Буюк тарихимиз, улуғ аждодимизга бағишланган салмоқли асар

Маълумки, Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва давлатдорлик иқтидори ва фаолияти, салтанати тарихи, ундаги илм-фан ва маданиятни ўрганиш тарихшуносликнинг йирик илмий йўналишларидан бири сифатида доимо жаҳон олимлари, давлат раҳбарлари, сиёсатчилар диққат-эътиборида бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, Темурийлар тарихига оид манбалар жаҳон миқёсида турли тилларга таржима қилинган ҳамда илмий тадқиқотлар амалга оширилган. Дунё тарихшунослигида Амир Темур даврини ўрганишга оид нашрлар кун сайин ортиб бормоқда. Пировардида жаҳон жамиятшунослигида “Темуршунослик” мустақил илмий йўналиши шаклланди.

Асрлар давомида ва ҳозирги даврда ҳам улуғ аждодимиз Амир Темур ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар мунтазам нашр этилмоқда. Шунга қарамай, профессор Тўлқин Алимардоновнинг “Амир Темур империяси” монографияси жуда муҳим ва долзарб асар ҳисобланади.

Чунки Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қароридан кўзланган асосий мақсад ҳам мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги босқичи — Учинчи Ренессансга қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Соҳибқирон Амир Темурнинг шахсияти, буюк аждодимизнинг башарият тарихи ва Турон тамаддунидаги ўрни ҳамда Темурийларнинг бой ва бетакрор меросини чуқур ўрганиш, юртимиз ва чет элларда кенг оммалаштиришдир.

“Амир Темур империяси” китоби муаллифи Ўзбекистон Президентининг тегишли қарорида кўзда тутилган эзгу мақсад ижобати йўлида катта ишга қўл урган ва бу ишни қойиллатиб уддалаган. Бошқача айтганда, профессор Тўлқин Алимардонов “Темуршунослик” соҳасини янги ва салмоқли илмий манба билан бойитишга мушарраф бўлди.

Тўлқин Алимардоновнинг “Амир Темур империяси” китоби улуғ Соҳибқирон салтанатининг сиёсат фалсафаси асосларини ўрганишга қаратилган. Бинобарин, бугун Амир Темур ва Темурийлар сулоласининг дунё цивилизацияси ривожига, инсониятнинг илмий сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-ғоявий, маданий ва тафаккур даражасининг кескин кўтарилишига қўшган ҳиссаси беқиёслиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди.

Жаҳон ҳамжамияти Темурийлар даврини илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт тараққиёти ҳамда улуғ кашфиёт ва ихтироларда ўз аксини топган давр, халқимизни эса — шу пайтгача икки маротаба Ренессансга асос солган халқ сифатида эътироф этади. Яъни халқимиз ҳақли равишда том маънода кам сонли “Ренессанс ярата олган халқлар” сирасига киритилади.

Шу маънода бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кутилган натижалар беришига тўла асос бор деб баҳоланмоқда. Унинг халқимиз олдидаги энг буюк хизматларидан бири ҳам айнан ўз юртига эгаликдан мосуво бўлган, фаровон ва яхши яшашдан умидини узган, келажакка ишонмай қўйган халқимизнинг қадди-қомати ва синдирилган миллий ғурури тикланиши, Янги ва эркин Ўзбекистонга хос онги шаклланиши, сўнган руҳи кўтарилиши, маънавий-маърифий қадриятлар ва тарихий шахсларга бўлган ҳурмат-эътибор қайтарилиши, деб қаралмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар чингизийларнинг 150 йиллик истибдоди даврида топталган ғуруримизни қайта кўтарган Амир Темур бобомизнинг саъй-ҳаракатларига менгзалмоқда.

Ўзбекистон Республикаси тараққиётининг янги босқичида давлат ва жамиятнинг ҳар бир соҳасида тубдан янгиланиш ва юксалишлар билан бир қаторда миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий ва иқтисодий-ижтимоий ҳаётини барқарор изга тушириш ва ривожлантириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аждодларимиз тарихини ўрганиш, уларга тўғри ва холис илмий баҳо бериш, шу асосда миллий қадриятларимизни тиклаш учун кенг йўл очилди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган улуғ тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор”.

Ўтган қисқа давр мобайнида объектив тарихимизни яратиш йўлида кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилди. Қатор муҳим тарихий қўлёзма манбалар нашр этилди. Натижада тарихчилар учун йирик тадқиқотлар яратиш имкониятлари вужудга келди. Хусусан, аждодларимиз тарихининг номаълум қирралари ва ўқилмаган саҳифалари ҳамда инсоният ўтмишида ўзига хос ўрин эгаллаган тарихий шахслар фаолиятини ўрганиш учун ҳам зарур манбавий асослар яратилди.

Профессор Тўлқин Алимардоновнинг “Амир Темур империяси” монографияси ҳам айнан Мустақиллик шароитида, айниқса, Янги Ўзбекистоннинг эркин илмий-ижодий муҳитида яратилган китобдир. Шунинг учун асарда келтирилган янги далил ва маълумотлар, муаллиф томонидан дадил илгари сурилган фикр ва мушоҳадалар эътиборни ўзига тортмасдан қолмайди.

Ҳозирги вақтгача Амир Темур бобомиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган машҳур шоиру адибларнинг кўплаб адабий-бадиий асарларини ўқиганмиз. Бундан ташқари, асосан, тарихчи ва файласуфлар, ҳуқуқшунос ва шарқшунос олимлар, география ва ҳарбий соҳа мутахассислари, элчилар ҳамда дипломатларнинг китоблари билан танишганмиз.

Мана энди қўлимизда сиёсатшунос олимнинг муҳташам монографияси турибди. Бу асар сиёсат фалсафаси ва ҳокимият табиатини ўрганиш нуқтаи назаридан ёзилган муҳим тадқиқотлардан биридир. Ушбу китобнинг янгиланган 2-нашри тақдимоти юртимиз илмий-маърифий ва маънавий-маданий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Китобнинг бир қатор ютуқларини эътироф этган ҳолда, айрим хусусиятлари ҳақида мухтасар тўхталмоқчиман.

Биринчи хусусияти мазкур китобни ёзишга нисбатан янгича методологик ёндашувда ёрқин намоён бўлган. Гап шундаки, бу салмоқли асар оддий тарихий хронология, яъни шунчаки кундалик воқеалар баёни эмас, балки унда Амир Темур давлатчилиги сиёсат фалсафаси ва кратологик таълимот мақомида, содда қилиб айтганда, ҳокимият бошқаруви илми сифатида тизимли таҳлил қилинган.

Иккинчи хусусияти муаллифнинг китоб мундарижасини тузиш борасидаги концептуал, яъни илмий-назарий изчиллиги билан боғлиқ. Асар учта бобдан иборат бўлиб, биринчи бобда — Амир Темурнинг геосиёсий стратегияси, иккинчи бобда — улуғ Соҳибқироннинг давлатчилик концепцияси, учинчи бобда — Амир Темурнинг ҳарбий стратегияси атрофлича таҳлил этилган. Бу бобларнинг ҳар бири муайян фаслларга тақсимлангани (I бобда — 17 та, II бобда — 8 та, III бобда — 4 та фасл) китобни шаклан янада мукаммаллаштиришга хизмат қилган.

Учинчи хусусияти манбавий асосларнинг бойлиги ва ранг-баранглигига бориб тақалади. Китобнинг 2-нашрида миллий ва хорижий манбалар, хусусан, улуғ Соҳибқироннинг Европа давлатлари билан геосиёсий ва дипломатик алоқаларига оид янги илмий маълумотлар интеграция қилингани алоҳида диққатга лойиқдир.

Тўртинчи хусусияти қадриятлар таҳлилига тааллуқли. Муаллиф давлат бошқарувида миллий ва умуминсоний қадриятларнинг уйғунлиги ҳамда адолат тамойилларининг сиёсий институт сифатидаги ролини ғоятда маҳорат билан очиб берган.

Бу ҳақда китобда, жумладан, шундай фикрлар баён этилган: “Амир Темур яратган империя намунаси қадимий қадриятларга амал қилган, ўз даври таълимотларидан ўтиб келган юксак маданий феномен сифатида намоён бўлди. Соҳибқирон ўз даврининг юксак ва бетакрор тафаккур соҳиби сифатида башариятнинг маданий қиёфасини ўзгартиришга эришди”.

Китобнинг мазмун-моҳияти юзасидан айрим мулоҳазаларимни билдираман.

Тарихийлик ва сиёсатшунослик мутаносиблигига оид мулоҳаза. Асарда сиёсатшунослик ва фалсафий терминлар (масалан, ҳукмрон мафкура, эволюцион тараққиёт, миллий методология, геоҳудудий макон, цивилизациялашган жамият, диний қадрият, хронологик баёнчилик, илмий рационализм, мономиллий цивилизация каби атамалар) кўплиги туфайли баъзи ўринларда соф тарихий далиллар ва хронологик изчиллик иккинчи планга ўтиб қолгандек таассурот уйғонади.

Хорижий манбалар устида ишлашга тааллуқли мулоҳаза. Китобда Ғарб ва Шарқ тарихшунослигидаги Соҳибқирон шахсига оид нисбатан баҳсли ёки зиддиятли қарашларни қиёсий таҳлил қилиш жараёни етарлича чуқурлаштирилмаган, назаримда.

Илмий баён тилининг мураккаблигига доир мулоҳаза. Китоб тили академик атамалар билан ҳаддан ташқари юклатилгани сезилиб турибди. Бу эса асарнинг нафақат мутахассислар, балки кенг китобхонлар оммаси (талабалар, ҳаваскор тарихчилар) томонидан қабул қилинишини бироз қийинлаштиради, деган хавотир уйғотади.

Китоб бўйича айрим амалий таклиф ва тавсияларни ҳам айтиб ўтсак:

Биринчи таклиф: китобнинг янги нашрини — оммабоп тилдаги вариантини яратиш лозим, деб ўйлайман. Бунда саҳифалардаги сиёсий ва фалсафий концепцияларни имкон қадар соддалаштирган ҳолда, кенг омма ва ёшлар учун мўлжалланган илмий-оммабоп нашрини тайёрлаш айни муддаодир.

Иккинчи таклиф: китобнинг рақамли форматини яратиш ва хорижий тилларга таржималарини ташкил этишни тавсия қиламан. Асарни хорижий тилларга (айниқса, инглиз ва турк тилларига) таржима қилиш ҳамда халқаро илмий базаларда рақамли платформасини (E-book) кенгроқ тарғиб этиш керак.

Учинчи таклиф: илмий-амалий нуқтаи назардан, китоб якунида Амир Темурнинг стратегик бошқарув ва дипломатия соҳасидаги меросини бугунги кун миллий давлатчилик тизими ва ташқи сиёсат амалиётида қўллаш бўйича амалий хулосаларни алоҳида фаслда тақдим этиш зарур, назаримизда.

Тўртинчи таклиф: китоб номидаги “империя” сўзини “салтанат” деб ўзгартирган маъқулдек туюлади.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га кўра, империя — биринчидан, подшоҳ, қирол, император бошқарадиган йирик, кўп миллатли давлат; иккинчидан, бир қанча мустамлака ерлари бўлган, тоталитар тузумга асосланган йирик давлат.

Миллий энциклопедияда ҳам “империя” тушунчасига 2 хил мазмундаги изоҳ берилган. Биринчи изоҳга кўра, империя — император бошқарган монархия давлатининг номи. Иккинчи изоҳга биноан, империя — мустамлакалари бўлган йирик давлатларнинг аталиши.

Кўриниб турганидек, ҳар икки манбада келтирилган “империя” сўзининг биринчи мазмуни тарихий ҳақиқатга хилоф бўлса, кейинги мазмуни тагида салбий маъно бор, яъни босқинчиликка ишорат яққол сезилади.

Ўз навбатида, Миллий энциклопедияда “Салтанат” сўзига ҳам 2 хил изоҳ берилган: 1) султонлик, якка хон, амир ёки подшо ҳукмронлиги ҳамда уларнинг мавқеи; 2) мустамлакалари ёки тобе ўлкалари бўлган йирик давлатлар; империя.

Бу ўринда, холис айтадиган бўлсак, салтанат тушунчасининг дастлабки мазмуни Амир Темур давлатчилигига нисбатан қўллаш учун бир қадар тўғри келади.

Бешинчи таклиф: китобдаги “Соҳибқирон тузган давлатнинг империя шакли…” деган иборадаги мантиқсиз иборани тузатиш тавсия этилади. Чунки империя — давлатнинг шакли эмас.

Биласизки, бошқарув шаклига кўра, давлат — монархия ва республика шаклида бўлиши мумкин. Тузилиш шаклига кўра эса, давлат — унитар давлат, федерация ёки конфедерация шаклида бўлади.

Масалага янада чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, сиёсий режимига кўра, демократик давлат, антидемократик давлат, авторитар давлат ва тоталитар давлат шакллари таснифланади.

Олтинчи таклиф: фойдаланилган адабиётлар рўйхатини тўлдириш керак. Масалан, ҳозирги рўйхатда миллий манбалардан — таниқли темуршунос олима Шоҳиста Ўлжаеванинг биронта китоби кирмаган; хорижий манбалардан — ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё тарихи ҳақидаги 6 жилдлик нуфузли тўплами акс этмаган.

Хуллас, камина 1996 йилларда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси бўлиб ишлаганман. Ўшанда Амир Темур бобомизнинг қутлуғ тўйларини Парижда ўтказишга тайёргарлик кўриш асносида, улуғ Соҳибқирон ҳақидаги кўплаб бебаҳо адабиётлар билан астойдил танишишга тўғри келган.

Ўтган 30 йил ичида шу мавзуда ўзбек, рус, инглиз, француз, немис ва бошқа хорижий тилларда нашр этилган анча-мунча китобларни ўқиб чиқдим. Айни чоғда, Тўлқин Алимардоновнинг ушбу китобидан, барибир, янги ва қизиқарли маълумотлар олдим. Масалан, Амир Темурнинг дипломатик хатлари билан боғлиқ нисбатан кенг тафсилотлар билан танишганимдан хурсанд бўлдим.

Акмал САИДОВ,

академик.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − eight =