Буюк тарих бунёдкори

9 апрель — Амир Темур таваллуд топган кун

Буюк туркий империяларнинг башарият ривожига кўрсатган улкан таъсири чексиз ва беқиёсдир. Туркий қавмлар умргузаронлик қилган ҳудудларда ўнлаб йирик империяларнинг вужудга келиши бу халқларнинг юксак давлатчилик маданиятидан далолат беради. У бир қанча халқлар ва маданиятларни бирлаштирган, улуғ мерос ва анъана идеалларига суянган, ижтимоий-маданий ғояларни яратган сиёсий уюшма сифатида вужудга келади. Бинобарин, туркийлар Евроосиё халқлари маданияти ва қадриятларини уйғунлаштирган минтақавий этник бирликни юзага келтиради. Турон ана шу идеалларнинг тортишув майдонини ҳосил қилган етакчи марказ сифатида майдонга чиқади. У қадимий Турон давлатчилик маданиятини, унинг фалсафий таълимотларини ўзида мужассам этган қудратли империянинг тубдан янги намунасини вужудга келтиради.

Халқимизнинг атоқли ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг: “Биз олиму адиблар бу улкан тарихий воқеаларни ҳар томонлама тадқиқ этиш ва уларнинг ҳаққоний талқинларини яратиш йўлида ҳали кўп иш қилишимиз керак”, деган фикри буюк даҳонинг меросини ўрганиш, айниқса, ундан беҳисоб сабоқлар олиш билан юксалиш йўлларини излашда олдимизда ҳали-ҳамон ўз ечимини кутиб ётган катта юмушлар борлигидан далолат беради. Амир Темур бобомиз давридан узоқлашган сайин у қолдирган мероснинг буюклигига тобора иқрор бўлиб бормоқдамиз.

Тарихда Амир Темур империясининг ташкил топиши, унинг ривожланиш асослари, юксалиш ва таназзул сабаблари, аслида, туркий халқларнинг кўп асрлик турмуш тарзининг тақдир-қисмати билан уйғун келади. Бу халқ ўз даврида кўплаб империяларнинг асосчиси сифатида башариятнинг янги тартиботларини вужудга келтиришга эришади.

Амир Темур яратган империя намунаси қадимий қадриятларга амал қилган, ўз даври таълимотларидан ўтиб келган юксак маданий феномен сифатида намоён бўлди. Соҳибқирон ўз даврининг юксак ва бетакрор тафаккур соҳиби сифатида башариятнинг маданий қиёфасини ўзгартиришга эришди. Улкан минтақа доирасида вужудга келган сиёсий ва маданий воқелик моҳиятини англаш ва объектив хулосалар чиқариш бугун ҳам осон ва тўкис кечаётгани йўқ.

Албатта, тарихда мавҳум ҳодисалар ва тушунчалар бўлмайди. Масала унга қай манфаатлар нуқтаи назари билан қарашга боғлиқ. Тарих мантиқан ҳам, табиатан ҳам кон­кретлик воситасида идрок этилади ва у аниқ воқелик орқали ўз мазмунини, фалсафасини, бошқача қилиб айтганда, ҳукмини кўрсатади. Ана шу жиҳатдан ҳам нимаики мавҳум бўлса ёки шу нуқтаи назардан воқеа-ҳодисаларга ёндашсак, у тарих ҳақиқатига зиддир. Демак, биз конкрет воқеалар, ҳодисалар орқали уларнинг келиб чиқиш шароити, сабаблари ва моҳияти хусусида фикр юритишимиз мумкин. Ана шундай ёндашув орқалигина конкрет воқелик замирида ётган тафаккур, фалсафа, манфаат ва муносабатни тўғри англаб оламиз. Бинобарин, Амир Темур феноменини тўла-тўкис тушуниш ва англаб етиш учун фақат аниқ тарихий далилларни санаб ўтиш кифоя қилмайди. “Тарихий факт”лар деб аталувчи нарсалар, аслида, оддий, айни пайтда фақат мавжуд воқеликнинг ташқи кўринишини ифода қилади, холос. Тарихий воқеликлар даврнинг мавжуд ҳолати ва жаҳон сиёсатининг ривожланиш тенденциялари билан боғлиқ бўлган муайян халқ менталитети ёки ижтимоий тузилмаларнинг ўзаро таъсири инъикосидан ҳосил бўлади. Лекин тарихий ҳодисаларни у ёки бу даражада ҳаракатга келтирувчи куч инсон — шахсиятни ўз даври фонида, интилган манфаатлари доирасида таҳлил қилишга ундайди. Ана шунда унинг ўз даври ва башарият даъватига дахлдорлиги намоён бўлади. Аниқроқ қилиб айтганда, Евроосиё ҳудудини яхлит бир макон сифатида кўрган Амир Темур меросини турли мафкуравий ёндашувлардан ёхуд илоҳийлаштиришдан холи бўлган илмий жиҳатдан ўрганиш самарали натижаларни беради.

Ибн Халдун таълимотига кўра, илмий ҳақиқатга амал қилмаслик оқибатида тарафкашлик ва муайян нарсага майл кўрсатиш басират кўзига парда тутиб, танқидий баҳолаш имкониятини заифлаштиради ва изланишга халақит беради. Натижада ёлғон маълумотлар қабул қилинади ва тарқатилади. Афсуски, турли измлар ва даврларда бобомиз мероси ана шундай қалтис синовлардан ўтиб келди ва биз бунинг гувоҳи бўлдик. Боз устига, воқеаларнинг асл мақсадларини билмаслик, кўпинча хабар етказувчилар кўрган ёки эшитган нарсаларнинг асл моҳиятини тушунмаслик, ўзларига хос тахминлар асосида уларни етказиш натижасида ёлғон маълумотлар пайдо бўлади.

Маълумотларнинг ҳақиқат эканига асоссиз ишониш хабар етказувчига нисбатан ишонч сабабли юзага чиқади. Хабарга қандайдир чалкашлик ёки сунъийлик аралашган бўлса ҳам, хабар етказувчи воқеаларни қандай кўрган бўлса, шундайлигича етказаверади. Бу хабарнинг ўзи сунъийлик аралашгани сабабидан, табиийки, асл ҳақиқатни акс эттирмайди. Аксарият муаррихлар ўз даврида мартабали ва ҳурматли шахсларга яқинлашишга интилиб, уларни мақташлари ва уларга оид воқеаларни бўрттиришлари натижасида илмий ҳақиқатга зиён етказишган.

Инчунин, Соҳибқирон шахсига ва уни шакллантирган халқнинг миллий, диний қадриятларига, одамларнинг орзу-умидларига, ижтимоий вазият, шароит ва ҳукмдорни сиёсий саҳнага олиб келган омилларга, жасорат ва бунёдкорлик билан йўғрилган маънавий руҳиятига, миллий давлатчилик ривожининг юксалиш ва таназзул сабабларини очувчи туркий халқлар фалсафий оламига кира олганимизча йўқ. Бу туфайли узоқ ва яқин ўтмиш тарихимизда салбий таъсир кўрсатган ташқи ва ички омиллар бўлса, бошқа тарафдан, миллий тарихни ўрганишнинг фалсафаси ва унинг услубий тамойиллари ҳамон эскича сақланиб қолганлигида. Ҳолбуки, бугун миллий юксалишнинг бирдан-бир омили сифатида давлатчилик тарихимиз билан боғлиқ бўлган меросимизни, унинг аччиқ ва фожиали қисматини ҳамду санолардан холи бир бутун яхлитликда ўрганиш ҳамда ундан сабоқ чиқариш эҳтиёжи кун тартибида турибди.

Халқнинг умумий маънавий даражасига, ақл-идроки ва тафаккур кўламига қараб миллий тараққиётнинг ёхуд таназзулнинг мазмун-моҳияти очилади. Тарих эса ана шу ўта мураккаб, зиддиятли, айни пайтда ниҳоятда қудратли фаолият орқали хотирага ва келажак пойдеворига айланади. Миллат тарихи кўпдан-кўп ижтимоий-сиёсий ва маданий омилларни ҳисобга олган ҳолда тадқиқ этилсагина холис натижаларни олиш мумкин бўлади.

Амир Темурнинг бир юз эллик йиллик турк-мўғул ҳукмронлиги кўчманчи ва ўтроқ маданиятлар ўртасидаги тафовутни йўқ қилди, дашт ва унинг атрофидаги ўтроқ ҳудуд ўртасидаги фарқ қисқарди. Шундай бўлса-да, иккала томон ҳам ўзига хослигини сақлаб қолиши асносида зиддиятлар ва курашлар бўлди, аммо умумий анъаналар ва тажрибаларни баҳам кўриш ва бир-бирларининг фаолиятини бойитиш, яъни икки маданиятнинг уйғунлашувида тубдан янги ижтимоий муносабатлар шаклланганига гувоҳ бўламиз. Америкалик олим Б.Манц фикрига кўра, унинг пайтида кўчманчилар ва ўтроқ одамлар бир-бирига ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ ва тенгроқ эдилар ва ҳар бири ўз шахсиятини ва маконини сақлаб қолишга, шу билан бирга, бошқасининг анъаналарини қисман тан олишга қараб келадилар. Айнан шу дунёни Амир Темур забт этади ва янги босқичга олиб чиқади.

Амир Темур қадимий туркий маданий меросни ҳукмдор шахс ахлоқи орқали жамият манфаатларини таъминловчи ва бирлаштирувчи омил сифатида кўрди ва давлатнинг уйғун тартиботларини вужудга келтирди. Давлат ва халқ бирлигига асосланган мафкура бунёдкорига айланди. Унинг Турон давлати ғояси “Темур тузуклари”да етакчи мафкура даражасига кўтарилади. Унинг асосий тамойиллари қуйидагича ифодаланади: “Адолат ва инсоф билан Тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм-шафқат билан, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамларнинг кўнглидан жой олдим. Сиёсат ва инсоф билан сипоҳларимни, раиятни умид ва қўрқинч орасида тутиб турдим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, аскарларимга инъомлар улашдим. Золимдан мазлумнинг ҳаққини олдим. Золим етказган моддий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин уни шариатга мувофиқ иккиси ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм етказмадим”. Мазкур қарашлар қадриятлар сифатида давлат ҳокимияти фалсафасига, адолатли давлат бошқаруви концепциясига айланади.

Соҳибқирон тузган давлатнинг империя шакли ҳокимият, ҳарбий хизмат, суд-ҳуқуқ, солиқ, молия, бож ва бошқа барча бошқарув тизимлари тартиб-тамойиллари асосида ягона шахс иродасига бўйсундирилади. Бошқарув соҳаларининг ўзаро боғлиқ жиҳатлари “Темур тузуклари”да ягона сиёсий таълимот сифатида шаклланади. У марказий ва маҳаллий бошқарув идораларининг ўзаро алоқадорлигини, мувозанатини, назорат механизмларини таъминлашга қаратилган бир бутун яхлит тизимни вужудга келтиришга эришади. Империяда мансаб ва унвонларнинг тақсимоти, рағбат ва жазолаш тартибларини ташкил этиш механизмлари, қатъий тартиб-интизом давлат тузилмасининг изчил ва самарали омиллари шу тизимга мос равишда ташкил этилади.

Соҳибқироннинг шахсий ахлоқий фазилатлари, ўз ҳокимиятини халқ ҳокимиятига айлантириш иродаси унинг юксак маънавий оламини ифода этади. Зотан, давлат, жамият, шахс манфаатлари уйғунлиги фақат миллий-маънавий қадриятларнинг сиёсий устуворлигида таъминланади. Зеро, фақат сиёсат ва унинг ҳуқуқий амаллари қадриятларнинг ижтимоий аҳамиятини устувор қилишга қодир кучдир. Бундай уйғунлик йўқ экан, кучли давлат ҳокимиятини ифода этувчи мафкура ҳам, халқ манфаатлари яхлитлигини таъминловчи ғоялар ҳам вужудга келмайди. Ахлоқ бор жойда қонунга итоаткорлик ҳам, ҳурмат ҳам, пировардида эса ҳуқуқий маданиятни шакллантириш учун шароитлар ҳам юзага келади. Чунки ҳуқуқ ва ахлоқ ўзаро узвий боғлиқ ҳодисалардир. Тарихан эса ахлоқ ҳуқуқнинг ибтидосидир. Бошқача айтганда, ахлоқ ва ҳуқуқ инсон вужуди ва руҳиятининг уйғунлиги демакдир. Қудратли давлат ва шавкатли ҳукмдор тимсоли ахлоқий қадриятларнинг устуворлиги билан юзага келади.

Инсониятнинг эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги ахлоқий танлови шу сиёсатни ташкил этувчи ҳукмдорнинг ахлоқига боғлиқ келади. Ўз даврида Ҳусайн Воиз Кошифий “Халқнинг феъли подшоҳнинг феъл-атвори ва одатига тобедир” (“Ан-насу ала дини мулукиҳим”), яъни “Одамлар ўз подшоҳининг динида” бўлади. Демак, подшоҳ ҳар вақт тоат ва ибодатга мойил бўлса, халқ ҳам ўша ишга мойил бўлади, халқ ибодатининг баракоти подшоҳнинг давлатига давлат қўшади. Мамлакатларни забт этувчи подшоҳлар ва жаҳонга оро берувчи шаҳаншоҳлар адабга риоя қилсалар, халқ ҳам уларнинг изидан юриб, одоб йўлидан чиқмайди, дейди. Айнан шу каби қиёсий таҳлил кўзгусида Амир Темурнинг юксак маънавий олами намоён бўлади ва янги авлод ўрганиши лозим бўлган сабоқлар ҳам шу меросда мужассамдир.

Соҳибқирон Амир Темур фаолиятини ўрганган олимлар адолатли давлат сиёсатининг моҳиятини, унинг юксалиш ва таназзули билан боғлиқ воқеликларни тарихий, ҳуқуқий ва бадиий манбалар асосида изоҳлаб беришган. Бугун шубҳа қилмай айтишимиз мумкинки, бу борада салмоқли манба ва адабиётларга эгамиз. Бунда тарихчи ва адибларимизнинг хизматлари катта. Буюк бобокалонга юксак ҳурматни ўз вақтида И.Мўминов қаторида йирик олимлар А.Соғуний, У.Уватов, Б.Аҳмедов, А.Аҳмедов, А.Ўринбоев, П.Қодиров, Муҳаммад Али каби устозлар ҳам намоён қилишган. Аслида, Амир Темур буткул қораланган совет мафкураси ҳукмрон жамиятда бу улуғ зот тўғрисида ўзбек тилида биринчи чуқур илмий тадқиқот олиб борилган, бирламчи манбалар ўзбек тилига таржима этилган. Тажриба қилиниб, тақдим этилган бирламчи манбалар бугун барча олиму адиблар, тарихчи, сиёсатчи, файласуфлар учун улуғ Шахс тарихини ва даврини ёритишга хизмат қилиб келмоқда.

Айниқса, мустақиллик йилларида Амир Темур фаолияти ва миллий давлатчилигимиз ривожи билан боғлиқ кўплаб асарлар яратилди, қудратли давлатнинг тарихи, унга асос солган улуғ бир сиймо ҳаётининг мураккаб ва шарафли зиддиятлари очиб берилди. Амир Темурнинг ғолибона юришлари ва саркардалик маҳорати тўғрисида объектив хулосалар чиқариш имкони яратилди. Аммо таъкидлаш лозимки, бу мавзуда эълон қилинаётган айрим адабиётларда кўпроқ хронологик баёнчилик, мавжуд маълумотларни такрорлаш, тарихий манбаларни бирёқлама талқин этиш, саёз ва беўхшов олқишлар, баъзида ривоятларни “ҳақиқат”га айлантиришга уринишлар ҳам учрайди. Бундан ташқари, айрим ғарб ва рус олимлари асарларида ҳамон сақланиб келаётган маломатлар ва камситишлар ҳам давом этиб келмоқда. Шунга қарамай, Л.Лангленинг “Баъзи майда муаллифларнинг қора, ёлғон дафтарлари биз учун аҳамиятсиз, унинг номи миллати номига ўчмас ҳарфлар билан битилган. У ўз авлодига салтанат билан бирга уни бошқариш санъатини ҳам қолдирди”, деган фикрлари тарихий ҳақиқатни ёпиб бўлмаслигини тасдиқлайди. Унинг фикри Амир Темурнинг жаҳон сиёсий тарихида ўчмас из қолдиргани, у майда маломат-бўҳтонлардан анча устун тарихий шахс эканлигини тасдиқлаб турибди.

Амир Темур бобомиз меросини ўрганишнинг дастлабки босқичлари тарихий ҳақиқатни англаш даври бўлди. Инчунин, улуғ империянинг вужудга келиш омиллари ва ундан сўнгги давлатчиликнинг таназзул даври босқичлари, муросасиз кечган ўзаро сиёсий ихтилофлар, мустамлакачилик домига тортилган, сўнгра қулликка кўниккан миллий руҳиятни ўрганишдан иборат бўлди. Чунончи, 150 йил мўғул истилоси тарихий босқичлари қиёсан таққосланганда 130 йил (Русия босқинчилиги) мустамлакачилик асоратида қолган халқнинг қисматида фожиали сабаб ва оқибатларнинг ўхшаш ва такрор келган кўринишларига гувоҳ бўламиз. Бунда тарихий жараёнларда ўтмиш асоратлари янги замонга кўчиб ўтиши ва яшовчанлигининг давом этиши муайян қонуниятларга эга эканлигини ҳисобга олсак, яхлит ва бир бутунликда ўрганиш услубиятини татбиқ этиш муҳим эканлиги ойдинлашади. Бу қонуниятлар ижтимоий жараёнларнинг икки хил табиатини очиб беради. Тарих ўтмишнинг барча барҳаёт қадриятларини, хоҳ у салбий ёхуд ижобий бўлсин, сақлаб, ҳозирги ва келажак замонга кўчириб ўтказади. Фақат ўтмиш билан ворисийликни сақлаш, тарихий ҳақиқат ҳақида гапириш орқали ривожланиш ва янгиликни яратиш мумкин бўлади. Шунинг учун ҳар қандай ижтимоий-фалсафий ёки ғоявий-сиёсий конструкция шу қонуниятларга суянса, ижтимоий объектив шароитни ифода этса, илмий ҳақиқатга хизмат қилади. Мана шундагина нохолис уйдирмаларга хизмат қиладиган эскича қарашларга зарба берилган бўлади, дейди Муҳаммад Али.

Амир Темур фаолиятини у яшаган давр муҳити орқали идрок этиш ва вужудга келган ижтимоий омилларни жаҳонда юз берган сиёсий вазиятлар билан омухта ҳолда, қиёсан ўрганишга қаратилган тадқиқотларни тақозо этади. Фақат биргина Турон тарихи доирасида ёхуд унинг ҳарбий юришлари тафсилотлари билан буюк саркарда ва давлат арбобининг сиёсат фалсафасини очиб бўлмайди. Боз устига, Амир Темур юришларини даврлаштириш ва қандайдир босқичларга бўлиб таснифлаш оқилона ёндашув эмас, деб ҳисоблаймиз. У ҳеч қачон қайсидир давлатни атайин босиб олишни, ҳукмронлик қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Доимо сулҳ ва музокаралар унинг сиёсий воситалари бўлган. Шу сабабли деярли барча маҳв этилган давлатларни ўзларига ташлаб қайтган. Агар “Соҳибқирон қандай вазият ва шароитда сиёсий майдонга кириб келди?”, “Уни мислсиз ва бешафқат урушлар гирдобига тортган ички ва халқаро муносабатларнинг манзараси қандай эди?” деган саволларга жавоб топсак, унинг Евроосиё минтақасида олиб борган геосиёсати халоскорлик миссиясидан иборат бўлганлигига шубҳа қолмайди.

Академик Акмал Саидов “Амир Темур ва темурийлар дaври умумбашарият тарихи нуқтаи назаридан тадқиқ қилинмоғи лозим. Фақат шундагина бу улуғ зотнинг инсоният тарихида тyтraн ўрнини кўрсатиб бериш мумкин бўлади”, деб билдирган фикрлари асослидир. Модомики шундай экан, миллий тарихимизни ўрганиш методологиясини ўзгартириш ва тадқиқот объектини кенгайтириш лозим. Тарихий манбалар фақат маълумот ва ахборот сифатида эмас, балки фанлараро услубларнинг тафтишидан ўтказиш орқали хулосалар чиқаришни талаб этади.

Тарихий жараёнлар тафсилотини ўрганишда эркин тафаккур мушоҳадасига чорлайдиган фан тарих фалсафасидир. Тарихий фалсафанинг миллати ва манфаати бўлмайди. У эркин фикр ва мушоҳада билан инсоният тафаккурига мурожаат этади. У ҳар қандай қолиплардан ва чегараланган мафкуралардан устун келади.

Миллий давлатчилик тарихи даври босқичларини, сиёсий-ижтимоий жараёнларнинг тадрижий ривожини таҳлил этишга, анъанавийлик ва замонавийлик тамойилларини уйғунлаштиришга қаратилган тарих фалсафаси, сиёсий фалсафа, сиёсий социология, сиёсий психология, сиёсий менежмент, тизимли таҳлил каби қатор фанларнинг мутаносиб дастурларини ишлаб чиқишни тақозо этади.

Буюк Турон империясининг тарихи миллий тафаккур фалсафасининг ифодасидир. Унда парвозлар қанчалик юксак бўлган бўлса, аянчли қулашлар ҳам шунчалик оғир кечган. Бугун биз бобомиз яратган миллий давлатчилик меросини ўрганиш ва сабоқ олиш асносида юксак парвозларга интилаётган руҳимизга малҳам топамиз, жасорат ва мардлик туйғуларимизни уйғотишга интиламиз, ўзлигимизни англаш иродасига, ҳақиқат ва адолатни излаш иштиёқига эга бўлиб борамиз.

Тўлқин АЛИМАРДОНОВ,

сиёсий фанлар доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 5 =