Дарё ва ватан шоир нигоҳида

ёхуд Шодмонқул Саломнинг “Сирдарё бўйида” номли шеърига шарҳ

Ҳар бир халқнинг тарихи унинг дарёлари, тоғлари ва муқаддас замини билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбек халқи учун Сирдарё ана шундай буюк табиат неъматларидан бири, ҳаёт ва тараққиёт манбаи ҳисобланади. Шодмонқул Саломнинг “Сирдарё бўйида” шеърида ана шу улуғ дарёнинг нафақат табиий қиёфаси, балки халқ тақдири, миллий хотира ва Ватанга муҳаббат тимсоли бадиий тилда акс этган. Шеърнинг дастлабки мисралариданоқ муаллиф Сирдарёни оддий сув оқими сифатида эмас, балки инсонга руҳий озуқа берувчи, ижодга илҳом бағишловчи муқаддас маскан сифатида тасвирлайди. “Сувсаб келган шоирни қондиргувчи шеърдарё” деган ифода орқали дарёнинг маънавий қудрати очиб берилади. Бу ерда дарё сув эмас, балки шеър, илҳом ва маърифат манбаи сифатида гавдаланади.

Асарда Сирдарёнинг икки қирғоғига туриб қаралганида турлича манзара кўриниши ҳам чуқур рамзий маъно касб этади. Бир томондан у “юртни боққан ул”, иккинчи томондан эса “изиллаган қул”га ўхшатилади. Бу ташбеҳлар дарёнинг халқ хизматидаги меҳнатини, унинг қанча машаққат ва синовларни бошидан кечирганини англатади. Дарё асрлар давомида миллионлаб инсонларни сув билан таъминлади, далаларни яшнатди, шаҳарлар барпо этилишига замин яратди.

Шоир Сирдарёни “она дарё”, “ордарё”, “бободарё”, “пирдарё” каби юксак сифатлар билан атаб, уни халқнинг маънавий мероси даражасига кўтаради. Бу сўзлар орқали дарёнинг инсон ҳаётидаги ўрни фақат иқтисодий ёки табиий аҳамият билан чекланмаслиги, балки миллий қадрият сифатида эъзозланиши лозимлиги таъкидланади.

Мазкур шеърда тарихий хотирага ҳам катта ўрин берилган. Қадимги Жайҳун ва Сайхун номларининг тилга олиниши халқнинг буюк цивилизацияси, бой тарихи ва аждодлар меросини ёдга солади. Шунингдек, Широқ образининг келтирилиши Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган аждодлар жасоратига эҳтиром рамзи ҳисобланади.

Шеърнинг энг таъсирчан жиҳатларидан бири — дарёни инсондек жонлантиришдир. “Кокилингга қўл солсам, тойдай эркаланасан”, “Қошингга келмай қолсам, қиздай ўпкаланасан” каби мисраларда Сирдарё тирик мавжудотга айланади. Бу тасвирлар орқали инсон ва табиат ўртасидаги меҳр-оқибат, руҳий яқинлик ва ўзаро садоқат ғояси ифодаланган. Муаллиф инсон табиатни севса, табиат ҳам инсонга меҳр билан жавоб қайтаришини бадиий тарзда кўрсатади.

Шоир Сирдарёнинг саховатини ҳам алоҳида таъкидлайди. У “олтин ташиб толмаган” дарё сифатида халққа ризқ, барака ва фаровонлик келтирувчи буюк неъматдир. Шу билан бирга, тарих давомида сув манбалари учун кечган курашларга ҳам ишора қилинади. Бу фикр бугунги кунда сув ресурсларини оқилона бошқариш, уларни муҳофаза қилиш ва ҳар бир томчисини қадрлаш нақадар муҳим эканини яна бир бор эслатади.

Шеърнинг финали, айниқса, юксак фалсафий мазмунга эга. “Энди қонлар оқмасин, элинг билан бахтли бўл” деган эзгу тилак нафақат Сирдарёга, балки бутун юртга қаратилган чақириқдир. Бу сатрларда тинчлик, тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барқарор тараққиёт ғоялари мужассам. Шоир инсонларни уруш ва адоватдан воз кечиб, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида бирлашишга чорлайди.

”Сирдарё бўйида” шеъри табиат ҳақидаги оддий лирик асар эмас. У Ватанга муҳаббат, миллий ўзлик, тарихий хотира, тинчлик, меҳнат ва инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган маънавий ижод маҳсулидир. Бугунги кунда экологик муаммолар, сув танқислиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари тобора долзарблашаётган бир пайтда ушбу шеърнинг тарбиявий ва ижтимоий аҳамияти янада ортади. Шодмонқул Салом Сирдарё тимсоли орқали ҳар бир инсонни Ватанни севишга, табиатни асрашга, тарихни қадрлашга ва тинчликни энг олий неъмат сифатида эъзозлашга даъват этади.

Имомқул НУРИНОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

 

Сирдарё  бўйида

Сирдарё-ю Сирдарё,

Ер устида бир дарё!

Сувсаб келган шоирни

Қондиргувчи шеърдарё!

Ўнг қирғоқдан қарасам,

Юртни боққан улдайсан.

Чап қирғоқдан қарасам,

Изиллаган қулдайсан!

Она дарё, ордарё,

Боқсам — кўзим тўлади.

Широқнинг таёғидай

Оқиб кетгим келади.

Икки катта ўғилдай,

Жайҳун билан Сайхундир.

Лек Сайхуни — оққува,

Бўйлари ҳам узундир.

Сирдарё-ю Сирдарё,

Улуғ элнинг ҳаёти.

Шу элга нажот бўлган

Худойжоннинг имдоди.

Тўра Сулаймон доди,

Ҳалиманинг фарёди,

Дарёларнинг бахшиси,

Бахшиларнинг ижоди.

Кокилингга қўл солсам,

Тойдай эркаланасан.

Қошингга келмай қолсам,

Қиздай ўпкаланасан.

Олтин ташиб толмаган

Сенинг нордай белларинг.

Ёвлар бекор келмаган,

Сахо бўлди қўлларинг.

Бободарё, пирдарё,

Босиб ўтдинг узун йўл.

Энди қонлар оқмасин,

Элинг билан бахтли бўл.

Элинг билан бахтли бўл.

Шодмонқул САЛОМ

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 4 =