Мўъжизалар диёри
(Эссе)
Хайрли сафар
Боболаримиз дунё кезишни, саёҳат қилишни яхши кўрганлар. Буни “табдили ҳаво”, яъни ҳаво алмаштириш деб таърифлаганлар. Инсон умрида ҳар хил сафарлар бўлади: дунё кезиш, хизмат сафари, зарурий сафарлар, ижодий сафарлар, ҳавас билан қилинган сайру саёҳатлар… Ҳаммаси ҳам керакли, ўз ўрнида манфаатли. Лекин шундай бир сафар борки, у мусулмон кишининг умрида амалга ошириши фарз бўлган ҳаж сафаридир. Банда эсини таниганданоқ ушбу сафарни орзу қилади, умри давомида бу қутлуғ сафарга тадорик кўриб боради, йиллар давомида тайёрланади…
Ҳа, бу муборак сафарнинг номи — муқаддас Ҳаж сафари. Бу сафарларнинг энг улуғидир.
Бу илоҳий амални адо этиб келиш насиб этган кишилар ўзларини ниҳоятда бахтиёр сезадилар, тиллари шукрона айтишдан тинмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умрларида бир марта Ҳаж сафарини амалга оширган эканлар.
Ушбу сўзларим, албатта, “ҳисобот” эмас, балки кўнглимдан кечган миннатдорлик ва шукроналик изҳорларидир. Уларни азиз ўқувчилар билан баҳам кўришни истадим.
Ғаройиб ҳодисадан ҳали-ҳануз ҳайратдаман. Насиб этганига шукр қиламан. Камина бир гуруҳ (улар нақ юз киши!) Янги Ўзбекистон фуқаролари қаторида “Президент ҳожилари” сафига киритилганимдан бошим осмонга етди! Бу ёлғиз менинг сўзим эмас, ҳамсафарларимнинг барчаси шундай дейишади.
Уларнинг ичида Ватанимизнинг ҳар пучмоғидан келган, ҳалол меҳнати, турмуш тарзи, ҳаёт тутуми билан бошқаларга ўрнак бўлган халқимиз вакиллари — мустақил Ўзбекистон ривожига хизмат қилган турли касб эгалари, меҳнат фахрийлари, онахонлар ва отахонлар бор эди.
Шуни айтиш керакки, “Президент ҳожиси” йўлланмаси деган шарафли рутба юртимизда илк бор муомалага киритилди. Бу ажойиб ҳодиса, дунёда бунақаси бўлмаган бўлса керак. Ҳар қалай, эшитмаганмиз. Бу тарихга олтин ҳарфлар билан ёзилишига асло шубҳам йўқ, айни пайтда бошқа давлат раҳбарлари ҳам бундан ўрнак олсалар ажаб эмас.
Ҳа, бу жуда қутлуғ ташаббус эди! Ташаббус — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси! Бу қуруқ сўз эмас, дўстлар, бу — элга, халққа хизмат қилиш, юртни ўйлаш, инсонларни руҳлантириш ва қадрлашнинг юксак намунасидир. Унинг устига, қутлуғ сафаримиз, айримлар ўйлаганидек, “халқ пули”га эмас, балки Президентимизнинг Қурбон ҳайити муносабати билан хайрия сифатида ўз ҳисобларидан қоплаганларини эшитгач, биз — “Президент ҳожилари”нинг давлатимиз раҳбарига бўлган ҳурматимиз минг чандон ортди! Бу боболардан қолган анъана — халқ ғамини ейиш, оғирини енгил қилиш, ёрдам қўлини чўзиш, яхшилик кўрсатиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.
Одами эрсанг, демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами, —
деб ёзган эдилар бундан беш юз йиллар аввал буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Тарихдан маълумки, ўз вақтида “халқим, миллатим” деб жон куйдирган муқарраби ҳазрати султон Мир Алишер Навоий Ҳирот халқининг бир йиллик хирожини тўлаб, халқнинг дуосини олган эканлар. Бу эзгу иш тарих китобларида битилган.
“Президент ҳожилари”га юборилган муборак табрикни қайта-қайта ўқиб чиқдим, ҳаяжонландим, барчаси инсон қадрини улуғловчи сўзлардан иборат эди: “…Яқиндагина Рамазон ойи давомида муҳтарам Президентимиз томонларидан эҳтиёжманд аҳоли қатлами учун 1 трлн 50 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, бепул жарроҳлик амалиётлари, ифторлик тадбирлари, рамазон ҳадялари, арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари, уй-жойларни таъмирлаш каби қатор хайрли ишлар ташкил этилган эди. Бугун эса эзгу ишларнинг давоми сифатида юртдошларимиздан 100 нафари “Президент ҳожиси” деган улуғ мақомга муносиб топилиб, Ҳаж амалларини бажариш бахтига мушарраф бўлмоқда… Албатта, бу — ана шу инсонпарвар сиёсатнинг, халқимизга, айниқса, эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Бу нафақат сиз учун, балки оилангиз, маҳалла ва бутун мамлакатимиз аҳли учун катта қувонч ва шарафли воқеадир…
“Президент ҳожилари” ташаббуси, аввало, Давлатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган меҳр-эътибори, нуронийлар ва кўмакка муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш борасидаги юксак инсоний ёндашувнинг ёрқин намунасидир”.
Жуда залворли ва ибратли сўзлар! Уни ўқиб, ғурурланиб кетасан киши!
Табрикда Ҳаж сафарининг улуғ ибодат экани айтилади. Ҳа, Ҳаж инсон қалбини поклайди, эзгуликка ва бирдамликка чорлайди, эътиқод ва саботни мустаҳкамлайди.
Кўнглимизни миннатдорлик туйғулари қамраб олди. Юртимиз тинчлиги, элнинг хотиржамлиги, халқимиз фаровонлиги, оилаларимиз осойишталиги, Янги Ўзбекистонимиз равнақи, хусусан, “Раҳмон зотнинг меҳмони” бўлишдек шарафга етишиб турганимиз, хурсандчиликларимизнинг сабабчиси — муҳтарам Президентимиз ҳақларига хайрли дуолар қилишни шу ерданоқ бошлаб юбордик… Дуоларимиз муқаддас заминда, муборак сафар чоғида давом этиши кўнгилларимизни ёритарди.
Ривоятлар оғушида
Ҳали Тошкенти азимдан чиқмай туриб, ўша машҳур азиз ва табаррук ривоятлар, мўъжиза ва афсоналарга чулғанган қадимги Ҳижоз тупроғи, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган юрт манзаралари хаёлимда бўй кўрсатар эди.
Сафарга кузатиш байрамга айланиб кетди. “Президент ҳожилари”нинг кайфиятлари аъло эди. Президент Администрациясидан, Дин ишлари бўйича қўмитадан масъул кишилар Юртбошимиз номидан яхши тилаклар билдиришиб, барчамизни ёруғ кўнгил билан кузатиб қўйдилар.
Самолётимиз парвоз қилар экан, кенг осмонни кўриб, хаёл ҳам ўз эркига берилди… Яна Алишер Навоий ёдга тушди. Улуғ зот ҳам муборак Ҳаж сафарини адо этишга икки-уч бор ҳаракат қилганлар, лекин афсуски, мамлакатдаги нотинч вазият бунга имкон бермаган. Камина улуғ шоиримизга бағишланган “Мангу қуёш” тарихий романимда шу ҳақда мулоҳаза юритган эдим. Мавзуга тегишли бўлгани сабабли, романдан кичик бир парча келтиришга жазм этаман:
“…Ёшлик замонларидан бошлаб Навоий кўнглида Ислом ҳажини адо этиш нияти, Хайр-ул-аном алайҳис-салавоту-с-саломнинг муборак равзаларини тавоф қилиш орзуси оромини ўғирларди. “Ҳайҳот, Ё Раб, Ясриб-у Батҳога бормак қачон насиб айлар экан, қачон Маккаи мукаррамага борғаймен, Масжид-ул-Ҳаромда ибодат қилғаймен, Замзам булоғи бўйида дил-дилимдан тарона куйлағаймен, кўз ёшларимдан ул булоқни денгизга айлантирғаймен, қачон Мадинаи мунавварада бўлғаймен, Расулуллоҳ равзаларини тавоф этғоймен…” — деб хаёлларга эрк берарди…”
Бундай орзулар жуда кўп боболаримизнинг кўнгилларини ҳам нурлантирганига шубҳа йўқ.
Ислом оламида Маккаи мукаррама билан Мадинаи мунаввара шаҳарлари беқиёс ҳурмату эъзозга мушарраф бўлган, ҳам карамли, ҳам зиёли табаррук масканлардан ҳисобланади. Бу шаҳарларнинг номи тилларда достон, дилларда армон…
Мана, 2026 йил 18 май куни Ҳижознинг ғарбида жойлашган Мадинаи мунавварага етиб келдик. Расман Ал-Мадина ал-Мунаввара дейилади. Шаҳар Ислом маданияти ва цивилизацияси бешиги ҳисобланади. Бир ярим миллионга яқин аҳолиси бор.
Биз шаҳар марказидаги “Замзам” меҳмонхонасига тушдик. Меҳмонхона Масжид ан-Набавийнинг шундоқ ёнгинасида эди.
Сафаримиз шундай ажойиб ташкил этилган эдики, бунинг ўзи бир ҳайрат. “Президент ҳожилари”га Ҳаж амалларини осон ва қулай бажаришлари учун барча шароит муҳайё қилинган эди. Эркаклар ва аёлларга алоҳида адрасдан либослар тикилган. Либосларимизни ғуруримиз, фахримиз бўлган Ўзбекистон байроғи безаб турарди. Кейин Каъбатуллоҳни зиёрат қилаётганимизда, дунёнинг турли мамлакатларидан келган минг-минглаб ҳожилар ичида байроғимиз ўтдай кўзга ташланар, кўнгилларимиз ҳаприқар, ўзимизникиларни дарров илғай олар эдик. Махсус ишчи гуруҳ вакиллари доим ёнимизда бўлишди, ҳолимиздан хабар олиб туришди, нима ёрдам керак бўлса, муҳайё қилишарди. Шифокорлар, ошпазлар, элликбошилар хизматлари мақтовга сазовор.
Мадина шаҳрининг аввалги номи Ясриб эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни “Мадина” деб атадилар. Мадина — “шаҳар” маъносини беради.
Милодий 622 йилда Расули Акрам Ясрибга ҳижрат қилганлар. Келганларидан сўнг шаҳарда бир уй қурдилар, унинг ёнида масжид тикладилар. Ясриб номи Қуръони каримнинг “Ал-Аҳзоб” сурасида келтирилган. Ўша масжид бугун минг-минглаб одамларни сиғдира оладиган “Масжид ан-Набавий”дир. Унда ўқилган бир намоз мингта намоз савобини беради, Маккаи мукаррамадаги Масжид ул-Ҳаромда ўқилган бир намоз эса юз минг намоз савобига тенгдир, дейдилар.
Ибодатларни Масжид ан-Набавийда ва Пайғамбар равзаларида адо этдик. Масжиднинг ичи ниҳоятда катта ва ҳайҳотдайлигини кўриб, лол бўлдик! Шунчалар маҳобатлики, назаримда, бутун олам масжидга айланган эди! Беихтиёр муҳаддислар султони Имом Бухорий бобомиз келтирган бир ҳадис, Расули Акрамнинг: “Қаерда сени намоз топса, бас, намоз ўқигин. Ер сен учун масжиддир”, — деган каломлари эсимга тушди…
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамадан Мадинага ҳижрат қилиб йўлга чиққанларида, ул зот минган туя келиб-келиб, бир ерда чўкади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Туя маъмурдир”, — дея, қаерда тўхташни туянинг ўзига қўйганлар. Худди шу ерда — тақво асосида — Ислом оламида биринчи масжид саналган Масжид ул-Қубо бунёд этилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом шанба кунлари масжидга гоҳ пиёда, гоҳ уловда келиб, икки ракаат намоз ўқир эканлар.
Қуръони каримнинг “Тавба” сураси 108-оятида шундай дейилган: “…Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, сиз ўшанда туришга лойиқсиз. Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутгувчи зотларни севар…”
Мазкур муборак оят Қубо масжидининг улуғлиги, катта эътиборга сазовор эканини кўрсатади. Бу воқеалар ҳақида кўп ўқигандим, ҳайратларга тушгандим, лекин муқаддас жойни ўз кўзинг билан кўриш завқи бошқача бўлар экан…
Мадина шаҳри атрофидаги муборак жойларга бордик. Машаққатли жанг бўлган Уҳуд тоғи, у ердаги Ал-Боқий саҳобалар қабристонини зиёрат қилдик. Пайғамбаримизнинг: “Биз Уҳуд тоғини яхши кўрамиз, Уҳуд тоғи ҳам бизни яхши кўради”, — деган сўзлари машҳур бўлиб кетган. Мадинанинг хурмозор боғлари жуда ажойиб, серфайз экан. Бир боққа бордик. Адл қомат, азамат хурмо дарахтининг эллик-олтмиш йил умр кўришини ўша ерда айтиб беришди. Ажойиб, фидойи дарахт экан.
Маккаи мукаррама сари
Маккаи мукаррама деганда, эшитган одамнинг кўнгли яйраб кетади. Ислом оламининг маркази — Макка шаҳри, мана, кўз олдимизда намоён бўлди. Узоқда Байтулҳарам ёнидаги баланд соат минораси кўзга чалинди. Автобусимиз етиб келганда вақт пешиндан оққан эди. Қўлимдаги соат маҳаллий вақт — 17:00 ни кўрсатарди. Шу пайтгача Мадинаи мунавварада умра амалларини адо этдик, Ҳаж амалларини бажариш эса Маккаи мукаррамадан бошланади.
Бизларни “Ал-Айан” меҳмонхонаси олдида муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошлиқ бир гуруҳ ватандошлар кутиб олишди. Ҳамма хурсанд, шукроналик туйғусидан кўнгиллар ҳаяжонда…
Меҳмонхона ҳашаматли қурилган, ҳар хонаси икки кишига мўлжалланган. Биз — ҳамроҳим, таниқли ёзувчи Комил Синдоров билан учинчи қаватда бир хонага жойлашдик.
Кечки таомдан сўнг барчамиз Байтуллоҳ зиёратига жўнадик. Байтуллоҳгача бироз масофа бор. Байтуллоҳ атрофида одам шу қадар кўпки, игна ташланса ерга тушмайди. Ҳамма Каъбани кўришга, тавоф қилишга талпинади…
Биз муҳташам Каъба атрофида етти марта айландик. Сафардан қайтишимиздан аввал ҳам бориб тавоф этдик, ибодат қилдик. Машҳур Ҳажар ул-асвад — қора тошни кўрдик. Бир ҳадисда ўқигандим: “Ҳажар ул-асвад — ўзи оқ, сутдан ҳам оқ, жаннатдан тушган. У бора-бора Одам фарзандларининг гуноҳларидан қорайиб кетган (яъни, ҳамма гуноҳларни ўзига олганидан қорайган)”.
Сафо ва Марва тоғлари орасида етти марта бориб келдик. Кезар эканман, Қуръони карим “Ҳаж” сурасидан ушбу 26-27-оятлар хаёлимда жонланар эди: “Эсланг: Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: “Сен менга бирон нарсани шерик қилмагин, менинг Байтим — Уйимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун пок тутгин. Одамларни ҳажга чақиргин, улар сен томон яёв ҳолларида, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган, ҳолдан тойган туялар устида келсинлар”.
Ҳа, Каъбанинг тамал тошини пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом қўйган эдилар. Шу ерда “Зам-зам” булоғи ҳақида ҳам тўхталиб ўтамиз. Иброҳим алайҳиссалом рафиқалари Ҳожар она чанқаган гўдаги Исмоил билан Сафо ва Марва тоғлари орасида уриниб-суриниб, дўнг-чақир йўлларда сув излаб етти марта бориб келади. Ташналик кучаяди… Шу палла Аллоҳнинг қудрати билан Жаброил алайҳиссалом кўкдан тушиб келиб, дўнглардан бирини текислайди: фавқулодда шифобахш сув айқириб отилиб чиқади! Бу, минг-минг йиллар ўтса ҳам, ҳозиргача тин билмай оқиб ётган, Аллоҳ ато этган мўъжиза — суви зилолдан-зилол Зам-зам булоғи эди!
Бизлар жўмракларни бураб, тайёрлаб қўйилган идишларни олиб, Зам-зам сувига тўлдириб, қайта-қайта ичганимиз эсимда… Барчаси Аллоҳнинг буюк илтифоти эди.
Машҳур ибодат манзилларидан бири Мино водийсидир. У ерда Иброҳим алайҳиссалом иблисга тош отганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамаротга яқин катта масжид — Масжид ул-Хайфда ислом аҳли олдида ўзларининг хайрлашув маърузаларини ўқиганлар. Рўпарамизда Ҳажнинг энг юқори нуқтаси бўлган Арофат тоғи… Жаннатдан чиқарилган Одам Ато ва Момо Ҳаво онамиз учрашган муқаддас жой шу ер, деб ҳисобланади. Дуолар ижобат бўлиши таъкидлангани учун, “Раҳмат тоғи”га юзланиб, Аллоҳга тоат-ибодатлар қилдик, раҳмат-мағфиратлар сўрадик. Муздалифада шайтонга отиш учун тошлар териб олдик. Минога қайтиб, шайтонга аёвсиз тошлар отдик…
Бу ерларда юрсангиз, худди рўёлар ичига тушиб қолгандай бўласиз… Ҳамма нарса — рўё, рўё, рўё…
Маккаи мукаррамага қайтгач, такрор Байтуллоҳни тавоф этишга бордик, етти марта атрофида айландик.
Кўнгилларимиз ёруғ, нурафшон эди. Муқаддас Ҳаж сафарини муносиб адо этдик. Бир олам таассуротга эга бўлдик. Айни пайтда “Президент ҳожилари” масъулияти ортганлигини барчамиз юракдан ҳис этардик. Биз халқимиз орасида, айниқса, ёшларимизга эзгулик, меҳр-оқибат, шукроналик ғояларини ёйишда, халқимиз тинчлиги, юртимиз фаровонлиги, Давлатимиз раҳбарининг элга меҳр-эътибори борасида учрашувлар ўтказамиз, муборак сафар ҳақида ҳикоялар қиламиз. Қўлларимиз доим дуода бўлади.
Хушхабар
Муборак Ҳаж амалларини бажариш охирига етаётган паллада юртимиздан хушхабарлар етди. Кўнглимиз янада равшан тортди. Шуни айтиш керакки, биз Ватандан йироқда бўлсак ҳам, юртимизда юз бераётган янгиликлар, эзгуликлардан мунтазам хабардор бўлиб турар эдик.
Қурбон ҳайити муносабати билан кўп санъаткорлар, шоирлар, маданият арбоблари давлатимизнинг юксак мукофотларига лойиқ кўрилибди. Биз дарҳол мукофот соҳибларини табриклашга шошилдик. Ҳа, меҳнат қилган иззат топади.
Бу ижодкорларни руҳлантиради, янги асарлар ёзишга ундайди.
Шу кунларда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам жамият ҳаётида ажойиб хушхабар, мужда сифатида жаранглади. Бу Президентимизнинг маънавиятга бўлган катта ғамхўрлигининг ёрқин намунаси бўлди, деб айта оламиз. Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларининг бирортаси ҳам назардан четда қолмагани кишини ҳайратга солади. Фармон чиндан ҳам кенг кўламли, қамрови жуда катта!
Бошқа соҳалар қатори адабиёт соҳасига ҳам алоҳида эътибор берилгани нур устига нур бўлибди.
Жумладан, Фармоннинг “Асосий мақсадлар” боби, (б) банди ва чора-тадбирлар дастури 7-бандида шундай ёзилган: “Шоир ва ёзувчиларга ҳар йили 50 та асар учун ижодий буюртма бериш, ўзбек адабиётининг энг яхши 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш ва муаллифлар иштирокида чет элларда тақдимотлар ўтказиш, Ёзувчилар уюшмаси тавсияси асосида китобларни нашр этишда қоғоз билан боғлиқ харажатларни давлат томонидан қоплаш тартибини белгилаш” кўрсатиб қўйилган.
Кўрдингизми, Президентимиз, давлатимиз биз ижодкорларга қандай катта имкониятлар яратиб бермоқда! Жуда катта имкониятлар! Ундан ўз вақтида ва унумли фойдаланмоқ керак. Натижа яхши бўлишига шубҳа йўқ! Янги китоблар ёзилади, ўқувчилар сафи кенгаяди, адабиёт бойийди. Ижодий буюртма — ҳозирги замонда энг адолатли йўлдир. Бунинг оқибатида ёзувчининг халқ, ўқувчилари ва ўзи олдида масъулияти ортади, меҳнати ҳам қадр топади.
Фармонда ўзбек адабиётининг энг яхши 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш ва муаллиф иштирокида ўша асарнинг чет элларда тақдимотини ўтказиш ҳам белгиланган. Бу — ёзувчиларнинг азалдан ардоқлаб келган ширин орзуси эди. Бу Янги Ўзбекистон адабиётини дунёга олиб чиқишда катта имкониятдир. Фармонга шу банднинг киритилгани адибларнинг катта ютуғи сифатида қаралиши керак.
Ёзувчилар уюшмаси тавсияси асосида китобларни нашр этишда қоғоз билан боғлиқ харажатларни давлат томонидан қоплаш… Бундай оғриқли муаммони ҳал қилиш йўллари таклиф этилмоқда, зўр имкониятлар яратиб берилмоқда. Президентимиз шаънига миннатдорлик сўзларини айтамиз.
Ўйлаб қоласан киши. Фармон жуда яхши, унда соҳа вакилларини қийнаб турган ҳамма муаммолар ва уларнинг ечими аниқ белгилаб қўйилган. Энди биз — ёзувчиларга фақат бир иш қолди: ёзиш, ёзиш, ёзиш…
Янги Ўзбекистон дунёга чиқмоқда, Учинчи Ренессанс сари дадил қадам қўймоқда. Саноат ривожланмоқда, юрт обод бўлмоқда, гоҳ у шаҳар ёки бу вилоятда халқаро иқтисодий форумлар бўлиб турибди. Дунёнинг кўп мамлакатларида иқтисодий тарангликлар юз бераётганда бизга инвестициялар оқиб келмоқда. Хорижий давлатлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилмоқда. Яқинда Тошкентда ўтган форумда турли давлатлардан тўрт мингдан ортиқ инвестор иштирок этди. Ҳали эшик қоқиб турганлари қанча…
Мана, Грузия билан стратегик алоқалар йўлга қўйилди. Дўстлик ва тенгҳуқуқлилик асосида ривожланаётган жараёнлар давом этмоқда.
Буларнинг бари ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида, узоқни кўра билиш, давлатлараро муомала маданиятини юксак даражада тутиш асносида, заковат ва донишмандлик билан олиб борилаётган сиёсат ўз самараларини бермоқда. Ватанимизнинг халқаро обрў-эътибори ортмоқда, Янги Ўзбекистон жаҳонда нуфузли давлатлардан бири сифатида бўй кўрсатмоқда.
Бу нарса мард ва матонатли халқимизнинг қаддини кўтармоқда, ҳаётга, Президентга, ўзига ишончини орттирмоқда, унинг бемисл қудратини намоён этишга, юзага чиқаришга чорламоқда. Рост, Ўзбекистон дунёга чиқмоқда, айни пайтда дунё Янги Ўзбекистонга кириб келмоқда!
Энг муҳими, одамларимиз онги ва тафаккури ўзгариб, дунёқараши кенгайиб бормоқда. Ёшларимиз кўнгли ғурурларга тўлмоқда. Бугунги ўзбек — кечаги ўзбек эмас!
Ана шундай вазиятда адабиёт, санъат ва маданиятга бундай ғамхўрлик қилиш бағоят савобли ишдир, бу Ҳаққа ҳам ёқади, халққа ҳам! Олдимизда турган улуғ вазифаларни адо этишда инсон кўнглини тарбиялайдиган, нур берадиган адабиёт, санъат ва маданият вакиллари — ёзувчилар, артистлар, рассомлар, бастакорлар, қўшиқчилар — беллари қаттиқ боғланган ҳолда хизматга шай турибдилар.
“Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя шиор қилиб олинди.
Бу шу она тупроқнинг фарзандлари, фидойилари бўлган буюк аждодлар орзуси эди, Амир Темур, Алишер Навоий, жадид боболаримиз ният қилган, интилган, курашган, жонфидо этган олийшон мақсадлар эди. Не тонгки, бу ғоя бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Мустақил Ўзбекистоннинг шиорига айланди, жаҳонга айтилган сўз бўлиб жаранглади!
Ёдимга тушди, Алишер Навоий юрт равнақи йўлида ота-бола — Султон Ҳусайн Мирзо ва Бадиуззамон Мирзони кўп заҳматлар билан яраштиришга эришганда, ота-боланинг қучоқлашиб турганларини кўрганда, хурсандчиликдан оламга сиғмагудек қувонган, шу лаҳзанинг ўзида бадиҳа йўсинида бир рубоий айтиб юборганди.
Камина ҳам тилак сўзимни улуғ устознинг ўша рубоийси билан якунлашни лозим топдим:
Гул борди эса, чаман муаттар бўлсун,
Шам ўчти эса, қуёш мунаввар бўлсун.
Шаҳзодаға гар равза муяссар бўлди,
Султонға жаҳон мулки мусаххар бўлсун!
Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси.
