Ёшларга эътибори баланд эди

Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтимизда Ўзбекистон телевидениеси орқали “Улуғбек хазинаси” романи асосида ишланган кўп қисмли телеспектакль намойиш этилган эди. У вақтларда “сериал” ёки “видеофильм” деган тушунчалар йўқ эди. Режиссёр Мақсуд Юнусов бу асарни экранга олиб чиқар экан, ўша давр талабларидан келиб чиқиб, уни телеспектакль деб атаган. Кейинчалик “видеофильм” тушунчаси истеъмолга киргач, бу асар кўп қисмли видеофильм деб аталадиган бўлди.

“Улуғбек хазинаси” зангори экран орқали халқимизнинг турли қатламларини ўзига жалб этди. Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшасида, шунингдек, қўшни республикаларнинг мамлакатимизга ёндош вилоятларида деярли ҳамма ушбу асарнинг бирор қисмини ҳам қолдирмай томоша қиларди.

Адиб Одил Ёқубов қаламига мансуб, буюк астроном ва математик, давлат арбоби, темурийлар сулоласининг улуғ ҳукмдори Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбекнинг маърифатпарварлик ғоялари, фожиали тақдири ва бой меросидан ҳикоя қилувчи ушбу тарихий роман асосидаги телевизион асарни халқимиз жуда катта қизиқиш билан кўрган. Мен ўшанда бошланғич синфда ўқисам-да, ҳар куни мактабда тенгдошларим билан асардаги воқеалар ривожини муҳокама қилганларимиз эсимда. Асардаги Хуршидабону образи таъсирида атрофимдагилар менинг исмимга ҳам “бону” сўзини қўшиб олишганди. Айниқса, синфдош ўғил болалар “Хуршидабону”, “Бону” деб чақириб, ғашимга тегишга ҳаракат қилишарди. Ҳозиргача “Бону” менинг иккинчи исмимдек бўлиб қолган.

Ўсмирлик пайтимизда синфдош дугоналарим билан кутубхонага аъзо бўлганмиз. Ўзаро севимли ёзувчи ва шоирларимиз ҳақида суҳбатлашардик. “Менинг севимли ёзувчим — Одил Ёқубов, севимли шоирим — Абдулла Орипов”, дер эдим мен. Дадам Ваҳобжон Раҳимов ўқитувчи бўлиб, китобга муҳаббати жуда кучли эди. Уйимизда бой кутубхонамиз бор эди. Дадам ҳам Одил Ёқубов каби уруш қатнашчиси ва ёзувчи билан тенгдош эди. Оиламизда бизнинг қизиқишларимиз ҳамиша қўллаб-қувватланган. Севимли адибим Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”дан ташқари, икки буюк олим — Беруний ва ибн Синонинг болалиги, ёшлик йиллари ҳамда уларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси ҳақидаги “Кўҳна дунё” тарихий романини, ор-номус, ҳалоллик, имон-эътиқод, жамиятдаги маънавий муаммолар ёритилган, ижтимоий талқини устувор бўлган “Диёнат” романини, шунингдек, муҳаббат мавзусидаги “Муқаддас” қиссасини севиб ўқиб чиққанман.

Ўсмирлик онг-идрокимда атоқли адиблар ҳамиша диёнат, инсонийлик ва улуғворлик тимсоли бўлиб гавдаланган. Кейинроқ бу адиблар билан учрашиб, суҳбатлашганимда англадимки, Аллоҳ уларнинг мақомини бежиз юксалтирмас экан. Камтарлик, самимийлик, фидойилик каби хислатлар уларни улуғлик даражасига етказади. Шу сабабли ҳам Яратган уларни танланган ва таниқли инсонлар сифатида саралаб олади.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Ўзбекистон Миллий педагогика университети)да ўқиб юрган кезларимда машҳур адиблар билан учрашувлар бўлиб турарди. Лекин уларнинг олдига бориб, яқиндан гаплашишга ботина олмасдим. Хуллас, севимли ёзувчим Одил Ёқубовни Тошкентдаги “Туркистон” саройида учратиб қолдим. Бу 1997 йилнинг баҳори эди. Қизим Гулжаҳонни етаклаб олгандим. Шеърий машқларим ёзилган дафтарим ён сумкамда эди.

— Ассалому алайкум, устоз! Мен сизнинг асарларингизни севиб ўқийман. Ўзим ҳам ижод қиламан, ёзган шеърларимни сизга кўрсатмоқчи эдим, — дедим.

— Ва алайкум ассалом, қани, киринглар, — деди устоз Одил Ёқубов.

У киши қорақалпоқ адиби Тўлепберген Қайипбергенов билан суҳбатлашиб ўтирган экан.

— Қаердан келдингиз?

— Андижондан.

— Қани, шеърингиздан ўқинг-чи.

Битта шеър ўқидим. “Яна битта ўқинг”, деди устоз адиб. Яна ўқидим. Шундан кейин ҳеч сўз демай, дарров телефон гўшагини олди-да, кимгадир қўнғироқ қилди. “Мурод, ҳозир олдингга андижонлик Хуршида деган қиз боради. Шеърлари жуда самимий экан, ёрдам бериб юбор”, деди.

Кейин икки забардаст адиб менга “Матбуотчилар уйи” манзилини тушунтира бошлашди. Тўлепберген оға гап қўшди:

— Одил ака, хизмат машинангиз олиб бориб қўйса-чи?

— Машинам иш билан кетган эди-да, — деди Одил ака.

Устоз ўша пайтда Марказий Осиё халқлари ассамблеясининг вице-президенти вазифасида бўлиб, Ассамблея президенти Чингиз Айтматов эди.

Шундай қилиб, мен уларга “Матбуотчилар уйи”ни топиб бора олишимни, ўзим Тошкентда ўқиганимни айтдим, миннатдорчилик билдириб, кетишга чоғландим. Одил ака эса меҳр билан қизимнинг қўлига ширинликлар тутқазди. Биринчи марта суҳбатлашган одамига шунчалик эътибор ва меҳрибонлик кўрсатишгани мени ўшанда ҳайратда қолдирган эди. Кўнглимдан: “Машҳур адиблар шунақа олижаноб, эътиборли, самимий бўлишар экан-да. Шунинг учун ҳам улар улуғлик даражасига эришар экан”, деган хаёл ўтганди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида мени газета бош муҳаррири ўринбосари, таниқли публицист Мурод Абдуллаев кутиб олди.

— Одил Ёқубов жўнатган қиз сизмисиз? — деди. Ўша вақтда газетанинг Назм ва наср бўлими мудири вазифасида ишлаётган шоир Рустам Мусурмонни ҳузурига чақирди.

— Рустам, бу шоиранинг шеърларини ўқиб кўринг-чи, маъқулмикан? — деб унга дафтаримни узатди.

Тик турган ҳолда шеърлар билан танишган Рустам ака: “Маъқул”, деди.

— Маъқул бўлса, хонангизга чиқиб, шоиранинг қўлёзмаларини ва манзилини ёзиб олинг, — деди Мурод Абдуллаев.

Шундай қилиб, шеърларим “Янги номлар” рукни остида республиканинг энг нуфузли адабий нашри — “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг келгуси сонида эълон қилинди. Ваҳоланки, анча вақтдан буён ижодий машқларим вилоят газетасида навбат кутиб турган эди…

Шундан кейин “Ёзувчи”, “Маърифат”, “Ўзбекистон овози”, “Андижоннома”, “Холис” газеталарида бирин-кетин шеърларим босилди.

1998 йилнинг баҳорида ўғлим билан яна Тошкентга йўл олдим. Одил Ёқубов ҳамда Мурод Абдуллаевга андижонлик дўппидўзлар қўли билан ипакдан тикилган дўппилар олган эдим. Аввал “Матбуотчилар уйи”га бордим. Мурод ака мени Одил Ёқубовнинг олдига — Мустақиллик майдонидаги Ассамблея жойлашган бинога олиб борди. Бу вақтда улар “Туркистон” саройидан шу жойга кўчишган экан. Йўлда Мурод ака:

— Хуршида, биринчи китобингизга шеърларни жамлаб, тайёрлаб қўйганингизни Одил акага айтамиз, — деди.

Устоз Одил Ёқубов бизни қарши олар экан, суҳбат орасида:

— Мана, бир йилда шеърларинг катталар эътиборига тушди. Эртага Байналмилал маданият марказида Марказий Осиё халқлари шоир ва оқинларининг катта мушоираси бўлади, қатнашасанми? — деди.

Бундай эътибордан хурсанд бўлиб кетганимдан ҳозиржавоблик билан:

— Ҳа, албатта! Сиз шунга муносиб кўрсангиз, қатнашаман, — дедим.

Орада Мурод ака:

— Одил ака, Хуршида илк китобига шеърларини тайёрлаб келибди, — деди.

Одил ака эса ўз одатига кўра, индамасдан “Ёзувчи” нашриёти директори, адиб Ҳожиакбар Шайховга, кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир ва ёзувчи Йўлдош Сулаймонга қўнғироқ қилди (аслида, ҳар икки адиб улуғ устознинг шогирдлари эди). Ҳожиакбар акага китобимни нашр этиб беришини, Йўлдош Сулаймонга эса нашриётга Уюшмадан китобни нашрга тавсия этиб, хат тайёрлаб юборишини тайинлади.

Эртасига Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида жойлашган Байналмилал маданият марказига бордим. Мушоирада Ўзбекистон ижодкорлари сафида қатнашдим. “Насим оғушида” деган шеъримни ёддан ўқидим. Айтишларича, энг кўп қарсак менинг шеъримга чалинибди. Ҳаяжонда ўзим буни пайқамаганман. Шунинг учун бўлса керак, ҳайъат мени “Энг ёрқин шеър муаллифи” деб эълон қилди. Қисқаси, мушоира ғолиби бўлдим.

Мушоира тугагач, Абдулла Орипов, Ойдин Ҳожиева, Ҳожиакбар Шайхов, Нормурод Нарзуллаев каби кўплаб устоз адиблар билан кўришдим.

Абдулла Орипов:

— Андижондан атай келдингми? — деди. “Ҳа” деб жавоб бердим. — Эртага Уюшма олдига келсанг, автобус бўлади, Дўрмонда Наврўз байрами нишонланади, албатта қатнашгин.

Дўрмондаги Ижод уйида “беҳуда келдиммикан?” деб бир четда тортиниб ўтирган эдим. Бир маҳал Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Муҳаммад Юсуф мени ахтариб чиқибди. Кўпчилик ичидан топиб, ичкарига бошлаб кирди.

Мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлаётган экан. Кирсам, барча устозлар шу ерда. Муҳаммад Юсуф менга:

— Ўзинг ҳақингда гапириб бер, бўлмаса шеър ўқиб бер, — деди.

“Қўй-е, булбул, чаҳ-чаҳингни, сирим элга сочар бўлсанг” деб бошланувчи шеъримни ўқидим. Раёсатда ўтирган устоз Одил Ёқубов:

— Мана шу шеърнинг ўзиёқ ёш ижодкорга баҳо беришимизга асос бўла олади, — деган фикрни билдирди.

Уюшма раиси, устоз Абдулла Орипов:

— Йиллар ўтиб, “Бир вақтлар шунақа шеърлар ёзгандим”, демасин. Шоирамиз шеърдан шеърга юксалсин, — деб тилак билдирди.

Залда ўтирган устозлардан Нормурод Нарзуллаев ва Муҳаммад Али сўз олиб, матбуотдаги шеърларим ҳақида гапиришди. Шу билан Фаоллар кенгаши мени Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилди.

Кейин билишимча, устоз Одил Ёқубов Тўлепберген Қайипбергенов билан биргаликда раис Абдулла Ориповга мени Уюшмага аъзо қилиш учун номзодимни Фаоллар кенгаши муҳокамасига қўйиш таклифини билдиришган экан. “Андижонлик ёш шоирани мен ҳам қўллайман”, деб Саид Аҳмад домла ҳам тавсия берган экан.

Ўша куни: “Одил ака, бугун тарихий воқеа содир бўлди-да, биринчи марта ҳали китоби чиқмаган ижодкор Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди”, деб гапирган адиб Йўлдош Сулаймон жараённи менга кейинроқ айтиб берган эди.

Шундай қилиб, “Ёзувчи” нашриётида “Алдамчи тонглар” номли илк китобим ёш ижодкорларнинг “Биринчи китобим” лойиҳасида, “Истеъдод” туркумида нашр этилди. Яъни катта адабиёт даргоҳига улуғ адиб очган йўл орқали қадам босдим. Бирин-кетин “Саодат”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” каби журналлар, марказий даврий нашрлар шеърларимни босиб чиқаришди. Ўша йили Одил Ёқубовнинг таваллуд куни арафасида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида улуғ устознинг ёш ижодкорларга, хусусан, менинг ижодимга кўрсатган эътибори ҳақидаги мақолам ҳам эълон қилинди. Жуда катта иш қилгандек, газетани кўтариб, устознинг олдига борган эдим…

2011 йилда “Шарқ” НМАКда нашр этилган “Самойинур” номли сайланма китобимга устоз Одил Ёқубов ўз қўли билан мени Уюшма аъзолигига тавсия қилиб ёзиб берган қимматли фикрларини мақола тарзида киритганман. Китобимнинг Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган тақдимотига раислик қилган Абдулла Орипов ўтган устозлар хотирасига бўлган ҳурматим китобнинг яна бир ютуғи бўлганини эътироф этган эди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2026 йил 28 майдаги Фармони билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани жуда қувончли воқеа бўлди. Одил Ёқубов нафақат ўзбек адабиёти равнақи ва тарғиботига катта ҳисса қўшган адиб, жамоат арбоби, балки меҳнаткаш халқимизнинг шўролар давридаги оғир ҳаёт тарзи, пахта яккаҳокимлиги давридаги сермашаққат меҳнатини ўз вақтида жасорат билан собиқ иттифоқ минбарларидан айта олган, эртанги фаровон ҳаёт учун курашган миллат фидойиси ва зиёлиларидан биридир.

Адиб ўз асарларида куюнчаклик, синчковлик, вазминлик ва кенг мулоҳаза билан халқ манфаати, миллат истиқболи учун қайғурган. Шунинг учун ҳам бу асарлар макон ва замон танламайди, ҳар бир даврда ўз ўқувчисига эга ҳамда асрлар оша инсониятга беминнат хизмат қилаверади. Умуминсоний туйғулар, юксак фазилатлар ва миллий қадриятлар акс этгани учун ҳам Одил Ёқубовнинг роман ва қиссалари дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилиниб, китоблари кўплаб мамлакатлар кутубхоналаридан муносиб ўрин олмоқда.

Шу ўринда андижонлик ижодкор, таржимон, республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари қатнашчиси Абдуллоҳ Рўзиев адибнинг “Улуғбек хазинаси” романини инглиз тилига муваффақиятли таржима қилганини айтиб ўтиш жоиз. Ушбу таржима асар Американинг “Amazon” платформаси орқали дунё китобхонлари эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, асар китоб шаклида ҳам нашр этилди. Андижон давлат чет тиллари институтида устоз адибнинг фарзандлари иштирокида унинг тақдимот маросими ўтказилди.

Ибратли ҳаёти, узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида ҳалоллик ва ҳаққонийлик ҳамда юксак инсонийликдан ўзига ҳайкал қўйиб кетган улуғ адиб, устоз Одил Ёқубов, халқимизнинг ардоқли адиблари Абдулла Орипов, Ойдин Ҳожиева, Нормурод Нарзуллаев, Муҳаммад Юсуф, Тўлепберген Қайипбергенов, Йўлдош Сулаймон сингари эл севган ижодкорлар бугун орамизда йўқ. Охиратлари  обод, руҳлари шод бўлсин барчаларининг.

Таниқли журналист ва публицист Мурод Абдуллаевни ҳам Яратганнинг ўзи раҳмат қилган бўлсин. Ижод ва ҳаёт йўлларимда беғараз кўмак, маслаҳатларини аямаган устозлар меҳрини ҳеч қачон ёддан чиқариб бўлмайди. Зеро, буюк адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов сингари сиймолар олдида ҳамиша бош эгсак арзийди.

Хуршида ВАҲОБЖОН қизи,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Андижон вилояти бўлими раҳбари,

шоира.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 − one =