Фединнинг ўрмон-боғи
Шу йил май ойи якунларида таниқли ижодкор Фозил Фарҳоднинг ижтимоий тармоқлар орқали ёзган постлари сабаб, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги “Оқтепа” маҳалласида жойлашган “Учкўл” сув омбори ҳудудида табиатсевар фаол, овчи ва балиқчи Александр Федин томонидан ташкил этилган 100 гектарга яқин майдондаги кичик қўриқхона юқори идораларнинг эътибори туфайли яна эски эгаси А.Федин ихтиёрига топширилди.
Дастлаб бу масканда А.Федин 1988 йили 4 гектар ер олиб, боғ-қўриқхона яратиш ишларини бошлаган эди. Йиллар давомида у боғни кенгайтирди: хориждан турли ноёб дарахтлар, новдалар ва буталар олиб келиб экди. Қўриқхонага туташ “Учкўл” (“Три озера”) кўлида ноёб қушлар, балиқлар ва ҳайвонлар дунёсини асраб, бой флора ва фаунани шакллантирди. Натижада қўриқхона кичик тропик минтақага айланди.
Ҳудуд, аслида, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар жамиятига қарашли эди. Федин ва унинг табиатсевар дўстлари бу жойни чинакам жаннатмонанд масканга айлантирдилар.
Александр Иванович Федин 2000 йили Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида содир бўлган террорчиларга қарши жангларда ҳам фаол қатнашиб, Ватан мудофаасига муносиб ҳисса қўшган фидоий инсонлардан.
Шундай қилиб, “Учкўл” боғ-қўриқхонаси ҳақиқий табиат масканига айлангач, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Александр Иванович Фединни “Дўстлик” ордени билан мукофотлаган эди ҳатто.
Бироқ… 2025 йили Фединнинг қўриқхонаси ундан олиб қўйилди. Қаттиқ сиқилиш ортидан А.Федин руҳий касалликлар шифохонасига тушиб қолди. Шундан сўнг юқори идоралар кўмаги билан табиат жонкуяри Александр Федин шу йилнинг июнь ойи бошида адолатга эришди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов уни бориб кўрди, ҳол-аҳволидан хабар олди.
Хуллас, Федин қўриқхонаси яна унинг ўзига қайтарилди. Маълум муддат қийинчиликларга учраган табиат шайдосининг ишлари қайтадан юришиб кетди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ихтиёрига ўтказилаётган Федин қўриқхонаси бугун журналистлар, телевидение ходимлари ва кенг жамоатчилик эътиборида турибди.
Нима ҳам дердик, “Инсон қадри учун” тамойили асосида Александр Фединнинг ҳам қилган ишлари оммалаштирилмоқда.
Абдували АҲМАД.
Термиз тумани.
