Коррупцияга қарши кураш — тизим барқарорлиги гарови

Халқ банки Қашқадарё вилоят минтақавий марказида вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда соҳадаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш ва ходимлар масъулиятини оширишга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди. Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган давра суҳбатида соҳадаги ислоҳотлар самарадорлиги баробарида, тизимда учраётган камчиликлар ва айрим “оғриқли нуқталар”га алоҳида эътибор қаратилди.

Коррупция иллатининг салбий оқибатлари ҳақида тўхталар экан, Халқ банки Қашқадарё вилоят минтақавий маркази раҳбари К.Нурхонов ходимлар масъулиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Банк тизимида биринчи навбатда ҳалоллик ва қонунийлик фаолиятнинг бош мезони бўлиши шарт.

Шунингдек, мулоқот давомида мамлакатимизда 2017 йилдан буён изчил амалга оширилаётган коррупцияга қарши ислоҳотлар, хусусан, Президент ташаббуси билан қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда банк тизимида “ISO 37001” халқаро стандарти асосида комплаенс-назорат фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу коррупциявий хавфларни минималлаштиришда ҳамда олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, манфаатлар тўқнашувини тартибга солувчи механизмлар ҳам амалиётга жорий этилган.

Банк тизимида коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда масофавий ва тезкор қайта алоқа каналлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, “1106” қисқа рақами ва рақамли платформалар орқали келиб тушаётган хабарлар тезкорлик билан ўрганилиб, ижроси қатъий назоратга олинмоқда. Бу эса соҳада жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади.

Вилоят прокуратураси вакили Б.Пўлатов банк-молия соҳасида қонунийликни мустаҳкамлашнинг долзарб жиҳатларига эътибор қаратди. У банк хизматлари кўлами кенгаяётганини эътироф этар экан, соҳадаги айрим тизимли камчиликларни ҳам танқидий таҳлил қилди.

— Шуни унутмаслик керакки, талон-торож қилинган ҳар бир сўм — халқнинг мулки. Бундай ҳолатларга нисбатан барчамиз бирдек муросасиз бўлишимиз шарт, — деди прокуратура вакили.

Мулоқот давомида Яккабоғ банк хизматлари марказида кузатилган мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолати кескин танқид остига олинди. Қайд этилганидек, ортиқча қоғозбозлик ва мижозларни сарсон қилиш каби сунъий тўсиқлар коррупция учун қулай шароит яратади. Бу каби ҳолатларга чек қўйиш мақсадида хизмат кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш ва тизимни рақамлаштиришни жадаллаштириш энг долзарб вазифа сифатида белгиланди.

Давра суҳбати якунида коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, фаолият очиқлигини таъминлаш ҳамда ҳалол меҳнат қилаётган мутахассисларни рағбатлантириш тизимини кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Халқ банки Ахборот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 1 =