Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Азиз ёшлар!

Қадрли ўғил-қизларим!

Сизлар билан ислоҳотларимизнинг илк давридан бошлаб шаклланган яхши анъанамизга кўра, бугун – Ёшлар кунида яна бир бор учрашиб турганимдан мамнунман.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, сизлар орқали бутун юртимиз ёшларини ушбу қутлуғ байрам билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Биз ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу ва интилишларини рўёбга чиқаришни ислоҳотларимизнинг дастлабки кунларидан давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида амалга ошириб келмоқдамиз. Шу мақсадда ҳар бир маҳаллада ўғил-қизларимизнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, уларга кўмакчи бўладиган ёшлар етакчилари корпусини шакллантирдик.

Ёшларнинг таълим-тарбияси, бандлиги, маънавияти, вақтини мазмунли ўтказишига Давлат хавфсизлик хизматини (Б.Қурбонов) вилоят ва туманлардаги тизими билан бирга масъул этиб белгиладик.

Навқирон авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга садоқат, катталарга ҳурмат ва эзгу инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш мақсадида нуроний отахон ва онахонларимизнинг бой ҳаётий тажрибасидан фойдаланишни кенг йўлга қўйдик.

Мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини Ёшлар куни деб эълон қилиб, барча вазирлик ва идораларни ёшлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш масаласига тўлиқ сафарбар этдик.

Мана шундай саъй-ҳаракатларимиз туфайли юртимизда ёшлар билан ишлаш муҳити тубдан ўзгарди. Хусусан, билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, тил ўрганиш, иш топиш ва бизнесни бошлашда қийинчиликка учраган 1,5 миллион нафар йигит-қизнинг муаммоси “Ёшлар дафтари” орқали ҳал қилинди; алоҳида дастурлар асосида жозибадор бизнес муҳити ва имтиёзли ресурслар яратиб берганимиз ҳисобидан ёш тадбиркорлар сони 5 карра ортиб, 287 минг нафардан ошди; ўқув марказларини кўпайтириш бўйича қулай шароит яратганимиз учун хорижий тилларни интенсив ўрганаётган ўғил-қизларимиз 3,5 миллион нафарга етди; иқтидорли ўқувчи ва талабаларимиз нуфузли фан олимпиадаларида 434 та, ёш спортчиларимиз халқаро мусобақаларда 2 минг 245 та медални қўлга киритди; тарбияси оғир ёшларни ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳокимларга бириктирганимиз учун икки йилда ёшлар ўртасида жиноятчилик 2,5 карра камайди.

Албатта, бу – ёшлар билан боғлиқ барча масалалар ҳал бўлди, дегани эмас. Давлат хавфсизлик хизмати (Б.Қурбонов), Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев), Маҳаллалар уюшмаси (Қ.Қуронбоев), вазирлар, уларнинг вилоят ва туманлардаги тизими, ҳокимлар, ректорлар, техникум ва мактаб директорлари ёшларнинг муаммоси, уларнинг эҳтиёж ва қизиқишлари бўйича тинимсиз ишлаши керак.

Бош вазир А.Арипов ҳар бир вазир, ҳоким, тармоқ ва банк раҳбари ёшлар масаласида қандай ишлаётганини қаттиқ назорат қилиб, ҳар ойда масъуллардан бу борада ҳисобот олиб боради.

Ўтган ҳафта Наманганга амалга оширган ташрифим давомида Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси раҳбари Абдурауф Жуманов энг оғир маҳаллаларда ёшлар муаммолари бўйича таҳлил маркази, “Бир ой – тўртта маҳалла” лойиҳаси, “маҳалла устози” тизими ва техникумларни оталиққа олиш ҳақидаги ўз ташаббуслари тўғрисида ахборот берди.

Бу ташаббуслар менга жуда маъқул. Энди ҳар бир вилоят давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси раҳбари, шаҳар ва туман ҳокимлари ёшлар билан ишлаш бўйича ўзларининг ана шундай тажрибаларини яратиши зарур.

Яхши натижаларга эришган раҳбарларга йил якунида ва келгуси йил Ёшлар куни арафасида ойлик маошига алоҳида устама ва давлат мукофотлари берамиз. Кўрсаткичлари паст, янгиликка интилмаган ҳудуд раҳбарларига нисбатан эса қаттиқ чора кўрилади.

Азиз фарзандларим!

Бир ҳақиқатни билиб олинглар, бугунги кунда давлатлар ҳудуди билан эмас – билими билан, аҳоли сони билан эмас – технологияси билан, табиий бойликлари билан эмас – инсон капитали билан рақобатга киришмоқда.

Энди замонавий илм-фан ва тафаккур маҳсули бўлган янги иқтисодиёт – билимлар иқтисодиёти ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда.

Мен биламан, ўғил-қизларимизнинг ҳар бирида катта салоҳият, истеъдод ва иқтидор бор. Сизлар ўз даврида буюк кашфиётлари билан дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг “ақл чироғи” бўлган буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларисиз.

Албатта, ворислик – бу фақат фахрланиш эмас, балки улкан масъулият ҳамдир.

Аждодларимиз инсоният тараққиёти йўлида қандай буюк ишларни амалга оширган бўлса, сизлар Янги Ўзбекистонда янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган куч бўлишингиз керак.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Бугунги кунда ўзининг билими, истеъдоди, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан Янги Ўзбекистон равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёшларимиз сафи тобора кенгайиб бораётгани барчамизни хурсанд қилади.

Кеча мана шундай ўғил-қизларимизнинг 20 нафарини “Келажак бунёдкори” медали билан, яна 28 нафарини “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш ҳақидаги фармонни имзоладим. Ҳозир аввал мукофотларни эгаларига топшириб, кейин мулоқотни давом эттирсак.

Давлат мукофотлари соҳибларини бутун халқимиз номидан яна бир бор табриклайман. Ушбу юксак эътироф сизларни янги марралар сари етакласин! Сафингиз янада кенгаяверсин!

 

* * *

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Бу йил 472 мингдан зиёд ёшларимиз мактабни битирди. Уларнинг 300 мингга яқини олийгоҳларда, 80 минг нафари техникумларда ўқишни давом эттиради.

Вазирлар ва ҳокимлар қолган 90 мингдан зиёд ёшларни касб-ҳунарли қилиш, улар ўз бизнесини бошлаши учун кўмаклашиш бўйича ҳозирдан аниқ режа ва чора-тадбирларга эга бўлиши керак. Бундан ташқари, бу йил олийгоҳни тугатган 324 минг битирувчидан 222 минг нафарининг иш жойи аниқ бўлди.

Ректорлар, Миллий банк (А.Мирсоатов) ва Алоқабанк (К.Ирисбекова), вилоят ва туман ҳокимлари корхоналар ва тадбиркорлар билан биргаликда фаол ишлаб, шу йил 1 сентябргача яна 102 минг нафар ёшга кафолатли иш жойини аниқ белгилаб бериши зарур.

Шунингдек, касб-ҳунарга эга бўлмаган, ўқиган бўлса ҳам ўзига мос иш топа олмаган 112 минг нафар ёшларимиз бор. Ёки дипломи бўлгани ҳолда, янги билим ва кўникма етишмагани учун 3-4 миллион сўм ойликка ишлаётган ўғил-қизларимиз 100 минг нафардан кўп.

Агар туман ҳокими, тумандаги банклар ўз ҳудудидаги бундай ёшларга озгина туртки бериб, малакасини ошириш, янги касбларга ўргатишни йўлга қўйса, уларга 10-15 миллион сўм даромад топиши учун катта имконият яратган бўлади.

Ҳозирги вақтда қанча-қанча шароитлар мавжуд, катта-катта маблағлар беряпмиз. Вазирлар, банклар, ҳокимлар озгина жон куйдириб, шу ишларни албатта қилса бўлади.

Қадрли ёшлар!

Бугунги куннинг муваффақият формуласи, эртанги тараққиётнинг мустаҳкам замини – учта энг муҳим устунга таянади. Бу – билим, касб ва технология.

(Давоми 2-саҳифада).

(Давоми. Бошланиши 1-саҳифада).

Менинг ниятим – ҳар бир йигит-қиз ана шундай имкониятга эга бўлиб, ҳаётда муносиб ўрнини топсин. Шунинг учун ҳар йили 500 минг нафар ўғил-қизнинг замонавий касбга эга бўлишини таъминлайдиган “Келажак билимлари экотизими” йўлга қўйилади.

Ҳудудларимизда ўқув маркази қуриб, ёшларга касб ва тил ўргатаман деган йигит-қизларимиз сони кўпайиб бораётгани мени хурсанд қиляпти. Энди бу мақсадлар учун ер ва давлат объектлари имтиёзли нархда аукционга чиқарилади. Ёшлар тўловни беш йилда фоизсиз, бўлиб тўлайди. Инфратузилмага зарурат бўлса, давлат барпо қилиб беради. Ўқув марказини қуриш ва жиҳозлаш учун кредит ставкасининг 7 фоизи компенсация қилинади. Ёшларимиз ўқув марказларига илғор хорижий ўқув дастурлари ва ўқитувчиларни олиб келса, харажатининг ярмини қоплашга ҳам тайёрман.

Барча ҳудудларда замонавий савдо ва сервис, йирик туризм комплекслари кўпайиб боряпти. Улар ишга кираман деганларга катта ойлик таклиф қилади. Лекин талаби ҳам шунга яраша бўлади. Шу боис қўлида касби бўлиб, халқаро талаблар асосида янги кўникмаларни эгалламоқчи бўлган ёшларга касб ваучери беришни йўлга қўямиз. Ушбу касб ваучери фоизсиз ссуда шаклида бўлиб, бу орқали ҳар йили 50 минг нафар ёшларимизнинг замонавий касбларни ўрганиш харажатлари қоплаб берилади. Эҳтиёжманд оилалардаги 85 минг нафар ишсиз ёшларга хусусий ўқув марказида касб эгаллаши учун бепул ваучер тақдим этилади. Шу йилнинг ўзида касб ваучери ва бепул ваучер тизими учун 120 миллиард сўм ажратилади. Талаб бўлса, бу маблағни кўпайтириб борамиз.

Хорижий тилни пухта ўрганиб, юқори натижа билан сертификат олган ёшларга харажатини қоплаш тизимини йўлга қўйганимиз ўзини оқлади. Энди буни халқаро касб сертификатини олганларга ҳам татбиқ қилсак, сизларга маъқулми?

Ёшларга касб ўргатишнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтирамиз. Бунинг учун техникум очишдаги лицензия шартини соддалаштириб, 20 дан ортиқ талабни бекор қиламиз. Янги ўқув йилидан хусусий техникумларга ҳам касбга ўқитиш бўйича давлат гранти берилади.

Яна бир янгилик – халқаро касб танловларида ғолиб бўлган давлат ва хусусий техникум ўқувчилари 100 миллион сўмдан, уларни тайёрлаган устозлари 50 миллион сўмдан мукофот олади.

Бугунги кунда хорижий тилларни мукаммал биладиган ёшларимиз сони 650 мингдан ошди. Уларга буюк тарихимиз, бой маданий меросимиз тўғрисида хорижий тилларда контент тайёрлашни ўргатсак, улар юртимизнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга катта ҳисса қўшиб, юқори даромадга ҳам эга бўлади. Шу мақсадда Рақамли контент платформасини ишга тушириб, ҳар йили 20 миллиард сўмдан ажратиб борамиз.

Ҳозирги вақтда 150 мингдан зиёд ёшларимиз хорижда таълим оляпти, илм-фан билан шуғулланмоқда. Юртимизнинг туризм ва экспорт салоҳиятини оширишда бу ёшларнинг имкониятларидан фойдаланиб, уларнинг ўзига ҳам даромад келтирадиган тизим яратамиз.

Бунда Туризм қўмитаси (А.Аққулов), Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов), Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги (Н.Холмуродов), 9 та саноат уюшмаси раҳбарлари 10 минг талабани туроператор, саноат корхоналари ва экспортчиларга боғлаб, уларга грант ажратади. Талабалар эса ўзи ўқиётган давлатдаги бозор, маҳсулот ва хизматларга талабни таҳлил қилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга етказади.

Миллий авиакомпаниямизнинг 26 та давлатда ваколатхонаси ва аэропортларда жойи бор. Бу жойларда ҳам хорижда ўқиётган ёшларимиз учун алоҳида шароит яратиб берамиз. Улар юртимиз салоҳиятини намойиш этадиган стендларни жойлаштириб, туристик маршрут ва маҳаллий маҳсулотларни тақдимот қилиб боради.

Олийгоҳ битирувчисини ишга олган тадбиркорга ёш мутахассис учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бир йил давомида 1 фоиз даражасида бўлади. Бу – 200 мингга яқин олийгоҳ битирувчисини ишга олган тадбиркорлар учун катта рағбатга айланади.

Умуман, ёшларга янги билим, касб ва технологияни ўргатишга камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидов, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, Касбий таълим агентлиги раҳбари А.Ҳусанов, Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев, ҳокимлар масъул бўлади.

Ҳозирги пайтда ижтимоий реестрга кирмаган, лекин ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ҳарбий хизмат ва миграциядан, жазони ўтаб қайтган, жисмоний имконияти чекланган яна 1 миллион нафар ёшларимиз бор. Уларга озгина ёрдам берилса, ҳаётда ўз ўрнини албатта топиб олади. Шу боис “Ёшлар дафтари” трансформация қилинади. Мисол учун, 38 мингдан зиёд уюшмаган ёшларга “устоз-шогирд” анъанаси асосида касб-ҳунар ўргатиш, уларни ишли қилиш, бизнесини бошлашига кўмаклашиш бўйича янги тизим яратилади. Бундай ёшлар билан ишлаш бўйича “Кафолатланган биринчи қадам” пакети жорий этилади. Бунда “Устоз-талаба” дастури асосида уюшмаган ёшларни ўқитиб, олийгоҳга киришига кўмаклашган талабаларга магистратурага киришда қўшимча балл, давлат стипендияларини олишда енгиллик берилади.

Ҳозирги кунда савдо, сервис, ишлаб чиқариш соҳаларида ўз брендига эга бўлган минглаб ёшларимиз бор. Улар уюшмаган тенгдошларига бизнесни ўргатса, ўз бренди асосида ишлашга шароит яратиб, даромад топишига кўмаклашса, жуда миннатдор бўлардим. Шу мақсадда “Ёшлар мини-франшизаси” дастурини ишга туширамиз. Уларга фаолиятини кенгайтириш учун имтиёзли шартларда ер ва кредит берилади. Маҳаллий брендлар франшизасини оладиган йигит-қизларга Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасидан 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади. Бу дастурларни молиялаштириш учун 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Ёшлар учун касб ва тил ўрганиш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик бўйича ўнлаб хизматлар мавжуд. Бу хизматлардан “ягона дарча” тамойили асосида фойдаланиш учун “Ёшлар хаблари” ташкил этилади. Ушбу тажрибани Сурхондарё вилоятидан бошлаб, бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич оммалаштирамиз.

Ҳозирги вақтда 87 минг давлат хизматчисидан 16,5 минг нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Шундан 902 нафари раҳбарлик лавозимида ишламоқда. Салоҳиятли ёшларимиз жуда кўп. Вазир ва ҳокимлар ёшларга ишонч билдириб, масъулиятли лавозимга қўйишдан чўчимаслиги керак.

Шу мақсадда ёш лидерларни аниқлаш бўйича 5 та йўналишда “ТОП-100” дастурини амалга оширамиз. Дастур доирасида “янги иқтисодиёт”, IT ва сунъий интеллект, таълим, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги бўйича юртимиздаги ёшлар ва чет элдаги ватандошларимиз учун очиқ танлов эълон қилинади. Ҳар икки йилда бир марта ўтадиган бу танловнинг 100 нафар ғолиби 50 миллион сўмдан мукофотланади ва раҳбарлик лавозимига тайинланади.

Яқинда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг танловида ғолиб бўлган 50 нафар иқтидорли ўғил-қизимиз ушбу ташкилотнинг дунёдаги офисларига стажировкага юборилади. Улар стажировка дастурини муваффақиятли тамомлаганидан кейин мазкур халқаро ташкилотга ишга жойлашиш имкониятига эга бўлади.

Ҳар бир вазирлик ва тармоқ ўз йўналишида “ТОП-100” иқтидорли ёшлар дастурини бошлайди. Масалан, иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров – 100 нафар молиячи ва иқтисодчи; сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамраев – 100 нафар ёш сув инноватори; энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов – 100 нафар ёш энергетик; қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятов, урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Ш.Қудбиев – 100 нафар ёш қурувчи, архитектор ва урбанистни саралаб, ўз йўналишидаги халқаро ташкилотларга стажировкага юборади.

Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Администрацияси вазирликлар учун йилига 2 минг нафар ёшни халқаро ташкилотларга стажировкага юбориш бўйича режани тасдиқлаб, ижросини назорат қилади.

Биз ёшлар балансида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 9 миллион 300 минг нафар ёшларнинг базасини шакллантирдик. Энди уларнинг ютуқларини яхлит портфолио шаклида юритадиган электрон тизимга ўтамиз. Бунда “Ўзбекистон ёшлар лигаси” платформаси ишга туширилади. Ўғил-қизларимиз ўз натижасини платформага киритади. Бу маълумотлар вазирликлар томонидан ўрганилади ва ёшларга балл берилади. Юқори балл тўплаган ўғил-қизларимизга таълимда – грант, контрактга чегирма, касб ўрганишга ваучер берилади, хорижда ўқиш пули қопланади; тадбиркорликда – имтиёзли кредит олиш, акселератор дастурида қатнашиш имкони яратилади; иш жойида – хорижий стажировка ташкил этилади, давлат хизмати учун кадрлар захирасига киритилади; уй-жой олишда – имтиёзли ипотека ажратилади. Йил якунида энг юқори натижаларга эришган ёшлар тантанали равишда тақдирланади.

Умуман, “Ўзбекистон ёшлар лигаси” барча мактаб ва техникум ўқувчилари, юртимизда ва хорижий олийгоҳларда ўқиётган ва илм-фан билан шуғулланаётган йигит-қизларимиз, давлат ва хусусий секторда ишлаётган ёшларимизни; чет элдаги ватандошларимизнинг фарзандларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бирлаштирадиган умуммиллий ҳаракатга айланади.

Бу масалага Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари И.Сирожев, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов ва Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев масъул бўлади.

Ҳозирги пайтда 14 мингдан ортиқ ўғил-қизларимиз АҚШ, Европа, Япония, Хитой, Кореянинг етакчи олийгоҳларида таълим олмоқда. Бундай ёшлар таътилда юртимиздаги вазирлик, ҳокимлик, давлат ва хусусий компанияларда амалиёт ва стажировка ўташи учун шароит яратамиз. Бунинг учун бир ойда иш берувчилар ва хорижда ўқиётган талабаларни бир-бири билан боғлайдиган рақамли мулоқот платформаси ишга туширилади.

Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан ҳар йили 700 нафарга яқин ўғил-қизларимиз дунёнинг “ТОП” олийгоҳларига юборилмоқда. Биз ислоҳотларимизнинг илк босқичида иқтидорли ёшларимизни асосан давлат ташкилотларида ишлаб бериш шарти билан чет элга ўқишга юбордик. Хусусий секторда ҳам бундай кадрларга эҳтиёж кундан-кунга ортиб боряпти. Энди ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хусусий сектор буюртмаси асосида ҳам нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиши мумкин бўлади.

Ана шу масалаларнинг ижросини Бошқарув самарадорлиги агентлиги (У.Ҳусаинов), “Эл-юрт умиди” жамғармаси (Г.Исмоилова) ва Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов) ташкил қилади.

Юқоридаги ташаббусларни молиялаштириш учун келгуси уч йилда 1,5 триллион сўм ажратамиз. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б.Зоҳидов) йил якунигача ушбу мақсадлар учун четдан яна 100 миллион доллар олиб келади.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Юртимизда одамларни ишли қилиб, юқори иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилаётган энг асосий қатлам бу – тадбиркорлар. Уларнинг орасида билимли ва ташаббускор ёшларимиз бор экан, бизни ҳеч ким ҳеч қачон ривожланишдан тўхтата олмайди.

Эътибор беринг, ҳозирги вақтда йиллик айланмаси 500 миллиард сўмдан ошган ёш тадбиркорларимиз сони – 15 нафарга; 100 миллиард сўмдан ошгани – 194 нафарга; 50 миллиард сўмлик маррадан ўтганлари 68 нафарга етди. Бундан 8-9 йил илгари ёшларимиз катта корхоналарга раҳбарлик қилади, миллиард-миллиард сўмлик маблағни бошқаради, деса ким ишонарди?

Бундай “ёш чемпион тадбиркорларимиз” сафи кенгайиши учун ўғил-қизларимизни янги – “Билимлар иқтисодиёти”га ўргатишимиз зарур.

Энди ёшларимизни муваффақиятли бизнес сари етаклайдиган янги тизимни йўлга қўямиз. Миллий банк ва Алоқабанкда ёшлар бизнесига масъул ўринбосар лавозими жорий этилади ва улар Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасига ҳамраис бўлади. Банк-молия академияси ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича “ақл маркази” сифатида белгиланади. Бундан буён академия тингловчилари ҳудудларда ёшлар ва тадбиркорлар билан учрашади ва тайёр бизнес лойиҳаларни шакллантиради.

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси (А.Саъдуллаев, А.Мирсоатов, К.Ирисбекова) тайёр лойиҳани бизнес режаси билан қулай шартда ёшларга таклиф қилади. Энди бу Жамғарма ёшларнинг юқори даромад келтириб, кўплаб иш ўрни яратадиган лойиҳаларига 5 миллиард сўмгача инвестиция киритади. Энг яхши лойиҳалар академия тингловчиларининг магистрлик диссертацияси сифатида қабул қилинади. Бундай лойиҳа муаллифлари ҳудудий банк раҳбари ва ҳокимларнинг иқтисодиёт бўйича ўринбосари лавозимларига энг биринчи номзод бўлади.

Ушбу тизим камида 300 минг нафар ёшларимизга ўз бизнесини бошлаши учун йўл очади. Бунинг учун Миллий банк (А.Мирсоатов) четдан 200 миллион, Алоқабанк (К.Ирисбекова) 50 миллион доллар олиб келади.

Ж.Қўчқоров, ушбу 2 та банк раҳбари, А.Саъдуллаев юқоридаги ташаббуслар орқали ёшлар тадбиркорлигини янги босқичга олиб чиқишга масъул бўлади ва йил якунида бу бўйича батафсил ҳисобот беради.

Азиз дўстлар!

Биз 2030 йилгача иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишни режа қилганмиз. Бунга эришиш учун барча соҳаларга янги ғоя олиб кирадиган инновацион стартаплар керак.

Сўнгги тўққиз йилда маҳаллий стартап экотизими 15 баробар ўсиб, 4 миллиард доллардан ошди. Венчур жамғармалар сони 23 тага, уларнинг умумий капитали 200 миллион долларга етди. Ўтган даврда 1 минг 200 дан зиёд истиқболли стартап лойиҳалар пайдо бўлди. Бу йўналишда 3 мингдан зиёд ёшларимиз юқори даромад топмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишларимиз халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. “Глобал стартап индекси”да Ўзбекистон 31 поғона юқори кўтарилиб, дунёда энг тез ривожланаётган стартап экотизими, “2026 йил мамлакати” деб эълон қилингани ҳам бунинг яққол исботидир.

Ҳали бу соҳада жуда катта имкониятлар бор.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б.Зоҳидов) ёшлар стартаплари учун 5 миллион долларлик, Наманган вилояти ҳокими (Ш.Абдураззоқов)нинг 5 миллиард сўмлик венчур жамғарма очиш ҳақидаги ташаббуси менга маъқул бўлди.

Энди ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари ва ҳокимлар “1 мингта масалага – ёшлардан 1 мингта ечим” лойиҳасини ишга туширади. Бунда ҳар бир раҳбар ўз тизимидаги долзарб муаммоларни очиқ платформада жойлаштириб, энг яхши ечимлар учун мукофот эълон қилади. Бунинг учун ҳар бир вазир ва ҳоким камида 10 миллиард сўмлик венчур жамғарма ташкил этади. Ушбу маблағлар ғолибларни мукофотлаш ва 20 тадан энг яхши стартапнинг ғоядан амалиётгача бўлган барча босқичларини молиялаштиришга сарфланади.

Ёшлар ишлари агентлиги бизнес, IT, креатив иқтисодиёт йўналишида 100 та энг яхши лойиҳани танлаб, уларга 1 миллиард сўмгача инвестиция киритади.

Биз Рақамли ҳукумат марказида биринчи суперкомпьютер кластерини ишга туширдик. Келгуси йил кластер қувватини 3 карра оширамиз. Жорий йил 20 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси ташкил этилади. Ёшларимиз тармоқ ва ҳудуддаги масалаларга сунъий интеллект орқали ечим топишда ушбу суперкомпьютер ва лабораториядан бепул фойдаланади.

Сўнгги йилларда Тошкент, Нукус, Қарши, Термиз, Урганч, Фарғона шаҳарларида замонавий IT паркларни ишга туширдик. Ўтган ҳафта Янги Наманганда яна бир йирик лойиҳага старт берилди. Андижон, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Гулистон, Чирчиқ, Нурафшон, Навоий шаҳарларида ҳам умумий майдони 100 минг квадрат метр бўлган йирик IT парклар барпо этиш бошланмоқда. Буларнинг ҳисобига 20 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз учун юқори даромадли иш ўринлари яратилади.

Бизнинг мақсадимиз аниқ – IT ва сунъий интеллект бўйича ёш лидерлар корпусини яратиш.

Бу соҳаларда энг асосий иш қуроли нима? Албатта, компьютер. Шу боис “Менинг биринчи компьютерим” дастурини бошлаб, эҳтиёжманд оилалардаги 10 минг нафар ёшларга ноутбук олиш харажатининг ярми Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади, қолган қисмига эса уч йилда бўлиб тўлаш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.

Энди IT ва сунъий интеллект соҳалари учун кадр тайёрлайдиган олийгоҳларнинг учинчи курс талабалари IT паркда дуал таълим асосида ўқишни давом эттиради.

Бу йўналишлардаги иқтидорли талабалар учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги давлат стипендиясини жорий этсак, нима дейсизлар?

Иқтидорли қизларимиз учун муҳандислик, IT ва сунъий интеллект йўналишлари бўйича “Муҳандис қизлар” стипендиясини таъсис этамиз. Янги ўқув йилидан бошлаб тўланадиган ушбу стипендиялар хусусий олийгоҳ талабаларига ҳам берилади.

Бугунги кунда кимё, биология, физика, математика ва информатика фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари 1 миллиард сўм, уларнинг устозлари 200 миллион сўм мукофот олмоқда. Энди бу рағбатлантириш механизми сунъий интеллект бўйича халқаро олимпиада ғолибларига ҳам татбиқ этилади.

Икки йил олдин Хоразмда “Ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасини бошлаб, 4 мингдан ортиқ иқтидорли ўқувчиларни хорижий тил ва IT бўйича ўқитишни йўлга қўйган эдик. Рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматов бу лойиҳани жорий йилдан вилоятлар марказлари ва Қорақалпоғистоннинг барча туманларида, келгуси йиллардан бошлаб барча туман ва шаҳарларда ишга тушириб, 50 минг нафар ёшни унга қамраб олади.

Азиз юртдошлар!

Биз ёшларимизда миллий руҳни шакллантириш, уларнинг қалбига Ватанга муҳаббат, эл-юртга ҳурмат ҳиссини сингдириш тўғрисида кўп гапираяпмиз. Бу – жуда долзарб масала.

Очиқ айтишимиз керак, бугунги кунда ёшларимиз асосий вақтини рақамли маконда ўтказмоқда. Биргина мисол, ўтган йили 84 миллион долларлик компьютер ва мобиль ўйинлар экспорт қилинди.

Рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматов вилоят ҳокимлари билан бирга барча 15 та IT парк ҳудудида компьютер ва мобиль ўйинлар яратувчилари учун инкубацион марказ очиб, миллий руҳдаги ўйинларни кўпайтириш бўйича янги тизимни йўлга қўяди.

Шу билан бирга, ҳар йили камида 20 та миллий руҳдаги компьютер ва мобиль ўйинлар яратиш бўйича давлат буюртмаси бериб борилади. Бунинг учун йилига 10 миллиард сўм йўналтирамиз.

Умуман, ёшларнинг IT, сунъий интеллект ва стартап лойиҳаларини амалиётга жорий қилишга Президент Администрацияси департамент бошлиғи Б.Ходжаев, рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматов, Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев масъул бўлади.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Биз ёшларга яратиб бераётган имкониятлардан ҳеч бир ўғил-қизимиз четда қолмаслиги керак. Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ш.Мирзиёева бу йил “Ватан меҳри – ижтимоий ташаббуслар” танловини ўтказиб, аҳоли муаммолари бўйича энг яхши ечим берган волонтёрлар ва 50 та ижтимоий лойиҳа муаллифини тақдирлайди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (М.Оллоёров), Ички ишлар вазирлиги (А.Тошпўлатов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Э.Каримова), Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) ижтимоий хавф гуруҳидаги болаларни қўллаб-қувватлаш учун “Қанот” лойиҳасини ишга туширади. Ушбу лойиҳа бундай ёшларни ижтимоий хизматлар, таълим, спорт, мусиқа ва санъатга йўналтириб, қайта ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Июнь ойида ўтказилган “Ёшлар ташаббуслари марафони”да ёшларимиз томонидан илм-фан, маданият, бизнес, стартап, сунъий интеллект йўналишларида лойиҳалар бўйича минглаб таклифлар илгари сурилди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев бир ҳафта муддатда “Ташаббуслар офиси”ни ташкил қилиб, ҳар бир ғояни – лойиҳага, маҳсулотга ва хизматга айлантириш бўйича ишларни бошлайди. Бунинг учун 50 миллиард сўм ажратилади.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Бугун наркотик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар аҳоли генофондига жиддий таҳдид солмоқда. Бундай жиноятларнинг учдан бири ёшлар томонидан содир этилаётгани жуда хавотирли. Шу боис Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантириб, бу йўлда катта куч ва воситаларни сафарбар қиляпмиз.

Яқинда ушбу жиноятларга нисбатан жавобгарликни кескин кучайтириш бўйича қонун қабул қилдик. Бу ёвуз иллатнинг ёшларимиз орасида илдиз отишига асло йўл қўймаймиз, бу балони таг-томири билан қуритмагунча тўхтамаймиз.

Қадрли фарзандларим!

Гиёҳвандлик инсонни энг қимматли бойлиги – соғлиғи, ақл-заковати, иродаси ва орзу-мақсадларидан айиради.

Унутманг, ҳаёт инсонга бир марта берилади.

Бундай иллатларга нисбатан муросасиз бўлинг, умрнинг ҳар бир дақиқасини эзгу ишларга сарфлаб яшанг!

Азиз ота-оналар!

Фарзанд оилада камол топиб, вояга етади. Унинг ёрқин келажаги учун мустаҳкам пойдеворни, энг аввало, сизлар яратасиз.

Шундай экан, кун сайин ўзгариб бораётган ўта мураккаб шароитда фарзанд тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам эътиборли бўлайлик, бунга ҳамиша масъулият билан қарайлик!

Қадрли ўғил-қизларим!

Мен сизлардаги шижоат, билимга ташналик ва янгиликка интилишни кўриб, доим руҳланаман.

Сиз – азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: катта-катта марралар сари олға қадам ташланг, ўқинг, янги билим, янги касб ва замонавий технологияларни эгалланг, қийинчиликдан чўчиманг, меҳнат қилишдан, ўрганиш ва интилишдан ҳеч қачон тўхтаманг!

Шуни билингки, ортингизда сизларни катта орзу-умидлар билан вояга етказган ота-онангиз, сизларга билим ва тарбия берган, касб ўргатган устоз ва мураббийларингиз, сизларга ишониб, доимо қўллаб-қувватлаб келаётган халқимиз, Президент тоғдек таянч бўлиб турибди.

Ҳамиша йўлингиз очиқ, ниятингиз улуғ, қаддингиз баланд бўлсин!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × three =