Мактабгача таълимда глобал интеграция

Жаҳон тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳар бир давлатнинг интеллектуал салоҳияти, аввало, ҳар томонлама билимдон авлод ва уларни шахс сифатида тарбиялаб вояга етказиш учун яратилган имкониятлар билан белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан, таълим тизимига, айниқса, унинг энг асосий ва ҳал қилувчи бўғини — мактабгача таълимга қаратилаётган эътибор ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Зеро, инсоннинг келажакдаги ютуқлари, дунёқараши, мустақил фикрлаши ва жамиятдаги фаол иштироки айнан ҳаётнинг илк босқичида шаклланади.

Сўнгги йилларда юртимизнинг мактабгача таълим соҳасида аниқ ва туб бурилиш кузатилди. Мактабгача таълим давлат сиёсатида устувор йўналишга айлантирилди. Қабул қилинган қарор ва дастурлар натижасида соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, мактабгача таълим ташкилотлари сони кескин оширилди, янги давлат ва нодавлат боғчалари ташкил этилди, мавжуд муассасалар модернизация қилинди. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир неча баробарга оширилиб, давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий қилинди. Мазкур соҳада хусусий сектор иштирокининг кенгайтирилиши натижасида таълим хизматлари бозори ва рақобат муҳити шакллантирилди.

Кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Замонавий ўқув дастурлари ишлаб чиқилди, илғор хорижий тажрибалар ўрганилди ва миллий таълим тизимига жорий этилди. Шу билан бирга, рақамли таълим ресурслари, интерактив усуллар ва замонавий платформалар орқали таълим жараёнининг янада самарали ташкил этилиши таъминланди.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, нуфузли халқаро ташкилот — ЮНЕСКО томонидан мамлакатимиздаги ютуқлар юқори баҳоланиши юртимизда амалга оширилаётган давлат сиёсати самарадорлигининг яққол далилидир.

ЮНЕСКО томонидан амалга оширилаётган дастурлар сифатли таълимни таъминлаш, маданий ва табиий меросни асраш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ахборот эркинлигини таъминлаш ва миллатлар ўртасида ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга қаратилган. Бугунги кунда ташкилот дунёнинг деярли барча давлатларини бирлаштирган ҳолда глобал муаммолар ечимига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Айниқса, глобал даражада илгари сурилаётган “Early Childhood Care and Education” дастури доирасида болалар учун хавфсиз, инклюзив ва ривожлантирувчи муҳит яратиш, тарбиячиларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва инновацион педагогик технологияларни жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Шунингдек, Париж шаҳрида ўтказилган “2026 йилги глобал таълим мониторинги” тадбирларида мамлакатимизнинг мактабгача таълимни ривожлантириш, қамров даражасини ошириш ва инновацион ёндашувларни жорий этиш борасидаги тажрибаси илғор намуна сифатида қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтига ЮНЕСКОнинг 2-тоифали институти мақоми берилиши мамлакатимиз учун улкан тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур халқаро ҳамкорлик доирасида амалий қадамлар ҳам изчил давом этмоқда. Хусусан, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Париж шаҳрида ЮНЕСКО ташкилоти Бош директори Ҳошим aл-Анани билан учрашув ўтказди. Ушбу мулоқот икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлидаги муҳим босқич сифатида аҳамият касб этди.

Учрашув доирасида Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида II тоифали “Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази”ни ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди. Мазкур марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақада мактабгача таълимни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва илғор тажрибаларни оммалаштиришда муҳим платформага айланиши кутилмоқда.

Музокаралар чоғида ЮНЕСКО Бош директори Ҳошим Ал-Анани Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташкилот билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, давлат раҳбарининг таълим, фан ва маданият соҳаларидаги халқаро ташаббуслари юқори баҳоланди.

Мазкур институтнинг халқаро мақомга эга бўлиши унинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқади. Энди муассаса нафақат миллий, балки минтақавий даражада ҳам етакчи марказга айланади. Бу ерда илмий тадқиқотлар олиб бориш, илғор педагогик технологияларни жорий этиш ва мутахассислар тайёрлаш бўйича кенг имкониятлар яратилади. Бу ҳамкорлик ўзбекистонлик педагоглар учун янги истиқболларни очади. Улар халқаро стандартлар асосида малака ошириш, дунё тажрибасини ўрганиш ва ўз билимларини янада бойитиш имконига эга бўладилар. Шу билан бирга, миллий тажрибамиз ҳам халқаро майдонда кенг тарғиб этилади.

Мутахассислар таъкидлашича, мактабгача таълимга киритилган сармоя энг самарали инвестиция ҳисобланади. Чунки бу босқичда боланинг фикрлаш қобилияти, ижтимоий кўникмалари ва шахсий фазилатлари шаклланади. Шу боис ЮНЕСКО томонидан ўйин орқали таълим бериш, ижодий фикрлашни ривожлантириш ва индивидуал ёндашувни таъминлаш каби инновацион усуллар кенг тарғиб этилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам айнан шу тамойиллар асосида таълим жараёни ташкил этилмоқда. Болаларнинг қизиқишлари, қобилиятлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда замонавий дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Инклюзив таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, имконияти чекланган болалар учун ҳам тенг шарт-шароитлар яратилмоқда. Шунингдек, қишлоқ ҳудудларида мактабгача таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мобил боғчалар, қисқа муддатли гуруҳлар ва инновацион таълим шакллари жорий этилмоқда.

Ушбу соҳадаги ютуқларимизнинг жаҳон минбарларида эътироф этилиши — бу нафақат эришилган натижаларнинг баҳоси, балки ривожланиш учун янги имкониятлар эшигини ҳам очади.

ЮНЕСКО билан мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш борасида олиб борилаётган самарали ҳамкорлик келажакда билимли, кенг дунёқарашли ва рақобатбардош авлодни тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ҳабиб АБДИЕВ,

Мактабгача таълим ташкилотлари

директор ва мутахассисларини

қайта тайёрлаш ва

уларнинг малакасини ошириш институти проректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + eleven =