Академик нуфуз ва сифат белгиси

Тошкент давлат техника университетининг халқаро рейтинглардаги муваффақияти формуласи

Замонавий дунёда технологик тараққиёт ва инновациялар ҳар бир давлатнинг иқтисодий қудратини белгилаб берувчи асосий кучга айланди. Бу глобал пойгада юқори малакали, ўзи яшаётган реал дунёдан бир қадам олдинда юрадиган, креатив фикрлайдиган муҳандис кадрларни тайёрлаш тизими, хусусан, техникавий олий таълим муассасаларининг ўрни беқиёсдир. Зеро, муҳандислик соҳаси олимлари халқ хўжалигининг барча тармоқлари учун энг сўнгги техника ва технологияларни яратиб беришга қодир бўлган қатламдир. Шунинг учун ҳам техника университетларида тайёрланаётган кадрларнинг бугунги кун эмас, балки келажак билан яшайдиган мутахассислар бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Мамлакатимиздаги олий таълим ислоҳотлари айнан шу мақсадни кўзлаб амалга оширилмоқда.

Бугун нуфузли халқаро рейтингларда жаҳоннинг “TOP-1000” талигидан жой олган мамлакатимиздаги етакчи университетлар нафақат юксак таълим сифати, балки илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг олий намунаси ҳамда Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳсули ҳисобланади.

Бундан 8-9 йил аввал маълум бир “TOP-1000” талик рейтинглардан ўрин олиш уёқда турсин, 500 ва 1000 таликларни ҳатто хаёлимизга ҳам келтира олмас эдик. Шунинг учун ҳам бу ютуқларимизга, биринчи навбатда, олий таълим ислоҳотларининг маҳсули сифатида қараймиз.

Мамлакатимизда кейинги тўққиз йил ичида олий таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, таълим сифати ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишларнинг натижаси бугунги кунда ўзининг амалий самарасини бера бошлади. Халқаро стандартларга мос таълим тизимини шакллантириш, илмий-инновацион фаолиятни ривожлантириш, хорижий етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун замонавий имкониятлар яратиш мамлакатимиз олий таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бугунги глобал рақобат шароитида университетларнинг халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаши нафақат таълим муассасасининг, балки бутун мамлакатнинг илмий, интеллектуал салоҳияти ва халқаро майдондаги нуфузини намоён этади. Шу боис, жаҳоннинг энг нуфузли рейтингларида юқори натижаларга эришиш ҳар бир олий таълим муассасаси олдида турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Зеро, миллий таълим тизими ва ҳукумат томонидан олий таълим муассасалари олдига қўйилган устувор мақсад ва вазифаларни яхши биламиз. Демак, ҳар бир олий таълим муассасаси ана шу устувор мақсадлардан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини ташкил этиши керак.

Булар:

Глобал рақобатбардошликни ошириш: 2030 йилга қадар республикадаги камида 10 та ОТМни нуфузли халқаро рейтингларнинг (“QS”, “THE”) биринчи 1000 талигига, шундан 2 та ОТМни “TOP-500” талик рўйхатига киритиш;

Илмий салоҳиятни кучайтириш: профессор-ўқитувчиларнинг “Scopus” ва “Web of Science” каби халқаро базалардаги мақолалари сонини ҳамда иқтибослик кўрсаткичларини ошириш;

Таълим ва иқтисодиёт интеграцияси: БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (“BRM”) мувофиқ равишда яшил иқтисодиёт, гендер тенглиги, тоза энергия ва сифатли таълим тизимини муассасаларда тўлиқ жорий этиш;

Интернационаллаштириш: хорижлик талабалар ва чет эллик малакали педагог-олимлар улушини кўпайтириш орқали олийгоҳларнинг халқаро нуфузини ошириш.

Мамлакатимиздаги ҳар бир олий ўқув юртининг халқаро миқёсда тан олинган рейтинглардан ўрин олишини миллат қувончи, миллат ёшларининг келажакдаги бахти сифатида эътироф этишимиз керак, деб биламан. Чунки бундай ютуқлар нафақат университет жамоаси, балки мамлакатимиз олий таълим тизими учун ҳам муҳим тарихий қадамдир. Зеро, халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш университетнинг илмий мақолалари, инновацион лойиҳалари, таълим сифати, академик обрўси ва битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги каби кўплаб мезонлар бўйича эришилган юқори натижаларнинг амалий ифодасидир.

Тошкент давлат техника университетида кейинги йилларда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, таълим сифати, илмий муҳит ва халқаро ҳамкорлик йўналишида олиб борилаётган фаолиятнинг жаҳон экспертлари томонидан юқори баҳоланаётгани бизни қувонтиради ҳамда янги марралар, зафарлар сари етаклайди.

Техника университетининг халқаро рейтингларда ўз ўрнини мустаҳкамлаб, жаҳон миқёсида тан олинаётган етакчи олий таълим муассасалари қаторига кириб бораётгани биз учун қувончлидир. Бу натижа университет жамоасининг кўп йиллик меҳнати, илмий изланишлари, таълим сифатини юксалтириш борасида амалга оширган кенг қамровли ишлари ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг муносиб эътирофидир.

Университетнинг 2024-2025 йиллардаги илмий фаолияти натижалари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда нашр фаоллиги, илмий салоҳият ва грантлар ҳажми барқарор ўсиб бормоқда.

Аввало, республика илмий журналларида чоп этилган мақолалар сонига тўхталадиган бўлсак, 2024 йилда университет олимлари томонидан 667 та мақола нашр қилинган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 817 тага етди. 2026 йил учун эса мазкур индикатор бўйича 820 та мақола нашр қилиш режалаштирилган.

Халқаро илмий базалар, хусусан, “Scopus” маълумотлар базасига кирувчи мақолалар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2024 йилда 634 та мақола нашр этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 689 тага етди. 2026 йил учун эса 700 та мақола нашр этиш мақсад қилинган. Умуман олганда, охирги уч йиллик даврда университетнинг илмий нашрлар ҳажми қарийб 200 фоизга ўсганини кўрамиз.

Маълумки, университетнинг халқаро рейтинглардаги ўрни бевосита профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаоллиги, мақолалар сони ва уларнинг иқтибосланиш даражасига боғлиқ. 2025 йилда университет профессор-ўқитувчилари томонидан “Scopus” базасида жами 689 та илмий мақола чоп этилди. Улардан 154 таси “Q1”, 55 таси “Q2”, 106 таси “Q3” ва 374 таси “Q4” журналларига тўғри келади. Шунингдек, “Web of Science” базасида 263 та юқори импакт-факторга эга мақола нашр этилди. Мазкур илмий ишларга 2025 йил давомида “Scopus” ва “Web of Science” базаларида 12 500 тадан ортиқ иқтибос қайд этилди.

Илмий салоҳиятни баҳоловчи муҳим кўрсаткичлардан бири бўлган Хирш индекси бўйича ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Ҳозирги кунда h-индекси ≥5 бўлган профессор-ўқитувчилар сони 102 нафарни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 7 нафарга ошди. 2026 йилда ушбу кўрсаткични 115 нафарга етказиш режалаштирилган.

Инновацион фаолиятга тўхталадиган бўлсак, университет профессор-ўқитувчилари томонидан қилинган ихтиролар ва фойдали моделлар асосида 2025 йилда жами 40 та патент олинган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 12 тага кўпдир. 2026 йил учун мазкур индикатор бўйича 25 та патент олиш режалаштирилган. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари, электрон базалар ва муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган материаллар бўйича 2025 йилда жами 165 та гувоҳнома олинди, бу 2024 йилга нисбатан 27 тага кўп. 2026 йил учун эса 110 та гувоҳнома олиш мақсад қилинган.

Кадрлар салоҳияти ва диссертация ҳимоялари масаласида охирги икки йиллик таҳлил шуни кўрсатадики, университетда илмий даража олган кадрларнинг қўнимсизлиги юқорилигича қолмоқда. Жумладан, 2025 йилда 43 нафар “PhD” ва 13 нафар “DSc” илмий даражасини олиб, университетда фаолиятини давом эттирган бўлса, айни пайтда 48 нафар “PhD” ва 11 нафар “DSc” илмий даражасига эга кадрлар ўз фаолиятини бошқа ташкилотлар ва ОТМларда давом эттиришмоқда. Шу билан бирга, университет контингенти қисқариши ҳисобига илмий салоҳият улуши 2024 йилдаги 51,3 фоиздан 2025 йилда 55,15 фоизгача ошди.

Илмий-тадқиқот ишлари натижаларини молиялаштириш масаласида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. 2025 йилда давлат грантлари асосида амалга оширилган илмий тадқиқотлар бўйича 37 та шартнома бажарилиб, университет ҳисоб-рақамига жами 30,02 млрд сўм маблағ тушди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошган. Шунингдек, соҳалар буюртмаси асосида бажарилган 67 та шартнома доирасида 2025 йилда 2,64 млрд сўм маблағ тушди. 2026 йилда барча кўрсаткичларни ва йўналишлар бўйича молиялаштиришни бир баробарга ошириш режалаштирилган.

Ушбу кўрсаткичлардан хулоса қилиб айтганда, Тошкент давлат техника университетида сўнгги йилларда илмий фаолият, халқаро нашрлар, инновация ва грантлар бўйича барқарор ўсиш таъминланиб келинмоқда.

Университет сўнгги йилларда халқаро рейтингларда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб, жаҳон миқёсида тан олинаётган етакчи олий таълим муассасалари қаторига кириб бормоқда.

Аввало, “Quacquarelli Symonds” (“QS”) агентлиги томонидан эълон қилинган “QS World University Rankings 2026” натижаларига тўхталиб ўтаман. Ушбу рейтингда университетимиз 901-950-ўринни эгаллаб, Ўзбекистонда “TOP-1000” таликка кирган 3 та университетдан бири бўлди. Айниқса, университетимизнинг “академик обрў” кўрсаткичи бўйича жаҳонда 701, “барқарорлик” кўрсаткичи бўйича 540-ўринни эгаллагани алоҳида эътиборга лойиқ. Шунингдек, “халқаро илмий ҳамкорлик тармоғи” кўрсаткичи бўйича университетимиз Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида 2-ўринни қайд этди.

“QS Asia University Rankings 2026” натижаларига кўра эса университет Осиё университетлари орасида “TOP 301”-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич Марказий Осиё миқёсида “TOP 18”, Ўзбекистон бўйича эса “TOP 4” натижа ҳисобланади. Қиёс учун айтиб ўтиш жоизки, ўтган йили университетимиз ушбу рейтингда “TOP 362”-ўринда бўлган эди, яъни йил давомида сезиларли ўсишга эришилди.

“Times Higher Education (THE) World University Rankings 2026” рейтингларида университетимиз илк бор иштирок этиб, 1001-1200-ўринни эгаллади. Ушбу рейтингда Ўзбекистондан 60 дан ортиқ олий таълим муассасаси қатнашган бўлиб, ТошДТУ республика бўйича 2-ўринни эгаллади.

Шунингдек, “THE Interdisciplinary Science Rankings 2025” натижаларига кўра, университет илк бор “TOP 301-350”-ўринга муносиб деб топилди. Мазкур рейтинг фанлараро тадқиқотлар самарадорлигини баҳолайди. Унда 96 давлатдан 911 та университет иштирок этган бўлиб, Ўзбекистондан қатнашган 19 та университетдан фақат 3 таси рейтингга киритилди.

“THE Impact Rankings 2025” натижаларига мувофиқ, ТошДТУ 2318 та университет орасида “TOP 801-1000”-ўринни эгаллади. Бу рейтинг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (“SDG”) асосида баҳоланади. Университет, айниқса, қуйидаги “SDG” йўналишларида юқори натижаларни қайд этди:

“SDG 7” (“Affordable and Clean Energy”) бўйича “TOP 101-200”;

“SDG 13” (“Climate Action”), “SDG 14” (“Life Below Water”) ва “SDG 15” (“Life on Land”) бўйича “TOP 201-300”;

“SDG 6” (“Clean Water and Sanitation”) бўйича “TOP 401-600”;

“SDG 5” (“Gender Equality”) бўйича “TOP 601-800”.

Бундан ташқари, “QS Stars” халқаро баҳолаш тизимида Тошкент давлат техника университети илк бор иштирок этиб, 1000 баллдан 696 балл тўплади ва 4 юлдузли университет мақомига эга бўлди. Таълим сифати ва битирувчилар бандлиги йўналишларида 5 юлдуз, илмий фаолият, халқаро ҳамкорлик, атроф-муҳитга таъсир, бошқарув ва инфратузилма йўналишларида 4 юлдуз билан баҳоланди.

Экологик барқарорлик бўйича “UI GreenMetric World University Ranking 2025” рейтингида университет “TOP 505”-ўринни эгаллади.

Шунингдек, “THE World University Rankings by Subject 2026” доирасида университет икки фан йўналиши бўйича халқаро рейтингга кирди:

“Physical Sciences” йўналишида 501-600-ўрин (Ўзбекистонда 2-ўрин), илмий сифат кўрсаткичи — 86.0 балл;

“Engineering” йўналишида 801-1000-ўрин (Ўзбекистонда 2-ўрин), илмий сифат кўрсаткичи — 78.5 баллни ташкил этди.

Келтирилган аниқ мисоллардан кўриниб турганидек, ТошДТУда илмий-тадқиқот ишларига катта эътибор қаратилган ва мазкур соҳани янги босқичга олиб чиқиш учун етарли илмий салоҳият ва моддий базага эгамиз.

Университетда илмий тадқиқотлар билан бир қаторда таълим сифати, илмий салоҳият, халқаро ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш масалалари ҳам ҳамоҳанг ривожланиб бормоқда.

Университет фаолиятини ривожлантириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида барча ўқув аудиториялари, маъруза хоналари ҳамда илмий ва ўқув лабораториялари тўлиқ модернизация қилинди. Улар замонавий лаборатория асбоб-ускуналари, электрон доскалар билан жиҳозланган. Лабораториялар фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун методик йўриқномалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Таълим жараёни тубдан трансформация қилинди: кредит-модуль тизими, замонавий педагогик технологиялар, виртуал лабораториялар, “VR/AR” технологиялари, робототехника ва сунъий интеллектга асосланган интерактив платформалар жорий этилди. Университетда дуал таълим тизими йўлга қўйилиши натижасида талабалар аудиторияда олган назарий билимларини ишлаб чиқариш корхоналарида мустаҳкамлайди. Барча факультетларнинг мутахассислик кафедралари ишлаб чиқариш корхоналарида ўз филиалларини ташкил этган.

Университетнинг халқаро майдондаги нуфузи ва мавқеи тобора юксалиб бормоқда. Бугунги кунда кўплаб технологик ривожланган индустриал мамлакатларнинг университетлари ва илмий-тадқиқот марказлари билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Академик мобиллик дастурлари доирасида 152 нафар хорижий талабанинг Тошкент давлат техника университетида таҳсил олаётгани университетнинг халқаро таълим маконидаги нуфузи ва жозибадорлиги тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, 52 та хорижий университет ва халқаро ташкилотлардан профессор-ўқитувчиларнинг таълим жараёнига жалб этилиши илғор хорижий тажриба, замонавий таълим технологиялари ва инновацион педагогик ёндашувларни ўқув жараёнига кенг татбиқ этиш имконини яратмоқда.

Халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида қўшма ва икки дипломли таълим дастурлари сонини ошириш, академик мобиллик кўламини кенгайтириш ҳамда дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Жумладан, “University of California San Diego” (АҚШ, “QS” рейтингида 72-ўрин), “University Malaya” (Малайзия, 58-ўрин), “University of Hamburg” (Германия, 125-ўрин), “University of Freiburg” (Германия, 201-ўрин), “RWTH Aachen University” (Германия, 92-ўрин), “Beijing Institute of Technology” (Хитой, 259-ўрин), “Xi’an Jiaotong University” (Хитой, 295-ўрин), “Harbin Engineering University” (Хитой, 531-540-ўринлар оралиғи), “Sapienza University of Rome” (Италия, 128-ўрин), “City University of Hong Kong” (Гонконг, 73-ўрин) ҳамда “Kyushu University” (Япония, 171-ўрин) каби халқаро миқёсда тан олинган нуфузли университетлар билан таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш режалаштирилган.

Шунингдек, илмий-тадқиқот фаолияти бўйича халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, “Erasmus+”, “Horizon Europe” ва бошқа нуфузли халқаро грант дастурларида фаол иштирок этиш, шунингдек, саноат ва бизнес тузилмалари билан глобал шериклик муносабатларини кенгайтириш орқали таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, “TOP-1000” талик ва бошқа халқаро рейтинглар рўйхатига кирган университетда таҳсил олиш шунчаки “чиройли номли диплом” олиш дегани эмас. Бу — битирувчининг интеллектуал салоҳияти халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини англатувчи глобал сифат белгисидир.

Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида давлат бундай кадрларга “олтин фонд” сифатида қарайди. Жаҳон даражасидаги таълим сифати, замонавий лабораториялар билан ишлаш кўникмаси юқори бўлганлиги сабабли “TOP-1000” талик рўйхатидаги олий ўқув юртларини тамомлаган талабалар меҳнат бозорида доим рақобатдан бир қадам олдинда юради. Дипломнинг синовларсиз тан олиниши ва ишга киришда бериладиган моддий ҳамда мақомий имтиёзлар тизими уларнинг ўз соҳасида тезроқ етакчи (топ-менежер) бўлиб етишишига замин яратади.

Сўнгги маълумотларга кўра, халқаро рейтингларда дунёнинг “TOP-1000”талик рўйхатига Ўзбекистоннинг 8 та университети киритилган. Ана шу маънода, буни Ўзбекистонда олий таълимнинг янги тарихий даври бошланиши деб айтишимиз мумкин. Юртбошимиз таъкидлаганидек, бу — янги Ренессанс сари қўйилган дадил қадамдир. Уни сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун биздан изчиллик, янги ғоялар, узлуксиз изланиш ва тинимсиз меҳнат қилиш талаб этилади.

Садриддин ТУРОБЖОНОВ,

Тошкент давлат техника университети

ректори,

академик.

 

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =