Йўллари исмидек ёруғ

Андижонликлар ҳали-ҳануз эслаб юришади. Шаҳардаги Фурқат кўчасида жойлашган болалар шифохонаси водийда ягона шифохона сифатида машҳур эди. Бу даргоҳга киришданоқ худди болалар боғчасига қадам қўйгандек бўласиз: ҳар қадамда турли эртак қаҳрамонларининг бири жиддий, бошқаси жилмайиб, аллақайсиси ҳайрат билан боқиб турган ҳайкалчалари. Шифохона ҳовлиси чиройли боғни эслатар, гўзал мевали ва манзарали дарахтлар, турли-туман гул кўчатлари, ҳар хил навдаги арчалар ўзгача файз берар, дарахтлар соясида эса дам олиш учун оддий эмас, бетакрор кўринишдаги ўриндиқлар жойлашган бўларди.

Деворлар турли хил рангларга бўялган, чизилган расмлар эътиборингизни тортар, кутубхона, ўйингоҳ, дам олиш хоналари, покиза ошхоналар бу ерга даволаниш учун келган болажонларни шприцларни кўрганда уйғонадиган ҳадикдан асрарди. Яна шифокору ҳамширалар, ҳатто озодалик посбонлари ҳам оқ рангда эмас, аксинча, бошқа ёрқин ранглардаги либосларда бўлардилар, сабаби бу ҳолат бемор болалардаги навбатдаги ҳадикни ҳайдарди.

Буларнинг барчаси бош шифокорнинг нафақат ижод маҳсули, балки бемор болалар ўзларини шифохонада, шифокор ҳузурида эмас, ўз уйидагидек ҳис қилиши, тезроқ соғайиб кетиши учун меҳрнинг бир кўриниши бўларди гўё.

Меҳнатлар самарасини бериши бор гап, айни ўша йилларда вилоятда болалар ўртасидаги касалликлар сезиларли даражада камайди. Шифохона элнинг назарида малҳамхонага айланди, жамоа эса бир бутун аҳил оилага жамланди. 1994 йили шу тиббиёт масканининг бош шифокори Светлана Инамова юртимизда янги таъсис этилган I даражали “Соғлом авлод учун” орденининг илк соҳибаси бўлди.

Қайси лавозимда фаолият олиб борса, янги ташаббусларга бош бўладиган бу аёл ўз ишининг устаси даражасига етгунича баланд-паст йўллардан қадамлаб келди. 1951 йилнинг 11 февралида Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманида ҳарбий чегарачи оиласида таваллуд топган қаҳрамонимиз ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлайди. Болалигидан шифокор бўлишга интилган қизалоқ ҳужжатларини Андижон давлат тиббиёт институтига топширади. Илк синовдан аъло баҳолар билан ўтади ва ўша йилиёқ талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлади.

1974 йили институтни тамомлаган билимга чанқоқ Светлана Андижон шаҳридаги 3-сонли вилоят болалар шифохонасида дастлаб болалар шифокори, кейинчалик бўлим мудири сифатида иш олиб боради. Асосий йўналиши неонатолог-реаниматолог шифокор сифатида чақалоқларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жонлантириш бўйича кўплаб бемор болаларнинг жонига ора киради. Ўша йиллари болалар орасида ўткир респиратор касалликлар авж олган бўлиб, унинг даволаниш муддати анчагина вақт оларди. Шифохонадаги амалий тажрибага эга бўлган ёш, интилувчан шифокор энди илмий изланишлар ҳам олиб бориб, тажрибани назария билан ҳамоҳанг тарзда давом эттириш керак, деган қарорга келади. Мақсаддан-мақсадга курашлар билан ўтадиган Светлана Андижон давлат тиббиёт институти “Болалар хирургияси” кафедраси ассистенти сифатида иш бошлайди. Илмий изланишлар ўз самарасини беради, курашлар эса натижа. Тажрибали шифокор, олима, изланувчан ва ўзининг қатъий фикрига эга бу инсонга орадан тўрт йил ўтиб, Андижон шаҳридаги 1-сонли кўп тармоқли болалар клиник шифохонаси бош шифокори вазифасини ишониб топширадилар.

Ўн тўрт йиллик фидойи меҳнат уни “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси этиб тайинланишига асос бўлди. Андижонда болажонлар билан ишлаб яхшигина тажриба тўплаган Светлана Инамованинг мазкур даргоҳда ишлаб кетиши қийин кечмади. Унинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан фонд ҳисобига хорижий ҳамкорлардан маблағлар жалб этилди. Юртимизнинг экологик ноқулай бўлган чекка ҳудудларда яшовчи аҳолисига тиббий ёрдамлар ажратилиб, “Саломатлик поездлари” акцияси доирасида бепул дори-дармон, кийим-кечак, санитария-гигиена воситалари етказиб берилди. Бу мақсадли сафарнинг аҳамиятли томони шуки, ўз ишининг устаси бўлган тажрибали шифокор ва ҳамширалардан иборат катта гуруҳ ўша олис ҳудудлардаги аҳолини бепул тиббий кўриклардан ўтказди. Натижада кўплаб хасталикларнинг олди олинди, тиббий маслаҳатлар берилди.

Мазкур жамғарманинг давлат идораларига таклиф сифатида тақдим этган бир қатор тегишли тиббий, ижтимоий, гуманитар ва инвестиция дастурлари уларни амалга оширишга қаратилган тегишли ҳукумат қарорлари билан қўллаб-қувватланди.

Бевосита уларнинг етакчилигида иқтидорли болаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш учун қўшма таълим дастурларини яратиш ва амалга ошириш, юртимиздаги тарихий жойларга таътил саёҳатларини уюштириш, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудлардан келган болалар учун дам олиш имкониятларини яратиш, бошқа халқлар, миллатлар маданиятига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, оила кутубхоналари ва китобхонлик фаолияти тарғиботини кучайтириш каби ишлар яхши самара берди.

“Дунёда инсон саломатлиги, унинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан баркамоллигидан ортиқроқ бойлик йўқ. Жамият ва давлатнинг энг катта бойлиги ҳам фуқароларнинг саломатлигидадир. Инсон тани-жони соғ бўлган жойдагина соғлом фикрлайди ва жамиятга ҳам соғлом фикрлар беради”, деган ғояни доим илгари сурган Светлана Инамова асримиз бошларида Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.

Бу лавозимда иш бошлаган илк кунлариданоқ (у даврда ҳали вазирлик ва идораларда матбуот хизматлари шаклланмаган эди. Газета ва радиоларда, телевидениеларда ушбу ташкилотларнинг фаол вакилларигина бўларди) қўмитанинг матбуот хизматини ташкил қилиб, малакали ходимларни ишга таклиф этди. Республика бўйича хотин-қизлар фаоллигини ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, билимли қизларга ҳомийлар жалб этган ҳолда ўқиш ва изланишлари учун имкониятлар яратиш каби хайрли дастурларни амалга ошира бошлади.

Бугуннинг муҳим аҳамиятга эга масаласи бўлган ёшларни тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтказишдек хайрли ташаббус уларнинг таклифи ва саъй-ҳаракатлари билан бошланган эди.

Республикага яхши танилган “Йил аёли” кўрик-танлови 2007 йил илк бор Хотин-қизлар қўмитасининг ғояси асосида ташкиллаштирилди. Танловда рўзғор ишларини тиндирган, ўжар вақтни бўйсундирган, оиласини тотувликка кўндирган, оқила, уддабурон бекаларимиз иштирок этишган. Улар ҳар қандай шароитда илдизлари меҳр дарёсига етган гуллар каби яхши яшашга, ғолиб ва фаровон турмушга интилувчи аёлларимиз эканликларини исботлашганди ўшанда.

“Соғлом аёл — буюк келажак” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга жалб этиш чора-тадбирлари дастури доирасида бевосита уларнинг масъуллигида республикада Гимнастрада фестивали, “Тўмарис” хотин-қизлар спартакиадаси, синхрон сузиш, стол тенниси каби бир қатор спорт мусобақалари ўтказилди.

Исми жисмига мос бўлган опа табиатан яшилликни, табиатни севувчи инсон бўлганлиги боис қаерда ва қайси соҳада ишламасин, ўша ерни бўстонга, гулу гулзорга айлантиришга эришган.

— Мени хавотирга соладиган муаммолардан бири бу — инсон ўзи яшаб турган хонадонидаги тартибсизлик, экинларнинг режасиз экилиши, қаровсиз, парваришсиз гуллар, дарахтлар; тартибсиз ва озода бўлмаган хонадон. Шундай хонадонга кирсам, дилим хира бўлиб, кайфиятим тушиб кетади. Баъзан ҳаётда ҳовлисига бир туп гул ёки мевали дарахт экиб ўстирмаган, ариқ қазиб сув келтирмаган лоқайд кишилар ҳам учрайди. Бундай ота-оналар ўзларидек лоқайд, меҳнатни севмайдиган, дидсиз, келажакда мустақил ҳаётга пухта тайёр бўлмаган болаларни тарбияламайдими? Инсон табиат билан яхлит бир вужудга айлансагина, у эзгуликлар ярата олиши мумкин, — дейди куюнчаклик билан қаҳрамонимиз.

Светлана Инамова хизмат сафарларида юриб, ўз ишининг асл мутахассисларини пойтахтга таклиф қилар, қўмита ишини юксалтириш мақсадида истеъдодли хотин-қизларга доим эҳтиёж сезарди. Улар нафақат аёллар, балки иқтидорли ёшларга ҳам бефарқ бўлмасди. Ўқиш ва изланишлари, ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишлари учун яқиндан кўмак берарди. Улар ишлаган йилларда мамлакатда хотин-қизлар ҳаёти ва фаолияти сезиларли даражада юксалди.

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони, I даражали “Соғлом авлод учун” ордени, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор Светлана Инамова умрининг муборак 75 баҳорини қарши олмоқда.

Бугун ушбу улуғ ёшда ҳам жамиятда ўзининг ҳаётий ютуқлари билан фаол иштирок этиш баробарида, оилада вафот этган умр йўлдошининг дуои жонини қилиб, қизи Лолахоннинг, ўғли Асқаржон, келини, куёви, шириндан-шакар тўрт набирасининг ютуқларидан қувониб яшамоқда.

“Миллатнинг келажаги оналар қўлидадир”, деб ёзган эди буюк француз адиби Бальзак. Светлана Турхунхўжаевна каби ҳаёт йўли ҳам исмидек ёруғ, умри фидойиликка туташ аёллар боис бу ихчам фикрдаги ҳақиқат барча халқларнинг ягона ҳақиқатига айланган.

Феруза ОРИПОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 9 =