Навоий аэропорти: мақсад – евроосиёнинг йирик карго марказига айлантириш

Бугун Янги Ўзбекистон олдида турган энг муҳим вазифалардан бири — мамлакатнинг географик ўрнини иқтисодий устунликка айлантириш. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарбни боғловчи йирик транспорт хабига айланиши учун кенг имкониятларга эга диёр.

Мамлакат ҳудудидан халқаро аҳамиятга молик 4 минг километр транзит йўлаклари ўтади. Энг муҳими, Давлатимиз раҳбари бу имкониятлардан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётганини очиқ айтиб, зиммамизга халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, логистика марказлари тармоғини кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш ва хусусий сектор учун қулай шароит яратиш вазифасини белгилаб бердилар.

Ана шу кенг кўламли вазифалар тизимида Навоий халқаро аэропортининг ўрни алоҳида. Бу борада Давлатимиз раҳбари аэропорт фаолияти самарадорлигини ошириш, уни лойиҳавий бошқарув тамойиллари асосида ривожлантириш, инфратузилма ва терминалларни модернизация қилиш, жараёнларни рақамлаштириш бўйича тақдимот билан танишиб, у бўйича аниқ вазифалар асосида ишлаш, шу билан бирга, мавжуд қувватлардан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётганини ҳам очиқ қайд этган эди. Бу — биз учун орқага қараш эмас, аксинча, имкониятни натижага айлантириш учун берилган аниқ йўналишдир.

Муҳтарам Президентимизнинг яна бир муҳим ташаббуслари — Навоий аэропортига маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан йўловчи ва юк ташиш, транзит ҳамда техник қўнишлар бўйича мустақил музокаралар олиб бориш ва шартномалар тузиш ҳуқуқини бериши бўлди. Бу аэропорт олдида янги масъулият билан бирга янги услубда ишлаш имкониятини ҳам очади. Энди натижа авиакомпаниялар сони, йўналишлар, юк оқими, хизматлар сифати ва тижорат самарадорлиги билан ўлчанади.

Бугунги Навоий халқаро аэропорти ана шу янги босқични қабул қилиш учун етарлича мустаҳкам техник базага эга. Аэродром ҳудудимиз 480 гектарни ташкил этади, учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 4000 метр, ҳаво кемалари учун 15 та тўхташ майдони мавжуд. Бу кўрсаткичлар йирик, шу жумладан, юк ташувчи ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун муҳим асосдир.

Рақамлар ҳам ўзгариш суръатини кўрсатмоқда. 2026 йилнинг февраль-июль ойлари бўйича алоҳида ҳисобот натижалари ҳам ижобий ўсишни тасдиқлайди. Ушбу даврда 784 та рейсга хизмат кўрсатилди, бу 2025 йилнинг мос давридаги 606 та рейсга нисбатан 29 фоиз кўп. Қайта ишланган юк ҳажми 1 906,6 тоннадан 3 173,4 тоннага, яъни 66 фоизга ошди.

Шу билан бирга, февраль-июль ойларида карго ташувлари географияси ва операторлар доираси кенгайди. Ҳисобот даврида “Maersk Air Cargo” 234 та, “CMA CGM Air Cargo” 143 та, “MNG Airlines” 88 та, “My Freighter” 39 та ва “MASAir” 13 та рейсни амалга оширди, бошқа операторлар ҳиссасига эса 182 та рейс тўғри келди. Бу кўрсаткичлар Навоийнинг Европа ва Осиё ўртасидаги карго йўналишларида амалда ишлаётган транзит нуқта эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Навоий аэропортининг энг катта стратегик имкониятларидан бири — карго йўналишидир. Аэропорт ҳудудида эркин божхона зонасининг “порто-франко” режими жорий этилди. Айни пайтда оператор ва резидентлар иш тартиби, омбор ва божхона жараёнлари, юкларни рақамли ҳисобга олиш, тарифлар ҳамда давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик регламентлари тайёрланмоқда. Май-июль ойларида “TIR Park” орқали 367 та юк автотранспорт воситаси ўтказилиб, 1 823,8 тонна ер усти юки қайта ишланди. Бу “Порто-франко” ва мультимодал логистика лойиҳалари амалий босқичга ўтаётганини кўрсатади.

Бу йўналишда инфратузилмавий ва институционал ишлар ҳам давом этмоқда. 16 минг квадрат метр майдонли янги карго терминалини лойиҳалаш, йўловчи терминалини реконструкция қилиш, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни бўяш ангарларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Аэропорт “FIATA”, “TIACA” ва “World Free Zones Organization” ташкилотларига аъзо бўлди; “RA3”, “ISAGO”, “GSP” ва “IATA ICH/SIS” бўйича тайёргарлик жараёнлари давом этмоқда. “SITA”, “CHAMP Cargosystems”, “UZINFOCOM”, “Unicom” ва “Skylark Services” билан аэропорт, юклар ва тижорат фаолиятини рақамли бошқариш ечимлари ишлаб чиқилмоқда.

Навоий аэропорти бугунги кунда Евроосиё ҳаво йўлакларида муҳим карго тугуни вазифасини бажараётгани алоҳида қайд этилмоқда. Бу баҳо биз учун оддий эътироф эмас. Бу — аэропорт олдига қўйилган стратегик ишонч ва масъулият. Чунки мамлакатимиз Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинларидан бирига айланиш имкониятига эга.

Шу мақсадда “порто-франко” режими асосида эркин божхона зонасини ташкил этиш, “TIR-парк” барпо этиш, ёқилғи хўжалигини кенгайтириш, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва бўяш марказини ташкил этиш, карго терминалининг кейинги босқичларини ривожлантириш каби лойиҳалар белгиланган.

Бу лойиҳаларнинг моҳиятини бир сўз билан — интеграция, деб атаган бўлардим. Ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспорти бир-биридан узилган ҳолда эмас, ягона логистика занжири сифатида ишлаши керак. Транспорт-логистика тизимидаги мавжуд муаммолар — замонавий омборлар, тезкор божхона расмийлашуви, рақамлаштириш ва транспорт турлари ўртасидаги интеграция масалалари — Давлат раҳбари томонидан очиқ кўрсатиб берилган. Навоий аэропортининг келгуси ривожи ана шу вазифаларга амалий жавоб бўлиши керак.

Кейинги босқич учун янада катта мақсадлар белгиланган. 2030 йилгача парвозлар сонини 2,3 баробарга ошириб, йилига 7 мингтага етказиш, йўловчи оқимини 150 минг нафарга, юк ташиш ҳажмини эса 45 минг тоннага олиб чиқиш режалаштирилган. Бу рақамлар бир-бири билан боғлиқ: кўпроқ парвоз — кўпроқ йўналиш; кўпроқ йўналиш — кўпроқ йўловчи ва юк; кўпроқ юк эса терминал, омбор, божхона, автомобиль ва темир йўл инфратузилмасининг уйғун ишлашини талаб қилади.

Шу боис биз учун асосий мезон — мавжуд имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда қанчалик самарали ишлатаётганимиз. Масалан, бугун 4 000 метрлик учиш-қўниш йўлаги борлиги муҳим, аммо ундан юқори самара билан фойдаланиш янада муҳим. Карго терминалининг катта қуввати борлиги яхши, аммо уни барқарор юк оқими билан таъминлаш жуда муҳим. Авиакомпаниялар билан ишлаш имконияти кенгайгани яхши, аммо улар учун рақобатбардош тариф, тезкор хизмат ва қулай логистика муҳитини яратиш — натижанинг асосий шарти.

Навоий аэропортининг яна бир устунлиги — унинг географик ўрни. Аэропорт концепциясида Навоий Осиёнинг географик марказидаги истиқболли логистика хабларидан бири сифатида кўрсатилган. Қисқа ҳаво йўналишлари, автомобиль ва темир йўл инфратузилмаси билан боғланиш имконияти ҳамда карго операциялари учун яратилган техник база аэропортни мультимодал марказ сифатида ривожлантириш учун асос бўла олади.

Биз бугун аэропортни фақат самолётлар келиб-қайтадиган маскан сифатида эмас, балки Ўзбекистоннинг экспорт ва транзит салоҳиятига хизмат қиладиган иқтисодий инфратузилманинг муҳим қисми сифатида кўришимиз керак. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, транспорт-логистика тизими экспорт салоҳияти, инвестициявий жозибадорлик ва ҳудудлар ривожи учун стратегик аҳамиятга эга. Навоий аэропорти учун бу фикр — ҳар бир парвоз, ҳар бир тонна юк ва ҳар бир янги йўналиш ортида аниқ иқтисодий натижа бўлиши керак, деган талабдир.

Шу нуқтаи назардан, Навоий халқаро аэропорти олдидаги вазифа аниқ: мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш, хизматлар сифатини ошириш, рақамлаштиришни жадаллаштириш, янги авиакомпаниялар ва карго операторларини жалб қилиш, логистика занжирларини автомобиль ва темир йўл билан янада кучли боғлаш. Энг муҳими, бу вазифаларнинг ҳар бири аниқ кўрсаткич ва натижа билан ўлчаниши керак.

Аминманки, Президентимиз белгилаб берган вазифалар Навоий халқаро аэропорти учун ҳам янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. Биз учун бу ишонч — аввало, натижа учун масъулият. Белгиланган лойиҳалар изчил амалга оширилса, 2030 йилга бориб парвозлар, йўловчилар ва карго кўрсаткичларининг ўсиши билан бир қаторда, Навоийнинг Ўзбекистон ва Евроосиё транспорт-логистика тизимидаги ўрни ҳам сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилади. Бизнинг мақсадимиз эса аниқ: Навоий халқаро аэропорти имкониятларини тўлиқ ишга солиб, уни Евроосиёнинг йирик карго марказларидан бирига айлантиришдир. Ишонаманки, бугун белгилаб берилган вазифалар эртанги натижаларимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлади.

Алишер Кличев,

Навоий халқаро аэропорти директори

 

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =