Олим ва таржимоннинг меҳнати ва заҳмати

Қўлимизда “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Ҳикматлар” (Тошкент, “Адабиёт”, 2022) китоби бор. Китобнинг юзида “Ҳикматлар” сўзининг ўзбекча ва олмонча ифодаси берилган.

Китоб таниқли олим Ваҳоб Раҳмоновнинг “Фикрчан шеърият ва ҳикматомуз наср” номли ўн бир бетлик ўзбек ва немис тилларида ёзилган мақоласи билан бошланади. Бу нашрдан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзбек ва немис тилларидаги 280 та ҳикматли сўзлари ўрин олган.

Бу китобга баҳо берадиган одам: “Ҳа, Бобур ҳикматларини Мирзаали Акбаров немисчага таржима қилган. Ваҳоб Раҳмонов бу ҳақда мақола ёзиб берибди-да”, деб ўйлайди. Чунки китоб бошида Бобур расми ва орқасида таржимон сурати берилган.

Аввало, шунча ҳикматларни немис тилига сидқидилдан ўгирган Мирзаали Акбаровга раҳмат деймиз. Ўзбек кишиси шаҳаншоҳ Бобур сўзини немис тилига қотириб, яхши ўгиргани қандай яхши! Яна қарангки, фарғоналик шаҳаншоҳ Бобурни фарғоналик зиёли Мирзаали Акбаровнинг немис тилида талқин қилгани ундан-да ажойиб! Айниқса, олмонча матнига потсдамлик немис олими Ирис Бернтнинг муҳаррирлиги нур устига нур бўлган. Таржимонлик масъулияти жуда ўрнига қўйилгани шундан ҳам яққол намоёндир.

Мен немис тилини билмаганим сабабли мазкур китобдан ўрин олган ўзбек тилидаги матнларни ўқиб ҳузурландим. Негаки, ушбу мўъжаз китобдаги Бобур ижодига тегишли барча гаплар ва байтларни зукко олим Ваҳоб Раҳмонов танлаган. У Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Куллиёт”ининг олти жилдини сатрма-сатр, сўзма-сўз ўқиб, Бобур ҳикматларини саралаб-тергилаб ёзиб чиққан, сўнгра эски ўзбек ва форс тилидаги бу насрий ва шеърий жумла ва мисраларни ҳозирги ўзбек адабий тилига табдил этган. Бошқача айтганда, Бобурнинг ҳикматларини замонавий тилимизда қайта талқин қилиб чиққан. Ваҳоб Раҳмонов олтита 500 бетлик китобни, яъни 3000 саҳифа матнни синчиклаб ўқиб, гўё денгизга шўнғиб 280 та гавҳарни топиб чиққан…

Қолаверса, бу ҳикмат гавҳарларини заргарона меҳнат эвазига ҳар бирига ишлов бериб, уларни ҳозирги тилимизга мослаштириб тайёрлаган.

Лекин негадир “С” белгисида, яъни муаллиф ёзиладиган жойда М.Акбаров деб ёзиб қўйилган, холос. Гўё Ваҳоб Раҳмонов китобда меҳмондай.

Биз ана шу манзарадан келиб чиқиб, ушбу китобнинг дунё юзини кўришида Ваҳоб Раҳмоновнинг ҳам заҳматли, олимона меҳнати борлигини ўрганишга ҳаракат қилдик. Ва бу меҳнатни матнни олмон тилига ўгирган таржимон фаолияти заҳмати ёнига қўйиб кўрмоқчи бўлдик. Хўш, кузатайлик-чи, Ваҳоб Раҳмонов нима иш қилган-у, Мирзаали Акбаров не машаққатларни чеккан экан?

Фикримиз қуруқ бўлмаслиги учун китобдаги битиклардан бир-икки мисол келтирамиз. Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги:

Ғафлат уйқусидан уйғон гар тилар бўлсанг мурод,

Ким етар мақсадга ҳар ким бўлса у уйғоқроқ.

(“Ҳикматлар”, 43-бет)

 

Ёки:

 

Гарчи зоҳирда тўғридекдур нафс,

Жисминг уйида ўғридекдур нафс.

(“Ҳикматлар”, 43-бет)

 

байтларида бобуршунос олим Бобурнинг ҳозирги ёшлар бемалол тушуна оладиган гап ва байтларини аслича қолдиришни маъқул топган. Чунки бунда Бобур овози ва услуби сақланади.

Олим Бобур аслиятини сақлаган ҳолда бир ёки иккитагина эскирган — архаик сўзларни ҳозирги сўзлар билан алмаштиради, холос:

Давлатга етиб, меҳнат элини унутма,

Беш кунлик умрингда ўзингни катта тутма.

(“Ҳикматлар” 43-бет)

Бу байт Бобур “Девон”ида қуйидагича эди:

Давлатқа етиб, меҳнат элин унутма!

Бу беш кун учун ўзунгни асру тутма.

(Девон, 339-бет)

Бобуршунос олим Ваҳоб Раҳмонов Бобур байтига чиндан-да заргарона ишлов берганини кўрамиз: байтга “умр” тўлдирувчисини қўшган, мақсадни аниқлаштириш ва кучайтириш учун “асру” сўзини “катта” сўзи билан ифодалаган. Англаймизки, олим бунда худди шарҳловчидай матнга олимона ва ўринли дахл этган.

Китобдаги 75-ҳикмат аслият “Бобурнома”да қандай эди? Бу китобда-чи:

Кимки келди жаҳонга фано бўлғусидур,

Доимо бору бўлур: Худо бўлғусидур.

(“Ҳикматлар” 42-бет)

Ана энди ушбу байтни “Бобурнома”дан кўчирамиз:

Ҳар ки омад ба жаҳон аҳли фано хоҳад буд,

Он ки пояндаву боқист, Худо хоҳад буд.

(Куллиёт, 6-жилд, 93-бет)

Кўрамизки, таржимон Ваҳоб Раҳмонов мазкур байтдаги форсий мисраларни ўзбекчалаштиришда матнга Бобур даври туркий тил ширасини ҳам бериш пайида бўлиб, “бўлғусидур” сўзини киритган.

Яна бир мисол:

Ваҳоб Раҳмонов тубандаги:

Ба номи накў гар бимирам равост,

Маро ном бояд, ки тан маргрост,

(Куллиёт, 6-жилд, 94-бет)

форсий байтни қуйидагича шоирона таржима қилади:

Яхши ном қолдириб ўлсам бўлади,

Менга ном керакли, танам ўлади.

(“Ҳикматлар”, 42-бет)

Ҳарбий вазиятда ёв изқуварлари Бобур ухлаб ётган “Осойиш” кемасига тунда писиб чиқаётганларида шаҳаншоҳ тансоқчилари уларга қарши ташланишади. Муқаррар ўлимдан нажот топган Бобур бир форсий ҳикматли байтни эслайди:

Агар тиғи олам бижунбад зи жой,

Набуррад раге то нахоҳад Худой.

(Куллиёт, 6-жилд, 184-бет)

Ушбу байт Ваҳоб Раҳмонов томонидан шоирона ўзбекчалаштирилади:

Агар олам тиғи қўзғалса жойдан,

Бир томир кесолмас изнсиз Худойдан.

(“Ҳикматлар”, 40-бет)

Бобур шеърияти ўйноқи оҳанги, сўзларининг оммабоплиги билан ажралиб туради. Аммо юксак ахлоқий ва фалсафий фикрлар ифодасида мумтоз шоир Бобур китобхонга қийин туюладиган у ёки бу сўзни ҳам (масалан, маосий) қўллаб юборади:

Олудаи юз туман маосий бўлмоқ,

Юз ранжу туман азоб хоси бўлмоқ.

Кўп яхши экин аҳли хираднинг қошида

Ким, оғритибон атони осий бўлмоқ.

Бу рубоийда “олуда”, “ранж” ва “хирад” форсий сўзлари ҳам ўзбек китобхони учун тушунилиши мушкул бўлган тушунчалардир.

Табдилчи олим Ваҳоб Раҳмонов отадай муқаддас зот ҳурматини сақлашга чақирилган Бобурнинг ушбу ҳикматомуз рубоийсини осонгина тушуниладиган қилиб насрда таржима қилиб беради: “Юз минглаб гуноҳга булғанмоқ, юз азобу машаққатга мубтало бўлмоқ — ақл тақозосича: отани ранжитиб осий бўлишдан яхшироқдир”.

Ваҳоб Раҳмонов хизматларини қайд этар эканмиз, нега ушбу китобда унинг тўпловчи, нашрга тайёрловчи ва табдилчи дея кўрсатилмаганига, тўғриси, ажабландик. Бу тасодифми ёки?..

Бугун биз “Бобур. Ҳикматлар” китобидан 280 та бобурона ҳикматларни мириқиб ўқиганимизда, моҳир таржимон Мирзаали Акбаров меҳнатлари билан бирга, тўпловчи, табдилчи ва таржимон Ваҳоб Раҳмонов заҳматларини ҳам инобатга олсак, адолатдан бўлади. Зеро, маърифат фидойиларининг бундай бебаҳо хизматлари учун тасанно дейишга бурчлимиз.

Ушбу китоб нашри билан боғлиқ бўлган яна бир хайрли иш шундан иборатки, Бобур “Ҳикматлар”ининг немис тилига таржима қилиш жараёнини нисбатан осонлаштириш ва немис тилидаги таржималарнинг шу тилда гаплашувчи китобхонлар қўлига тезроқ етиб боришини тезлаштириш мақсадида Ваҳоб Раҳмонов шахсан таржимон Мирзаали Акбаровни моддий қўллаб-қувватлаб, ўз ҳисобидан икки миллион сўм ҳадя қилибдилар. Демоқчимизки, бобуршунос олим Ваҳоб Раҳмоновнинг илм-маърифат йўлидаги бундай саховатпешалик фазилати ҳар жиҳатдан ибратлидир.

Мазкур мақола ёзилиб бўлганда Бобур номли Халқ­аро жамоат фондидан яна бир хушхабар келди: Бу китоб Фарғонадаги “Alpha Brand” нашриётида фонд ҳомийлигида қайта босилибди ва Ваҳоб Раҳмоновнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳақиқати ҳам тикланибди: мазкур китобга “таржимон М.Акбаров; тўпловчи ва табдилчи В.Раҳмонов” дея кўрсатилган.

Янги нашр қутлуғ бўлсин!

Имомқул НУРИНОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + twelve =