Онам…
Муаллиф ҳақида:
![]()
Муҳаммад СИДДИҚ Андижон вилояти Бўстон туманида таваллуд топган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Ишқ дарди”, “Юрт соғинчи”, “Пастлаб учган турналар”, “Мусофир дарахт” номли шеърий китоблари чоп этилган.
Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлайди.
Кейинги пайтларда нима ёзсам, ўз-ўзидан онамга бориб тақалаверади. Ёзмасам, юрагимга қадалган соғинч тинчлик бермайди. Аслида, онасини йўқотган бир мен эмасман-ку. Бировларнинг юрагини эзиб ёзмай қўя қолай дейман-у, барибир ўзим билиб-билмай яна ёзиб қўявераман.
Кеча тушдан кейин бир иш билан Сайёра Тўйчиевага қўнғироқ қилдим. Опа овозимни эшитиши билан: “Вой, укажон, ўша куни сизга билмай қўнғироқ қилибман. “Йиғи аралаш: “Йўлдаман, онам…” дегандингиз. Юрагим шув этиб кетди…”
Опанинг қолган гаплари қулоғимга кирмади. Ярам янгиланди. Хайрлашдимми-йўқми, билмайман ҳам. Хонамнинг эшигини қулфлаб олиб, кўзимда ёш, бошимда чарх ураётган оғриқли хотираларни яна қораладим.
Пайпоқ
Ҳар гал қишлоққа борсам, онамнинг қўлларига озми-кўпми пул тутардим. Онам пулни олиб, ёш боладай қувониб кетар, фалаж қўлларини соғ қўлининг устига қўйиб, кафтларини очганча мени узоқ дуо қиларди. Кейин ўша пулларни авайлаб пайпоғининг ичига яшириб қўярди. Онамнинг пайпоғи ичида мендан бошқалар берган пуллар ҳам бўларди.
Қайтар чоғим онам мени қўйиб юборгиси келмасди. Мен бўлса, “Ҳозир қайтаман, кўчада ишим бор”, деб онамни чалғитмоқчи бўлардим. Аммо онам ҳаммасини билиб турарди. Кейин мени имлаб ёнларига чақириб, пайпоғи ичидан бир сиқим пул олиб берарди. “Довонда овқатланасиз бу пулларга”, — дерди.
О, бу пуллар мен учун жуда қадрли эди. Гарчи чўнтагимдан ҳар доим шамол айланиб турса ҳам, бу пулларни узоқ вақт ишлатмай сақлаб юрардим. Улар билан ўзимни дунёдаги энг бой одам ҳис қилардим. Ҳозир ўйласам, мен учун дунёдаги энг катта банк — онамнинг пайпоғи экан. Баъзан бу ўткинчи дунё кўзимга онамнинг пайпоғичалик қадри йўқдек кўринади…
Довон
Довондан ошиб ўтиш мен учун ҳар доим жуда ҳаяжонли кечарди. Наздимда довон улкан-улкан қоялардан иборат катта тоғлар эди. Энди пайқаб қолдим: аслида довон бир тепалик экан, холос. Онамдан кейин ундан ошиб ўтиш завқу шавқ бермай қўйди. Довондан пастга эниш ундан-да завқли эди. Гўё у тарафида жаннат боғларидан бири бордек эди. Буларнинг ҳаммаси онам билан кетди-қўйди.
Энди у ёқларга боришни ўйласам, кўз олдимга биринчи галда Маслаҳаттепа келаверади. Илгарилари у жой кўримсиз эди. Ҳозир у ерда жаннат боғларидан бири бор. Чунки у ерда онаизорим ётибди…
