Текин пишлоқ

Эрта баҳорнинг илиқ нафаси шаҳар кўчаларини аста эркалаб турган бир оқшом эди. Осмонда шом пардаси ёйилиб, ҳавода намхуш тупроқ ва янги уйғонган гуллар ҳиди сезилар, табиат ҳам гўё бир лаҳза тин олиб, хаёл суришга чорларди. Мен эса ёзув-чизувларим билан машғул, ижтимоий тармоқ саҳифалари орасида сарсон изланар, фикрларимни тартибга солиш билан овора эдим.

Тўсатдан экранда номаълум “админ”дан хабар пайдо бўлди. “Ассалому алайкум! Акция гуруҳимизда қатнашиб қолдингиз. Сизга акциядорлик жамиятимиз томонидан 5 миллион 170 минг сўм пул мукофоти ажратилди. Пластик картангизни ташласангиз, ўтказиб берар эдик”.

Кутилмаган “бахт” эшигимни қоққандек бўлди. Бир лаҳзага инсон қалбидаги табиий қизиқиш уйғонади: “Ростмикан?” Аммо шубҳа ҳам соядек эргашади. Ҳали иккиланиб улгурмасимдан, овозли хабар келиб тушди: “Тезроқ ҳаракат қилсангиз, тасдиқлаб юборар эдик…”

Шошқалоқлик — фирибгарнинг энг ишончли қуроли. Улар инсонни ўйлашга қўймасдан, ҳиссиёт тугмаларини босишга уринади. Лекин бу ҳолат мен учун янгилик эмас эди. Ахир “менинг хакергина болам” шохида юрса, мен баргида юраман. Яъни замон қадам ташласа, биз ҳам ҳушёр юришни ўрганишимиз шарт.

Ички ишлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ижтимоий тармоқларда бонг уриб, аҳолини киберҳужумлардан огоҳлантираётгани бежиз эмас. Ҳар куни кимнингдир ишонувчанлиги, кимнингдир соддалиги қимматга тушмоқда. “Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади”, деган нақл замонавий тус олган — энди қопқон темир эмас, рақамли экран ортида пинҳона. Шунинг учун бу мавзуни тезгина нотаниш админга спам бериш орқали тугатиб қўя қолдим. Шу ўринда машҳур ўзбек ёзувчиси Ғафур Ғуломнинг бир ҳикояси ёдимга келди. Ва бу вазият ҳақида хаёлимда пайдо бўлган фикрларимни баён этишни, оқ қоғозни қоралашни хоҳлаб қолдим.

Атоқли ўзбек адиби, таржимон ва жамоат арбоби, академик шоир Ғафур Ғулом қаламига мансуб машҳур “Менинг ўғригина болам” ҳикоясида бир кечалик суҳбат орқали бутун бир замоннинг дарди очилади. Томга чиққан ўғри билан етимларнинг бувижони “қора буви” Роқиябиби ўртасидаги мулоқот жиноят ҳақида эмас, балки тирикчилик ҳақидаги суҳбатдир. Ўша давр ўғриси девор ошарди. Бугунгиси эса деворсиз дунёда яшайди.

Ўғригина — туғма жиноятчи эмас. У косибнинг боласи. Замон тескари айланган, уруш, қашшоқлик, ишсизлик уни томга чиқарган. У бойникига тушолмайди: ҳимоя кучли, уларнинг пахсаси саккиз қават, эшиклари темирдан, ҳар биттасининг қўрасида эшакдай-эшакдай иккита-учтадан итлари бор. Бошқасиникида милтиқ ушлаган городовой туради. Шунинг учун ҳам камбағалникига тушади, чунки девор паст, ҳимояси йўқ.

Бугун деворлар пахсадан эмас, паролдан. Қулфлар темирдан эмас, шифрдан.

Ҳозирги замонавий ўғри бу — хакер. У уйингиз томига эмас, “Wi-Fi” тармоғингизга чиқади, қозонингизни эмас, банк картангизни олади, қопни эмас, маълумотни кўтаради, итлардан эмас, антивирусдан қочади. Кечаги ўғри болта олиб юрган бўлса, бугунгиси ноутбук кўтаради. Лекин савол ўша-ўша: уни томга ким чиқарди?

Ҳикояда “Қора бувижон” айтади: “Замон қаттиқ, ўғригина болам”. Бугун ҳам кўп ёшлар илмсизликдан, бекорчиликдан, тез бойиш васвасасидан, интернетдаги сохта “осон пул” рекламасидан, ижтимоий тенгсизликдан йўлдан адашади.

Кечаги ўғри қорни учун йўқчиликдан таваккал қилган. Бугунгиси эса тўқчиликдан баъзан ҳирс учун, баъзан қизиқиш учун, баъзан эътироф учун қиляпти бу қинғир ишни.

Ўғригина бола етимларнинг қозонини олмай кетади. Тўғри, у ўғри, аммо қалби бутунлай ўлмаган ўғри. Бугунги кибержиноятчилар эса пенсионерларнинг жамғармасини, талабаларнинг контракт пулини, беморларнинг даволаниш маблағини ҳам тортиб олишдан тоймайди. Бу ерда муаммо инсон ёки замонда эмас, аксинча, муҳит, тарбия масаласи ўртага чиқади.

Кечаги бувижон ўғрини дуо қилади. Уни қарғамайди. Чунки у инсон эди. Ҳозир-чи, ҳозирги “ўғри”нинг юзи йўқ. У экран ортида. Исми сохта, сурати сохта, овози ҳам, эҳтимол, сунъий. У сизнинг кўзингизга қараб турмайди, уялмайди, андиша қилмайди. Унинг қўли эшик тутқичини эмас, қалбингиз ишончини бурайди. Илгари ўғри уйингизга кирган бўлса, бугун у телефонингизга киради. Илгари қулфни синдирган бўлса, бугун ишончларни синдиради.

“Қора буви” ўғрини дуо қилади, чунки қаршисида одам турган. Инсонни инсонийлик билан енгиш мумкин эди. Ҳозир эса кўпинча тугмалар, алгоритмлар, ниқоблар ортидаги нафс билан юзма-юзмиз. Бу ерда дуо ҳам, қарғиш ҳам экранга урилиб қайтиб келади.

Аммо барибир савол очиқ: инсонийлик қаерга кетди?

Балки, у йўқолмаган, фақат яшириниб қолгандир. Балки, бугун бизга бувижоннинг дуосидан ҳам кўра ҳушёрлиги керакдир. Чунки меҳр сақлансин, лекин ишонч синалсин. Раҳмдиллик қолсин, лекин соддалик эмас.

Бугун бизга фақат қаттиқ жазо эмас, балки тўғри таълим, кибермаданият, ахлоқий тарбия, адолатли иқтисод керак.

Чунки деворлар қанча баланд бўлмасин, агар замон қаттиқ бўлса, кимдир барибир томга чиқади. Шундай экан, масала томни мустаҳкамлашда эмас, балки инсонни мустаҳкамлашда. Уни ўқитишда, илмли қилишда!

Фотима РЎЗИЕВА,

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани

ахборот кутубхона маркази

абонемент ва фойдаланувчиларга

хизмат кўрсатиш хизмати раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + nine =