Қалам сеҳри
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвонига сазовор бўлган Исроил Холбоев Навоий вилояти бўйича ягона устоз ижодкордир. Ҳаётининг қарийб ярим асрини матбуотга бағишлаган бу инсонни нафақат вилоятда, балки республикамизда танимаган-билмаган инсоннинг ўзи йўқ. Касбининг ортидан бепоён Қизилқум чўлини, ҳар бир қишлоғу овулларни, саноат корхоналарини кезиб, улар ҳақида туркум публицистик мақолалар, эссе ва очерклар, керак пайтда луқма ва фельетонлар ёзган забардаст журналист.
Бу ҳамкасбимизни 2000 йилдан бошлаб таниганмиз. Кейинчалик бирга ишлаш ҳам насиб этган. Шу даврда устозни олийжаноб фазилатли инсон, ажойиб суҳбатдош, қалами ўткир журналист сифатида кашф этганмиз. Исроил ака ҳақиқатда борлиғини бағишлаб, вилоят газетасида фидокорона меҳнат қилди. Журналистикада ўз ўрнини топди. Энг тан берадиган жиҳати, устоз Навоий шаҳрига илк келган давридан то нафақага чиққунга қадар Абдумутал ака Норбоев билан бирга оддий ётоқхонада яшаб, оддий қалами ортидан эл-юртда юксак ҳурмат-эътибор топди. Ҳамма орасидан қил ўтмайдиган бу икки қадрдон дўстга доим ҳавас қиларди. Яна бир эътирофга молик фазилати — ҳар қандай шароитда ҳам у ҳар куни ишга эрта тонгда бориб, ҳамкасблари келгунча газетанинг бир сонига етгулик мақолаларни ёзиб ташларди.
Дарвоқе, қадрдон ҳамкасбимиз ижод оламига тасодифан тушиб қолгани йўқ. Ўтган асрнинг 70-йилларида Хатирчи туманидаги “Янги ҳаёт” газетасига (ҳозирги “Хатирчи ҳаёти” газетаси) кичик хабарлар ёзиб, келажакда журналист бўлишни орзу қилган навқирон йигитча эди. Ўшанда 8-синфда ўқирди.
Ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд давлат университетининг рус филологияси факультетига ҳужжат топширди. Талабалик даврларида дорилфунун қошида ташкил этилган “Шалола” адабий-бадиий тўгарагининг фаол иштирокчисига айланди.
1981 йилда ушбу нуфузли олий таълим масканини муваффақиятли тугатгач, тумандаги 38-ўрта мактабда илк меҳнат фаолиятини бошлади. Шу билан бирга туман газетаси билан ҳам ижодий ҳамкорликни йўлга қўйди.
— Ҳеч эсимдан чиқмайди, — дея хотирлайди Исроил Холбоев. — 1984 йилнинг ёз ойларида “Янги ҳаёт” газетасида “Автостанциядан репортаж” сарлавҳали кичкинагина танқидий мақолам чоп этилди. Бу ишлаётган мактабимда жуда шов-шув бўлиб кетди. Шу бўлди-ю, ҳамкасбларим бошқача қарайдиган, айрим масалаларда маслаҳат сўрайдиган бўлиб қолишди. Шу мақола сабаб бўлди-ю, туман газетаси таҳририяти билан мунтазам алоқалар ўрнатиб, доимий мақола ёзадиган бўлдим. У пайтлар газеталар яхшигина қалам ҳақиям тўларди-да…
Буни қарангки, орадан бир йил ўтиб, Исроил ака туман газетаси таҳририятига ишга таклиф этилди. Бу ерда устоз журналистлар кўмагида унинг қалами чархланди. Бирин-кетин ўткир ва долзарб мавзуларда “Тугалланмаган қўшиқ”, “Тирикликнинг сўнгги илинжи”, “Диққат, полундра”, “Ҳалол меҳнатнинг ўлчови”, “Туҳмат жари ёқасида”, “Болалар ҳақига хиёнат”, “Айтсам тилим, айтмасам дилим…” сарлавҳали очерк ва фельетонлари чоп этилди. Натижада ёш ижодкор туманда ҳақгўй ва адолатпарвар, танқидчи мухбир деган ном билан танилди.
1994 йилнинг январь ойида вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Дўстлик байроғи” газетасига ишга ўтиш учун ўша даврдаги газета раҳбари Ҳамдам Эшонқулов қабулига кирди. Ҳамдам Эшонқулов ҳам кенг мулоҳазали ва ижодкор муҳаррир бўлганлиги учун Исроил акадаги истеъдод ва қобилиятни кўра билиб, дарҳол ишга олди.
Шу-шу қаҳрамонимизнинг ҳаёти вилоят “Дўстлик байроғи” газетаси билан боғланди. У ушбу Навоий ижод даргоҳида ўз даврининг етук ижодкорлари Ҳамдам Эшонқулов, Маҳмуд Мардиев, Улаш Нурмонов, Ёрқул Умаров, Ғаффор Ҳотамов, Ислом Худойқулов, Абдумутал Норбоев, Жумамурот Мирзаев, Дилшод Исломов, Азамат Сафаровлар билан бир сафда туриб, узоқ йиллар серқирра ижод қилди.
У таҳририятда ишлаб юрган кезларда “Чироқлари ёниқ ўтовлар” сарлавҳали таҳлилий мақоласи ҳукумат даражасида муҳокама қилиниб, мақолада қайд этилган муаммо ва камчиликлар бартараф этилди. Натижада Қизилқум чорвадорлари учун қўшимча имтиёзлар, енгилликлар берилди. Айниқса, унинг “Иложим йўқ”, “Горька”, “Пудратчилар ҳақига хиёнат”, “Енг ичидаги тадбиркорлик” сингари фельетонлари жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлгани ҳозиргача давраларда кўп эсланади.
Исроил Холбоевнинг йиллар давомида қалами чархланиб, ўзи ҳам устоз даражасига етди. Бугун унинг шогирдлари вилоят, республика матбуотида масъул лавозимларда меҳнат қилмоқда. Қолаверса, у бугунги кунда пенсия ёшида бўлса ҳам икки йил давомида Хатирчи тумани ҳокимлигининг “Хатирчи ҳаёти” газетасига ҳам муҳаррирлик қилди.
Устознинг кўп йиллик фидокорона хизматлари беиз кетмади. Президент Фармонига мувофиқ, 2012 йилда юксак давлат мукофоти — “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланди. Англадики, меҳнат қилган ҳар қандай инсоннинг хизматлари бесамар кетмас экан. Энг муҳими, бу мукофот ўзининг ҳақиқий эгасига берилган эди.
Ҳозирги кунда 4 нафар фарзанд, 14 нафар набира қуршовида кексалик гаштини сураётган Исроил ака нафақада бўлсалар-да, ижоддан тўхтагани йўқ.
Устозга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, ижодий баркамоллик тилаймиз!
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,
журналистлар.
