Глобал рейтингдаги тарихий ютуқ

2026 йилги рейтингда Тошкент давлат тиббиёт университети дунёнинг “TOP-1000” талик олий таълим ташкилотлари қаторидан муносиб ўрин олди

Дунёда университетлар кўп, бироқ уларнинг барчаси ҳам инсоният тараққиётига қўшаётган ҳиссаси билан баҳоланавермайди. XXI асрда олий таълим муассасасининг нуфузи энди фақат талабалар сони ёки замонавий бинолари билан эмас, балки илм-фан, инновация, жамият ва инсон капитали ривожига қўшаётган амалий ҳиссаси билан ўлчанмоқда. Ана шу мезонлар халқаро рейтингларнинг ҳам асосий баҳолаш тамойилига айланди.

Шу маънода, “Times Higher Education (THE) Impact Rankings” бугунги кунда жаҳондаги энг нуфузли халқаро рейтинглардан бири ҳисобланади.

У университетларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган 17 та Барқарор ривожланиш мақсади (“SDGs”)ни амалга оширишга қўшаётган ҳиссасини баҳолайди. Мазкур рейтинг таълим сифати, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, инновациялар, ижтимоий масъулият, халқаро ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт каби кўплаб мезонларни комплекс таҳлил қилади.

2026 йил натижалари Тошкент давлат тиббиёт университети учун муҳим тарихий воқеани муҳрлади. Университет дунёнинг “TOP-1000” олийгоҳи қаторига кириб, 601-800-ўринлар гуруҳидан жой олди.

Бу натижа шунчаки статистик кўрсаткич эмас, балки Ўзбекистон тиббий таълимининг халқаро мезонлар асосида муносиб баҳоланганидир. Шунингдек, бу — университетда кейинги йилларда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, таълим сифати, илмий муҳит ва халқаро ҳамкорлик фаолияти жаҳон экспертлари томонидан эътироф этилганининг амалий тасдиғидир.

Энг муҳими, университетнинг “Соғлиқ ва фаровонлик” (“SDG-3”) йўналиши бўйича “TOP-100” таликка кириб, дунёда 81-ўринни, Ўзбекистонда эса 1-ўринни эгаллаши тиббиёт соҳаси учун алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур йўналишда университетнинг клиник фаолияти, илмий тадқиқотлари, профилактика дастурлари, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари ҳамда қўшаётган амалий ҳиссаси комплекс баҳоланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, университет 2030 йилга мўлжалланган стратегик ривожланиш дастурида белгиланган муҳим мақсадлардан бирига муддатидан илгари — 2026 йилнинг ўзидаёқ эришди. Бу эса олийгоҳда қабул қилинган тараққиёт стратегияси изчил амалга оширилаётганидан далолат беради.

Университет ташкил этилганидан буён Марказий Осиёдаги энг йирик ва нуфузли тиббиёт олийгоҳи сифатида ўзининг улкан салоҳиятини намоён этиб келмоқда. Бугунги кунда университетда 4,5 мингга яқин профессор-ўқитувчи томонидан бакалавриатнинг 15 та таълим йўналиши, магистратуранинг 54 та мутахассислиги, клиник ординатуранинг 54 та мутахассислиги ҳамда докторантуранинг 42 та ихтисослиги бўйича 32 мингдан зиёд талабага таълим хизматлари кўрсатилмоқда.

Университетнинг инфратузилмаси замонавий ва ўзига хос бўлиб, ўз ичига 3 та кампус (бош кампус, педиатрия ва стоматология кампуслари), 3 та кўп тармоқли университет клиникаси, 3 та академик лицей, 2 та минтақавий филиални қамраб олган. Шунингдек, таркибида энг сўнгги русумдаги робот-симуляторлар, фантомлар ва зарур ўқув жиҳозлари билан таъминланган ўқув-симуляция марказлари, ахборот-ресурс марказлари, 10 та марказ, 11 та ўқув биноси, 14 та талабалар турар жойи, 13 та факультет ва 111 та кафедра мавжуд.

Англия, Германия, Литва, Италия, Корея, Туркия, Хитой каби мамлакатларнинг ўндан ортиқ вакилидан иборат Халқаро экспертлар кенгаши таъсис этилди. Университетнинг ташкилий тузилмаси, мавжуд ўқув дастурлари ва ўқув режаларини шакллантиришда уларнинг илғор хорижий тажрибага асосланган таклифлари, хулосалари ва тақризлари олиниб, таълим тизими қайта кўриб чиқилди. Бу жараёнда 6 та бакалавриат таълим йўналишининг ўқув режалари ва малака талаблари халқаро стандартларга мослаштирилди; ўқув дастурлари “TOP-300” таликка кирган ОТМларнинг дастурлари асосида такомиллаштирилди. “GIZ” (Германия), Любек университети (Германия) ва бошқа хорижий ҳамкорлар иштирокида илғор тажрибалар асосида компетенцияга йўналтирилган дастурлар ишлаб чиқилди.

Университет фаолиятини ривожлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида барча ўқув аудиториялари, маъруза заллари ҳамда илмий ва ўқув лабораториялари тўлиқ модернизация қилинди. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар, лаборатория реактивлари, фантом ва муляжлар билан жиҳозлаш орқали таълим жараёни ва илмий изланишларни чуқурлаштириш имконияти яратилди. Лабораториялар фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун методик йўриқномалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Таълим жараёни тубдан трансформация қилинди: кредит-модуль тизими, замонавий педагогик технологиялар, виртуал лабораториялар, “VR/AR” технологиялари, робот-симуляторлар ва сунъий интеллектга асосланган интерактив платформалар жорий этилди.

Университетда дуал таълим тизими йўлга қўйилиши натижасида талабалар назарий билимларни аудиторияда олиб, амалий кўникмаларини бевосита университетнинг клиник базалари ҳисобланган тиббиёт муассасаларида ўзлаштириш ва мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдилар. Университетнинг клиник базалари сони кенгайтирилиб, таълим жараёни республикамизнинг етакчи тиббиёт марказлари (университет клиникалари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, шаҳар ва вилоят шифохоналари, оилавий поликлиникалар, хусусий шифохоналар, санитария-эпидемиология осойишталиги ташкилотлари)нинг юқори технологияли лабораториялари ва клиник материалларидан самарали фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида таълим сифати ва битирувчиларнинг касбий тайёргарлик даражаси сезиларли даражада ошди.

Университетнинг халқаро майдондаги нуфузи ва мавқеи тобора юксалиб бормоқда. Бугунги кунда 190 та хорижий университет ва тиббиёт маркази билан ҳамкорлик ўрнатилган, 27 та таълим йўналиши Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси талаблари асосида халқаро аккредитациядан ўтган, хорижий ҳамкорлар билан 37 та қўшма таълим дастури амалга оширилмоқда. 30 дан ортиқ давлатдан келган 3,5 мингдан зиёд хорижлик талаба университетимизда таҳсил олмоқда.

Университетда амалга оширилган ислоҳотлар — таълим дастурларининг халқаро стандартларга мослаштирилиши, хорижлик профессорларни жалб этиш, рақамли технологиялар ва симуляцион ўқитишнинг жорий этилиши, шунингдек, нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорликнинг кенгайтирилиши натижасида олийгоҳ битирувчилари нафақат миллий, балки халқаро меҳнат бозори талабларига ҳам тўлиқ жавоб бера оладиган мутахассислар бўлиб етишмоқда. Буларнинг барчаси университет фаолиятининг барча йўналишлари халқаро стандартларга изчил мослаштирилаётгани ва кенг жорий қилинаётганидан далолат беради.

Халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш тасодиф ёки қисқа муддатли кампания маҳсули эмас. Бу — йиллар давомида шаклланган тараққиёт стратегияси, аниқ режалаштирилган бошқарув ва тизимли меҳнатнинг натижасидир. Тошкент давлат тиббиёт университетининг “THE Impact Rankings-2026” рейтингидаги муваффақияти ҳам айнан шу тамойилларга таянган ҳолда қўлга киритилди.

Сўнгги йилларда университет ўз олдига фақат малакали шифокор тайёрлаш вазифасини эмас, балки халқаро миқёсда рақобатбардош илмий-таълим марказини шакллантириш мақсадини қўйди. Бу эса таълим мазмунини янгилаш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш, клиник амалиётни такомиллаштириш ва бошқарув тизимини замон талаблари асосида ислоҳ қилишни талаб этарди.

Аввало, таълим жараёни рақамли технологиялар билан бойитилди. Симуляцион марказлар ташкил этилди, виртуал таълим платформалари жорий қилинди, сунъий интеллект элементларини тиббий таълимга татбиқ этиш бўйича дастлабки қадамлар ташланди. Бу ўзгаришлар талабаларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш имкониятларини янада кенгайтирди.

Шу билан бирга, университет халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият берди. Академик мобиллик дастурлари кенгайди, хорижлик профессорлар иштирокида маърузалар ва маҳорат дарслари ташкил этилди, қўшма илмий тадқиқотлар кўлами ортди. Бу эса профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун халқаро тажрибани ўзлаштириш имкониятини яратди.

Бироқ университет тараққиётининг энг муҳим омили — илм-фанга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгарганидир. Илмий фаолият энди фақат диссертация ёзиш ёки мақола чоп этиш билангина чекланиб қолмайди. Университетда илмий ғоянинг амалиётга татбиқ этилиши, тадқиқот натижаларининг клиник фаолиятга жорий қилиниши ва уларнинг жамият саломатлигига хизмат қилиши асосий мезон сифатида қаралмоқда.

Айни пайтда университетда фундаментал ва амалий тиббиёт интеграцияси кучайиб, тиббиётнинг долзарб муаммоларига инновацион ечимлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ёндашув нафақат илмий самарадорликни оширмоқда, балки университетнинг халқаро илмий майдондаги нуфузини ҳам мустаҳкамламоқда.

Таълим, илм-фан ва клиник амалиётни бир бутун тизим сифатида ривожлантириш орқали Тошкент давлат тиббиёт университети ўзининг стратегик тараққиёт моделини шакллантирди. Бугун халқаро рейтингларда қайд этилаётган натижалар ана шу моделнинг самарадорлигини яққол тасдиқламоқда.

Ҳар қандай университетнинг ҳақиқий қудрати унинг бинолари ёки моддий базаси билан эмас, балки инсон капитали билан ўлчанади. Дунёнинг энг нуфузли университетлари тарихи шуни кўрсатадики, илмий мактаблар, кучли профессорлар ва улар тарбиялаган шогирдлар университет брендини шакллантиради. Тошкент давлат тиббиёт университетининг халқаро рейтингда эришган натижалари замирида ҳам, аввало, унинг интеллектуал салоҳияти мужассамдир.

Бугун университетда неврология, педиатрия, фармакология, жарроҳлик, оториноларингология, генетика, микробиология, биотиббиёт муҳандислиги, клиник тиббиёт ва фундаментал фанлар бўйича шаклланган илмий мактаблар муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бу мактаблар нафақат республика тиббиёти тараққиётига, балки халқаро илмий ҳамкорликнинг ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Сўнгги йилларда университетда илмий фаолиятни рағбатлантиришнинг янги механизми шаклланди. Профессор-ўқитувчиларнинг “Scopus” ва “Web of Science” халқаро маълумотлар базаларидаги нашрлари кўпайди, халқаро грантлар ва қўшма тадқиқотлар сони ортиб бормоқда. Бу жараён университетнинг жаҳон илмий ҳамжамияти билан интеграциясини янада мустаҳкамлади.

Бироқ интеллектуал салоҳиятни фақат мақолалар ёки диссертациялар сони билан ўлчаб бўлмайди. Университетнинг ҳақиқий бойлиги — бу устозлар тажрибасининг янги авлодга узатилиши, илмий мактаблар давомийлигининг таъминланиши ва ёш тадқиқотчиларнинг шаклланишидир.

Бу борада Тошкент давлат тиббиёт университетида илм-фанни оммалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олимлар ҳақидаги очерклар, ҳужжатли лавҳалар, илмий-маърифий лойиҳалар, профессорлар ҳафталиклари каби ташаббуслар университетнинг интеллектуал меросини кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилмоқда. Бу ишлар фақат ахборот тарқатишгина эмас, балки ёшларда илм-фанга ҳурмат уйғотади, устоз-шогирд анъанасини мустаҳкамлайди ва илмий муҳитнинг барқарор ривожланишига замин яратади.

Бугун халқаро рейтинглар айнан шу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки замонавий университетнинг вазифаси билим бериш билан чекланмайди. У илм яратади, инновация ишлаб чиқаради, жамият эҳтиёжларига жавоб беради ва келажак тараққиёти учун интеллектуал муҳитни шакллантиради. Тошкент давлат тиббиёт университети ана шу йўлни танлагани боис халқаро майдонда муносиб эътирофга сазовор бўлмоқда.

Бугун Тошкент давлат тиббиёт университетида фундаментал тадқиқотлар клиник амалиёт билан чамбарчас боғланмоқда. Янги илмий ғоя аввал лабораторияда туғилади, сўнгра клиник синовлардан ўтиб, такомиллашади ва фақат самарадорлиги тўлиқ исботлангандан кейингина беморлар ҳаётига татбиқ этилади.

Бу интеграция университет илмий-тадқиқот фаолиятининг асосий тамойилига айланган. Лабораторияда олиб борилаётган тадқиқотлар бевосита клиник муаммолардан келиб чиқмоқда, натижалар эса тезкорлик билан амалиётга жорий этилмоқда. Айнан шу ёндашув Тошкент давлат тиббиёт университетининг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишда энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Университетнинг илмий мактаблари нафақат янги билимлар яратиш, балки уларни соғлиқни сақлаш тизимига тезкорлик билан татбиқ этиш қобилиятини ҳам намойиш этмоқда.

Замонавий дунё университетлари олдида фақат билим бериш ва тадқиқот ўтказиш вазифасигина қолмаган. Бугунги кунда университет жамиятнинг долзарб муаммоларига ечим топиши, инновациялар яратиши, иқтисодиёт ва давлат тараққиётига бевосита ҳисса қўшиши лозим бўлган муҳим институтга айланди.

Тошкент давлат тиббиёт университетида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар айнан шу янгича талабларга жавоб беришга қаратилган. Таълим, илм-фан ва клиник амалиёт ягона, узвий тизим сифатида ривожлантирилмоқда. Бунинг натижасида университет нафақат малакали мутахассислар тайёрлаш, балки соғлиқни сақлаш соҳасидаги илғор ечимларнинг генераторига айланмоқда. Сунъий интеллект, рақамли тиббиёт, симуляцион технологиялар, халқаро ҳамкорлик ва инновацион лойиҳалар университетнинг келгуси тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларига айланди.

“THE Impact Rankings-2026” рейтингида эришилган муваффақият Тошкент давлат тиббиёт университети учун охирги чўққи эмас, балки янада юксак марралар сари қўйилган муҳим қадам, янги босқичдир.

Ушбу юқори натижа университетнинг илмий салоҳияти, инновацион ёндашуви ва жамиятга хизмат қилишга қаратилган фаолияти жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилганидан далолат беради. Шунингдек, бу — Янги Ўзбекистон тиббиётининг интеллектуал салоҳияти, кучли илмий мактаблари ва юқори даражадаги инсон капитали глобал миқёсда тобора кенг тан олинаётганининг ёрқин далилидир.

Тошкент давлат тиббиёт университети таълим, илм-фан ва амалиётнинг ҳамоҳанг ривожланиши орқали соғлом миллат ва тараққий этган Ўзбекистонни қуришга ўз муносиб ҳиссасини қўшаётган олийгоҳ сифатида бугун ўзининг янги тарихини ёзмоқда.

Халқаро рейтинглар университет тарихида янги саҳифа очади. Бироқ ҳар қандай эътироф, аввало, келажак олдидаги масъулиятни янада оширади. Чунки илм-фан рақобатида кечаги муваффақият бугунги устунликни кафолатламайди. Уни сақлаб қолиш учун изчил тараққиёт, янги ғоялар ва узлуксиз изланиш талаб этилади.

Тошкент давлат тиббиёт университетининг “THE Impact Rankings-2026” натижалари ҳам айнан шу ҳақиқатни тасдиқлади. Бу ютуқ бир йиллик меҳнат маҳсули эмас. У — йиллар давомида шаклланган илмий муҳит, стратегик бошқарув, профессор-ўқитувчиларнинг фидокорона меҳнати, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш сиёсати ва халқаро ҳамкорликнинг мантиқий самарасидир.

Бугун университетда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот — рақамли таълимдан тортиб, сунъий интеллект технологияларини жорий этишгача, фундаментал тадқиқотлардан халқаро илмий ҳамкорликкача бўлган барча жараёнлар ягона мақсадга хизмат қилмоқда. Бу мақсад — мамлакатимизда рақобатбардош тиббий таълимни шакллантириш, жаҳон илм-фани билан тенгма-тенг мулоқот қила оладиган олимлар ва мутахассисларни вояга етказишдан иборат.

Энг муҳими, университетда илм-фан фақат лаборатория ёки аудитория билан чекланиб қолмаяпти. У клиник амалиётга кириб бормоқда, соғлиқни сақлаш тизимига хизмат қилмоқда, жамият эҳтиёжларига жавоб берадиган илмий ечимларни яратмоқда. Бу эса замонавий университет фаолиятини баҳолайдиган энг муҳим мезондир.

Президентимиз раҳбарлигида олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар университетлар олдига мутлақо янги вазифаларни қўйди. Эндиликда университет фақат мутахассис тайёрлайдиган таълим маскани эмас, балки инновациялар, интеллектуал ғоялар ва илмий тараққиёт марказига айланиши лозим. Тошкент давлат тиббиёт университети бугун айнан шу йўлдан бормоқда.

2030 йилга мўлжалланган стратегик вазифаларнинг муҳим қисмига муддатидан илгари эришилгани ҳам университет жамоасининг юксак салоҳияти ва танланган тараққиёт йўли тўғри эканлигини кўрсатади. Бу эса келгусида халқаро марраларни забт этиш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

“THE Impact Rankings-2026” рейтингидаги бугунги натижа Тошкент давлат тиббиёт университетининг навбатдаги муваффақиятигина эмас. Бу — Янги Ўзбекистонда илм-фан, тиббий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг халқаро майдондаги муносиб эътирофи, миллий илмий мактаблар қудрати ва инсон капиталига берилган юксак баҳодир.

Зеро, университетнинг ҳақиқий нуфузи унинг деворлари билан эмас, балки етиштирган олимлари, яратган илмий мактаблари ва жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссаси билан ўлчанади. Тошкент давлат тиббиёт университетининг бугунги ютуғи эса ана шу юксак мезоннинг ёрқин ифодасидир.

Шуҳрат БОЙМУРОДОВ,

Тошкент давлат тиббиёт университети ректори,

тиббиёт фанлари доктори,

профессор.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − 10 =