Булоқ сувидай тиниқ ижод
Қўлимда бундан қирқ икки йил аввал бошланган альбом. Ундаги турли матбуот нашрларидан кесиб олиб, ёпиштирилган шеърларнинг эълон қилинган санасига кўз ташлайман. Ўқишга киришаман.
Мана, шоирнинг Нарпай тумани “Пахтакор овози” газетасида чоп этилган илк шеъри “Интилиш”дан бир парча:
Қувноқ чеҳралар-у, меҳнаткаш халқим
Олға интилмоқда, мен ҳам шошаман.
Манзилим кўп йироқ, яна ким билар,
Етиш учун қанча довон ошаман.
Албатта, ҳар бир кўнгил балоғат остонасида турганда шеърга шайдо бўлиши, қалбида соҳир туйғулар бош кўтариб, тонгга қадар осмонга, юлдузларга термилиб ётиши жуда табиий.
Юқоридаги шеърий намуна ўша пайтда эндигина ўн саккизга кирган навқирон йигитнинг илк машқи, қораламаси эди, холос. Аммо ушбу соддагина битиклардаёқ муаллиф ижод йўлининг узоқлиги-ю ёруғ манзилга етиш учун қанчадан-қанча довон ошиши кераклиги ҳақида сўз юритмоқда. Мухтасар айтганда, бу йўлнинг машаққатини табиий ҳис этмоқда.
Ўша қоралама муаллифи Ўктам Мирзаёр эндиликда ҳаётда ва ижодда анча довонларни ошиб, катта тажрибага эга ижодкорга айланди. Тинимсиз изланишлар, меҳнатлар эвазига айни кунда аввало журналистик фаолиятда ўз ўрни ва мавқеига эга бўлди. Асосийси, у бадиий ижодни ҳам бир зум бўлса-да, унутмай, шеъриятда ва насрда ҳам тарози палласини баравар тутиб келаётир.
Шоир ижодини бир қур назардан ўтказсак, у кун сайин, йил сайин тадрижий равишда ўсиб, улғайиб борганига гувоҳ бўламиз. Менимча, ижодкорнинг бахти ҳам шунда. Муаллифнинг дастлабки “Огоҳ кўнгил” китобиёқ шеъриятимизга яна бир ўзига хос истеъдод кириб келаётганидан дарак берганди. Беғубор болалик, ўсмирлик ва ёшликнинг энг жўшқин дамлари акс этган шеърлар шеърхонни ёшликнинг тоза ва мусаффо кўчаларига олиб кетарди.
“Яхши кунлар қувончи” тўплами шоир қирқ ёшлардан ошганда мухлислар қўлига етиб борди. Китоб унчалик қалин бўлмаса-да, ижодкор шаклланишида муҳим салмоққа эга, назаримда.
Тўқсон икки томиримда
Жон тепади бу танда.
Дунёнинг қай бурчагида
Ўзбекистон деганда.
Ёки:
Имони бут, болажон халқ,
Ўғиллиман, қизлиман.
Қаттиқ ердан қақраб чиққан
Бойчечакман—ўзбекман.
“Ўзбекистон деганда” номли манзумадан олинган бу сатрлар шоир шиддати-шахти, Ватанга бўлган улкан меҳрини яққол ифодалаб турибди. “Башоратгўй дарвеш ҳақида эртак”, “1919 йил. Зирабулоқ”, “Алданган қуш қиссаси”, “Кўнглим тоғдай юксалди” номли шеърларда узоқ ва яқин ўтмиш манзаралари тасвири воситасида истибдоднинг халқимиз бошига солган фожиаси ва истиқлолнинг нақадар улуғ неъмат экани моҳирона таъкидланади.
Ўктам Мирзаёр шеърларида шиддат билан биргаликда теша тегмаган ташбеҳлар, метафоралар, айниқса, табиатнинг бетакрор лавҳалари кўп учрайди. Халқона оҳанглар жарангида биз шоир Самарқанд бахшичилик мактаби сарчашмаларидан баҳраманд бўлибгина қолмай, балки шу мактаб вакилларига қондош эканини ҳам ҳис этамиз:
Чиноримсан, деди онам,
Сен норимсан, деди онам.
Йиллар ўтиб йўлга кирдим,
Сен — оримсан, деди онам.
Ёки:
Бу тонг қувонч бўлиб порлади қуёш,
Қушларни бағрига чорлади қуёш,
Қувончдан бинафша кўзларида ёш,
Наврўзи оламни ёрлади қуёш.
Ҳаёт инсонга ҳамиша ва ҳамма вақт гул тутавермайди. Қувонч ва қайғу мудом эгизак. Зотан, умр йўлларимизнинг ўзи ёруғлик ва қоронғилик, шодлигу аламлардан иборат. Қалб изтиробларидан дунёга келган сатрларни ўқиб, юрагингиз ачишади:
Соғинч кўз ёшмидинг
ёки ёмғирми?
Ўлмак осон, яшаш
шунча оғирми?
Кўксимда куйган у
нима? Бағирми?
Аллоҳ, берган кунинг
Энди сабрми?
Сабрми? Сабрми? Сабрми?
Кейинги йилларда Ўктам Мирзаёр насрда ҳам қаламини синаб кўра бошлади. 2012 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Тупроқ ҳиди” номли китобига жамланган қисса ва ҳикояларини ўқиб, ижодкорнинг бу йўналишда ҳам ишонч билан қалам тебратаётганини кўрамиз.
Китобга киритилган “Вой, отам”, “Адашган қисмат” номли қиссалардаги турфа образлар, характерлар ва уларда моддиятнинг ҳамма нарсадан юқори қўйилаётганидан ташвишланиш китобхонни мулоҳаза юритишга ундайди. Масалан, “Вой, отам”даги Сафарбой ота, Маҳлиё, Шерали фермерларга меҳрингиз тушиб қолса, Сафарбой отанинг ўғли Носирнинг худбинлиги ва саёз фикрлашидан жаҳлингиз чиқади. Ночор она-болага ёрдам беришга чоғланган Сафарбой отанинг холис ниятини нотўғри тушунган ўғилнинг калтафаҳмлиги туфайли асаблари дош беролмаган Сафарбой ота оламдан ўтади. Адибнинг “Тупроқ ҳиди”, “Соврин”, “Бобойлар” каби ҳикояларида кўтарилган муаммолар ҳам, асосан, инсонни инсондай яшашга, меҳр-оқибат ва имон-диёнатга даъват этиши билан характерлидир.
Ўктам акани қирқ йиллар нари-берисидан буён биламан. Талабалик йилларида ёш ижодкорларнинг “Шуъла” тўгарагида бўлиб ўтган мушоиралар худди кечагидай эсимда. Тўгарак доим гавжум, аъзолари ҳам кўп эди. Тўғри, унинг барча аъзолари ҳам адабиётда ўз ўрнини топа олмади, албатта. Лекин бугунги кунда ўтиб кетган истеъдодли шоирлар Чори Аваз, Равшан Файз, шунингдек, эндиликда эл таниган шоирлар Зулфия Мўминова, Хол Муҳаммад Ҳасан, Чоршаъмлар ҳам шу тўгарак аъзолари эди. Бизлар ҳафтасига йиғилиб шеърлар ўқир, бир-биримизни аёвсиз ва қизғин, шу билан бирга беғараз танқид, муҳокама қилардик. Адабий давралардаги илиқ муносабатларимиз туфайлими ёки туз-насиба қўшилган эканми, 90-йилларда Ўктам ака билан “Гулистон” журналида ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, сўнгра “Hurriyat” газетасида бақамти ишлашдик.
Одамнинг аслини билмоқчи бўлсанг ё бирга яшаб кўр ёки у билан узоқ сафарга чиқ, дейишган машойихлар. Жуда тўғри гап. Лекин битта жамоада бирга ишлашиб ҳам инсоннинг кимлигини билиб олса бўлар экан. Бир жамоада ишлаган йилларимиз мобайнида Ўктам аканинг ниҳоятда камтар, инсонсевар, самимий ва дўстларга ниҳоятда меҳр-оқибатли одам эканига кўп бора гувоҳ бўлдим. Мустақилликнинг илк йилларидаги мураккабликлар, эврилишлар эсимизда. Айни шу мураккаб ва долғали паллаларда Ўктам ака матбуотимизнинг энг қайнаган жойи — Миллий ахборот агентлигида ўн йил мобайнида ғайрат-шижоат ва ҳалоллик билан фаолият кўрсатди. Бу йилларда Ўктам ака муҳим сиёсий-ижтимоий, иқтисодий-маънавий мавзуларда долзарб ва қизиқарли мақолалар ҳам ёзди. Агентлик мухбирлари ёзган материалларнинг таҳрири ва таҳлили билан ҳам шуғулланди. Мухтасар айтганда, мустақилликнинг содиқ бир аскаридай астойдил ва матонат билан Ватанга хизмат қилди. Муҳими, у бир зум ҳам фаолиятдан, ҳаракатдан тўхтагани йўқ.
Тақдир тақозоси билан Ўктам ака ўн йилга яқин “Ўзбеккино” миллий агентлигида ҳам масъул вазифада хизмат қилди, сўнгра республикамизнинг нуфузли нашрларидан бири “Hurriyat” мустақил газетаси ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” нашрларида бош муҳаррир лавозимида хизмат қилди.
Ўктам Мирзаёр бугун ижодий фаолиятнинг айни гуллаб-яшнаган палласида, қутлуғ етмиш ёшни қоралаб турибди. “Гулистон” журнали бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. Энг муҳими, зиммасидаги ишларидан вақт орттириб, шеърият ва наср чашмаларидан бизларни баравар баҳраманд қиляпти. Умид қиламизки, йилдан-йилга бу чашманинг суви янада тиниқлашиб, янада тотли бўлиб бораверади ва биз мухлисларнинг ташналигимизни қондираверади.
Абдумажид АЗИМ.
