Ватан уруши қаҳрамонлари: ибрат мактаби ва қаҳрамонлик солномаси

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида шундай деган эди: “Башарият тарихидаги энг даҳшатли қирғин бўлган Иккинчи жаҳон уруши дунё халқлари, жумладан, эл-юртимиз бошига солган оғир мусибатлар, мислсиз кулфат ва йўқотишлар ҳеч қачон унутилмайди.

Бу — замон ва макон чегарасини билмайдиган чинакам мардлик ва қаҳрамонлик солномасидир.

Бундай муаззам, шонли зафарга муносиб ҳисса қўшган матонатли халқимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Кейинги йилларда жонкуяр олим ва мутахассисларимизнинг илмий изланишлари туфайли Иккинчи жаҳон уруши тарихининг янги саҳифалари билан танишмоқдамиз”.

Давлатимиз раҳбарининг ана шу концептуал ғоялари подполковник, доцент Шерзод Алимовнинг “Иккинчи жаҳон урушида ҳарбийлар ва халқ жасорати, матонати ҳамда ҳозирги замон” номли янги рисоласида илк бор монографик тадқиқот сифатида умумлаштирилди (“Ворис” нашриёти, 2026 йил).

Китобда қайд этилганидек, Президентимиз раҳнамолигида уруш йилларидаги ҳарбий-тарихий ҳақиқатни адолатли тиклаш мақсадида махсус оператив-қидирув гуруҳлари тузилиб, ноёб манбалар ўрганилди. Натижада кўплаб чигалликларга тарихий адолат мезони асосида аниқлик киритилиб, асл рақамлар юзага чиқарилди. БМТ ва ШҲТ талабларига мос келадиган, халқаро миқёсда эътироф этилувчи умумий ҳарбий тарихимизни яратиш борасида, айниқса, 2016 йилнинг кузидан бошлаб том маънода янги давр бошланди. Бу йўналишда 2017–2018 йилларда Юртбошимизнинг бир қатор махсус қарор ва фармойишлари қабул қилинди.

Архив ҳужжатлари ўрганилганда, фашизмга қарши урушга ўша даврда 6 миллион 800 минг кишидан иборат бўлган республикамиз аҳолисининг 1 миллион 950 минг нафари сафарбар этилгани маълум. Демак, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, урушга сафарбар этилган. Бу билан қарийб 70 йил давомида эътибордан четда қолиб келган 451 минг нафар юртдошимизнинг номи ва тақдири қайта тикланди.

Шунингдек, илгари урушда 396 минг ўзбекистонлик ҳалок бўлган, деб ҳисобланарди. Сўнгги тадқиқотлар эса бу рақам аслида 538 мингдан зиёд эканини, бундан ташқари, 158 мингдан ортиқ ватандошимиз бедарак кетгани маълум бўлди. Бугун ана шу тарихий ҳақиқат тикланиб, халқимизнинг қаҳрамонлиги муносиб баҳоланмоқда. Зотан, аждодларимизнинг бугунги тинч кунлар учун берган қурбонликларини эътироф этиш ва келажак авлодга ибрат қилиб қолдириш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Уруш майдонларида мардонавор жанг қилган ўзбекистонлик аскар ва офицерларнинг 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани, 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, 70 нафардан зиёди учала даражадаги “Шон-шараф” (“Слава”) орденига сазовор бўлгани уларнинг беқиёс жасоратидан далолат беради.

Шу билан бирга, Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди. Юртимиздан жанг майдонларига улкан миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак ва озиқ-овқат етказиб берилди. Ватан ичкарисига уруш ҳудудларидан 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилди ва қисқа муддатда 280 та янги корхона бунёд этилди. Халқимиз ғоят оғир шароитга қарамай, эвакуация қилинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, 250 минг нафар етим болани бағрига олиб, юксак гуманизм намунасини кўрсатди.

Китоб муаллифи уруш давридаги жипслик ва матонатни бугунги кундаги тинчликни асраш ғояси билан ҳам узвий боғлайди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, диёримиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро аҳиллик ва тотувликни асраш йўлида қаҳрамон ота-боболаримизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган сабот ва матонати биз учун ҳамиша ибрат мактаби, куч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади”.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг дунё саҳнасида глобал хавфсизлик ва тинчлик ташаббускори сифатида эътироф этилиши ҳам ана шундай тарихий матонат ва бағрикенглик анъаналарининг мантиқий давомидир. Масалан, жорий йилнинг январь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Тинчлик кенгаши тадбирларида иштирок этиши ва Фаластиндаги зиддиятни тинч йўл билан ҳал этиш, беайб аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича илгари сурган таклифлари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланди. Бу жараёнлар Ўзбекистоннинг нафақат ўз ўтмишига, балки бугунги умумбашарий барқарорликка ҳам масъулият билан ёндашаётганини кўрсатади.

Шерзод Алимовнинг ушбу тадқиқоти тўртта муҳим бобдан иборат бўлиб, унда қуйидаги масалалар тизимли таҳлил қилинган:

Биринчи бобда урушнинг бошланиши, Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳарбий изга кўчирилиши ҳамда ижтимоий-иқтисодий, ҳарбий-техник ресурсларнинг фронт эҳтиёжларига сафарбар этилиши;

Иккинчи бобда ўзбек ўғлонларининг Ватан ҳимояси йўлидаги жасорати ва матонати, шунингдек, уруш йилларида чоп этилган миллий ҳарбий матбуотнинг жангчилар руҳиятини кўтаришдаги ўрни;

Учинчи бобда жанг майдонларида ва фронт ортида фидокорлик кўрсатган ватандошларимизнинг ибратли фаолияти;

Тўртинчи бобда эса урушнинг тарихий сабоқлари, аждодлар жасорати асосида ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг замонавий механизмлари янгича концептуал нуқтаи назардан ёритилган.

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва фронт орти фахрийларининг хотираларини тўплаб, кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларга тақдим этиш — уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда энг муҳим омил. Шу боисдан ҳам бугун бу мавзу нафақат олий таълим муассасаларида, балки кенг жамоатчилик платформаларида ҳам чуқур ўрганилмоқда.

Президентимиз жорий йилда Ғалаба боғида ўтказилган Хотира ва қадрлаш куни тадбирида ҳақли равишда шундай таъкидлади: “Бир йил олдин мана шу ҳудудда “Миллат фидойилари” мажмуасини барпо этганимиз, албатта, бежиз эмас. У Ватан ҳимояси ҳар бир авлоднинг муқаддас иши экани, ватанпарварлик анъаналари давомийлигини эслатиб туради”.

Давлатимиз раҳбари уруш йилларида юксак матонат кўрсатган аждодларимизнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш ва авлодлар ворисийлигини таъминлаш зарурлигини ҳам алоҳида қайд этди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси тарихимизнинг чинакам мардлик ва қаҳрамонлик солномаси бўлиб, Шерзод Алимовнинг янги рисоласи ана шу тарихни ўрганишда муҳим илмий-амалий манба бўлиб хизмат қилади.

Музаффар ТОЖИБОЕВ,

ИИВ Академияси кафедра бошлиғи,

тарих фанлари доктори, профессор,

подполковник.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 1 =