Ўзбекистон ва Тожикистон икки давлат тараққиётининг устувор йўналишларини мувофиқлаштирмоқда

image description

Хорижий экспертлар Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунларини икки мамлакат

стратегик шериклигини институционаллаштириш ва минтақада кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш

йўлидаги муҳим қадам, деб баҳоламоқда.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг шу йил 26–27 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Ташриф доирасида давлат раҳбарларининг музокаралари, Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, саноат кооперацияси бўйича 10 та қўшма лойиҳанинг бошланиши, савдо, саноат, энергетика, транспорт, фан ва маданиятни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Саммитда иқтисодий кооперацияга алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар товар айирбошлашни икки миллиард долларга етказиш, транспорт ва чегараолди инфратузилмасини кенгайтириш, саноат ишлаб чиқаришини рағбатлантириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш чора-тадбирларини муҳокама қилди. “Яшил” энергетика, сув объектларини рақамлаштириш ва ҳудудлар ўртасидаги транспорт-логистика боғлиқлигини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслар ҳамкорликнинг муҳим жиҳати бўлди.

Бухоро вилоятидаги “Merganteks” пахта-тўқимачилик кластери таркибидаги “Nigora” фабрикасида Ўзбекистон енгил саноати имкониятлари билан танишиш ташрифнинг муҳим воқеаси бўлди. Президентлар икки мамлакат етакчи корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш муҳимлигини қайд этди.

Ташрифнинг маданий-гуманитар дастури Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг маънавий яқинлигини тасдиқлади. Давлат раҳбарлари Бухоронинг тарихий обидалари – Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси, Сомонийлар мақбараси, Арк қалъаси, Пойи Калон ва Лаби Ҳовуз ансамблларини зиёрат қилди, икки мамлакат санъат усталарининг концертида иштирок этди. Бу, экспертларнинг фикрича, дўстлик ва маданий мерос муштараклигининг рамзидир.

Сюй Тао,

Хитой Давлат кенгаши ҳузуридаги Евроосиё ижтимоий ривожланиш институти директори ўринбосари:

— Хитой эксперт-таҳлил доираларида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифига Марказий Осиёдаги давлатларнинг ички мувофиқлашувини мустаҳкамлаш йўлининг изчил ривожланиши сифатида қаралмоқда.

Бу ерда гап икки томонлама воқеа ҳақида эмас, балки Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ва институционал ўзаро ҳамкорлик форматларига ўтиши билан боғлиқ кенгроқ минтақавий динамиканинг намоён бўлиши ҳақида бормоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари сўнгги йилларда ривожланиш ва хавфсизлик масалалари бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишга интилишларини намойиш этмоқда, бу эса минтақа ичида ҳам, ташқи ҳамкорлар билан ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш учун асос яратмоқда.

Шунга кўра, Ўзбекистон – Тожикистон алоқаларининг фаоллашуви Хитой томонидан тўпланган ишонч ва прагматизм даражасининг ифодаси сифатида қабул қилинади.

Александр Воробьёв, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий ходими, Жамоатчилик дипломатияси ва жаҳон сиёсатини таҳлил қилиш маркази директори, Россия халқаро ишлар кенгаши эксперти:

— Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар натижаларини икки мамлакат муносабатларида ўта муҳим деб баҳолаш мумкин, чунки ташриф давлат ташрифи мақомига эга эди. Бир томондан, Президент Эмомали Раҳмоннинг ташрифи Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги вақтда эришилган чуқур характерини таъкидлади. Томонлар, асосан, Тошкент ва шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фаол позицияси туфайли кўп нарсага эришди.

Бошқа томондан, ушбу ташриф икки томонлама алоқаларни, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштиришга янги ва жиддий туртки берди, гарчи томонлар сиёсий мулоқот ва хавфсизлик соҳасидаги мулоқотни унутмаган бўлсалар-да.

Биринчидан, икки томонлама муносабатларнинг янада институционаллашуви юз берди – икки мамлакат Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги катта қадамдир.

Иккинчидан, озиқ-овқат, қурилиш, тўқимачилик ва чарм саноатида ўнга яқин янги иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга киришилди. “Ойбек – Фотиҳобод” чегараолди савдо марказини ташкил этишни жадаллаштириш, товарларни сертификатлаш ва рухсатномалар алмашишнинг рақамли тизимларини жорий этиш, чегара ўтиш жойларини модернизация қилиш тўғрисидаги келишувлар савдо, саноат кооперацияси, икки мамлакат ишбилармонлари ва фуқароларининг ўзаро ҳамкорлигини осонлаштириши керак.

26-27 март кунлари эришилган қарорларнинг самараси, албатта, дарҳол бўлмайди. Лойиҳалар узоқ муддатли характерга эга. Бироқ истиқболда бу ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди, ҳам уларнинг иқтисодиёти ўсишига, янги иш ўринлари яратилишига туртки беради ва умуман олганда, Марказий Осиёда минтақавий барқарорликни мустаҳкамлайди.

 

Саид Холид Амир Жафри,

Жанубий Осиё таҳлили ва халқаро тадқиқотлар маркази директори (Покистон):

— Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Ўзбекистонга давлат ташрифи Марказий Осиёдаги сиёсий-иқтисодий яқинлашув жараёнларининг мантиқий давоми сифатида баҳоланиши мумкин.

Ушбу ташриф нафақат Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, балки бутун Марказий Осиё минтақасидаги интеграция жараёнларини янги, сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида гидроэнергетика ва сув ресурсларини бошқариш масалалари бўйича мулоқотни изчил чуқурлаштириш алоҳида аҳамиятга эга. Шуниси эътиборга лойиқки, бир неча йил олдин маълум зиддиятларни келтириб чиқарган мавзулар бугунги кунда конструктив ва ўзаро манфаатли тарзда ҳал қилинмоқда. Бу минтақада ўзаро ишонч даражаси сезиларли ўсаётганидан далолат беради ва Марказий Осиёнинг барқарор тараққиётини таъминлаш учун зарур бўлган ҳамкорликнинг самарали институционал механизмларини шакллантиришга хизмат қилади.

Покистон учун ушбу ташрифнинг аҳамияти кенгроқ геоиқтисодий контекстда қабул қилди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг кучайиши Покистон учун шимолий йўналишда янги транзит ва савдо имкониятларини очади. Хусусан, Марказий ва Жанубий Осиёни темир йўл ва автомобиль коммуникациялари, жумладан, Афғонистон орқали ўтадиган транспорт йўлаклари орқали боғлаш ташаббуслари бутун минтақа учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Тошкент ва Душанбе ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бутун Евроосиё маконида логистика занжирларини диверсификация қилиш ва барқарор етказиб бериш йўналишларини шакллантиришга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва яхши қўшничилик муҳитини шакллантиришдаги ўрни алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон етакчисининг ташаббуслари билан сўнгги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий мулоқотнинг мунтазам ва институционаллашган механизмлари йўлга қўйилди, чегара ва сув масалалари бўйича ўзаро мақбул ечимлар топилди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди.

Гўзаль Майтдинова,

Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор:

— Ушбу ташриф фақат икки давлат муносабатлари доирасида эмас, балки бутун Марказий Осиёдаги халқаро муносабатларга ҳам таъсир кўрсатади. Бундай ҳамкорлик алоқалари минтақада давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Асосий натижалардан бири “Минтақа ичида етакчилик” модели мустаҳкамланаётганидир. Яъни Марказий Осиё давлатлари ташқи кучларга боғлиқ бўлмасдан, ўзлари мустақил равишда ҳамкорлик тизимини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар оддий ва қисқа муддатли ҳамкорликдан чиқиб, узоқ муддатли ва тизимли шерикликка айланди.

Ташрифнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – янги ҳамкорлик механизмининг ишга туширилиши бўлди. Яъни Тошкент шаҳрида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу тузилма икки давлатга муҳим қарорларни биргаликда қабул қилиш, ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва умумий стратегия асосида иш юритиш имконини беради.

“Дунё” АА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + seven =