Ёшлар етакчилари бир майдонда: Ташаббус ва имкониятлар уйғунлиги

Яқинда Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институти ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар ҳудудий кенгаши ҳамкорлигида “Янги авлод етакчилари” мактабининг ўқув семинари бўлиб ўтди. Мазкур тадбир пойтахтдаги олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган ёшлар етакчиларини бир майдонга жамлагани билан аҳамиятли бўлиб, бундай интеллектуал мулоқот муҳити ҳар доим ҳам бўй кўрсатавермайди.

Тадбирни институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Алишер Каримов олиб борди. У ўз сўзида ёшлар етакчилари фаолиятида тизимли ёндашув, шахсий масъулият ва замонавий кўникмаларнинг ўрни ҳақида тўхталди.

Шунингдек, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши бўлим бошлиғи Комилжон Суяров “Янги авлод етакчилари” лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва унинг амалий аҳамияти хусусида фикр билдирди.

Тадбирнинг асосий қисми амалий ва интерактив руҳда ташкил этилди. Шахсий бренд бўйича эксперт Салай Маткаримов “Ёшлар етакчиси учун шахсий брендни шакллантириш стратегиялари” мавзусида чиқиш қилиб, етакчининг жамоатчилик олдидаги қиёфаси, ишонч капитали ва профессионал обрўсини шакллантириш механизмлари ҳақида аниқ тавсиялар берди. Тадбирда қатнашган банк ходими Ҳожимурод Тожибоев “Замонавий етакчиликда иш фаолияти ва медиа воситаларидан самарали фойдаланиш” мавзусида маъруза қилиб, рақамли майдонда тўғри позиция танлаш ва аудитория билан самарали мулоқот юритиш йўллари хусусида сўз юритди.

Семинар доирасида меҳмонлар институтда яратилган замонавий шарт-шароитлар билан ҳам танишдилар. Хусусан, “Jalinga” медиа студияси, ахборот-ресурс маркази ҳамда замонавий лаборатория хоналари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Таълим ва амалиёт уйғунлашган муҳитда ёшлар билан ишлашнинг самарали модели шаклланаётгани алоҳида эътироф этилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди. Энг муҳими, ушбу семинар ёшлар етакчилари учун янги билим, янги қараш ва янги мулоқот майдонини яратди.

Қувончлиси, Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институтида ташкил этилган ушбу учрашув оддий бир тадбир эмас, балки ўзаро ҳамкорлик ва келажак режалари учун мустаҳкам платформага айланди, дейиш мумкин. Ёшлар етакчиларини бир жойга жамлаган ушбу майдон эса, табиийки, ўзига хос воқеа сифатида ташаббускор ёшларнинг ёдида қоладиган бўлди.

Содиржон ЯКУБОВ,

Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институти профессори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − nine =