Йилларга татигулик дамлар

шу йилнинг 7-9 июль кунлари истеъдодли ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари бўлиб ўтди

Боғбондан сўрасам бу жаннат номин,

Дейди лўнда қилиб: “Зомин бу, Зомин”.

Абдулла ОРИПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

Ўзбекистон халқ шоири

…Ортга қайтмоқдамиз. Борлиқ аллақачон сокин тун қучоғига сингиб кетган. Автобус шифтидаги майда чироқлар қоронғилик бағрида худди юлдузлардек милтиллайди. Ҳар ким ўз оламига ғарқ бўлган. Орқа ўриндиқларда кимдир эндигина қоғозга тушган қораламасини ҳамроҳига ўқиб бермоқда. Олдинроқда эса бир гуруҳ ёшлар паст овозда янграётган мусиқа жўрлигида аллақандай ўйин билан банд. Мен бошимни ўриндиққа суяб, кун давомида кечган учрашувлар, айтилган фикрлар ва эшитилган шеърларни хаёлимдан бир-бир ўтказаман. Ёнимдаги шеригим аллақачон қулоқчинда янграётган мусиқа оғушида ўз дунёсига шўнғиб улгурган. Кимдир чарчоқдан мудрайди, яна кимдир телефон экранида янги ҳикоя ёки шеърнинг навбатдаги сатрларини қораламоқда.

Дарҳақиқат, ҳар бир ижодкорнинг қалбида илҳом уйғонадиган, фикри чархланадиган ва сўзга бўлган муҳаббати янада мустаҳкамланадиган масканлар бўлади. Ана шундай манзиллардан бири — Зомин. Йиллар давомида республика ёш ижодкорлари учун чин маънодаги ижод мактабига айланган Зомин семинари бу йил ҳам юзлаб истеъдодли ёшларни бир мақсад — адабиёт ва ижод атрофида бирлаштирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари бугун нафақат адабий анжуман, балки устоз ва шогирдни, тажриба ва изланишни, илҳом ва масъулиятни боғловчи муҳим ижодий майдонга айланди. Семинар истеъдодларни кашф этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва ўзбек адабиётининг муносиб давомчиларини тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Бу йилги ёш ижодкорлар анжумани 7-9 июль кунлари Зоминдаги “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ тасарруфидаги “Зомин” сиҳатгоҳида ташкил этилди. Мусаффо ҳаво, бетакрор табиат ва осойишта муҳит ёш қаламкашлар учун гўё илҳом манбаига айланди. Турли ҳудудлардан келган ижодкорлар бу ерда нафақат янги билим олдилар, балки ўзаро тажриба алмашиш, янги дўстлар орттириш ва ижодий қарашларини бойитиш имконига эга бўлишди. Бу йилги семинар яна бир муҳим жиҳати билан эътиборга сазовор бўлди. Илк бор “Ватандошлар” жамоат фонди кўмагида хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ўзбек ижодкорлари ҳам таклиф этилди. Турли мамлакатлардан ташриф буюрган ёш қаламкашларнинг иштироки адабий мулоқотлар кўламини янада кенгайтириб, ўзбек адабиёти дунё бўйлаб яшаётган ижодкорларни бирлаштирувчи маънавий куч эканини намоён этди. Уларнинг ижодий қарашлари, ҳаётий тажрибалари ва адабиёт ҳақидаги мушоҳадалари семинар иштирокчилари учун янги фикр ва таассуротлар манбаи бўлди.

Семинар анъанага мувофиқ Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Бу рамзий тадбир миллий адабиётимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди. Шундан сўнг иштирокчилар Зомин сари йўл олиб, семинарнинг тантанали очилиш маросимида мамлакатимизнинг таниқли адиблари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашдилар. Зомин оқшомидаги кечки мушоира эса семинарнинг энг самимий ва унутилмас лаҳзаларидан бирига айланди.

Семинарнинг биринчи кунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид ёш ижодкорларни анжуман билан қутлади. Бу қутлуғ ташаббус Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг адабиётга катта эътибори боис амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу анжуманни ўтказишда кўмак бераётган  мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналаридан бири “Навоий кон-металлургия комбинати”га, Жиззах вилояти ва Зомин тумани ҳокимлиги, республика Халқ банки сингари ташкилот ва идоралар мутасаддиларига миннатдорлик билдирди.

Семинарнинг иккинчи куни эса мазмунан янада бой дастурлар билан давом этди. Шўъба машғулотларида иштирокчилар шеърият, наср, драматургия, болалар адабиёти, бадиий таржима, публицистика ҳамда адабий танқид йўналишлари бўйича тажрибали устозлардан сабоқ олдилар. Ҳар бир йўналишда асарлар таҳлил қилиниб, ёш ижодкорларга амалий тавсиялар берилди. Ёш ижодкорларнинг асарлари юртимиз адабиётининг таниқли намояндалари томонидан синчковлик билан кўриб чиқилди. Ҳакамлар ҳайъатидан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоирлари Маҳмуд Тоир, Хосият Бобомуродова, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Уюшма раиси ўринбосарлари Фарида Афрўз, Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳудудий бўлим раҳбарлари ва Уюшманинг масъул вакилларидан Меҳрибон Абдураҳмонова, Норинисо Қосимова, Хуршида Қўчқорова, Гавҳар Ибодуллаева, Тошпўлат Тугалов, Ғулом Абдиев, Шодмон Сулаймонов, Баҳриддин Садриддинов, Менгнор Олламурод, Дилшода Эргашева, Маъмура Зоҳидова, Яҳёбек Фаёзов, Наргиза Асадова, Фозил Жабборов сингари таниқли ижодкорлар ўрин олдилар.

Шунингдек,  Сирожиддин Рауф, Салим Ашур, Нурбой Жабборов, Тоҳир Қаҳҳор, Дилшод Ражаб, Муҳиддин Омон, Зиёвуддин Мансур, Феруза Адилова, Абдурасул Жумақул, Орзиқул Эргаш, Нурилла Чори, Шоира Шамс каби таниқли ижодкорлар ҳам ёшларнинг ҳар бир ижодий намуналарини эътибор билан кўздан кечириб, фикр-мулоҳазаларини самимий тарзда билдирдилар.

Баъзан биргина жумла устидаги муҳокама ҳам бутун асарга янгича нигоҳ билан қарашга ундарди. Энг муҳими, муҳит эркин, самимий ва ижодий руҳда кечди. Устозлар ва шогирдлар бир даврада фикр алмашиб, баҳс ва мушоҳадалар орқали ҳар бир иштирокчи ўз ижодини бойитиш имконига эга бўлди. Шу маънода, Зомин семинари имтиҳон майдони эмас, балки ҳақиқий ижодий мулоқот макони эканини яна бир бор намоён этди.

Ёш ижодкорларнинг адабиёт анжуманида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев ҳам қатнашиб, ижод аҳлини ушбу анжуман билан муборакбод этди. Зомин семинарининг ёш иқтидорларни кашф этишдаги ўрни хусусида сўз юритди.

Анжуманга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг ташриф буюргани ва адиб иштирокидаги маҳорат дарси семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Ёзувчи бадиий ижоднинг нозик жиҳатлари, асар устида ишлаш маданияти, ижодкорнинг жамият олдидаги бурчи ҳақида самимий фикрларини билдирди. Атоқли адиб ўзининг “Ishonch telefoni” китобидан айрим ҳикояларни ўқиб бериб, бадиий асарнинг ҳаётий кузатув ва инсон руҳиятини чуқур англаш асосида яратилишини мисоллар орқали тушунтирди. Маҳорат дарси қизғин савол-жавобларга уланиб кетди. Ёш ижодкорлар ва устозлар адибдан давлат хизматидаги масъулиятли фаолияти, Президентимиз ҳузуридаги муҳим вазифалар билан бир қаторда ижод қилишга қандай вақт топиши, ёзувчи сифатида ўз устида ишлаш жараёни ҳамда яхши ижодкор бўлиш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида саволлар бердилар. Хайриддин Султон эса ёзувчи учун фақатгина истеъдоднинг ўзи кифоя эмаслигини, чинакам ижод муттасил мутолаа, ҳаётни теран кузатиш, узлуксиз изланиш ва энг аввало халқ олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиш билан камол топишини алоҳида таъкидлади. Ёзувчининг ҳар бир жавоби ёш қаламкашлар учун ижодий сабоқ, ҳаётий тажриба ва катта мактаб вазифасини ўташи аниқ. Зеро, севимли ёзувчимизнинг асарларини ўқимаган ёш ижодкорлар бўлмаса керак. Дастур доирасида Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Сўз” лойиҳаси ижодкорлари томонидан адибнинг “Ялдо кечаси” асари асосидаги саҳнавий чиқиш намойиш этилди. Унда ижод ва экран санъати уйғунлиги яна бир бор намоён бўлди.

Семинарнинг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенгесбой Каримов, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодир Жонузоқ, Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Худойшукуров сингари устозлар ёш ижодкорларни самимий табриклаб, мамлакатимизда адабиёт ва ижод аҳлига қаратилаётган эътибор, анъанавий Зомин семинарининг ёш истеъдодларни тарбиялашдаги ўрни ҳақида фикр билдирдилар. Фаол иштирок этган ёш ижодкорларга фахрий ёрлиқ, статуэтка ва қимматбаҳо совғалар, пул мукофотлари топширилди. Бу эътироф улар учун янги марралар сари дадил қадам ташлашга ундовчи ишонч ва илҳом рамзи бўлди. Семинар якунида эса иштирокчилар учун Жиззах вилоятининг сўлим масканлари бўйлаб саёҳат уюштирилди. Хусусан, табиат мўъжизаси – Айдаркўлга борган иштирокчилар янги таассуротлар ва унутилмас хотиралар билан қайтишди.

Семинар якунланди. Зоминда уч кун давом этган завқли онлар ижодкор ёшлар қалбига узоқ йилларга татигулик унутилмас ҳаяжонларни бахш этди.

Фарангиз АБРУЕВА,

республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари иштирокчиси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − nineteen =