Ҳаёт ва ватан қадрини англаш йўлида

Ҳикмат ва фазилатга тўла, эл-юртга манфаат берадиган яхши китобнинг дунёга келиши маърифатли жамият учун катта воқеа, зиё аҳли учун эса чинакам байрамдир.

Ёш истеъдодли шоир Шаҳриёр Шавкатнинг яқинда “Саҳҳоф” нашриётида чоп этилган “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” асари китобхонлар учун ана шундай қувончли воқеа бўлди.

Ушбу китоб, аввало, юртимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган очиқлик ва эркинлик сиёсатининг, маданият ва адабиёт аҳлига қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг амалий натижаси сифатида дунёга келганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шу маънода, бу китобнинг илк ўқувчиларидан бири ҳам айнан давлатимиз раҳбари бўлгани, асар муаллифи Шаҳриёр Шавкат ижодий ва ижтимоий фаоллиги учун “Келажак бунёдкори” деган нуфузли мукофот билан тақдирлангани албатта бежиз эмас.

Одатда, ёш қаламкашларнинг янги китоби тўғрисида сўз борганда, муаллифнинг таржимаи ҳоли, унинг қандай ижодкор экани ҳақида тўхталиб ўтишга тўғри келади.

Бироқ Шаҳриёр Шавкатни ортиқча таъриф-тавсиф қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. У илк шеърлари, мазмундор публицистикаси билан адабиёт майдонига дадил кириб келган, шаклланиб улгурган, ўз сўзи, фикри, қаламига эга ижодкордир.

Муаллифнинг “маърифий қисса деб аташга арзийдиган ушбу китоби унинг истеъдодли қаламкашгина эмас, балки Шахс бўлишга интилаётган жасоратли инсон эканини ҳам исботлади.

Етук шахс бўлиб камол топиш — айтишга осон, лекин амалда бажариш ниҳоятда мушкул бир вазифа. Бунинг учун одам қандай қийин, машаққатли синовлардан ўтиши, ҳаётнинг паст-баланд, баъзан ғоят хатарли йўлларида иродаси, иймон-эътиқоди ва асл қиёфасини намоён этишга қодир бўлмоғи керак.

Шахс бўлмоқликнинг асосий шарти — бу сўз ва ишнинг бир-бирига мувофиқ келишидир. Хусусан, ҳақиқий ижодкордан мардлик ва матонатни фақат сўзда, шеърий сатрларда эмас, балки қайноқ жабҳаларда амалий фаолият билан исботлашни талаб қиладиган шундай ҳолатлар борки, очиғини айтиш керак, улардан муносиб ўтишга ҳар қандай қаламкашнинг ҳам юраги дов бермайди.

Дейлик, ҳазрат Мир Алишер Навоий ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечиб, бир умр ҳам халққа, ҳам Ҳаққа хизмат қилишга ўзида беқиёс куч ва имкон топа олган шахс экани барчамизга ибрат намунасидир. Буюк мутафаккир бобомиз темурийлар салтанати узра хавф пайдо бўлган қалтис бир паллада бузғунчи Ёдгор Мирзо қўшинига қарши қилич яланғочлаб жангга отлангани ул зотнинг улкан жасоратидан далолат беради.

Ёки сил касаллигидан беҳад азоб чекаётган Антон Павлович Чеховнинг умри сўнгида олис Сахалин оролига қилган машаққатли сафарини эслайлик.

Ёки Эрнест Ҳемингуэй ҳаётини ёдга олайлик. Ҳаммангиз биласиз, у АҚШда, “The Kansas City Star” газетасида тинчгина ишлаб юрган репортёр эди. Лекин Биринчи жаҳон урушининг қонли жанггоҳларида дунё тақдири ҳал бўлаётган бир пайтда Ҳемингуэй тинч-хотиржам, бугунги тил билан айтганда, “комфорт зонаси”да яшашни ўзи учун ор деб билади. Фронтга кетиш учун кўнгилли сифатида ариза ёзади.

Қонли тўқнашувларни нафақат ўз кўзи билан кўради, балки уларда бевосита иштирок этади, жангларда оғир яраланади. Шифокорлар унинг танасидан 22 та ўқ парчасини териб олишади.

Уруш адибнинг дунёқарашини бутунлай ўзгартириб юборади. Унга бир умрлик аччиқ сабоқ беради. “Алвидо, қурол!”дек мумтоз романи ана шундай тафаккур, ана шу сабоқлар ҳосиласи ўлароқ дунёга келгани яхши маълум.

Билмадим, Шаҳриёр бу ҳақда ўйлаб кўрганми-йўқми, аммо, менинг назаримда, афғон сафари орқали у жасур адабий салафлари изидан эргашгандек, улардан улги олгандек туюлади.

Нима бўлганидан қатъи назар, Шаҳриёр Шавкат тўсатдан хатарли бир “авантюра”га қўл уради — ўзи тинчгина ишлаб юрган “Жадид” газетаси таҳририятидан таътил олиб, иссиқ ўрнини совитиб, нотинч, бесаранжом афғон ўлкасига саёҳатни ихтиёр айлайди.

Қадрдон жамоаси, бош муҳаррир Иқбол Мирзо ҳам унинг қарорини қўллаб-қувватлайди, моддий-маънавий ёрдам кўрсатади.

Бу ҳақда гапирганда, бундан ўттиз тўрт йил муқаддам — табиатшунос олим, маънавият фидойиси Зокиржон Машрабов бошчилигидаги ўн тўрт нафар бобурпараст инсон билан бирга худди шундай “авантюра”га журъат қилиб, Бобур экспедицияси сафида Афғонистон сари азимат қилганимни беихтиёр эслайман.

Хотиралардан чекиниб, Шаҳриёрнинг шахсий экспедициясига қайтадиган бўлсак, савол туғилади: нега айнан Афғонистон? Нега Анталия, нега Дубай, нега Бали ороллари эмас? Бу сафардан мақсад шунчаки саргузаштталабликмиди? Ёки ном чиқариш, шон-шуҳрат қутқуси шоирга тинчлик бермаганмикан?

Ундай десак, ёрқин истеъдод соҳиби ўлароқ Шаҳриёр Шавкатнинг олқишу қарсаклардан, гулу гулдасталардан, мухлис ва мухлисалар, медиа ва тармоқлар эътиборидан камситилган жойи йўқ эди-ку?

Бу саволларга “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” деб номланган мана шу мухтасар китобдан, хусусан, унинг 72-74-саҳифаларидан тўла жавоб топамиз.

Китобни мутолаа қилиш асносида мен муаллифни қалтис ва машаққатли сафарга чорлаган кучнинг номи “маънавий эҳтиёж” эканини англадим.

“Эҳтиёж одамни буюк кашфиётчига айлантиради”, дейди Робинзон Крузо. Айнан шу боис Шаҳриёр Шавкат Беруний ва Бобур, Авлоний ва Сўфизода, Ҳамидулла Ҳасанов ва Ансориддин Иброҳимов, Зокиржон Машрабов ва Қамчибек Кенжа каби олим ва ёзувчилар, бир неча “афғончи” адибларимиз изидан бориб, бугунги Афғонистонни ўзи ва китобхонлар учун қайтадан кашф қилади.

Муаллиф гоҳ журналист, гоҳ шоир ва тарихчи бўлиб, баъзан блогер, баъзан эса режиссёр ва оператор сифатида, кўпинча ҳаётини хавф остига қўйиб фаолият юритади.

Ўзи изҳори дил қилиб айтганидек, “муттасил чарчоқ, аҳён-аҳёнда узоқ очлик, мунтазам совқотиш, ис газидан заҳарланиш хавотири сабаб уйқусизлик ва ноқулай шароитларга, ҳатто Балхда зиндонбанд этганларига қарамай”, ўз ишини қатъият билан давом эттиради.

Китобни ўқиш чоғида яна бир фикрга ишонч ҳосил қилдим. Яъни, ҳаёт баъзан шундай ғаройиб сюжетларни ўртага чиқарадики, уларни ҳатто энг зўр, буюк ёзувчилар ҳам ўйлаб тополмайди. Масалан, киночиларимиз кўпдан буён ҳазрат Навоий ҳақида янги бир фильм яратиш орзуси билан изланмоқдалар. Бу борада турли бадиий тўқималардан фойдаланишга ҳам ҳаракат қилинмоқда ва бу табиий, албатта. Аммо ушбу китобдаги “Шу рўмол билан Навоий қабртошининг гардини артиб қўйгин деб номланган мўъжаз бир лавҳа, менинг назаримда, бўлғуси фильмнинг гўзал муқаддимаси бўлиши мумкин экан.

Озарбайжонлик ҳурматли навоийшунос олима, ўзбек адабиёти, ўзбек халқининг чинакам дўсти Алмаз Улви хоним Шаҳриёр Шавкатга ҳикоя қилиб берган, Ўзбекистон Қаҳрамони, аллома опамиз Суйимахон Ғаниева ҳақидаги шу хотирани қунт билан ўқиб чиқишингизни тавсия қиламан.

Китоб муаллифи афғон тупроғида абадий ором топган улуғ аждодларимизнинг қадамжоларини меҳр ва ихлос билан зиёрат қилар экан, уларга, хусусан, Навоий бобомизга айрича, ниҳоятда юксак эҳтиром билдиради.

Етти кун давомида у кишининг табаррук марқадини гарду ғуборлардан тозалайди. Ҳамма жойда ул зотни “Ҳазратим” деб буюк бир иззат-икром билан эъзозлайдики, бунинг ўзи алоҳида таҳсинга лойиқ.

Қисса бошдан-оёқ миллатпарварлик, ўзбекпарастлик туйғуси билан йўғрилганини таъкидлаш керак.

Азиз дўстлар, китобнинг 180-бетидаги “Ўзбек бўлиш машаққати” деган бадиани албатта ўқинг. Унда муаллиф, жумладан, шундай деб ёзади:

“Суҳбат орасида улар (яъни, афғонистонлик ўзбек зиёлилари) бир косиб ҳақида гапириб беришди. Ўзи оддийгина инсон экан. Рўзғорини аранг тебратишига қарамай, ҳар куни ишга чиқиши билан энг аввал ўғлининг ўзбекча таълими учун пул ажратаркан. Ундан кейингина кундалик тирикчилик ҳақида ўйларкан.

Агар бирор кун иши юришмаса ҳам, аввал йиғиб қўйган жамғармасидан олиб, яна ўша “таълим бонкаси”ни тўлдириб қўяркан.

Мижозларининг оёқ кийимларини тикиб-ямаб, ўтган-кетганга “Ҳали ўғлим ўқиб, катта олим бўлади!” – деб мақтаниб қўяркан.

Ҳисоблаб кўрсам, — деб ёзади Шаҳриёр, — бир ойлик тўлов бизнинг пулда тахминан 135 минг сўм. Демак, ўша ота ҳар куни тўрт ярим минг сўмдан йиғиб боради.

Бизда эса картошкали оддий сомса саккиз минг сўм бўлиб турган пайт. Тўрт ярим минг сўм…

Шу гапни эшитиб, кўз олдимдан турли манзаралар ўтди. Бир ўтиришда миллион сўмлик ошни бемалол еб қўядиган улфатлар… Текин ўзбекча таълим бериладиган мактабга боргиси келмайдиган бебош болалар… Ўқитувчисини ҳақорат қиладиган, ҳатто қўл кўтарадиган ўқувчилар…

Беадаб боласининг тарафини олиб, устозни калтаклашгача борадиган ота-оналар… Ҳатто фарзанди рус тилида ўқиши учун йиллаб навбат кутиб, шундан фахр туядиган, ўз тилидан уяладиган кимсалар…

Ва шу пайт дарёнинг нари бетидаги бир ота хаёлимга келади. У ҳар куни не азоб билан тўрт ярим минг сўм йиғяпти. Нега? Фарзанди ўзбек бўлиб қолиши, фақат гапиришни эмас, фикрлашни ҳам ўзбекча ўрганиши, дунёни она тилида идрок этиши, ўзбекона кўз билан кўриши учун!

Мен ана шундай фидойи оталар олдида бош эгаман. Чунки бундай оталар боласининг ўзлигини сақлаш учун, унинг ўзбек бўлиб қолиши учун ҳар куни жонини жабборга бериб, меҳнат қилмоқда…”.

Икки юз бетдан зиёд бу ажойиб китобни ўқир эканман, унинг бошидан охирига қадар афғонистонлик машҳур ўзбек ҳофизи Муҳаммад Човушнинг “Сўрсангиз наслу насаб мендан — замон фарзандиман, // Миллатим ўзбек, буюк Соҳибқирон фарзандиман!” деган таъсирчан сўзлар билан бошланадиган мардона қўшиғи қулоғим остида янграб турди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Шаҳриёр Шавкатнинг миллатпарварлиги, элсеварлиги калтабин, маҳдуд қарашлар билан чекланмайди. У афғон диёрида азалдан истиқомат қилиб келаётган пуштун, форс, тожик, туркман, ҳазора, қозоқ каби барча миллат ва элатларга, уларнинг маданияти ва урф-одатларига юксак эҳтиром билан қарайди.

Ўзбекпарастлик бобида ҳам меъёр ва чегарани оқилона бир тарзда сақлайдики, бу хусусият китобнинг 167-бетидаги “Испанча уят” сарлавҳали битикларда яққол намоён бўлади. Муаллиф изоҳига кўра, “испанча уят” — бировнинг шармандали ҳолати учун, унга алоқаси бўлмаса ҳам, ўзида уялиш ҳиссининг пайдо бўлиши экан.

Бу ўринда Шаҳриёр Шавкатга афғон зиёлилари олдида миллий телеканалларимизда, ижтимоий тармоқларда намойиш этилаётган беҳаё сериаллар, видеоновелла-ю вайнлар учун лоладек қизариб, изоҳ беришига тўғри келгани назарда тутилмоқда.

Бечора шоиримиз бундай ҳолатлар жузъий эканини айтиб, ўзимизни ҳимоя қилишга ҳарчанд уринса-да, “баданига, ақли ва шуурига чиппа ёпишган “испанча уят” кетмагани”ни хижолат ичра эслайди.

Муаллиф “Така бўлсин — сут берсин!” деган қарашни ҳаётий эътиқод қилиб олган нобоп кимсалардан ҳақли равишда ранжийди. Беҳаё сериалу вайнларни саржиндек тахлаб ташлаётган, ўзбек миллатини шармандаи шармисор қилаётган продюсер ва сценаристлар, режиссёр ва операторлар, актёр ва актрисалар, телеканаллар ва студиялар эгаларининг “ижод маҳсуллари” номларини минг истиҳола ва изтироб билан келтиради.

Чиндан ҳам, бу масала бугун жамиятимиздаги энг хунук, оғриқли бир иллатга айланди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, зиёли зотлар, кенг жамоатчилик, аввало, ёшларимиз янада кучлироқ бонг уриши керак. Уятини, одамийлигини йўқотган “ижодкор”ларга бу танбеҳ-дашномлар қанчалик таъсир қилади — билмаймиз, аммо жамиятимизнинг “испанча уят” синдромидан халос бўлишга ҳаққи бор.

Маънавий ҳаётимизда ўзбекча уят, ҳаё ва адаб ҳукмрон бўлиши керак.

Бу китоб тўғрисида, айниқса, унга зийнат бағишлаб турган, академик домламиз Абдулла Аъзам қаламига мансуб Сўзбоши ҳақида ҳам кўп гапириш мумкин.

Шу ўринда бир савол барчамизни ўйлантириши аниқ: хўш, атиги 1000 нусха чоп этилган бу китобни кимлар ўқиши керак?

Албатта, биринчи навбатда ёшларимиз ўқиши керак. Ҳаммамизга аён, уларнинг аксарияти, худди чақиб оладигандек, қўлига китоб олишдан чўчийди.

Лекин лоақал Шаҳриёрнинг ўзи тайёрлаган ва мазкур китоб саҳифаларига киритилган видеолавҳаларни ўғил-қизларимиз, фарзандларимизга етказиш ҳақида ўйлашимиз керак. Бу иш билан ёшлар тарбиясига, маънавият соҳасига масъул бўлган мутасадди ташкилотлар ва шахслар жиддий шуғулланса, балки нонни “нанна” деб юрган кўпгина арзанда ёшларимизнинг кўзлари мошдек очилса, ажаб эмас.

Яна бу китобни қизларимиз, ҳурматли оналар, опа-сингилларимиз албатта ўқишлари керак. Айниқса, 126-бетдаги “Севги-севги дер экан”, 183-саҳифадаги “Фотиманинг ғамгин ҳикояси сингари бадиий лавҳалар хотин-қизлар масаласига бағишланган ўнлаб мажлислар, тадбир ва маърузалардан кўра, ижтимоий-маънавий ҳаётимизга кучлироқ таъсир кўрсатиши шубҳасиз, деб ўйлайман.

Мавриди келганда, ушбу ҳикоялар орқали муаллиф истеъдодининг янги бир қирраси — носирлик қобилияти ҳам очилиб бораётганини қайд этишни истардим.

Шаҳриёр Шавкат китобининг сўнгги саҳифасида нафақат ўзи учун, балки минглаб тенгдошлари, барчамиз учун ғоят муҳим бўлган бир ҳаётий хулосага келганини таъкидлайди. Унинг бу сўзлари улуғ устозимиз Эркин Воҳидовнинг:

Чашма қошида тиниқ сув

Қадрини билмас киши,

Сайр этиб гулшанда гулни

Кўзига илмас киши.

 

Ваҳ, бу не ғафлатки, инсон

Кўксида тутмиш ватан,

Ким ватан ичра ватаннинг

Шукрини қилмас киши.

 

Юрт недир, юрт доғи недир,

Юртдан айрилган билар,

Англагувчи юрт фироқин

Юртда топилмас киши.

 

Эй ватандошим, эшит

Бобуру Фурқат ноласин,

Бесабаб андуҳ тиғида

Бағрини тилмас киши.

 

Билма, фарзандим, ватан ҳажрини,

Лек қадрини бил —

Ким ватан қадрини билмас,

Англа, комилмас киши, —

деган фикрларига ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.

Ҳаёт мазмуни, Ватан қадрини англаш йўлидан дадил бораётган, бошқаларни ҳам шу олий мақсад сари чорлаётган навқирон дўстимиз Шаҳриёр Шавкатни ушбу ажойиб асари билан чин юракдан қутлаб, адибимизга ижоднинг ҳорғин қувончлари ҳамиша ёр бўлишини тилаймиз.

Хайриддин СУЛТОН,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 2 =