Юзи нурли, сўзи сеҳрли

Ўзбекистонда  хизмат кўрсатган журналист, таниқли шарҳловчи 

Қобилбек Каримбеков ҳақида сўз

Қобилбек Каримбеков… Бу номни катта авлод вакиллари ўтган асрнинг етмишинчи йиллар охири — саксонинчи йилларнинг бошларидаги “Сўнгги ахборот”, “Халқаро кундалик”, “Халқаро панорама” каби радиоэшиттиришлар, “Бугун оламда нима гап?”, “Сиёсий шарҳловчилар даврасида”, “Харита”, “Сиёсий портретга чизгилар”, “Шарҳловчи минбари” сингари телекўрсатувлар орқали яхши билишади. Кўркам ва очиқ чеҳрали, шижоати, билими, иқтидори, дадиллиги, халқаро ва сиёсий мавзуларда долзарб, мазмунли, қизиқарли, ўзига тортадиган кўрсатувлар тайёрлаб, кўплаб мухлислар орттирган туғма шарҳловчи Қобилбек Каримбеков ҳақида қанча гапириб, қанча ёзса ҳам арзийди.

Бундан 45-50 йиллар илгари ҳозиргидек мобиль телефонлар, смартфон, гаджетлар бўлмаган, одамлар ҳар куни уйининг айвони устунида осиғлиқ турадиган ва кечаси-ю кундузи ҳам тинмай гапирадиган мўъжазгина радиоприёмникдан эшиттиришларни жон қулоғи билан тинглар, телевизор эса, ҳар бир хонадоннинг тўридан жой олган азиз меҳмон эди гўё. Айниқса, шу даврларда радионинг “Ахборот” информацион дастури ўз номига муносиб, аҳолини энг сўнгги янгиликлардан хабардор қилиб турадиган муҳим эшиттириш бўлган. Ҳа, радиоэшиттиришлар мамлакатимизнинг турли бурчакларигача етиб борарди. Эшитилиши қулай ва беминнат бўлган бу ахборот воситасининг аудиторияси жуда кенг бўлиб, уни бекорга “миллионлар минбари” дейишмаган ўша даврларда. Аксарият аҳоли унинг янгиликлари ва оҳанрабо куй-қўшиқлари билан бирга, турли мавзулардаги эшиттиришларини сабрсизлик билан кутишар эди.

Қобилбек Каримбеков билан Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)га деярли бир вақтда ишга келганмиз. М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетини муваффақиятли тугатгач, мени йўлланма билан Тошкентга юборишди. Дастлаб ишни республика марказий газеталаридан бирида бошладим. Орадан кўп вақт ўтмай, мени Тошкент давлат университети журналистика факультетида янги очилган “Телевидение ва радио” кафедрасига ўқитувчилик лавозимига ишга таклиф этишди. Факультетимиз университет беш қаватли биносининг биринчи қаватида, ўша пайтдаги “КПСС тарихи” кафедраси ҳам шу қаватда жойлашган эди. Қ.Каримбеков университетнинг барча факультетларига дарс ўтиладиган ана шу кафедрада ўқитувчи бўлиб ишларди. Қадди-қомати келишган, вужудидан куч-ғайрат ёғилиб турадиган бу ёш ўқитувчи ўзининг билими, иқтидори, айниқса, хушмуомалалиги билан ён-атрофдагиларда яхши таассурот қолдирган эди.

Қ.Каримбековнинг мактабда яхши ўқигани, тарих фанига қизиқиши туфайли ёшликдаги юксак орзу-ҳаваслар уни Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг тарих факультети халқаро муносабатлар бўлимида ўқишга етаклади. Университетни имтиёзли диплом билан битиргач, ўзи учун қадрдон бўлиб қолган қутлуғ даргоҳда ўқитувчи бўлиб ишга қолди.

1981 йил эди, янглишмасам… Бир куни Қобилбек Каримбековнинг овозини радиодан эшитиб қолдим. Эртасига ишхонада кўришдик ва бу ҳақда қизиқиб сўрадим. У халқаро ҳаёт ва сиёсий мавзуларга жуда қизиқиши, республика радиоси эшиттиришларига қатнашаётгани ҳақида завқланиб гапириб берди. Биз ишлаётган кафедра бевосита радио ва телевидениега ихтисослашгани боис, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳам эшиттириш ва кўрсатувлардан мунтазам хабардор эдилар. 1980 йилларда Ўзбекистон радиосида биттагина радиоканал бўлиб, аксарият аҳоли шу радиоканал орқали берилаётган эшиттиришларни тинглар эди.

Қ.Каримбеков дастлаб радионинг “Ахборот” информацион муҳарририяти таркибидаги “Кундалик” халқаро эшиттиришида қатнашиб юрди. Бу эшиттиришнинг ҳажми дастлаб 10 дақиқа эди. Мухлислари кўпайгач, у “Халқаро кундалик” эшиттиришига айлантирилиб, 20 дақиқага, кейинчалик ярим соатга етказилди. Ёш бошловчининг интилувчанлиги, энг муҳими, билими, салоҳияти, айниқса, овозининг ёқимлилиги, тингловчи диққатини ўзига тезда жалб қилиш қобилияти туфайли тез орада радиотингловчиларнинг эътирофини қозона бошлади. Албатта, дастлабки бу ютуқлар тинимсиз изланишларнинг самараси эди. Бошловчи шарҳловчи Қ.Каримбеков машҳур сўз устаси Қодир Махсумов, таниқли дикторлар Тельман Йўлдошев, Даврон Зуннуновлардан сабоқ олди. Унга, айниқса, “Ахборот”нинг бош муҳаррири, тажрибали радиожурналист, бағрикенг инсон Абдусамад Исоқов яқиндан кўмак берди, иш тажрибаларини ўргатиб борди. Яна бир жиҳати, эндигина радиога кириб келган тарихчи йигит тингловчиларга “Кундалик” эшиттириши орқали дунё мамлакатларида содир бўлаётган энг муҳим янгилик, хабарларни жуда маромига етказиб узатишнинг ҳадисини олган эди.

А.Исоқовнинг ташаббуси билан бир соат давом этадиган “Халқаро панорама” дастури ташкил этилиб, у тўғридан-тўғри эфирга узатиладиган бўлди. Бу ташаббусдан биринчилардан бўлиб Қ.Каримбеков жуда хурсанд бўлди ва устоз билан ҳамкорликда бирга ишлашга келишиб олишди. Албатта, бу янги лойиҳани амалга ошириш осон кечгани йўқ. Аммо тиниб-тинчимас, ҳаракатчан, ўша даврларда радиодек нуфузли ташкилотда меҳнатлари туфайли яхшигина мавқе ва обрўга эга бўлган А.Исоқов мақсадга эришиш йўлида бор кучи, ташкилотчилиги ва тажрибасини аямади.

Муҳими, тинимсиз изланишлар, бор имкониятларни ишга солиш туфайли янги дастур илк эшиттиришиданоқ радиотингловчиларга манзур бўла бошлади. Ҳафтасига бир маротаба эфирга узатилаётган бу “панорама”ни А.Исоқов билан Қ.Каримбеков эркин тарзда олиб борадиган бўлишди. Одатда, янгиликнинг истаган жамиятда, маълум иш шароитида тезда сингиши осон кечмайди. Очиғи, янги ташкил этилган эшиттириш ҳаммага ҳам маъқул бўлмади, орқаворатдан “тош отиш”лар ҳам бўлди. Чунки бу янги эшиттириш бошлангунга қадар радиоэшиттиришлар фақат дикторлар томонидан ўқиб бериларди, энди эса уни бошловчилар тўғридан-тўғри эфирга узатадиган бўлишди. Эшиттиришни ташкил қилишга бош-қош бўлган Абдусамад ака ва у билан бирга ишлайдиган радиожурналистлар хотиржамликка берилишмади, тинмай изланиб, ҳар бир эшиттиришни имкон даражасида қизиқарли ва мазмунли тарзда эфирга чиқаришга астойдил ҳаракат қилишди. Бунга эришишди ҳам.

Радиодаги саъй-ҳаракатлар самарасини бера бошлади. Қ.Каримбеков қисқа вақт ичида яхшигина тажриба тўплади, шижоати ва ёқимли тили, мазмунли ва ўзига хос ижоди билан тингловчилар эътиборини қозона борди.

Қобилбек Каримбековдаги иқтидор, изланиш, ўз устида мунтазам ишлаш каби хусусиятлар телевидение раҳбариятининг ҳам эътиборига тушди, у энди телевидение кўрсатувларида ҳам қатнаша бошлади.

Қ.Каримбековда халқаро шарҳловчилик устунлик қилди ва 1983 йили Миллий телерадиокомпанияга “Сиёсий шарҳловчи” лавозимига ишга қабул қилинди. Ўша даврларда телевидениеда шарҳловчилик анча нуфузга эга лавозим ҳисобланиб, бу даражага эришиш ҳаммага ҳам насиб этавермасди. Энди радиода озми-кўпми тажриба орттирган сиёсий шарҳловчи учун масъулият юки икки каррага ошди, чунки телевидениеда кўрсатув олиб боришнинг ўзига хос талаб ва қоидалари бор эди. Бу қайноқ ижодий муҳитда у таниқли воизлар Эркин Ҳайитбоев, Аҳмаджон Мелибоев, Турсун Қоратоев, Насриддин Муҳаммадиев ва бошқа устозлар билан “Бугун оламда нима гап?”, “Сиёсий шарҳловчилар даврасида”, “Сўранг — жавоб берамиз” каби кўрсатувларни тайёрлашда фаол қатнашди. Кейинчалик “Тинчлик қадри”, “Харита”, “Сиёсий портретга чизгилар”, “Аср садоси”, “Шарҳловчи минбари” сингари телетомошабинларнинг эътиборини қозонган кўрсатувларни тайёрлашга эришди. Таъкидлаш лозим, Қ.Каримбеков миллий телевидениемизда журналистиканинг жиддий ва долзарб ҳисобланган шарҳ жанрининг янги қирраларини очиш, ҳар бир халқаро ва сиёсий мавзуни миллионлаб телетомошабинларга таъсирчан, қизиқарли тарзда етказишга катта ҳисса қўшди.

Айтиш керакки, қулоғимиз шарҳловчи, шарҳловчилик каби истилоҳларни эшитишга ўрганиб қолган, аммо унинг мазмун-моҳияти, қанчалик масъулиятли вазифа эканини ҳамма ҳам тушуниб етавермайди.

Шарҳловчи — алоҳида кишилар билан телекўрсатувда бирор-бир нарса ҳақида суҳбат қилувчи мутахассис ҳисобланади. У ўз шахсий фикрлари билан видеотасвирлар мазмунини очиш ва меҳмон билан студияда суҳбат қилувчи бошловчи ҳамдир. Одатдагидек, у бой ҳаётий тажрибага эга саёҳатчи, бутун ер шарини айланиб чиққан космонавт ёки хизмат кўрсатган шифокор ёки таниқли балерина бўлиши мумкин. Албатта, улар ўз иш фаолияти ва ҳаёти ҳақида чиройли гапира оладиган ҳақиқий зиёли киши бўлиши лозим. Яна унда “камерани сеза билиш” — кўринмайдиган аудитория билан алоқа қилиш қобилияти бўлиши зарур. Таниқли кишининг қобилияти — мураккаб нарса тўғрисида гапира билиш маҳоратида кўринади. Кейин шарҳловчининг ҳар қандай ҳолатда холис бўлиши, касб одобига қатъий риоя қилиши каби хусусиятлар ҳам унинг олтин қоидасига киради.

Албатта, Қобилбек Каримбековда ана шу муҳим хусусиятлар йиллар давомида шаклланди, ўқиб-ўрганишдан эринмади, устозларнинг ўгитларига амал қилди ва холисона айтганда, олдига қўйган эзгу мақсадларига эриша олди.

Кечагидек эсимда, 1986 йилнинг баҳори эди. Факультетимизга Тбилиси университетининг профессори Николай Леонидзени талабаларимизга маъруза ўқиш ва маҳорат мактаби ўтиб бериши учун таклиф қилган эдик. Н.Леонидзе Тошкентда бир ҳафта бўлди: талаба, аспирантларга маъруза ўқиди, дарсдан кейин эса меҳмон профессорни пойтахтимизнинг музейлари, манзарали жойларига олиб бордик. У навбатдаги маърузага киришидан олдин шундай деди: “Мен кечки пайтлари Ўзбекистон телевидениеси кўрсатувларини кўриб боряпман. Кеча биринчи телеканалдан хушсурат, оғир-босиқ, аммо дадил-дадил гапирадиган бир йигит кўрсатув олиб борди. Тўғриси, мен ўзбек тилини тушунмайман, меҳмонхонадаги шеригим — ўзбек биродаримиздан сўраб билдим, у биз томоша қилаётганимиз “Бугун оламда нима гап?” кўрсатуви экани, уни Қобилбек Каримбеков деган шарҳловчи олиб бораётганини айтди. Тўғриси, телеэкрандаги йигитнинг ўзини тута билиши, ҳаракатлари, эмин-эркин гапиришларидан анча маҳоратли шарҳловчилигини билиб олиш қийин эмасди. Одатда, телевидениенинг мақомини юқори даражага олиб чиқадиган, кўрсатувларни қойилмақом тарзда олиб бориб, телетомошабинларни ўзига жалб қиладиган ана шундай билимли ва маҳоратли инсонлар бўлади”.

Телеканалларда нима кўп, кўрсатув кўп: агар томошабинга бири ёқмай қолса, қўлидаги кичкинагина ускуна тугмачасини босиб, бошқасини кўраверади. Мен Қ.Каримбековнинг деярли барча кўрсатувларини ҳам мутахассис, ҳам бир телетомошабин сифатида кузатиб борганман. Одатда, шарҳловчилар маълум кўрсатув тайёрлаш учун жуда кўп маълумотларга эга бўлишлари, далиллар, факт-рақамлар эса уларнинг мавзуни атрофлича очиб беришлари учун муҳим воситалар бўлиб хизмат қилиши ва улардан унумли фойдаланган ҳолда, ўша мавзуни тўлақонли ёритишда асло муаммо бўлмаслиги керак. Менимча, Қ.Каримбековдаги энг муҳим “қурол”, биринчидан, унинг билими, юксак салоҳияти бўлса, кейингиси кучли қувваи ҳофизага эгалигидир. Бу ноёб хусусият — Аллоҳ ўзи юқтирган неъмат бўлиб, бу каби иқтидор ҳамма шарҳловчиларга ҳам насиб этавермайди. У кўрсатувни бир маромда, чиройли тарзда олиб борар экан, “…фалон йили, фалон санада БМТнинг фалон резолюцияси қабул қилинган эди”, ёки “…йилнинг мана шу санасида бу масала кўриб ўтилганида…” дея давом этади. Дадил фикрлаш, ўзига тортадиган овозда, фактлардан жой-жойида фойдаланиб, уни мухлисга етказиб, ўзига жалб қила олиш — мана, шарҳловчининг маҳоратини кўрсатиб берадиган омиллар. Айтиб ўтилганлар мақоламиз қаҳрамонида тўла мужассам.

Қобилбек Каримбеков телевидениедаги қизғин иш жараёнида фақат кўрсатувлар тайёрлаш билан чекланиб қолгани йўқ. У шарҳловчилик фаолияти давомида Япония, Франция, Чехия ва Словакия сингари ўнлаб хорижий давлатларга қилинган расмий сафарлар ҳақида хилма-хил, ўзига хос ҳужжатли кўрсатувлар тайёрлаб, миллионлаб “зангори экран” мухлисларига тақдим этди.

Қобилбек Каримбековнинг тинимсиз меҳнатлари, жўшқин ижоди, саъй-ҳаракатлари туфайли 1996-1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида бош консультант бўлиб ишлаш насиб этди. Бу нуфузли идорада ишлаш унга бой тажриба тўплаши, сиёсий тафаккури ва тушунчасининг янада кенгайишига ёрдам берди. Ана шу тажриба, ўзига хос мактаблар уни обдан чиниқтирди. Натижада Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази қошидаги “Маънавият тарғиботчиси” ўқув маркази, Абдулла Авлоний номидаги Республика халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида масъул лавозимларда фаолият олиб борди.

Қ.Каримбеков йиллар давомида тўплаган тажрибаларини бошқаларга, ўзидан кейинги авлодга етказишда ҳам ўз ўрнига эга журналист ҳисобланади. Нуфузли халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг академиги, ўз овози, иш услубига эга журналист меҳнат фаолияти давомида анча-мунча шарҳловчиларнинг етишиб чиқишига ўз ҳиссасини қўшди, десак, тўғри бўлади. Қуддус Аъзамов, Тўлқин Пўлатов, Ғофир Жамолов, Мадамин Сафаров, Хайрулла Нуриддинов, Собир Турдиев, Фарҳод Ҳожиев, Икром Чориев каби журналистларга Қобилбек Каримбеков ўз тажрибаларини ўргатган ҳолда, керакли маслаҳатлар берди, уларнинг шу мақомга етишларига имкон даражасида ўз ҳиссасини қўшди.

Ўзига хос билим, тажриба, овозга эга бўлган таниқли шарҳловчининг салкам ярим асрлик меҳнат фаолияти давомида турли газеталарда 300 дан зиёд, журналларда 50 дан ортиқ, илмий тўпламларда 70 га яқин мақолалари, 30 га яқин илмий тақризлари, Россия, Германия, Қозоғистон ва бошқа қатор хорижий давлатларнинг журналларида эса мақолалари чоп этилди.

Катта тажриба, иқтидорга эга Қобилбек Каримбековнинг журналистлик ҳамда воизлик хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб келинмоқда. У 1996 йилда “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби, 2001 йили “Шуҳрат” медали, 2022 йили “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 2016 йилда эса Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист фахрий унвони билан тақдирланган.

Тиниб-тинчимас, доимо ҳаракатда бўлишни ёқтирадиган шарҳловчи Қ.Каримбеков айни кунларда ҳам Мудофаа вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг бўлинмаларида, маҳаллаларда “Маърифат дарслари”ни олиб бормоқда.

Қобилбек Каримбеков бугун қутлуғ ёшида ортига қараб, ўтган йилларини сарҳисоб қилар экан, “Камтарона ижодим билан меҳнатсевар, бағрикенг, мард халқимизга, азиз радио ва телевидение мухлисларимизга манзур бўладиган ижод қила олган бўлсам, ўзимни бахтли инсон деб ҳисоблайман”, дейишга ҳақли.

Юсуфжон ҲАМДАМОВ,

филология фанлари доктори.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 7 =