Истиқлол тўлқинлари

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқуловнинг “Истиқлол тўлқинлари” деб номланган китоби нашрдан чиқди. “Ўзбекистон” нашриёти чоп этган мазкур китоб “Давр журналист нигоҳида” туркумида нашр этилган.

Муаллиф совет даври, мустақилликнинг дастлабки йиллари ва ҳозирги ўзбек матбуоти, журналистикаси ҳақида ўзининг кузатишлари, фикр-мулоҳазаларини ўзи бошидан ўтказган, бевосита иштирок этган воқеалар асосида баён қилган. “ЎзА қандай шаклланди?”, “ЎзА веб-сайтининг яратилиши ҳақида”, “Таржима, таржима… жоним олдинг-а жимгина”, “Фотолар ва хатолар”, “Аяган кўзга чўп тушади”, “Шароф Рашидов: биронта ҳам ходимингизни жазоламанг” каби бўлимларда қизиқарли воқеалар ҳикоя қилинган.

Китобнинг “Дахлдорлик” деб номланган бобидаги барча мақолаларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улуғвор ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида сўз юритилган. Китобдан муаллифнинг турли йилларда ёзилган публицистик мақолалари ва эсселаридан намуналар ҳам ўрин олган.

Филология фанлари доктори, профессор Ҳалим Саидов сўзбоши ёзган.

Қуйида ушбу китобдаги икки лавҳани эътиборингизга ҳавола этдик.

Устозлар ибрати

Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, дейдилар. Бу гапда теран маъно бор. Устоз-шогирдлик барча соҳалар сингари ижодий ишларда, жумладан, журналистикада катта аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан мен Яратганга беадад шукроналар билдираманки, умримнинг барча босқичларида яхши устозларга дуч келдим. Хусусан, журналистика соҳасида иш бошлаган дастлабки йилларимдан элу юртга таниқли ҳақиқий устозлар қўлида ишладим. Булар — филология фанлари доктори, профессор Лазиз Қаюмов, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Асқад Мухтор, Одил Ёқубов. Лазиз акадан сиёсий савод ва ҳушёрликни, Асқад акадан оғир-вазминлик, ҳар бир масалага теран ёндашиш ва мулоҳазакорликни, айни дамда камтарликни, Одил акадан шиддат ва жасоратни ўргандим. Кейин қаерда, қайси лавозимда ишламай, шу устозларни эсладим, бирон-бир муаммога дуч келганимда ёки қанақадир масалани ҳал қилишда иккиланиб қолганимда “Буни Лазиз Қаюмов қандай ҳал қилар эди? Асқад Мухтор қанақа йўл тутар эди? Одил Ёқубов нима қилган бўларди?” деган саволларни ўзимга бердим ва иложи борича улар тутган йўлни танлашга ҳаракат қилдим. Очиғини айтаман, кўпинча Асқад Мухтор фаолияти, у кишининг муҳаррирлик, раҳбарлик ва устозлик услуби ёдимга келар ҳамда шундай йўл тутишни маъқул кўрардим. Зотан, Асқад Мухтор билан нисбатан кам (бир ярим йил) ишлаган бўлсам-да, у кишидан кўп нарса ўргандим ва бундан беҳад хурсандман.

Энди устоз Асқад Мухторнинг камтарлигини кўрсатувчи кичик бир мисол келтириб ўтсам.

Асқад ака “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бош муҳаррир бўлиб келгач (1981) мени масъул котиб этиб тайинлади. Мен санъат бўлимида оддий мухбир эдим. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг биринчи сонини чиқаришга бир ой тайёргарлик кўрдик. Ижодий ва техник томонларини ўйладик, маслаҳатлашдик. Шу жараёнда бир фикр келди хаёлимга. “Литературная газета”нинг номи ёнига Пушкиннинг сурати қўйилган. “Биз янги чиқаётган саккиз саҳифали рангли газета номи ёнига Алишер Навоий суратини қўйсак қандай бўлар экан?” Бу таклифни Асқад акага айтдим.

— Яхши фикр, маъқул, — деди Асқад Мухтор. — Навоийнинг яхши суратини топинг.

Бир неча вариантларни кўриб, Кайдалов ишлаган суратни қўйишга келишдик.

Яна бир факт. “Ўзбекистон маданияти” пайтида газетага фалон йил чиқиши, масалан, 25-йил чиқиши, деб ёзиларди. Ҳолбуки, аксарият газета ва журналларга “фалон йил фалон санадан чиқа бошлаган”, деб ёзиларди. Шуни ҳам аниқлаш мақсадида Навоий номидаги Миллий кутубхонага бориб, “Ўзбекистон маданияти” газетасининг биринчи сонини топдим. 1956 йил 4 январда чиққан экан. Ёзувчи Мумтоз Муҳамедов редактор бўлган экан. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги “Ўзбекистон маданияти” газетасининг вориси экан, демак, ҳафталикка 1956 йил 4 январдан чиқа бошлаган, деб ёзиш мантиқан тўғри бўлади ва шундай қилдик.

Хуллас, бир ой деганда янги газетанинг биринчи сони чиқди.

Асқад ака Ёзувчилар уюшмасига борарди, йиғилишларда қатнашарди. Ва кўпинча улардан энсаси қотиб келарди.

Бир куни хонамга кириб келди ва бир қоғоз ахборотни берди-да, шуни ўқиб кўринг, деди (Асқад ака ходимларни хонасига чақирмас, ўзи уларнинг олдига борарди). Ўқидим. Ёзувчилар уюшмасида бўлган йиғилиш ҳақида бир қоғозга етар-етмас ахборот. Асқад Мухтор ёзган. Бироздан кейин ахборотни кўтариб хонасига кирдим. Асқад ака қоғозга қаради-да, мендан сўради:

— Ўқидингизми?

— Ҳа, — дедим.

— Ҳеч қаерига тегмабсиз-ку, — деди.

Нима дейишни билмай каловландим. Асқад Мухтор киму мен ким? Шундай улуғ ёзувчи ёзган нарсани мен, оддий мухбир таҳрир қиламанми?

— Асқад Мухтор ёзганини қандай таҳрир қиламан, деб ўйладингизми? — деди кўнглимдан кечаётган истиҳолани уққандай. — Асқад Мухтор ҳам бир қаламкаш. Тажриба, ёш — ўз йўлига. Сизлар, ёшлар дадил бўлинглар, бу Асқад Мухтор, у фалончи, деб қараманглар… Шунга ўрганинглар.

Бу гап менга бир умрлик сабоқ, ибрат бўлган. Энди ўзим ёшларга шу гапларни айтаман ва Асқад Мухторни мисол қилиб келтираман.

…Бировга қарамлик, давлат бўладими, ташкилотми, якка шахс бўладими, ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Яхшими-ёмонми инсон эмин-эркин яшагани, фаолият кўрсатганига нима етсин. Кимнингдир қош-қовоғига қараб яшашдан оғир нарса бўлмаса керак. Айниқса, ўзингнинг бойлигингни, топган пулингни ўзинг бемалол ишлатолмасанг, етим болага ўхшаб, бировнинг имосига маҳтал бўлиб ўтирсанг…

Совет замонида Тошкентда чиқадиган барча газета ва журналлар бир ташкилот — Ўзкомпартия Марказкомининг бирлашган нашриёти (ҳозирги “Шарқ” компанияси)га қарам эди. Ходимлар бўлимидан тортиб бухгалтериясигача, қалам ҳақи-ю, маош ва транспортни ҳам ўша нашриёт раҳбарлари ҳал қилар эди. Ҳолбуки, у пайтларда газета ва журналларнинг тиражи жуда катта бўлиб, салмоқли даромад келтирар эди. Ўша даромаднинг қанча қисми таҳририятлар ходимларига маош ва қалам ҳақи сифатида берилар эди — Худо билади! Ким пулини тўласа — ўша буюради ёки оғзи қийшиқ бўлса-да, бойнинг ўғли гапирсин, деган иборалар тўла амалда эди. Шундай ҳолларга ҳам дуч келганмизки, ҳукумат белгилаган қалам ҳақини камайтириб беришгача борган пайтлари бўлган. Худди ана шу масалага доир бир мисол келтирмоқчиман.

Ўтган асрнинг 80-йилларигача газеталарда бериладиган материал линотип цехида қўрғошиндан териларди. Кейин газетанинг ҳар бир саҳифаси алоҳида-алоҳида қалин махсус қоғозга (картонга ўхшаш) олинар (матрица дейиларди), ушбу матрицалар ротация цехига юборилар эди. У ерда матрицадан қўрғошинда стереотипга (ярим цилиндр шаклида) кўчириларди. Булар газета босадиган машинанинг барабанига ўрнатиларди. Қисқаси, жуда кўп ва мураккаб жараёндан ўтарди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги — Ўзбекистонда биринчи саккиз саҳифалик рангли газета эди. Босмахонада бунақа газета чиқариш тажрибаси бўлмагани сабабли ҳар бир сонни чиқариш жараёни кўпинча асабийлик билан ўтарди. Масъул котиб бўлганим учун босмахона билан мен ишлардим. Улар ўзиникини маъқуллашга ҳаракат қилар, мен “биз буюртмачимиз, биз  айтгандай бўлади”, деб туриб олардим.

Бир куни Асқад ака “Белоруссияда, Қозоғистонда адабиёт газеталари офсет усулида босилар экан. Бир бориб уларнинг тажрибасини ўрганиб келмайсизми?” деди. Бажонидил рози бўлдим ва Белоруссияга отландим.

Минскка тунда бордим. Эрталаб деразадан ташқарига қарадим, мақсад — об-ҳавони билиш ва шунга қараб кийиниш (адашмасам, май ойи эди). Қуёш чарақлаб турибди. Одамларнинг кийинишига эътибор бердим: биров пальтода, кимдир плашда, яна бошқаси ундан ҳам енгилроқ кийимда. Билдимки, ҳаво совуққина. Маҳаллий аҳоли пальто-плашда юрганда менга ўхшаб иссиқ ўлкадан келганлар иссиқроқ кийингани дуруст.

Ижодкорлар газетасида ишлайдиганлар, ҳойнаҳой, соат ўндан олдин келмаса керак, деган ўй билан, соат ўн бирларни мўлжаллаб “Литература и мастацва” таҳририятига бордим. Бир қаватли оддийгина бинода экан. Эшик олдида ўтирган қоровулдан бош муҳаррир хонасини сўрадим. У меҳмонлигимни билиб, кулди ва: “Ҳали вақтли, улар соат ўн иккида келади ишга”, деди. Нима қилишни билмай ўйланиб қолдим: кўча айланай десам, ҳаво совуқ, бунинг устига, Минскка биринчи марта келишим, қаёққа боришни билмайман. Қоровул сезгир экан:

— Юринг, қабулхонани очиб бераман, ўша ерда дам олиб ўтиринг, кўча совуқ. Балки муҳаррир эртароқ келиб қолар, — деди.

Торгина қабулхонада ярим соатлар ўтирувдим, папка кўтарган бир киши кириб келди. “Бош муҳаррир” деб ёзилган эшикни очди-да, мени ичкарига таклиф қилди (қоровул Тошкентдан меҳмон келди, қабулхонада кутиб ўтирибди, деган бўлса керак). Папкасини столга ташлади-да, сейфни очди. Мен билан сўрашмади ҳам. Индамай уни кузатиб турибман. Бир шиша коньяк, иккита қадаҳ, бир қути шоколад олди. Шиша очилган экан, қадаҳларни тўлдирди.

— Қани ол, — деди, — танишганимиз учун. Мен шу газетанинг бош муҳарририман: Алес Жук.

Мен ҳам исм-фамилиямни айтдим. Унинг ҳаракатлари шу қадар қатъий, ишончли эдики, бирон-бир эътироз билдиришнинг иложи йўқ эди. Икки қадаҳдан олганимиздан кейин мақсадимни айтдим.

— Бу қийин эмас, — у столда турган газета тахламини варақлади. — Мана шу офсет усулида босилган… Бугун мен эртароқ келдим, омадинг бор экан. Одатда, ходимларим ўн иккида, мен соат бирларда келаман, — яна қадаҳларга коньяк қуйди. — Буни ўйлама, ҳозир масъул котибим келади, сени босмахонага олиб бориб, ҳаммасини тушунтиради. Ҳеч қийин жойи йўқ, барчасини босмахона ишчилари қилади.

Анча суҳбатлашдик. Китобига дастхат ёзиб берди. Гап айланиб қалам ҳақига тақалди.

— Газетанинг бир сонига қанча гонорар тўлайсан?

— Саккиз юз сўм, — дедим.

А.Жук ажабланиб қаради:

— Нега саккиз юз сўм?

— Бизда Марказий Комитетнинг бирлашган нашриёти бор, барча газета-журналларга маошни ҳам, гонорарни ҳам шулар беради. Мен фақат қайси материалга қанча гонорар берилишини ёзиб бераман, бир соннинг умумий суммаси саккиз юз сўмдан ошмаслиги керак.

— Бизда ҳам шунақа. Бу союз бўйича ўрнатилган тартиб, — деди Алес Жук. — Лекин иттифоқдош республикалар адабиёт газеталарининг гонорари ҳам юқоридан белгилаб берилган. Барча республикаларда бир хил сумма ёзилган, яъни бир минг олти юз сўм.

— Бир минг олти юз сўм? — дедим ҳаяжонимни яширолмай. — Ҳозиргидан икки баравар кўп экан-да.

— Худди шундай. ЦК билан Совминнинг қарори бор.

У шундай деб, сейфдан бир папка олди. Очиб титкилаб-титкилаб, бир қоғозни менга узатди. Бу КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Советининг қарори эди. Унда аниқ-тиниқ қилиб, иттифоқдош республикалар адабиёт газеталарининг ҳар бир сонига бир минг олти юз сўмдан (рубль) гонорар берилиши ёзиб қўйилган эди. Мен кўзларимга ишонмасдим. А.Жукка раҳмат айтиб, ўша қарорнинг номини, қачон имзолангани, ҳаммасини ён дафтаримга ёзиб олдим. Бундан роса қувондим. Бир эзгу иш иккинчисини бошлаб келади, деганларидек, офсет усулида босишни ўрганиш учун келиб, қалам ҳақини оширишга ҳам асос топган эдим. Айни пайтда кўнглимда бир афсус, ранжиш пайдо бўлди: бу қарорни бирлашган нашриёт раҳбарлари билмаслиги мумкин эмас. Чунки бунақа ҳужжатлар ҳамма жойга жўнатилади. Демак, нашриёт раҳбарлари шу пайтгача бизни, яъни таҳририятни, унинг муҳаррири — атоқли ёзувчи Асқад Мухторни алдаб келган.

Тошкентга келгач, буни Асқад акага айтдим. У киши ҳам ранжиди. Ниҳоятда бағрикенг, олижаноб инсон эди-да Асқад ака. Ич-ичидан афсус билан: “Ноинсофлар”, деди, холос. Сўнг менга: “Боринг, нашриёт раҳбарларига айтинг”, деди.

Мен бирлашган нашриёт мутасаддиларига бор гапни айтдим. Ўшандан кейин газетанинг ҳар бир сонига бир минг олти юз сўмдан қалам ҳақи ёза бошладик. Бундан барча — таҳририят ходимлари ҳам, муаллифлар ҳам суюнди.

Нашриёт раҳбарлари томонидан ҳеч қандай эътироз билдирилмай, саккиз юз сўмдан бир минг олти юз сўмга рози бўлганидан билдимки, улар юқорида мен эслатган қарордан хабардор. Акс ҳолда, менинг ён дафтаримдаги ёзувга ишониб шунча пулни бермас эди…

Газетамизни офсет усулида босиш жорий этилди. Бу сифат жиҳатидан кескин ўзгаришга сабаб бўлди.

Тайинлаймиз, фақат танқидий мақола ёзади

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мамлакатнинг бош ахборот маҳкамаси сифатида жойлардаги янгиликлар ҳақида ҳам ахборотлар бериб бориши лозим. Бунинг учун вилоятларда мухбир ва фотомухбир бўлиши керак. Янги талабларга жавоб берадиган, ёш, ғайратли, фикр доираси кенг, замонавий журналистлар зарур эди. Бундай журналистларни топиш, айниқса, вилоятларда  осон эмас эди.

Ёзилмаган тартиб бўйича мухбирликка номзодлар вилоят ҳокимлиги билан келишилар эди. Тўғри, буйруқ ЎзАдан чиқади, маошни ҳам шу ердан олади. Бироқ у вилоят ҳаётини ёритади.Турли йиғилиш ва тадбирларда қатнашиши керак. Шу маънода бўлажак мухбирни вилоят ҳокими билиши, таниши лозим эди. Ана шу нуқтаи назардан вилоят ҳокимлиги билан келишилар эди. Мана шу жараёнда баъзан вилоят ҳокимлиги, аниқроғи, ҳоким билан фикр бир жойдан чиқиши бироз қийинчилик туғдирар эди. Айрим ҳокимлар ўзининг номзодини тавсия этишга чоғланар, у номзодлар ҳар доим ҳам бизга маъқул бўлавермас эди. Гоҳо биз танлаган номзодларни вилоят ҳокими маъқулламасди. Шу масалага доир бир мисол келтирмоқчиман, токи айтганларим қуруқ гап бўлиб қолмасин.

Бир вилоятга мухбир олаётганимизда ана шу тартибга асосан вилоят ҳокимлигига маълумот киритдик. Маълум вақт ўтиб, хабар келдики, вилоят ҳокими рози бўлмабди. “Нима учун рози бўлмади?”, деган саволга мутасаддилардан тайинли жавоб ололмадик. Натижада вилоят ҳокимига қўнғироқ қилишимга тўғри келди.

— Бу номзодга қандай эътирозларингиз бор? — дедим. — Унинг журналистлик маҳорати, тажрибаси етарли эмасми ёки ахлоқи ёмонми? Балки биз билмаган бирон айби-нуқсони бордир?

— Йўқ, — деди ҳоким. — Ҳеч қандай айби йўқ. Унга журналист сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам эътирозим йўқ. Тажрибаси ҳам етарли, яхши ёзади, ҳовлиқма эмас, оғир-вазмин, мулоҳазали йигит.

— У ҳолда нега қаршилик қиляпсиз?

Ҳоким бироз жим турди-да, деди:

— Сизга нима десам экан…

— Очиқ айтаверинг, эртага бизни ҳам, Сизни ҳам уялтириб қўймасин. Вилоят мухбирининг зиммасида масъулиятли вазифа бор, — дедим.

— Тўғри айтасиз, — деди ҳоким. — Шунинг учун сал ўйланиб турибман-да.

— Хўш?

— Биласизми… У йигит билан битта тумандан эканмиз. Ҳужжати билан танишгач, билдим.

— Олдин танимас эдингизми?

— Журналист сифатида билардим, тадбирларда кўрганман, гаплашганман, аммо қайси тумандан эканини билмас эдим.

Кулгим қистади.

— Бор-йўқ “айби” шуми?

— Шундай деса ҳам бўлади.

— Демак, Сизнингча, вилоят ҳокими билан тумандош ёшлар яхшироқ лавозимларда ишлаши мумкин эмас экан-да?! Шундайми? — Ҳоким жавоб бермади. — Ака, Сиз у йигитни вилоят ҳокимлигига ишга олаётганингиз йўқ, бирон-бир базага директор ёки вилоят миқёсидаги ташкилотга раҳбар қилиб қўяётганингиз йўқ-ку. Уни биз ишга оляпмиз, у бизнинг, яъни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ходими бўлади. Вилоятингизда ЎзАнинг янги мухбири иш бошлаётганидан Сизни хабардор қилиш мақсадида олдингиздан ўтяпмиз…

— Эртага у вилоятдаги ишларни мақтаб мақола ёзса, одамлар ҳокимнинг тумандоши-да, мақтаяпти, дейиши турган гап.

Бу гап янада кулгили бўлди. Гапни ҳазилга бурдим:

— Хавотир олманг, унга тайинлаб қўямиз, мақтамайди, фақат танқидий мақолалар ёзади. Фақат Сиз чидасангиз бўлди.

Ҳоким зарофатли, ҳазилу кинояни нозик тушунар эди. Менинг ҳазилимга жавобан деди:

— Ўлдирар экансиз-да…

Икковимиз баравар кулдик.

…Шундай қилиб, янги мухбир иш бошлади, ижобий мақолалар ҳам, танқидий мақолалар ҳам ёзди.

Орадан бир йилми-икки йилми ўтди. Бир куни ўша мухбир келганини айтишди. Кирди. Салом-алик қилдик. Негадир кайфияти яхши эмасди. Мен сўрамасимдан ўзи гап бошлади.

— Ҳоким мени бўшасин, депти.

— Нега? Нима айб қилдингиз? Ким айтди буни?

— Матбуот котиби айтди.

— Ҳоким сизни бўшатолмайди, сиз уларнинг ходими эмассиз-ку.

— Айтдим шуни. “Раҳбарига менинг номимдан хат ёз”, дебди ҳоким.

— Сабаби нима? Очиқ айтинг менга.

Ўша кезлар ўша вилоятлик қиз шахмат бўйича халқаро мусобақада юқори натижага эришган, Президент уни мукофотлаган эди. Мукофотни вилоят ҳокими топширган. Мухбир шуни ёзган. Мақола кўплаб газеталарда чиққан. Вилоят газетаси, табиийки, биринчи саҳифада берган. Шундан ҳоким ғазабланибди.

— Шу гапми? Бошқа гап йўқми?

— Ҳа. Нимага менинг фамилиямни кўрсатади, деб жаҳли чиқибди.

Мухбирдан яна сўрадим:

— Бошқа сабаб бўлса ҳам очиқ-ойдин айтинг. Ҳозир қўнғироқ қиламан ҳокимга.

— Бошқа ҳеч қандай сабаб йўқ, — деди мухбир. — Матбуот котибига тушунтирмоқчи бўлдим, эшитгиси келмади.

Ҳокимга қўнғироқ қилдим. Хайрият, жойида экан. Салом-аликдан кейин шикоят қила кетди.

— Бошида Сизга айтувдим-ку бу бола билан бир туманданмиз, мени мақтаса балога қоламан, деб.

— Қачон мақтади Сизни?

— Ана, фалончи қизга мукофотни ҳоким топширди, деб ёзибди, газеталарнинг биринчи бетида чиқибди. Энди мен раҳбариятдан гап эшитаман.

— Биринчидан, вилоятингиздан шундай истеъдодли қиз чиққанидан хурсанд бўлинг. Иккинчидан, ўша қизга Президент мукофот берди. Сиз Президентнинг вакили сифатида у кишининг топшириғига биноан давлат раҳбарининг мукофотини ўша қизга топширгансиз, яъни Президент топшириғини бажаргансиз. Хўш, энди айтинг, ака, агар мақолада “мукофотни вилоят ҳокими топширди” демаса, Президент мукофотини ким топширган бўларди? Ўзингиз эмас, муовинингизми ёки спорт бошқармангиз раҳбарими топширганда эди, ана унда кўрардингиз томошани.

Ҳоким бироз ҳовуридан тушди.

— Тўғри-ю… Лекин…

— Лекин-пекини йўқ, ака. Хавотир олманг, ҳаммаси жойида бўлади… Ҳа, яна бир гап, бу мухбир бизнинг ходимимиз, уни биз ишга олганмиз, маошни ҳам биз берамиз. Бир ташкилот ходимини бошқа идора раҳбари ишдан бўшата олмаса керак. Тўғрими? Кейин анави матбуот котибингизга ҳам айтиб қўйинг, сал ўпкасини босиб олсин. Бу кетишда бир кун келиб, Сизни ҳам уялтириб қўйиши мумкин.

…Бу ҳаёт тасодифларга тўла. Етти ухлаб тушингизга кирмаган ишлар бўлади баъзан.

Бир куни муовинларимдан бири фалончи иш сўраб келди, нима дейишни билмадим, деди.

— Ким у? — дедим.

Муовин кулди.

— Фалон вилоятда матбуот котиби бўлган эди-ку.

— Ие, у кишим бўшаптиларми? — ўша вилоятдаги мухбиримиз ҳамон ишлар эди. Муовинимга ҳазиллашдим. — Фалончиевга (мухбирнинг фамилиясини айтдим) учрашинг, иш топиб беради, демадингизми?

* * *

Бир вилоят ҳокимининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари қўнғироқ қилди. ЎзАнинг ўша вилоятдаги мухбиридан нолиди. Мухбир нима ишни нотўғри қилди, деган саволимга аниқ жавоб йўқ, ундай қилди, бундай қилди каби умумий гаплар.

— Фалончи Пистончиевна, Сиз вилоят ҳокимининг ўринбосарисиз, — дедим. — Агар шу гапларингиз рост ва асосли бўлса, ҳокимликнинг расмий бланкасига ёзиб, рўйхатдан ўтказиб,  бизга расман жўнатинг. Биз ҳам хатингизни рўйхатдан ўтказиб, мухбирнинг фаолиятини текширамиз. Борди-ю, ҳозир айтган гапларингиз асосли бўлса, мухбирга тегишли чора кўрамиз, аксинча бўлса, Сиз журналистга туҳмат қилган бўлиб чиқасиз.

— Хат ёзишим шартми? — деди.

— Албатта. Сизнинг оғзаки гапингизни рўйхатга ололмаймиз, папкага тикиб қўя олмаймиз. Мухбирнинг фаолиятини ўрганишимиз учун қўлимизда асос бўлиши керак. Келишдикми?

— Майли, ўйлаб кўрай, — деди.

Шу кўйи жим бўлиб кетди. На хат келди, на бошқа қўнғироқ бўлди.

Бошқа бир вилоят ҳокимининг матбуот котибидан ҳам шу мазмундаги қўнғироқ бўлди. Унга ҳам шу гапларни айтдим. Унинг жавоби ҳам ҳоким ўринбосари опанинг жавобига ўхшаш бўлди.

— Майли, ўйлаб кўрай-чи, — деди у ҳам.

Бошқа ҳеч қандай садо бўлмади.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + nineteen =