Мардлар жасорати мангудир

Муқаддас юртимиз, бағрикенг халқимизга садоқат билан хизмат қилиш барчамизнинг энг шарафли бурчимиздир!

Шавкат МИРЗИЁЕВ

“Hurriyat” газетасининг 2026 йил 8 июлдаги сонида чоп этилган таниқли публицист Муҳаббат Ҳамидова қаламига мансуб “Қизғалдоқлар йиғиси” номли эссени ўқиб, беихтиёр мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимизнинг турли гўшаларида содир этилган хунрезликлар ва мудҳиш воқеалар кўз олдимиздан ўтди. Истиқлолимизни кўролмаган, эл-юртимиз оромини, тинчлик-осойишталигини бузиш ҳаракатида бўлган ғаламисларга қарши олиб борилган аёвсиз курашлар беихтиёр ёдимизга тушди.

Муқаддас китобларда ва улуғ мутафаккирларнинг асарларида Ватан доимо улуғлаб келинган. Ҳадиси шарифлардан бирида “Ватанни севиш иймондандир”, дейилган. Узоқ ва яқин тарихга назар ташласак, чин инсонлар она юртини ёвуз душманлардан ҳимоя қилишни, халқ тинчлиги ва осойишталигини асрашни ўзларининг муқаддас бурчи деб билганликларига гувоҳ бўламиз. Мард ўғлонлар юрт тинчлиги, эл осойишталиги йўлида, керак бўлса, жонларини фидо этишган.

Муҳаббат Ҳамидова ўз кечинмаларида мустақиллигимизни ёвуз кимсалардан ҳимоя қилиш йўлида жасорат кўрсатиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган ана шундай мард ўғлонларимиздан бири — Баҳром Жўраевни ёдга олган. Унинг ҳарбий офицер бўлиш иштиёқида Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кирганини қайд этади. Қаҳрамоннинг оилапарварлиги, ота-онасига меҳри ва ҳурмати бўлакча бўлгани ҳақида сўз юритади. Муаллиф Баҳром Жўраевнинг бир қанча ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимлари қатори Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманига суқилиб кирган террорчиларга қарши курашда мардона иштирок этганига алоҳида урғу беради.

Инсоннинг мардлиги, жасорати ва қаҳрамонлиги фақат жанг майдонларида эмас, балки жиноятчилар билан юзма-юз келганда ҳам намоён бўлади. Ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларининг мамлакатимиз сарҳадларини муҳофаза қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги кундалик хизмат фаолияти хавф-хатардан холи эмаслиги кўпчиликка маълум. Ўз ҳаётини юрт тинчлигини, эл осойишталигини таъминлашга бағишлаган юзлаб ходимларимиз ушбу шарафли йўлда азиз жонларини қурбон қилишган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикасини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир”, дея алоҳида таъкидлаган эди. Бугунги кунда қасамёдига содиқ қолиб, хизмат бурчини адо этиш чоғида мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда хотира боғлари барпо этилди. Ўз она юртини ғанимлардан ҳимоя қилиш чоғида мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатиб, шаҳид бўлган Ватан ҳимоячилари, ҳуқуқ-тартибот посбонлари ҳақида китоблар нашр қилинди. Уларнинг шонли ҳаёт йўли ва қаҳрамонлигини мадҳ этувчи туркум мақолалар ҳамда шеърлар битилди. Шу маънода, бундай савобли ишга муносиб ҳисса қўшгани учун “Қизғалдоқлар йиғиси” номли хотиранома муаллифига чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Таниқли журналист ва адиба Муҳаббат Ҳамидова ёзганидек, Андижонда содир этилган мудҳиш воқеалар пайтида мустақиллигимизни, тинч-осуда ҳаётимизни, тараққиётимизни кўра олмайдиган бир гуруҳ ёвуз ниятли манфур кимсалар гаровга олинган одамларни ўзларига қалқон қилиб, блок-постга яқинлашишган. Шундай қалтис вазиятда ҳам капитан Баҳром Жўраев ва унинг сафдошлари ўзларини йўқотмади, аксинча, уларга тик қараб: “Тинч йўл билан қуролларни топширинг. Гаровдагиларни қўйиб юборинг”, — дея талаб қилдилар.

Афсуски, ваҳший бузғунчилар номардлик қилиб, биринчи бўлиб Баҳром Жўраев ва бошқа осойишталик посбонларига қарата ўқ ёмғирини ёғдирди. Шундан сўнг юз берган тўқнашув оқибатида бир неча ҳарбий хизматчи ва ички ишлар органлари ходими қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Ҳали ўттиз ёшга ҳам кириб улгурмаган Баҳром Жўраев ҳамда унинг сафдошлари яшашга ҳақли эдилар. Уларнинг ҳам қанчалаб орзу-ҳаваслари бор эди.

Нетонгки, ҳар гал эслаганда, ёдга олганда яқин ўтмишимиздаги ана шундай воқеалар, йўқотишлар юракларни оғритади. Она Ватанимиз истиқлолга эришгандан кейин ҳам Ватан мустақиллигини авайлаб-асраш, ҳимоя қилиш осон кечмаган. Ғанимлар ўз манфур мақсадлари йўлида қон тўкишдан тойишмаган. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев катта-катта йиғилишларда бугунги нотинч дунё ва унда кечаётган воқеа-ҳодисаларга ҳамиша ҳушёр муносабатда бўлишга чақирадилар. Энг олий мақсад — юрт тинчлиги, эл осойишталиги дея таъкидлайдилар. Худди шундай. Она Ватан яхлитлигини сақлаш, халқимиз омонлигини муҳофаза қилиш олий вазифадир.

Албатта, орадан йиллар ва даврлар ўтади, аммо она Ватани тинчлиги ҳамда эл осойишталиги йўлида азиз жонларини фидо қилган Баҳром Жўраев сингари мард ўғлонларнинг қаҳрамонлиги ва жасоратини халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Зеро, мардлик мангуликка дахлдордир.

Зокиржон АЛМАТОВ,

Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси.

Абдуғофур САТТАРОВ,

Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгаши

раисининг ўринбосари.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =