Бирлашган дарё бўлур

Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда

Тошкент ва Токио шаҳарларини қарийб 6000 километрлик масофа ажратиб туради. Географик олисликка қарамай, Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлиги йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Курраи арзда геосиёсий беқарорлик ҳукм сураётгани маълум. “Ишонган тоғда кийик ётмаc” деганларидек, ихтилофлар замонида ҳатто давлатнинг эътимод қўйган ҳамкори ҳам дўппи тор келганда юзини терс буриши ҳеч гап эмас. Бундай мушкул-мураккаб вазиятда хайрихоҳ, ҳаммаслак давлатларни кўпайтириш, илмий тилда айтганда, муносабатларни диверсификация қилиш лозим.

Япония инновациялар, кашфиёту ихтиролар диёри ўлароқ донг таратган. Ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёнинг тўртинчи давлати ҳисобланган кунчиқар ўлка автомобилсозлик, кемасозлик, илғор технологиялар, жумладан, электроника, робототехника бўйича етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Япония билан дўстона муносабатлар улкан мақсад-марраларни кўзлаган мамлакатимиз учун янги уфқларни очиши шубҳасиз.

Токио шаҳрига сафар мобайнида япониялик сиёсатдонлар, экспертлар, таҳлилчилар билан мулоқот қилдик. Суҳбатдошларимиз Япония Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтараётганини таъкидлашди.

“Япония Марказий Осиёни стратегик муҳим минтақа деб ҳисоблайди. Минтақанинг беш давлати билан 1992 йилда дипломатик алоқа ўрнатилган бўлса, 1993 йилдаёқ Япониянинг “Ривожланишга расмий кўмак” дастури амалга татбиқ этила бошланган эди. Биз ўтган йиллар мобайнида очиқ ва фаровон Марказий Осиёни барпо этиш тамойили, беш республиканинг барқарорлиги ва тараққиётига кўмак сиёсатига содиқ қолмоқдамиз. Япония Марказий Осиё мамлакатларининг муайян давлатларга ҳаддан зиёд боғлиқ бўлиб қолишини истисно этган ҳолда, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга интилмоқда. Шу билан бирга, минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватламоқда. Бу жиҳатдан 2004 йилда йўлга қўйилган “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти муҳим ўрин тутади. Қайд этиш жоизки, ушбу форматдаги мулоқотга илк бор Япония асос солган эди”, деди Япония ташқи ишлар вазирлиги масъул ходими.

Маълумингизким, 2025 йил 20 декабрь куни Токио шаҳрида “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг давлат раҳбарлари даражасидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Олий даражадаги машварат якунида Токио декларацияси қабул қилинганини тарихий ҳодиса деб аташ мумкин.

“Япония Марказий Осиё мамлакатларини эркин ва очиқ халқаро тартибни мустаҳкамлаш борасида ҳам ишончли шерик деб билади. Шу маънода Токио саммити дипломатик ва геосиёсий долзарблик, иқтисодий хавфсизлик ҳамда Япония ҳамда минтақа ширкатлари учун янги имкониятлар тақдим этиши билан катта аҳамият касб этади. Бу борадаги мақсадлар Токио декларациясида ҳам инъикос топган”, дея мулоҳазаларини давом эттирди Япония ТИВ ходими.

Декларацияда Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида “яшил” иқтисодиёт ва барқарор тараққиёт, ўзаро боғлиқлик ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш каби уч устувор йўналишда алоқаларни кенгайтириш лозимлиги таъкидланган.

Япония замонавий транспорт инфратузилмасини яратиш, транзит ва логистика тармоғини ривожлантиришда улкан тажрибага эга. Қолаверса, модернизация, рақамли трансформация, “яшил” энергетика, сувни тежаш, табиий офатлар мониторинги ва сейсмик чидамли қурилиш йўналишларида ҳам илғор ечимлар таклиф эта олади.

Яна бир диққатга сазовор жиҳат шуки, Япония келгуси беш йил мобайнида Марказий Осиёда умумий қиймати 3 триллион иенага тенг (қарийб 20 миллиард доллар) бизнес лойиҳаларни молиялаштириш ниятида. Бу эса улкан ўзгаришлар муждасидир. Биз суҳбатлашган экспертлар ҳам ўзаро ҳамкорликнинг умидбахш даврига қадам қўйилганини урғулади.

 

Мичиҳиро ТАЖИМА,

Япония Соҳилни қўриқлаш академияси тадқиқотчиси:

— Ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз борар экан, Япония глобал таъминот занжирлари, жумладан, Транскаспий халқаро транспорт йўлагини такомиллаштиришга ҳисса қўшиш ниятида эканини таъкидлаш лозим. Бундан кўзланган мақсад муқобил йўлакларни ривожлантириш орқали қатновларни диверсификациялаш ҳамда рискларнинг олдини олишдан иборатдир. Ушбу транспорт тармоғи минтақани Европа билан боғлаши, тараққиёт учун кўпроқ имкониятлар яратиши кутилмоқда.

Марказий Осиё бой табиий ресурсларга эга. Шахсий хулосамга кўра, Япония ўрта ва узоқ истиқболда ушбу минтақани нефть, табиий газ каби ресурслар, нодир ва ўта муҳим минералларнинг импорт манбаси сифатида кўриши мумкин. Аммо табиий ресурслар бирламчи эмас. Япония, аввало, Марказий Осиё билан турли соҳаларда тенг, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ниятида. Япония Марказий Осиёда “буюк давлатлар” деб аталган кучларнинг рақобатидан йироқ. Шу маънода, Япония ва Марказий Осиё “учинчи танлов” сифатида бир-бирини тўлдиради.

Халқаро майдондаги вазият, жумладан, Россия билан муносабатлар, Шарқий Осиёдаги ҳодисалар манзарасида Япония учун Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти ортиб бормоқда. Ўтган 20 йил давомида Япониянинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсати сифат жиҳатдан ўзгармоқда. Илгари Япония бир томонлама кўмак кўрсатган бўлса, эндиликда минтақа давлатлари билан ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Кейинги йилларда Японияда Марказий Осиё давлатлари маданияти, ҳаёт тарзи, ҳатто миллий ошхонасига қизиқиш ортмоқда. 2025 йил март ойида Ўзбекистонда бўлганимда, ўзбекистонликларнинг Японияга нисбатан ҳурмат ва қизиқиши кучли эканига гувоҳ бўлган эдим. Демак, қисқа истиқболда халқлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.

 

Каору ИОКИБЕ,

Токио университети профессори:

— Япониялик зиёлилар, сиёсий етакчилар Марказий Осиёнинг стратегик аҳамиятини теран англайдилар. Минтақа, аввало, Хитой ва Россия ўртасида мувозанат нуқтаи назаридан муҳим ўрин тутади. Марказий Осиёдаги барқарорлик Шарқий Осиёдаги лойиҳалар учун ҳам зарурдир.

Марказий Осиё давлатлари билимли, интеллектуал даражаси юқори мутахассисларга бой. Япония меҳнат бозорида тақчиллик кузатилаётгани инобатга олинса, минтақанинг иқтидорли мутахассисларини ишга таклиф этишдан ҳар икки томон ҳам ютади. Табиий ресурслар, нодир маъданлар ва энергетика манбалари билан боғлиқ ҳамкорлик ҳам истиқболли, албатта.

 

Кёко КУВАҲАРА,

Япония халқаро муносабатлар институти илмий ходими:

— Рақамли маконда дезинформация кучайиб бораётган ҳозирги даврда демократик мамлакатлар учун ёлғон ахборот ва сохта нарративларга қарши кураш ҳаётий талабга айланди. Япония бетакрор тили ҳамда аҳолининг анъанавий ОАВга юқори ишончи туфайли хорижий дезинформация хуружидан иҳоталаниб келган эди. Аммо сунъий интеллект технологиялари мислсиз равишда тараққий этиши биз санаган ҳимоя омилларини ҳам йўққа чиқармоқда. Таҳлилларга қараганда, Японияда, айниқса, табиий офатлар вақтида сохта маълумотлар тарқалиши кўп кузатилади.

Японияда 2022 йилда Миллий хавфсизлик стратегияси қабул қилингани ортидан дезинформацияга қарши кураш ҳам фаоллашди.

Сир эмаски, дезинформация чегара билмас хатардир. Ўйлайманки, Япония ҳамда Марказий Осиё давлатлари ушбу таҳдидга қарши курашда ҳам ўзаро робиталарни мувофиқлаштириши, ахборот ва тажриба алмашиши, ноу-хауларни жорий этиши муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ҳукуматлар, илмий доиралар, ОАВ, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти ташкилотлари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши лозим.

2025 йил 20 декабрь куни Токиода Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг музокаралари ҳам бўлиб ўтган эди. Мусоҳаба якунида сиёсий етакчилар Келгуси авлодлар учун кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар. Мазкур ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятлар туҳфа этади.

Ташриф доирасида таълим, соғлиқни сақлаш, экология, сув ресурслари, транспорт, шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги, табиий офатлар хавфини камайтириш соҳаларида салмоқли келишувлар тўплами қабул қилинган эди. Саммитга тайёргарлик доирасида қиймати 12 миллиард доллардан зиёд бўлган кооперация лойиҳаларининг янги портфели шакллантирилгани ҳам диққатга молик, албатта.

“Битта ғилдирак билан арава юрмайди”, дейилади япон маталида. “Бирлашган дарё бўлур, тарқалган — ирмоқ”, дейди ўзбек халқи. Алқисса, Япония ва Ўзбекистон робиталарида янги давр бошланди. Бу ҳамкорлик бир-бирига қадрияту қарашларни тиқиштириш, дунёни ўз қаричи билан ўлчашга мажбурлов каби номатлуб ҳолатлардан холи экани билан аҳамиятлидир.

Собир САЛИМ.

Муаллиф олган суратлар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − one =