Нодир командирнинг қисмати

Ҳозир ҳам Қамаши ва Чироқчи туманларида яшовчи кекса ёшдаги кишиларга бу ном яхши таниш. Чунки улар бу инсон тўғрисида бобо ва момоларидан қарийб афсонага айланган воқеаларни кўп бора эшитишган.

Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 20-йилларида Қоратепанинг Дўстберди қишлоғида чўпонлик қилиб юрган ўспирин йигитнинг орадан йиллар ўтиб, эл-улуснинг тинчини қўриқлайдиган жасур отряд командирига, одамларнинг яхши яшашлари учун қайғурадиган адолатли раҳбарга айланиши ҳақиқатан ҳам эртакдаги воқеаларга ўхшаб кетарди-да ўша долғали йилларда…

Бухоро амири Саид Олимхоннинг тахтни ташлаб, афғонга қочиши шўролар ҳукуматининг амирлик ҳудудида ўзининг янги ҳокимиятини ўрнатишга имкон яратиб берди. Шу билан бир қаторда мамлакатнинг турли бурчакларида ўша пайтда “босмачи” деб номланган уюшмаган тўдаларнинг пайдо бўлиши эса қизиллар учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда эди.

Шўроларнинг Чироқчи туманидаги масъул идораси бошлиғи Мирзапоён Равшанов асли қоратепалик бўлиб, Нодир билан тенгдош жўра эди. У Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган зиёли киши бўлиб, у янги тузилаётган ҳарбий отрядга ҳеч иккиланмай, гарчи касби-кори оддий чўпон бўлса-да, полвон келбатли, давраларда ўрнини бермайдиган чўрткесар ва адолатпарвар йигитни жалб этди.

Шуни таъкидлаш лозимки, ўша йилларда ўрмонга ўт тушса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади, деганларидек, чекка қишлоқларда ўз манфаати учун ўзига тўқ хонадонларнинг мол-мулкини талайдиган тўдалар ҳам пайдо бўлган ва уларни одамлар “чўнқаймалар” деб аташарди. Ана шундай талончи тўдалар кунларнинг бирида Санчиқул қишлоғида яшовчи уста Норқобилнинг уйига бостириб кириб, унинг мол-мулкини тортиб олиб, ўзини отиб кетишган. Орадан бир неча кун ўтгач, худди шу қишлоқдан туман молия идораси бошлиғи бўлиб ишлайдиган Иброҳим Шерназар ўғлининг хонадонига ҳам босқин уюштирилган ва фақатгина уй соҳибаси Ҳилол момонинг сезгирлиги ва топқирлиги туфайли оила аъзоларининг жонлари омон қолган. Бундай кўнгилсиз ҳолатлар, айниқса, чекка дашт қишлоқларида тез-тез содир бўлиб турарди ўша йилларда…

* * *

Нодир Пардаев Чироқчи туманида 1919 йилдан 1923 йилгача отряд командири бўлиб, талончи тўдаларга қарши кураш олиб борди ва Тўра манқа, Жабборбек, Рустамбек бошлиқ тўдаларни туман ҳудудидан ҳайдаб чиқарди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Нодир Пардаев ўша давр сиёсатини яхши тушунадиган киши бўлган. У ташкил топаётган шўролар давлатининг нияти мустамлакачилик эканлигини аллақачон англаб етганди. Шунинг учун ҳам қуролли тўдаларга иқтисодий ночорлик ёки қутқу туфайли қўшилиб қолган йигитларни дарров пайқар, уларни бир-икки кун ҳибсда сақлагач, қатъий ваъдасини олгач, қўйиб юборар, ҳатто ўзининг шафқатсизлиги билан ном таратган Рустам қўрбошининг ўлимга ҳукм қилинишини муддатли қамоқ жазосига алмаштиришни амалга оширган эди.

Орадан узоқ йиллар ўтиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Жалил Ҳайдаров Қайқи қишлоғидаги тўйда бехосдан Рустам қўрбоши билан учрашиб қолади. Шунда собиқ қўрбошининг Нодир командир ҳақидаги: “Бундай мард одам онадан қайта туғилмаса керак”, деганини қишлоқдошларига сўзлаб берган экан. Худди шунга ўхшаш эътирофни таниқли журналист ва адиба Гулжаҳон Мардонова ҳам сўзлаганди.

— Онамнинг отаси Худойқул бой Чим қишлоғининг давлатманд кишиларидан бўлган. Шўроларнинг қулоқлаштириш сиёсати бошлангач, бобомни ҳам сургун қилиш учун Чироқчидаги ҳибсхонага олиб боришган. Бобомни яхши таниган Нодир командир воқеадан хабар топган ва йўлини топиб, у кишини қамоқдан озод қилган ва тезда оиласи билан Тожикистонга жўнаб кетиши кераклигини айтган. Бобом оиласи билан ўн йил ўзга юртда умргузаронлик қилган. Бу ҳақда онам ва тоғамнинг кўзларида ёш билан айтганлари ҳамон ёдимда.

Нодир Пардаевнинг эл-улус осойишталиги йўлидаги хизмати эътироф этилиб, унинг номига “командир” сўзини қўшиб айтиш ҳақидаги махсус қарор ва 12-14-рақамли гувоҳнома Қашқадарё вилояти архивида сақланмоқда.

Яна бир гап. Ўша йилларда Нодир командир қўл остида хизмат қилган йигитлардан бири Усмон Жиянов ҳам жасорати учун “Қизил юлдуз” ордени билан мукофотланган.

* * *

1925 йилдаги сайловда Нодир Пардаев Дўстберди қишлоқ шўроси раислигига сайланди. У чекка қишлоқда яшовчи деҳқонларни ерли қилиш, қишлоқ болаларини саводли қилиш ишларига эътибор қаратди ва бир нечта мактаблар қурилишига бош-қош бўлди.

1929-1931 йилларда Чироқчи тумани милицияси бошлиғи, сўнгра Чияли қишлоқ шўроси раиси вазифаларида ишлади. 1934 йилда эса уни Чироқчи туман ижроия қўмитаси раиси этиб тайинлашади. Янги раис қўшни Яккабоғ ва Шаҳрисабзгача бўлган бўз ерларни ўзлаштиришга алоҳида аҳамият беради ва орадан бир йил ўтиб, пахта ва ғалла режалари ортиғи билан уддаланади.

1935 йилда у республика Марказий Ижроия қўмитаси қурултойида иштирок этиб, сўзга чиқади ва эришилган ютуқлар билан бир вақтда муаммолар кўплигини айтади. Ҳукумат аъзоларидан Қашқадарё устидан кўприк қурилишига эътибор қаратишларини сўрайди. Ўзининг жўшқинлиги ва ғайрати билан атоқли шоир Ғафур Ғулом назарига тушади ва кўп ўтмай, ижодкорнинг у ҳақидаги “Нодир командир” номли очерки марказий газетада босилиб чиқади.

Очеркдаги Ғафурона қуйма сатрларга эътибор беринг:

“Суяги меҳнат билан қотган, кунлари ва тунлари эзилиш, сурилиш ва кураш билан ўтган бу ғолиб қаҳрамоннинг кекса тарихи достонлар ва романлар яратиш учун кенг мавзудир. Дўстберди қишлоғининг қашшоғи Парда ака бу азамат ўғлининг дийдори билан қувонган, не-не машаққатлар билан топган бир бурда қоқ нон билан уни боқиб вояга етказган” (Ғафур Ғулом. Танланган асарлар. 7-том. Тошкент, “Фан” нашриёти, 1987 йил).

* * *

Аммо, минг афсуски, оддий халқ орасидан чиққан мард ва ҳалол бу инсон ҳам 1937 йилда эса бошлаган машъум қатағон шамолига дучор бўлди. У Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовларнинг издоши деб, Қарши шаҳридаги Одина масжиди, яъни шўролар қамоқхонага айлантирган турмага ташланади ва мислсиз қийноқлар исканжасида жон берди. Яна шуни таъкидлаш лозимки, ўша машъум йилларда Нодир командирнинг “думи” деган сохта айблов билан Қоратепа қишлоқ шўросининг раиси Маҳматқобил Авазов, Наймансарой қишлоғидан оддий деҳқонлар: ака-ука Шоди, Турниёз, Пирназар Жуманазаровлар ҳам қатл қилинган.

Гарчи Нодир Пардаев ишида жиноят аломатлари йўқлиги сабабли 1938 йилдаёқ оқланган бўлса-да, айбсизлиги ҳақидаги хат 1962 йилнинг 11 декабрида унинг оиласига етиб келган.

Ҳа, бир варақ жонсиз қоғоздаги хабар, энг аввало, унинг мушфиқ аёли ва ота дийдорига тўймаган ўғил ва қизлари юрагидаги дардга малҳам бўлолмаса-да, оталарининг унутилмас номи эл-улус хотирасида яшаётгани таскин берарди, албатта…

Ўролбой ҚОБИЛ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − fourteen =