Ботқоққа ботган ваъдалар

ёхуд Дўстлик маҳалласи қачон обод бўлади?

Қашқадарё вилояти Касби тумани марказидаги Дўстлик маҳалласида Алишер Навоий кўчаси бор. Ана шу маҳалла идораси ёнидаги йўлга қарасангиз, гўё қора булут ерга тушгандай: чуқурлар, кўлмаклар, лой. Қишда — ботқоқ, ёзда — чанг-тўзон. Шу йўл тўғрисидаги кўчада аҳоли серқатнов: кекса авлод вакиллари, мактаб ўқувчилари, боғчага қатнайдиган болалар, қўшни маҳалла ва қишлоқ аҳли ўтади.

Аҳоли оғзаки-ёзма равишда бир-икки марта эмас, қайта-қайта Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Касби туман ҳокимликларига мурожаат қилишди. Ўтган йили маҳалла фуқаролари номидан Иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидовга расмий хат йўлланди. Мурожаатда Президентнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида энг оғир аҳволдаги 1000 та маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш чоралари белгилаб берилгани эслатилди. “Дастурда Дўстлик маҳалласини асфальтлаш учун 1 миллиард 950 миллион сўм ажратилиши қайд этилгани эслатилди. Шундан сўнг вазирлик вакиллари келиб, режалар билан таништирди. Одамлар ишонди. Дуо қилди. “Йўлимиз ниҳоят асфальтланади”, деб умид қилди”, — деди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Олим бобо Тўраев.

Аммо бугун натижа қани?

“Маблағ ажратилмаган” деган баҳона билан ишлар кечиктирилмоқда. Ҳолбуки, маблағ ажратилиши ҳужжатларда қайд этилган. Ахир қарор бор, режа бор, учрашув ўтказилган бўлса — нега йўл ҳали ҳам абгор, ботқоқ?

Бу оддий йўл масаласи эмас. Бу — болалар хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги, инсон қадри масаласи. Алишер Навоий кўчасидан бошланиб, Шодлик, Оқолтин кўчаларидаги аҳвол ўта ачинарли.

Туман марказидаги кўчалар шу аҳволда бўлса, чекка қишлоқлардан нима кутиш мумкин?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, масъул идоралар! Эл сизлардан амалий қадам кутяпти. Ваъда қоғозда эмас, йўлда кўринсин!

Дўстлик маҳалласи аҳолиси янги Ўзбекистонда ботқоқда эмас, фаровонлик сари юришни исташади.

Бу танқидимиз ҳаракатга, инсофга чақириқ.

Шавкат КАРОМОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =