тайёргарлик кўрилаётган янги фильмни ҳам “Буюк Темур” деб номлайлик.

Зеро, ана шундагина ҳаётини адолат, ҳақиқат ва эзгулик тамойилларига асосланиб яшаган Буюк Темур бобомизнинг инсоният олдидаги хизматларини адолатли баҳолаган бўламиз!

Одил ОЛИМЖОНОВ,

иқтисодиёт фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + seventeen =