Ватан мадҳи
Зувалам ийланиб қорилган тупроқ,
Бағрингда топишди мана жон ва тан.
Улуғ кечмишингда бўлиб бир урпоқ,
Борим ҳам, йўғим ҳам сен билан, Ватан!
Сен шундай муҳташам, шундай муаззам,
Ҳаволаринг ҳарир, сувларинг зам-зам,
Тавоф қилмоқ керак сени мунтазам,
Борим ҳам, йўғим ҳам сен билан, Ватан!
Сенда шаҳид бобом табаррук қони,
Момом юрак доғи, озурда жони.
Отамни ўртаган йиллар армони,
Борим ҳам, йўғим ҳам сен билан, Ватан!
Мушфиқу мунаввар, азизим онам,
Етти иқлим аро танҳо, ягонам.
Кўзларни куйдирган ноёб дурдонам,
Борим ҳам, йўғим ҳам сен билан, Ватан!
Магар олисларда бўлсам овора,
Соғинчимга зор-зор изларман чора,
Қуёшим ўзингсан, мен-чи сайёра,
Борим ҳам, йўғим ҳам сен билан, Ватан!
Широқдан ўргандим: ҳаёт йўқ сенсиз,
Бу тақдир ҳикмати ибратдир тенгсиз —
Юртга фидо умр барҳаёт, сўнгсиз,
Борим ҳам, йўғим ҳам сен билан, Ватан!
Оламда сен каби маъво кўрмасман,
Ҳижронда дардимга даво кўрмасман.
Боламдан ўзгага раво кўрмасман,
Борим ҳам, йўғим ҳам сен билан, Ватан!
Сирожиддин Рауф
