Ўзбекистон кимё саноати: юксалиш истиқболлари

Соҳада Тошкент кимё-технология институтининг ўрни

Кимё саноати иқтисодиётнинг таянч тармоқларидан бири ҳисобланади. Унинг маҳсулотлари қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, қурилиш, энергетика, транспорт, тиббиёт, электроника ҳамда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш соҳаларида кенг қўлланилади. Жаҳон кимё саноати бозори бир неча триллион долларга баҳоланади ва унинг ўсиш суръатлари саноатнинг ўртача ўсиш кўрсаткичларидан юқори бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон учун мазкур тармоқ ўзининг бой хомашё базаси туфайли алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, шу билан бирга кенг кўламли модернизацияни талаб қилади.

Соҳанинг катта салоҳиятига қарамасдан, кимё комплекси узоқ йиллар давомида мамлакат саноатининг бошқа тармоқларига нисбатан секин ривожланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2026 йил 2 июнь куни ўтказилган кимё саноатини жадал ривожлантиришга бағишланган йиғилиш маълумотларига кўра, сўнгги тўққиз йилда мамлакат саноати ўртача йиллик 6,3 фоизга ўсган бўлса, кимё саноатида мазкур кўрсаткич 3 фоиздан камни ташкил этган. Шу давр мобайнида тармоққа 8,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб қилинган, 87 та йирик ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган ҳамда кўпиртирилган полипропилен, BOPP – плёнка ва “яшил” водород каби 60 дан ортиқ юқори технологик маҳсулот турлари ўзлаштирилган.

Бироқ кимёвий маҳсулотлар импорти қарийб тўрт баробар ошиб, йилига 4,1-4,5 миллиард АҚШ долларига етган.

Шу муносабат билан умумий қиймати қарийб 17 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 350 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш ва “Ўзкимёсаноат” АЖни институционал трансформация қилиш вазифаси белгиланган. Бу эса тармоқни “газ → ўғит” модели асосидаги ривожланишдан “хомашё – юқори қўшилган қийматли маҳсулот” моделига ўтишини англатади.

Ресурс базаси: ҳақиқий устунликлар ва чекловлар

Ўзбекистон табиий газнинг йирик захиралари, шунингдек, калий ва фосфорит рудалари, олтингугуртли хомашё ҳамда углеводород ресурсларига эга мамлакат ҳисобланади. Кимёвий маҳсулотлар таннархида хомашё ва энергия харажатларининг улуши 40-90 фоизни ташкил этиши мумкинлиги сабабли, миллий ресурслар билан таъминланганлик тармоқ рақобатбардошлигининг муҳим омили ҳисобланади. Бироқ мамлакатнинг ресурс устунликларини мутлақ афзаллик сифатида баҳолаш тўғри эмас, чунки ҳар бир ресурс тури муайян иқтисодий ва технологик чекловларга ҳам эга.

Табиий газ: устунликдан чекловгача

Кўп йиллар давомида арзон табиий газ Ўзбекистон газ-кимё саноати ҳамда азотли ўғитлар ишлаб чиқаришнинг асосий драйвери бўлиб хизмат қилди. Аммо кейинги йилларда вазият тубдан ўзгарди. Ички истеъмолнинг ортиши натижасида мамлакат табиий газнинг нетто импортчисига айланди. Қиш ойларида газ таъминотидаги босимнинг пасайиши ва тақчиллик ҳолатлари саноат корхоналарини барқарор газ билан таъминлашни қийинлаштирмоқда.

Бугунги кунда мамлакатда тахминан 1,5 миллион тонна аммиакли селитра ишлаб чиқарилиб, бунинг учун қарийб 1,07 миллиард куб метр табиий газ сарфланади. Шу билан бир вақтда ривожланган давлатларда селитрадан босқичма-босқич воз кечилиб, карбамид ва сувда эрийдиган юқори самарали ўғитларга ўтиш тенденцияси кузатилмоқда. Шу сабабли арзон газни узоқ муддатли ва мутлақ рақобат устунлиги сифатида баҳолаш мумкин эмас. Газ-кимё саноатининг самарадорлиги тобора кўпроқ энергия тежамкорлиги ва ресурслардан оқилона фойдаланиш даражасига боғлиқ бўлиб бормоқда.

Минерал хомашё: фосфор заиф бўғин сифатида

Мавжуд ресурс базаси назарий жиҳатдан минерал ўғитларнинг барча асосий турларини ишлаб чиқариш имконини беради. Азотли ўғитлар табиий газ асосида, калийли ўғитлар калий тузлари конлари негизида, фосфорли ўғитлар эса фосфорит хомашёси ҳисобидан ишлаб чиқарилиши мумкин.

Шу билан бирга, тармоқнинг энг заиф нуқтаси фосфор хомашёси ҳисобланади. Марказий Қизилқум фосфоритлари, асосан, паст навли рудалардан иборат бўлиб, уларни саноатда қўллаш учун қимматбаҳо бойитиш жараёнлари талаб этилади. Бу ҳолат тарихан мамлакатда фосфорли ўғитлар ишлаб чиқаришининг ривожланишини чеклаб келган. Натижада мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқариш қувватлари чекланган бўлиб, кўплаб технологик линиялар ҳам модернизацияга муҳтож.

Шу сабабли мамлакатнинг барча турдаги минерал хомашё билан тўлиқ таъминланганлиги ҳақидаги фикрни шартли равишда қабул қилиш мумкин. Амалда Ўзбекистон азотли ўғитлар ва базавий газ-кимё маҳсулотлари бўйича яхши ресурс базасига эга бўлса-да, юқори сифатли фосфат хомашёси бўйича муайян танқислик сақланиб қолмоқда.

Асосий муаммо: хомашёни қайта ишлаш чуқурлигининг етарли эмаслиги

Ўзбекистон кимё саноатининг асосий муаммоси хомашё ресурсларининг етишмаслиги эмас, балки уларни қайта ишлаш чуқурлигининг пастлигидир. Мамлакат табиий газ, олтингугурт, фосфатлар ва полимер хомашёсини, асосан, бирламчи ёки иккинчи босқич қайта ишлаш даражасида қайта ишлаб, кейинчалик юқори қўшилган қийматга эга бўлган тайёр кимёвий маҳсулотларни импорт қилишга мажбур бўлмоқда.

Хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар экспорти нисбатан паст даромад келтиради ҳамда халқаро бозорлардаги энергия ресурслари нархларининг ўзгаришига юқори даражада боғлиқ бўлади. Аксинча, қайта ишлаш занжирининг кейинги босқичларига ўтиш билан маҳсулотнинг қўшилган қиймати ортиб боради ва корхоналарнинг ташқи конъюнктурага қарамлиги камаяди.

Тармоқ ривожланишини чеклаётган қўшимча омиллардан бири транспорт харажатларининг юқорилигидир. Ўзбекистоннинг денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятининг мавжуд эмаслиги экспорт логистикасини қимматлаштиради ва маҳсулотларнинг узоқ бозорларда рақобатбардошлигини пасайтиради. Шу сабабли мамлакат учун хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни, биринчи навбатда, Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Хитойнинг чегарадош ҳудудларига етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан мақбул ҳисобланади.

Кимёвий маҳсулотлар импортининг таркиби

Ҳозирги вақтда мамлакатга импорт қилинаётган кимёвий маҳсулотларнинг умумий ҳажми йилига тахминан 4,1-4,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Импортнинг асосий қисми мамлакатда ҳали етарли даражада ишлаб чиқарилмаётган юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга тўғри келади.

Бундай маҳсулотларнинг энг йирик гуруҳи полимерлар ва пластмасса материалларидир. Улар қаторига махсус турдаги полиэтилен ва полипропилен маркалари, инженерлик пластиклари, ABS-пластиклар, полиуретанлар, поликарбонатлар, ПЭТ-гранулалар, полимер компаундлар ва синтетик каучуклар киради.

Агрокимё соҳасида гербицидлар, инсектицидлар, фунгицидлар, уруғлик протравителлари, биостимуляторлар, микроэлементли ва хелатли ўғитлар ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари учун фаол моддалар импорт қилинади.

Маиший кимё сегментида кир ювиш воситалари, шампунлар, геллар, тиш пасталари, гигиена воситалари, тозаловчи ва дезинфекцияловчи маҳсулотлар устунлик қилади.

Лак-бўёқ маҳсулотлари ва қурилиш кимёси соҳасида саноат бўёқлари, кукунли қопламалар, эпоксид ва полиуретан тизимлари, герметиклар, елимлар, гидроизоляция материаллари ва турли қурилиш қўшимчалари импорт қилинади.

Тўқимачилик кимёси таркибида реактив ва дисперс бўёқлар, оқартирувчилар, аппретлар, силикон қўшимчалари ҳамда бўяш жараёни учун махсус реагентлар муҳим ўрин тутади.

Фармацевтика саноати учун турли субстанциялар (“API”), синтез оралиқ маҳсулотлари, тиббий ва лаборатория реагентлари четдан олиб келинади.

Энг юқори қўшилган қийматга эга сегмент махсус саноат ­кимёси ҳисобланади. Бу тоифага катализаторлар, флотация реагентлари, коррозия ингибиторлари, бурғилаш реагентлари ҳамда турли функционал қўшимчалар киради.

Ноорганик кимё маҳсулотлари орасида каустик сода, калий гидроксиди, пероксидлар, карбидлар, титан диоксиди, юқори тозаликдаги фосфатлар ва пигментларнинг айрим турлари импорт қилинади.

Импорт ўрнини босишнинг устувор йўналишлари

Эксперт баҳоларига кўра, Ўзбекистонда импорт ўрнини босиш бўйича энг катта салоҳият қуйидаги соҳаларда мавжуд:

Ушбу йўналишларнинг аксарияти мамлакатда мавжуд хомашё базаси, шаклланган саноат инфратузилмаси ва ички бозор эҳтиёжларига таянади. Шу сабабли улар импорт ўрнини босиш ва экспорт салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан стратегик аҳамият касб этади.

Кимё саноатини ривожлантиришдаги институционал чекловлар

Ўзбекистон кимё саноатида мавжуд табиий ресурслар ва ишлаб чиқариш салоҳияти узоқ вақт давомида юқори рақобатбардош маҳсулотларга тўлиқ айлантирилмади. Бу ҳолатнинг асосий сабаби ресурслар етишмаслиги эмас, балки институционал муҳитнинг етарли даражада самарали шаклланмаганлиги билан изоҳланади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, соҳада арзон хомашё ва энергия ресурсларидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган шароитда ҳам экспорт кўрсаткичлари ва маҳсулотлар диверсификацияси кутилган даражага етмаган. Бу эса муаммо ресурслар ҳажмида эмас, балки улардан фойдаланиш самарадорлигида эканлигини кўрсатади.

Кўп йиллар давомида тармоқни бошқариш тизимида давлатнинг тартибга солувчи функциялари билан хўжалик юритувчи субъектларнинг функциялари ўзаро аралашиб кетган эди. Бир томондан, давлат соҳани тартибга солувчи орган сифатида иштирок этган бўлса, иккинчи томондан, йирик ишлаб чиқариш активларининг асосий қисми ҳам давлат назоратида сақланиб қолган. Бу ҳолат бозор механизмларининг тўлиқ ишлашига тўсқинлик қилиб, хусусий сектор иштирокини чеклаб келди.

Натижада рақобат муҳити етарлича шаклланмади, инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари чекланди ва корхоналарни модернизация қилиш учун иқтисодий рағбатлар сусайди. Маъмурий нарх белгилаш амалиёти, айрим ресурслар бўйича имтиёзли тақсимот ва ўзаро субсидиялаш механизмлари бозорда нархлар номутаносиблигини келтириб чиқарди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятини трансформация қилиш вазифаси тармоқ ривожланишининг ҳал қилувчи босқичларидан бири ҳисобланади. Бу жараён давлатнинг тартибга солувчи функцияларини ишлаб чиқариш фаолиятидан ажратиш, корпоратив бошқарувнинг халқаро стандартларини жорий этиш ва бозор иқтисодиёти тамойилларини чуқурлаштиришга қаратилган.

Тармоқнинг барқарор ривожланиши учун ҳуқуқий ва институционал муҳитнинг шаффофлиги алоҳида аҳамият касб этади. Инвесторлар учун тушунарли ва прогноз қилинадиган норматив-ҳуқуқий база, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари, давлат-хусусий шериклик механизмларининг ривожланганлиги ҳамда хусусийлаштириш жараёнларининг очиқлиги соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширади.

Шу билан бирга, замонавий стандартлаштириш ва сертификатлаштириш инфратузилмасини шакллантириш, тармоқ статистикасининг ишончлилигини таъминлаш ва соҳавий уюшмалар фаолиятини ривожлантириш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади. Айнан шу институционал ислоҳотлар кимё саноатининг технологик модернизацияси учун зарур шароитларни яратиб беради.

Мавжуд ишлаб чиқариш инфратузилмаси

Ўзбекистон кимё саноатининг асосий ишлаб чиқариш қувватлари ХХ асрнинг 1940-1960 йилларида шаклланган бўлиб, уларнинг аксарияти табиий газни қайта ишлаш ва азотли ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Бугунги кунда тармоқнинг таянч корхоналари қаторига “Навоийазот” АЖ, “MAXAM-Чирчиқ”, “Фарғонаазот”, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калий ўғитлари заводи ҳамда “Indorama Kokand Fertilizers” каби корхоналар киради. Газ-кимё соҳасида эса Шўртан газ-кимё мажмуаси ва “Uzbekistan GTL” комплекси мамлакатнинг стратегик аҳамиятга эга ишлаб чиқариш объектлари ҳисобланади.

Мазкур корхоналар мамлакатнинг минерал ўғитларга бўлган ички эҳтиёжини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга улар кимё маҳсулотлари экспортининг асосий қисмини ҳам шакллантиради.

Бироқ соҳадаги кўплаб ишлаб чиқариш қувватлари маънавий ва жисмоний жиҳатдан эскирган. Бу ҳолат энергия сарфининг юқорилигига, ишлаб чиқариш харажатларининг ортишига ҳамда меҳнат унумдорлигининг пасайишига олиб келмоқда.

Кўплаб ҳолатларда муаммони ҳал қилишнинг энг самарали йўли янги завод қуриш эмас, балки мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ҳисобланади. Чунки мавжуд корхоналар муҳандислик-коммуникация тармоқлари, транспорт инфратузилмаси ва тайёр ишлаб чиқариш майдонларига эга. Бу эса инвестиция харажатларини қисқартириш ва лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини тезлаштириш имконини беради.

Шу билан бирга, тармоқда хусусий сектор иштироки ҳам тобора ортиб бормоқда. Айниқса, лак-бўёқ маҳсулотлари, полимер буюмлар, қурилиш материаллари, изоляция маҳсулотлари, автомобиль бутловчи қисмлари ва маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида хусусий компаниялар фаолияти кенгаймоқда.

Хусусий капитал иштирокининг ўсиши рақобат муҳитини кучайтириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш учун муҳим омил ҳисобланади.

Маҳсулотлар турини кенгайтириш ва чуқур қайта ишлашнинг устувор йўналишлари

Ўзбекистон кимё саноатини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегик мақсади хомашё экспорт қилувчи иқтисодиёт моделидан юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи саноат моделига ўтишдан иборат. Бугунги кунда тармоқ асосан “газ – ўғит” занжирига таянаётган бўлса, келгусида “хомашё – базавий кимё – оралиқ маҳсулот – тайёр маҳсулот” занжирини шакллантириш устувор вазифага айланмоқда.

Мамлакатдаги табиий газ, азотли ва фосфорли хомашё, калий тузлари, олтингугурт, каолин ва углеводород ресурслари ушбу мақсадни амалга ошириш учун мустаҳкам ресурс базасини яратади. Ушбу ресурслар негизида ўзаро боғлиқ бўлган олтита асосий ривожланиш йўналишини шакллантириш мумкин.

Чуқур газ-кимё ва нефть-кимё маҳсулотлари

Энг юқори иқтисодий самара берувчи йўналишлардан бири табиий газни чуқур қайта ишлаш ҳисобланади. Бу соҳада метанол ва унинг ҳосилалари, формальдегид смолалари, меламин, метил-трет-бутил эфир (MTBE), полипропилен, полиэтилен, акрил кислотаси, суперабсорбентлар, поливинилхлорид (ПВХ), полиоллар ва бошқа юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бир тонна табиий газдан олинадиган қўшилган қиймат метанол ва полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш босқичларида бир неча баробар ортиб боради. Шу сабабли келажакда экспорт таркибида хомашё улушини қисқартириб, юқори технологик полимер маҳсулотлар улушини ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш

Ўзбекистонда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш анъанавий равишда азотли ўғитларга ихтисослашган. Бироқ замонавий агротехнологиялар сувда эрийдиган, микроэлементли, хелатли ва махсус мақсадли ўғитларга бўлган талабни жадал оширмоқда.

Шу муносабат билан карбамид, “NPK”-комплекс ўғитлар, сувда тўлиқ эрийдиган ўғитлар, томчилатиб суғориш тизимлари учун махсус композициялар, гидропоника маҳсулотлари ҳамда боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари учун юқори самарали ўғитлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадга мувофиқдир.

Бу нафақат ички бозор эҳтиёжларини таъминлаш, балки Марказий Осиё давлатларига экспорт ҳажмини ошириш имконини ҳам яратади.

Полимерларни чуқур қайта ишлаш

Полимерлар ишлаб чиқаришдан кўра уларни чуқур қайта ишлаш иқтисодий жиҳатдан анча юқори даромад келтиради. Шу сабабли полимер гранулалар экспортидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш муҳим аҳамият касб этади.

Бу соҳада қувурлар, фитинглар, қишлоқ хўжалиги плёнкалари, геомембраналар, иссиқхона материаллари, кабель изоляцияси, қурилиш профиллари, қоплаш материаллари, қадоқлаш маҳсулотлари ва турли композит материаллар ишлаб чиқариш истиқболли йўналишлар ҳисобланади.

Мазкур сегмент мамлакатда импорт ўрнини босиш бўйича энг катта иқтисодий салоҳиятга эга соҳалардан бири ҳисобланади.

Қурилиш кимёси

Сўнгги йилларда мамлакатда қурилиш соҳасининг жадал ривожланиши қурилиш кимёси маҳсулотларига бўлган талабни кескин оширди.

Қуруқ аралашмалар, плитка елимлари, гидроизоляция материаллари, герметиклар, бетон қўшимчалари, пластификаторлар, фасад тизимлари, иссиқлик изоляцияси материаллари, саноат бўёқлари ва антикоррозион қопламалар ички бозорда юқори талабга эга маҳсулотлар ҳисобланади.

Маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш импорт ҳажмини қисқартириш ва қурилиш индустрияси рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.

Маиший ва санитария-гигиена кимёси

Аҳоли даромадларининг ўсиши ва урбанизация жараёнлари маиший кимё маҳсулотлари бозорининг кенгайишига олиб келмоқда.

Кир ювиш воситалари, шампунлар, суюқ совунлар, идиш ювиш воситалари, дезинфекцияловчи воситалар, косметик маҳсулотлар, тиббиёт ва озиқ-овқат саноати учун махсус тозалаш воситалари мамлакатда кенг талаб қилинаётган маҳсулотлар ҳисобланади.

Ушбу соҳада кичик ва ўрта бизнес субъектлари иштирокини кенгайтириш орқали тез натижага эришиш мумкин.

Янги авлод агрокимё маҳсулотлари

Замонавий қишлоқ хўжалиги юқори самарали агрокимёвий маҳсулотлардан фойдаланишни талаб қилмоқда.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, биостимуляторлар, ўсиш регуляторлари, сорбентлар, фертигация препаратлари, агроплёнкалар ва томчилатиб суғориш материаллари ушбу йўналишнинг асосий маҳсулотлари ҳисобланади.

Аграр секторнинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамиятини ҳисобга олганда мазкур сегмент келгусида кимё саноатининг энг тез ўсувчи тармоқларидан бири бўлиши кутилмоқда.

2030 йилгача белгиланган мақсадли кўрсаткичлар

Давлат дастурларига мувофиқ 2030 йилга қадар:

– азотли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2,8 млн тоннадан 4 млн тоннага;

– фосфорли ўғитлар ишлаб чиқаришни 400 минг тоннадан 900 минг тоннага;

– сувда эрийдиган ўғитлар ишлаб чиқаришни 100 минг тоннадан 400 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Бу мақсадларга эришиш учун яқин йилларда умумий қиймати 2,8 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 42 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Умуман олганда, тармоқ ривожланишининг энг самарали модели йирик кимё корхоналари атрофида хомашёни чуқур қайта ишлаш кластерларини шакллантиришдан иборат. Бундай ёндашув саноат кооперациясини кучайтириш, қўшилган қийматни ошириш ва юқори технологияли маҳсулотлар экспортини кенгайтириш имконини беради.

Таълим муассасасидан миллий технологиялар трансфери марказигача

Ўзбекистон кимё саноати олдида турган стратегик вазифаларни амалга ошириш нафақат инвестициялар ва замонавий технологияларни, балки юқори малакали инсон капиталини ҳам талаб қилади. Шу нуқтаи назардан Тошкент кимё-технология институти мамлакатнинг кимё саноати учун кадрлар тайёрловчи анъанавий олий таълим муассасаси мақомидан миллий инновацион ривожланиш марказига айланиши лозим.

2026 йилдан бошлаб мамлакатда амалга оширилаётган янги ёндашувга мувофиқ, соҳага ихтисослашган олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари аниқ инвестиция лойиҳаларига бириктирилмоқда. Бу эса таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқиш имконини яратмоқда.

Тошкент кимё-технология институти учун энг мақбул ривожланиш модели қуйидаги инновацион занжир асосида шаклланиши мумкин:

“Университет – Илмий лаборатория – Пилот қурилма – “Spin-off” компания – Саноат корхонаси”

Мазкур ёндашув институтда яратилган илмий натижаларни тўғридан-тўғри иқтисодиётга жорий этиш имконини беради ҳамда институтнинг “Research University” моделига трансформациясини таъминлайди.

Икки хил, аммо ўзаро боғлиқ миссия

Тошкент кимё-технология институти олдида турган вазифаларни шартли равишда икки катта йўналишга ажратиш мумкин.

Биринчи йўналиш импорт ўрнини босиш ва кичик инновацион корхоналарни ривожлантириш билан боғлиқ. Бу йўналишда асосий эътибор тайёр формуляциялар, аралаштириш технологиялари, маиший кимё маҳсулотлари, агрокимё воситалари ва қурилиш кимёси маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилади.

Иккинчи йўналиш эса фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларга асосланган юқори технологияли маҳсулотлар яратиш билан боғлиқ. Бу махсус кимё, биотехнология, нанокимё, рақамли кимё технологиялари ва “Кимё 4.0” соҳаларини қамраб олади.

Ушбу икки миссия бир-бирини тўлдиришига қарамасдан, уларнинг бошқарув механизми, молиялаштириш манбалари ва баҳолаш мезонлари турлича бўлиши лозим.

Биринчи йўналишнинг натижаси янги иш ўринлари ва кичик бизнес субъектлари бўлса, иккинчи йўналишнинг натижаси патентлар, лицензиялар, юқори рейтингли илмий мақолалар ва юқори технологияли стартаплар ҳисобланади.

Импорт ўрнини босишга қаратилган кичик кимё ишлаб чиқаришлари дастури

Ўзбекистон шароитида қисқа муддатда юқори иқтисодий самарага эришишнинг энг мақбул йўли катта заводлар қуриш эмас, балки йирик саноат корхоналари атрофида кичик ва ўрта кимё ишлаб чиқаришлари экотизимини шакллантириш ҳисобланади.

Бундай корхоналарнинг инвестиция ҳажми, одатда, 0,5-10 миллион АҚШ долларини ташкил этади ва уларнинг аксарияти 1-3 йил ичида ўзини оқлаши мумкин.

Тошкент кимё-технология институти ҳузурида ташкил этиладиган “100 кимёвий стартап” дастури қуйидаги еттита кластер асосида шакллантирилиши мумкин.

Агрокимё ва ўғитлар кластери

Бу кластер микроэлементли хелат ўғитлар, борли ва кремнийли ўғитлар, сувда эрийдиган “NPK” маҳсулотлари, гидропоника учун озиқ муҳитлари, гуматлар, фульвокислоталар, биостимуляторлар ва органоминерал ўғитлар ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.

Маиший ва профессионал кимё кластери

Суюқ совунлар, шампунлар, идиш ювиш воситалари, универсал тозалаш воситалари, кир ювиш геллари, кондиционерлар, антисептиклар, дезинфекцияловчи маҳсулотлар ва меҳмонхона ҳамда тиббиёт муассасалари учун махсус кимёвий воситалар мазкур кластернинг асосини ташкил этади.

Қурилиш кимёси кластери

Плитка елимлари, гидроизоляция материаллари, бетон қўшимчалари, пластификаторлар, герметиклар, фасад тизимлари, ёнғинга қарши ва коррозияга қарши қопламалар ушбу йўналишнинг асосий маҳсулотлари ҳисобланади.

Полимерлар ва композит материаллар кластери

Полимер компаундлар, мастербатчлар, агроплёнкалар, геомембраналар, биоразложувчи қадоқлаш материаллари, маҳаллий хомашё асосидаги композитлар ва фильтрлаш материаллари ишлаб чиқариш назарда тутилади.

Сувни тозалаш ва экология кластери

Коагулянтлар, флокулянтлар, сорбентлар, мембраналар, сув тозалаш реагентлари, биологик препаратлар ва экологик мониторинг воситалари ушбу кластер таркибига киради.

Тўқимачилик ва махсус кимё кластери

Тўқимачилик ёрдамчи кимёвий моддалари, силикон композициялари, антистатиклар, бўёқ мустаҳкамлагичлари, флотация реагентлари ва коррозия ингибиторлари мазкур йўналишнинг асосини ташкил этади.

Биотехнология ва “FoodTech” кластери

Фермент препаратлари, пробиотиклар, функционал озиқ-овқат ингредиентлари, биоконсервантлар ва биоқадоқлаш материаллари ушбу кластернинг истиқболли маҳсулотлари ҳисобланади.

“Research University” моделига ўтишнинг аҳамияти

Тошкент кимё-технология институтининг келгуси ривожланиш стратегияси оддий таълим муассасаси мақомидан илмий-тадқиқот университети мақомига ўтишни назарда тутади.

Бу жараёнда университетнинг асосий вазифаси тайёр билимларни узатиш эмас, балки янги билимлар, технологиялар ва инновацион маҳсулотлар яратишдан иборат бўлади.

Шу мақсадда институтда:

– “Pilot Plant Center”;

– “Industrial PhD” дастурлари;

– Кичик тоннажли кимё маркази;

– Импорт ўрнини босиш маркази;

– Венчур жамғармаси;

– Инжиниринг компаниялари;

– Халқаро қўшма лабораториялар тизимли равишда ташкил этилиши лозим.

Ушбу инфратузилма институтимизни 2035 йилга бориб Марказий Осиёдаги етакчи кимё-технологик “Research University” даражасига олиб чиқиш учун хизмат қилади.

Ботир УСМОНОВ,

Тошкент кимё-технология институти

ректори.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + fourteen =