Дарё каби жўшқин ижодкор

Тўлқин ака билан биз битта тумандан — иштихонликмиз. Акани, қачон қарамайлик, очиқ чеҳрада учратамиз. Қувноқ ҳангомалари, латифагўйлиги, фақат ўзигагина хос қаҳ-қаҳ отиб кулишлари билан даврани ростакамига жонлантириб юборади.

Кўпчилик қаламкашлар мен билан тумандош ижодкорларни сўрашганида устоз шоир Йўлдош Эшбек билан Тўлқин Эшбекни “улар қариндошми?” деб сўрашади. Ҳа, дейман, бизда бегоналик кайфияти йўқ, ҳаммамиз оға-инилармиз, деб қўшиб қўяман. Ростини олганда ҳам Иштихон туманида ижодкорлар сероб. Айниқса, Оқтов ёнбағридаги Зарбанд элининг ўзидан Абдулла Турдиев, Йўлдош Эшбек, Тошпўлат Мавлонов, Рауф Субҳон каби таниқли ижодкорлар етишиб чиққан. Биз бўлса мана шу инсонларга ҳавасланиб, эргашиб бораётганлардан.

Тўлқин аканинг қойил қолишга арзийдиган жиҳатлари жуда кўп. Даставвал халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгаши депутати сифатида ҳар қачон эл орасида бўлади. Ижодкор кўнгли билан халқнинг дарду ташвишларига малҳам ахтаради, ечим излайди…

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган кўпгина ижодкорлар бугунги кунда акани энг кўп йўқлайдиганлардан. Айтмоқчиманки, шогирдпарварлиги ҳам ҳаваслантирадиган даражада.

Аканинг табобат илмидан ҳам муносиб хабардорлигини кўпчилик билмаса керак. Лекин маълум йиллар илгари оғир бир дардга чалиниб, давосини ҳам ўт-гиёҳлар ортидан топган ва бугун мутлақ соғайиб, исмига мос тарзда тўлқинланиб, жўшиб ижод қилиб келаётир.

Тўлқин аканинг шунча юмушлардан ортган ҳолда қўлга киритиб келаётган ижодий сермаҳсуллигини алоҳида эътироф этиш лозим. Муболағасиз айтганда, бир йилда камида икки китобни ёзиб тугаллайди ва чоп қилишга ҳам улгуради. “Жадидлар жавҳари” номли китобини муаллиф дастхати билан қўлимга тутқазганига ҳали кўп ўтмаган эди, шекилли. Бугун эса “Ватан, миллат, халқ мадҳи” номли янги китобини чиройли тилаклар битиги ила тутқазиб турибди. Қойил қолмай бўладими?

Ушбу янги китоб Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Зарафшоннинг тўлқин элчиси” номли сўзбошиси билан бошланиб, унда шундай таърифлар келтирилади: “Тўлқин Эшбекни ҳамиша жўшиб, тўлқинланиб юрган ҳолатда кўрамиз. У бамисоли сертошқин дарёдан ҳаёт бағрига ташланган озод ва эркин элчидай… У тириклик ва ҳаётнинг жайдари шайдоси, туйғу ва муносабатларини бирданига ошкор қилувчи бегидир ва беғубор бир инсон…”

Китобга, бир сўз билан айтганда, жуда дид билан тартиб берилган. Аввало, қалин муқова юзида юртимизнинг мусаффо осмонига бўйлашиб турган сарбаланд Ҳумо қуши монументи ва унинг атрофида чарх уриб учиб юрган осойишталик рамзлари — кабутарлар, шунингдек, Ватанимиз байроғининг ранго-ранг жилоси акс эттирилган. Китоб мундарижасидаги сарлавҳаларни ўқибоқ, юртга бўлган беқиёс меҳр изҳори тафтини сезасиз, бугунги Янги Ўзбекистоннинг дунё бўйлаб янгича овозасини ҳис қиласиз.

Бир сўз билан айтганда, шоир Тўлқин Эшбек ўзининг меҳрга бой қалбидан тўкилган шеърий манзумалар жамланган ушбу кўркам китобини Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик тўйига муносиб туҳфа тарзида тақдим этади.

Сўнгсўз ўрнида шоирнинг мазкур китобни очиб берган улкан қасидасидаги ушбу равон мисраларни келтирмоқчиман:

 

Кулди Истиқлолинг, ўлкам, янги аср остонаси,

Боши кўкка етди эл — ҳурлик майин мастонаси,

Бу жаҳон айвонида бор ўзининг хос хонаси!

Ёшлари шоҳсупа даъвогаридир ҳар соҳада,

Ўзгаришлар катта бул кун водий ила воҳада!

 

Бир йигит ёшига етди Истиқлолимиз бу кун,

Мисли кундуздек чароғондир шабистоним бу кун,

Байрамингга армуғондир шеъру достоним бу кун,

Тўлқин ўғлингдан қабул эт бул қасидам, онажон,

Тоабад бўл ал-омонда, Ўзбекистон жонажон!

Ориф ТЎХТАШ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси, шоир.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 5 =