Турфа гулларда жаннатий ифор

Наманган шаҳрида Халқаро гуллар фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда

Ярим асрдан зиёд вақт мобайнида Наманган шаҳрида “Гуллар байрами” номи билан ўтказиб келинган ўзига хос маънавий-маърифий тадбирнинг Халқаро гуллар фестивали мақомини олганига кўп вақт бўлгани йўқ. Президентимизнинг тавсияларига мувофиқ 2017 йилдан гулчиликка эътибор янгича тус олган.

Шу ўринда тарихга қайтамиз. 1961 йил 19-20 август кунлари Наманган вилоятида илк бор Гул байрами – “Гул кўргазмаси” ўтказилгани ҳақида газеталарда эълонлар чоп этилган, боғ радиоузелида махсус эшиттиришлар эфирга узатилган.

Байрам тарихида “Газ-21” автомашиналарида гуллар карвони уюштирилган. Аммо ҳақиқий маънодаги Гуллар фестивали 2018 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Чинакам гул карвонлари ҳам сўнгги етти йилда намойиш этилди. Унда юртимизда ишлаб чиқарилган автомашиналар, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш техникалари анвойи гуллар билан безатилаётгани айни муддао бўлмоқда.

Бугун Наманган Халқаро 65-гуллар фестивалига ҳозирлик кўряпти. Қаёққа қараманг, тадбирни юксак савияда ўтказиш бўйича вилоят ҳокимлиги белгилаган режа-тадбирларга мувофиқ кўча ва йўл бўйларига гулу манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан шуғулланаётган гулчилару уларга мадад бўлаётган турли касб эгаларини жўшқин иш устида кўрасиз.

Янги Наманган туманида маросимга тадорик юксак маромда давом этмоқда. Шаҳарча кун сайин гўзал кўриниш касб этяпти. Айланма чорраҳалар, йўл ёқалари, ташкилот ва корхоналар ҳудудларидаги кўзни қувонтирувчи ранго-ранг гуллар ҳар қандай кишининг эътиборини тортади. Айниқса, вилоят марказидаги Ислом Каримов номли кўчада бир-биридан бетакрор гулзорлар ташкил этилаётгани қувонарли. Анжуман муносабати билан туман марказида 1,5 миллион тупдан ортиқ мавсумий гул кўчатлари ўтқазиш режалаштирилган.

Гул экишда иссиққа чидамли, узоқ вақт очилиб турувчи нав ва кўчатлар  танлаш, ҳар бир маскан олдида шароитдан келиб чиқиб, ўзига хос дизайн яратиш асосий эътиборда.

Мазкур марказий кўчанинг Янги Наманган туманидан ўтган қисмининг икки четида асосан вилоят ташкилотлари жойлашган. Хусусан, молия ва иқтисодиёт, божхона, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари, “Агробанк”, “Бизнесни ривожлантириш банки” ва бошқа муассасалар атрофида шу кунларда иш қизғин. Ҳар бир ташкилот ўз ҳудудида гулзорлар барпо этиш ишларини олиб бормоқда.

Наманган (Ўзбекистон) – Кошалин (Польша) ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда. Кошалин шаҳри ҳокими Томаш Соберай ҳамда унинг ўринбосари Беата Горецка ишчи ташриф билан гуллар шаҳрига келди. Делегацияни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қабул қилди. Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда икки ҳудуд имкониятлари ҳақида маълумотлар алмашилди.

Меҳмонлар Наманганда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро “Гуллар фестивали” ҳақидаги видеороликдан катта таассурот олишди. Юбилей фестивалга Польшадан ҳам кўплаб сайёҳлар келиши таъкидланди.

Бинобарин, “Гуллар фестивали”га ташриф буюрувчи меҳмонлар ҳар галгидан икки ҳисса кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Айниқса, хориждан келувчилар, энг аввало, аэропортдан чиқиш биланоқ, шу атрофдаги ҳолатга қараб, фестивалга, қолаверса, вилоятга баҳо берадилар. Наманган халқаро аэропортида олиб борилаётган тадбирлар таҳсинга лойиқлиги бежиз эмас. Бу ерда 140 миллион АҚШ доллари миқдордаги инвестиция ҳисобига янги уч қаватли терминал биноси бунёд этилмоқда. У ишга тушгач, йўловчи ташиш қуввати 2,5 баробар ошади. Қулай шароитларга эга чегара назорати, виза бўлимлари, бизнес зали, савдо ва овқатланиш шохобчалари ва бошқа қўшимча қулайликлар яратилади.

Наманган шаҳридаги “Янги Ўзбекистон боғи”да шу кунларда ўтқазилган ноёб дарахт кўчатларининг парвариши, ҳудудни халқаро тадбирга тайёрлаш жараёни авж палласига чиққан. Фестивалнинг оммавий тадбирлари ўтказиладиган амфитеатрни тартибга келтириш, атрофига анвойи ва ноёб гулларнинг кўчатларини ўтқазиш, янги ниҳолларни озиқлантириш, минерал ўғитлар билан ривожини тезлатиш амалий чоралари кўрилмоқда.

Янги Наманган шаҳарчасида қурилиш-монтаж жараёнлари қизғин тус олган. Халқаро тадбирлар, бизнес-форумлар ва кўргазмалар ўтказиш учун мўлжалланган “Кўргазмалар маркази” – “CONGRESS HALL” атрофини ободонлаштириш, фестивалга мос тарзда ранг-баранг гуллар ва композициялар билан безатиш ишларига зўр бериляпти.

Шаҳар қиёфасини янада чиройли ва замонавий кўринишга келтириш, аҳоли ҳамда ташриф буюрувчи меҳмонлар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш масалалари устувор йўналиш сифатида белгиланган. Темир йўл вокзали атрофидаги айланма ҳаракат маркази фестивалнинг рамзий маъносини кўрсатувчи асосий объектдир. Шу боис яратилаётган дизайн ва композицияларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Умумий кўринишда миллийлик ёрқин акс этиши, гулларни нақш усулида ўтқазиш, композициялар барпо қилишда Наманган брендларидан фойдаланиляпти.

Фестивалнинг бош объекти – Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида гул композициялари, ландшафт дизайни ечимлари, тематик безаклар ташкил этилиши режалаштирилган. Ҳар бир мавзуга инновацион ёндашиш, ранг-баранг гул композицияларини яратиш, замонавий ландшафт элементларини жорий этиш ҳамда ташриф буюрувчилар учун қулай ва эстетик муҳит яратиш масалаларига алоҳида урғу берилмоқда. Фотоҳудудлар, сайр ҳудудлари ва дам олиш масканларини янада кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда. “Уч фаввора” хиёбони ҳам мафтункор қиёфа касб этяпти.

Бу йил Наманган “Энг кўп гул экилган фестиваль” мақоми бўйича Гиннеснинг Рекордлар китобига кириш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Барча саъй-ҳаракатлар ана шу мақсадни рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин бўлади.

Наманганнинг ташриф қоғозига айланган Халқаро гуллар фестивали доирасида яна бир тарихий воқеа. 20 апрель куни Наманган шаҳар ҳокимлиги маъмурий биноси олдида Гиннеснинг Рекордлар китоби (“Guinness World Records”)га кириш учун гул экиш маросимига расмий старт берилди. 20 майга қадар 50 миллион донадан зиёд анвойи гул кўчатлари экиш режалаштирилган. Унга қадар Буюк Британиянинг Лондон ва Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги Бош офиси билан узвий ҳамкорликдаги фаолият онлайн тарзда давом эттирилади. Якунда Бош офис вакиллари анжуманга ташриф буюриб, махсус сертификатни тантанали равишда топширадилар.

Бу – нафақат Наманган, балки Янги Ўзбекистон учун катта ютуқ. Гул шайдоларига эса юбилей туҳфасидир.

Бу йил 24 майдан 12 июлгача олтмиш бешинчи марта ўтказиладиган нафосат анжумани гул шайдоларини ҳар қачонгидан-да хушнуд этиши табиий. Гуллар байрамига ташриф буюрувчи маҳаллий ҳамда хорижий меҳмонлар сафи янада кенгайиши аниқ. Эртакнамо декорациялар, ранг-баранг гуллар, бир-бирини такрорламас композициялар меҳмонларга унутилмас онларни туҳфа этиши тайин. Бу ердан ўрин олган ҳар бир ландшафт рамзий маънога эга. Ҳар бир амалга оширилаётган лойиҳа фестивални юқори савияда ташкил этиш, Наманган шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва унинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши табиийдир.

Гулчевар баҳор Наманганни чиройга буркайди. Халқаро фестиваль сизга ёрқин гуллар, ажойиб тадбирлар ва унутилмас таассуротлар оламини тақдим этади! Гулларнинг сеҳри ва баҳор нафаси сизни кутмоқда! Фестиваль қувончини ўтказиб юборманг, азизлар!

Қосимжон АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 16 =