Рақамли дунёдаги ёлғизлик

Агар атрофга диққат билан назар ташласангиз, нафақат Тошкентда, балки ҳамма жойда бир хил манзарага дуч келасиз: кўчада, кафеда ёки хиёбонлардаги ўриндиқларда тўрт-беш нафар дўст бирга ўтирибди-ю, аммо ҳамманинг нигоҳи қўл телефонида. Ёхуд ёшлар соатлаб битта қаҳва устида ноутбукка тикилиб ўтиришади. Улар ёнидаги ҳамроҳи билан эмас, балки виртуал дунё билан банд.

Буларни кузатиб, бир нарса ҳақида ўйлаб қолдим: биз қачондан бери жонли мулоқотдан кўра телефон экранларига бунчалик боғланиб қолдик? Интернет бизни узоқдаги инсонлар билан боғлади-ю, бироқ ёнимизда турган яқинларимиздан узиб қўйгандек.

Илгари одамлар учрашганда бир-бирининг юзига қараб, чин дилдан суҳбатлашарди. Ҳозир эса дўстлар йиғилса ҳам, таом келиши билан уни расмга олиб, “Instagram”га жойлашади. Кейин эса сукунат бошланади — ҳамма телефон титкилашга тушади. Дастурхон атрофидаги жонли гурунг ўрнини совуқлик эгаллайди.

Энг ачинарлиси, бу ҳолат уйимизга ҳам кириб келди. Ўқиш ёки ишдан қайтгач, оила даврасида ўтириб дийдорлашиш ўрнига, ҳар ким ўз хонасига кириб, телефонга термилади. Ота-онамиз ёки бобо-бувиларимиз билан дилдан суҳбатлашишга вақт топмаймиз-у, лекин интернетдаги бекорчи нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз. Натижада ижтимоий тармоқларда минглаб “дўсти” бўлган, аммо ҳаётда дардлашишга сирдоши йўқ ёлғиз инсонга айланиб боряпмиз.

Бундан қутулиш йўли, аслида, жуда оддий: телефонни бир чеккага қўйиб, ёнимиздаги инсон билан чин дилдан гаплашиш. Келинг, яқинларимиз бизга гапираётганда, кўзимизни экрандан узиб, уларнинг юзига қарайлик. Чунки ҳеч қандай замонавий технология инсоннинг жонли меҳри ва иссиқ табассуми ўрнини боса олмайди.

Ойиша АБДУРАҲИМОВА,

Ўзбекистон Миллий

университети талабаси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − 3 =