Ғулом ака
Ғулом Шомурод. Бу ном халқимизга, айниқса, миллионлаб радиотингловчиларга, адабиёт мухлисларига яхши таниш. Ғулом ака узоқ йиллар, аниқроғи, 1969 йилдан 2006 йилгача Ўзбекистон радиосининг Бухоро вилояти мухбири бўлиб ишлади. Хизмат тақозосига кўра, вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида, меҳнат жамоаларида, илм масканларида, маҳалла ва гузарларда бўлиб, одамлар турмуш тарзи билан яқиндан танишди. Янгиликлардан, ютуқлардан қувонди. Долзарб мавзудаги хабар ва мақолалари, радиоочерклари тез-тез эфирга узатилди. Бадиий асарлари адабий нашрларда чоп этилди. Шу тариқа Ғулом Шомурод шоир ва журналист сифатида элга танилди. Самимий, оқибатли инсон, обрў-эътиборли устоз сифатида кўплаб шогирдларга ибрат бўлди. Ҳамкасбларидан, ёшлардан ўзининг қимматли маслаҳатларини аямади.
Ижодий сафарда бўлганимда устоз Ғулом Шомурод билан қадимий ва ҳамиша навқирон Бухорони кезиб, ҳаёт ва адабиёт ҳақида узоқ суҳбатлашганларимиз сира эсдан чиқмайди.
— Қачон Бухорога келганингизда мен хабардор бўлай. Тағин меҳмонхонада тўхтасангиз, хафа бўламан, — деб уйларига бошлаб борганлар.
Бу очиқ кўнгил, дилкаш, бой ҳаётий тажрибага эга инсон билан гурунглашганда, жиддий чеҳрали Ғулом аканинг ҳазилга мойиллиги, юморга бой ҳангомаларини тинглаб, “Қанийди, суҳбат тугамаса” дея ўйлайди киши. Устоз билан табаррук хонадонларида, Тошкентда, ишхонада, санаторийда дилдан гурунглашганмиз. Ижод ҳақида телефонда мулоқот қилганмиз. Студияда янги шеърларини ўқиб берганлари, таниқли шоир Тилак Жўра ҳақида ёзган “Соғинч” эссесини “Бедорлик” адабий эшиттиришига тақдим этганлари худди ҳозиргидек кўз ўнгимда турибди.
Ғулом ака ғайратли, масъулиятли радиожурналистлардан эди.
Бухоро вилояти пахта, пилла ва ғалла сотиш режасини биринчилардан бўлиб бажарган пайтларда соҳа вакиллари билан интервью уюштириб, тезкор махсус эшиттиришлар тайёрлаб, ўша куниёқ эфирга узатганлари ва бу ишдан кўнгиллари тўлиб, хурсандчилик билан яна Бухорога, бухороликлар бағрига йўл олганларини айтмайсизми?
У кишини яқиндан билганлар фахр билан “Ўзимизнинг Ғулом ака!” дея эъзозлашарди. Тўғриси, Ғулом ака билан танишганимга, шундай радиожурналист, чин шоир билан ҳамкасб бўлганимга, дилдан суҳбатлашганимга шукроналар айтаман! Устоздан сабоқ олдим. Одамийлигига, яшаш ва ишлаш тарзига, оилапарварлигига, фарзандлар тарбиясига эътиборлилигига, камтарлигига, бир сўз билан айтганда, ижобий жиҳатларига ҳавас қилганман. Буни ўзларига ҳам айтганман.
Бир гал телефонда янги китоби чиқаётганини айтдилар. Табрикладим.
— Янги китобдаги шеърларингиздан радиотингловчиларга ҳам етказайлик, — дедим.
— Раҳмат! Китоб чиқса, албатта, олиб бораман… — деди у.
Аммо… афсус! Бу Ғулом ака билан охирги гаплашиш эканлигини қайдан билибмиз? Ғулом Шомуроднинг вафоти ҳақидаги хабар қалбимни вайрон қилди… Ғулом аканинг нурли сиймоси, устоз ҳақида эшитган ва билганларимиз кино тасмасидек хаёлимиздан ўта бошлади.
Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги Алали қишлоғида таваллуд топган Ғулом Шомурод табиатан зийрак бўлганлиги боис, болалигиданоқ теварак-атрофга синчковлик билан боқар, одамлар феъл-атворини яқиндан билишга қизиқарди.
Ғулом ака шундай ёзган эди:
“Отам Шомурод Саидов умр бўйи деҳқончилик-сабзавотчилик ва полизчилик билан шуғулланганлар. Онам Муслима Мирафзал Мирҳафиз қизи эски ёзувда саводлари яхши бўлиб, Навоий, Фузулий, Машраб сингари машҳур шоирларнинг шеърларини, кўплаб достонларни мутолаа қилардилар. Қишда сандал атрофида тўпланган маҳалламиздаги аёлларга ўша китобларни ўзига хос оҳангда ўқиб берардилар. Меҳмонлар онам ўқиб берган туркий ва форсий асарларни жон қулоқлари билан тинглашарди. Уларнинг китобга нисбатан иштиёқини кўриб, онамга бўлган меҳрим янада ортар, у киши билан фахрланардим.
Мирафзал бобом шаҳардан қишлоғимизга тез-тез келиб турар, бундай чоғларда “Мулло бобо келибдилар” деб уйимиз меҳмонга тўлиб кетарди. Бир гал бобом дўстлари — маснавийхон Ҳожи Мардон ҳамда темирчи уста Бақо билан келиб, бир ҳафтача меҳмон бўлдилар. Китобхонлик қизигандан-қизиди. Ҳожи Мардон шеърларни ёддан ашуладай чўзиб айтардилар, улғайиб, билсам, у киши Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” китобини ёд билар эканлар. Ўша китобхонликлар болалик хотирамда ўрнашиб қолган”.
Ғулом Шомурод қаламига мансуб “Шабнам жилваси”, “Ойдинда кезаман”, “Наволарим”, “Ватан васфи”, “Олам ичра олам”, “Қалбим қатраси”, “Рангин руҳият”, “Заррин япроқлар”, “Марварид доналар”, “Соғинч соҳили”, “Меҳр меҳвари” деб номланган тўпламлар чоп этилган. Шоир нафақат катта ёшдагилар, балки кичкинтой китобхонлар учун ҳам қувноқ шеърлар ёзишдан ўзгача завқ ола билди. Ғулом Шомуроднинг болаларга бағишланган ижод намуналари “Чақмоқ”, “Кўклам қўшиғи”, “Бобо шаҳрим”, “Уста ва Амир”, “Болажонлар байрами” номли шеърий тўпламлардан ўрин олган.
“Шеърият… Бу тавсифу таърифи чексиз бўлган шундай сирли оламки, унга кирдингми, ихтиёрингни унга бер-у, бу йўлдан чиқишни сира ўйлама. Ёшмисан, кексамисан, унга содиқ бўл. Шундагина кўнглинг тўлади ва имконинг даражасида нималаргадир эришасан. Мухбир бўлиб ишлаганим, адоқсиз Қизилқумнинг даштлари, қумликлари ҳамда яшил яйловларини кезганларим, у ердаги мард ва танти кишилар билан танишувларим кўп вақтни олган бўлса-да, менга илҳом ва ҳузур бағишлади. “Саҳро садолари” шеърлар туркуми, “Жабай” номли достоним шуларнинг меваси бўлди. Аслида, ёзганларимнинг ҳаммаси ҳам ҳаётимнинг парчаларидир. Мен кўрганларимни, кузатганларимни, билганларимни, қувончу ҳасратларимни ёздим ва ёзяпман. Аслида, ижодкорнинг бахти ҳам шунда бўлса керак…” — деган эди Ғулом Шомурод.
Ғулом Шомуроднинг “Ҳурлик қасидаси” номли шеърий асари асосида тайёрланиб, эфирга узатилган радиокомпозицияни Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов маҳорат билан ўқиган. Бу радиоасар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Олтин фонд”идан ўрин олди.
Таниқли адиб, Давлат мукофоти лауреати Омон Мухтор таъкидлаганидек, “Ғулом Шомуроднинг шеърларида икки ҳолат аниқ кўринади: ҳаётийлик ва самимият. У ҳавойи руҳда сўз юритмайди, нимаики ёзса, ҳаётдан олганини сезамиз, нимаики ёзса, самимиятни сезамиз. Шоирнинг Бухорога бағишланган шеърлари кўп. Уларда манзара ва кайфият аксар уйғунлашиб, маълум фалсафий фикрларни содда йўсинда ёритишга ёрдам беради”.
Дарҳақиқат шундай. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Ғулом Шомурод қаламига мансуб шеърлар, ғазаллар, достонлар ҳамда хотира-эсселарда шоир она Ватанга бўлган чексиз муҳаббатни, табиатга ошуфталикни, севги ва садоқатни, одамийликни, меҳр-оқибатни, яхшилик ва эзгуликни самимиятга йўғрилган нафис мисраларда тараннум этди. Бетакрор асарлар устоз Ғулом Шомурод умрининг давомийлигидан далолатдир.
Энг муҳими, Ғулом Шомуроддан яхши ном, баракали ижодий асарлар қолди. Фарзанду набираларга меҳрибон ота ва бобо, кўпларга садоқатли дўст, шогирдларга эса меҳрибон устоз эди ЎЗИМИЗНИНГ ҒУЛОМ АКА!
Абдулла АЙИЗОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар
уюшмалари аъзоси.
