Халқаро майдонда тан олинган ташаббус

БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилди.

БМТга аъзо 61 та давлат мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф бўлди ва улар дунёнинг барча минтақаларини қамраб олган. Бу Ўзбекистоннинг ижтимоий кун тартибини илгари суриш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар ролини мустаҳкамлашга оид ташаббуси халқаро майдонда кенг қўллаб-қувватланаётганини ифода этади.

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов мазкур ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизнинг глобал ижтимоий тараққиёт кун тартибини илгари суриш ҳамда халқаро ҳамкорликнинг парламент ўлчовини мустаҳкамлашга қўшган амалий ҳиссаси сифатида таклиф этилганини таъкидлади.

Резолюцияда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, муносиб меҳнатни таъминлаш, сифатли таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий интеграцияни рағбатлантиришдаги ҳал қилувчи ўрни алоҳида эътироф этилган.

Ҳужжатда хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий тараққиёт манфаатлари йўлида рақамли трансформация имкониятларидан самарали фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилгани ва ижтимоий тараққиёт ҳамда адолат манфаатларида парламентлар ҳаракатига оид Тошкент декларацияси қабул қилингани юқори баҳоланган.

Резолюцияда БМТга аъзо давлатлар парламентларни 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнларига, жумладан, ихтиёрий миллий ҳисоботларни тай­ёрлашга, миллий мажбуриятлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришга ҳамда фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни кенгайтиришга фаолроқ жалб этишга чақирилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда парламент аъзоларининг БМТнинг йирик анжуманларидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда ижтимоий тараққиёт соҳасида эришилаётган натижаларни баҳолаш самарадорлигини ошириш мақсадида миллий статистика тизимларини такомиллаштириш тавсия этилган.

Мазкур резолюциянинг қабул қилинишига Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан олиб борилган кенг кўламли дипломатик саъй-ҳаракатлар замин яратди. Музокаралар жараёнида қатор расмий маслаҳатлашувлар ва икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, БМТ ҳужжатларининг универсаллик тамойилларига ҳамда барча аъзо давлатлар манфаатларига жавоб берадиган мувозанатли матн ишлаб чиқилди.

Резолюциянинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбари ташаббуслари халқаро миқ­ёсда юксак эътироф этилаётганини, мамлакатимизнинг глобал ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётни таъминлашдаги фаол ролини яна бир бор ифодалади.

Дунё” АА,

Нью-Йорк шаҳри

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + seventeen =