Дунёни гўзаллик қутқаради

Сиз-у биз асарларини севиб ўқиган, ҳикматларидан баҳраманд бўлган улуғ ижодкор “Дунёни гўзаллик қутқаради”, деганида нақадар ҳақ эди. Мен ҳам дунёни қутқара олмасам-да, яхши сўз айтишни ният қилдим. Негаки, бугун ҳар биримиз кўзга тўтиё қиладиган Ўзбекистонимиз Мустақиллигига 35 йил тўлди. Кун сайин эмас, дақиқа сайин ўзгараётган юртимизга кўз тегмасин. Энг муҳими, барча қишлоқ, овул ва маҳаллалар кўз ўнгимизда яшнамоқда. Одамлар юзида табассум кўраётганимиз қувонч, фахр бағишлайди.

Алқисса, бундан 35 йил аввал ­Қашқа­­дарёнинг Чироқчи туманидаги Паканди қишлоғини — шу дарёнинг чап биқинида жойлашган масканни, унинг мард ва танти одамларини, ҳар куни бўладиган катта курашу кўпкари тўйларини ташлаб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш ниятида пойтахтга келганимга ҳам 35 йил бўлибди. Шу боис, ўтган давр мобайнида кўрган кечирганларимга бир назар ташлашни лозим топдим. Қолаверса, ҳаётининг 40 йилдан ортиғини ОАВда ўтказган журналист сифатида сўз айтгим келди. Ҳаётимнинг энг гўзал дамлари матбуот ва телевидение билан боғлиқ. Аммо…

Аммо шу гўзалликни кўра олмайдиган, ­дунёга эгалик қилиш ҳисси билан яшаётган, ғирромликни ўзига ошно қилиб, демократия ниқоби остида ер юзига жар солаётган айрим корчалонларнинг хатти-ҳаракатини кўриб-билиб туриб, оғзимга толқон солиб жим туролмайман. Улар ўз мамлакатини дунёда буюк қиламиз, деб ҳайқирмоқда. Бутун жаҳон кўриб турибди. Улар ноҳақ, ғирром йўлни танлаган. Шу сабабли тинчликсевар халқларнинг нафратига учрамоқда. Уларнинг давлатида ҳар куни қон тўкилмоқда. Аниқки, зўравонлик ҳукмрон юртда тинчлик бўлмайди, азизлар! Дунёни ўзининг калта қаричи билан ўлчайдиганлар адашади. Чунки ҳар кимнинг туғилиб ўсган юрти буюк, киндик қони томган тупроғи олтиндир! Зукко газетхон гап нимада эканини пайқаган бўлса, ажаб эмас.

Шундай золим, аммо кечалари тинч ухлаёлмайдиганларга айтар сўзим бор. Улар 2019 йилнинг 21 июнида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг: “Биз ўз фаолиятимизни бошлаган дастлабки кунлардан эътиборан Сиз, ҳурматли халқ вакиллари билан барча муҳим вазифаларимиз қаторида иккита энг асосий масалага алоҳида аҳамият қаратиш ҳақида келишиб олган эдик. Буларнинг биринчиси — жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш бўлса, иккинчиси — аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилишдир. Ҳаммамиз тушунамиз, тинчлик ва соғлиқ — бу ҳар бир инсон, бутун халқимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъматдир…”, деган гапларини ўзларига шиор қилсалар ютган бўлишар, халқининг меҳрини қозона олади. Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбари илк кунлардан эътиборан инсон қадрини улуғлашни мақсад қилди. Ер юзидаги ҳар бир давлат раҳбари Юртбошимизнинг ушбу сўзларини, эзгу ғояларини ўзига бош тамойил қилиб олса, ҳали ҳам кеч эмас. Ахир бу ёруғ оламда умргузаронлик қилаётган ҳар бир инсонга тинчлик, соғлиқ ва қадри баланд бўлишдан бошқа яна нима керак?

Ўз даврининг буюк алломаси, ҳозирда ҳам дунё тан олган бобомиз ибн Сино: “Дунёда агар чанг бўлмаганида эди, инсон минг йил умр кўрган бўларди”, дея хитоб қилган экан. Бугунги кунда шу чангга инсон ўз қўли ва ақл-идроки билан яратган қирғинбарот қуроллар ҳам қўшилгани беш қўлдай аён бўлиб турганда, инсон умри янада қисқариб бораверади. Дунёга ҳукмронлик қилишни орзу қилган фашистни ер юзи аҳли жуда яхши билади. Уларнинг калтабин орзусини чиппакка чиқарган кишилар Ғалабанинг 80 йиллигини қандай нишонлаганини ҳам кўрдик: қўрқув ва ҳадик билан шодиёна қилишди. Халқимиз билиб айтади: “Гап унда эмас, буғдойда”. Шунинг учун бир-биримизга буғдойсўз бўлайлик!

Дунёга ҳукмронликни орзу қилганлар интернетдан самарали фойдаланмоқда. Суяксиз тиллари билан вайсаб, видеоларини ижтимоий тармоқларга жойламоқда. Авом халқнинг аксарияти уларга ишонса, бошқалар “Эсиз, эсиз, эй, еб тўймаслар”, деб ачинишмоқда, холос. Орамизда икки, баъзан уч марта Маккага бордим, деб мақтанадиган ҳожилар бемор қўшнисининг ҳолидан хабар олмаса, дардмандга дори-дармон олиб берадиган мард тадбиркорларни бармоқ билан санарли даражада кам топсак, айб ўзимизда. Бошқалардан нолимасак ҳам бўлаверади. Азизлар, ҳар бир ишимиз, юриш-туришимиз гўзал бўлсагина ДУНЁ БИЗНИ ҚУТҚАРАДИ. Шунинг учун вақтида хулоса чиқарайлик…

Дарвоқе, яқин ўтмишдаги бир ҳаётий ҳақиқат: коронавирус пандемияси бутун дунёни ташвишга солиб, юртимизда ҳам бу офат кезиб юрган бир вақтда юз берган воқеа. Айнан мен яшайдиган Қўйлиқ массивида жойлашган кўп қаватли уйимнинг ёнида жойлашган 11-уйда яшовчи аёлда илк коронавирус инфекцияси аниқланганига ҳам ҳаш-паш дегунча олти йилдан ошибди. Ўшанда эл бошига тушган дардни Президентимиз яширмади, вазиятни сир тутмади. Айтишга осон, бундай шароитда тўғри қарор қабул қилиш ҳаёт-мамот масаласи эди. Зудлик билан карантин чоралари кўрилди. Деразадан — тўққизинчи қаватдан ён-атрофдаги 11-уйга қарайман: уй атрофини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари кеча-ю кундуз ўраб, навбатчилик қилмоқда, уйдагилардан ҳеч ким ташқарига чиқарилмайди. Қўшниларимга керакли озиқ-овқат ва бошқа зарур маиший буюмларни назоратчилар келтириб беради. Дўконлар, бозорлар фаолияти вақтинча тўхтатилди (озиқ-овқат дўконлари ва деҳқон бозорларидан ташқари), таълим масофавий шаклга ўтказилди.

Албатта, 2020 йилнинг 27 апрелида Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамғармаси, “Саховат ва кўмак”, “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондларига, шу жумладан, уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватловга муҳтож жисмоний шахслар рўйхатига киритилган фуқароларга беғараз ёрдам берилиши кўзда тутилгани коронавирус балосини енгишга кўмак берди. Бугина эмас, ушбу Фармон билан саховатпеша тадбиркорларга, аҳолини иш билан таъминлаб, камбағалликка қарши курашаётган ва мамлакатимиз бюджетини шакллантиришда етакчи ўрин тутадиган корхоналарга ҳам беғараз ёрдам кўрсатилди. Чунки минглаб саховатпеша халқимиз билан бирга айнан шу тадбиркорлик субъектлари Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” ҳамда “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондларининг шаклланишига муносиб ҳисса қўшган эди. Элимиз бу синовдан ҳам жуда яхши ўтди.

Ҳозир ҳам ҳар куни қайсидир давлатда нотинчликлар, қонли можаролар туфайли қанча-қанча бегуноҳ кишилар, ачинарлиси, аёллар ва болалар жон таслим қилмоқда. Кўплаб нуфузли давлатлар қирғинбарот қуроллар ишлаб чиқариш бўйича кимўзар ўйинини давом эттирмоқда. Қизиғи, улар бу каби ачинарли ҳолатларни кўриб-кузатиб, ҳатто мақтаниб ҳам қўйишади. Мамлакатимиз раҳбари эса тинчлик ва соғлиқни ҳеч қандай қуролга алмашмайди. Бунинг ўрнига, омонликни хуш кўрадиган инсонлар учун гўзал ва бетакрор иморатлар, кўприклар, йўллар қуришда бош меъморлик қилмоқда. Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан 200 га яқин ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари фаолиятига ҳам оқ йўл берилди.

Президентимиз энг аввало қўшниларимизга, кейин туркий давлатларга, сўнг дунёдаги ҳар бир мамлакатга тинчлик ҳамда ўзаро тенг манфаатлар асосида ҳамкорликни таклиф этиб, дунё эътибори ва эътирофига сазовор бўлди. Куни кеча АҚШда янги барпо этилаётган оромгоҳга кўркам айвонлар совға қилинганида ҳам катта маъно бор. Шу боғда сайр қилиб юрганлар меҳнаткаш халқимиз қўли билан яратилган гўзалликни кўриб ҳайратлансин, яйраб дам олсин!

Устозларим Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораев, Ўрол Ўтаев, Азим Суюн, Абдусаид Кўчимов ва Эркин Эрназаровлардан доим тўғри яшашни, рост ва очиқ гапиришни ўрганганим рост. Аслида, бу хислатлар қонимда ҳам бор. 94 ёшга кириб, умргузаронлик қилган Эсиргади бобом ҳам, отам Тоштемир Эсиргадиев ҳам ҳалол, меҳнаткаш кишилар эди. Падари бузрукворим 40 йил пахта қатор ораларига сув тараб, деҳқончиликнинг ҳадисини олган, аниқроғи, қишлоқ хўжалигининг катта билимдонларидан бири эди. Бундан ташқари моҳир уста — Чироқчидаги минглаб уйларнинг томини ёпган қўли гул уста бўлган, бешик ва дўмбира ясарди. Раҳматли 82 ёшида оламдан ўтди. Ҳаётининг сўнгги куни, сўнгги дақиқасигача тилдан ҳам, оёқдан ҳам қолмай жон таслим қилди. Буларни нимага айтяпман? Ҳаётга тўғрилик ва яхшилик билан ёндашсак, эзгулик марраси бизники, ҳаммамизники бўлади… улуғ адиб Фёдор Достоевскийнинг “Дунёни гўзаллик қутқаради” деган гапини яхши кўраман. Турмуш ўртоғим билан беш фарзандни ҳалол луқма бериб вояга етказганимиздан қувониб яшаяпмиз. Уларнинг ҳаммаси олий маълумотли. Ҳаётда жамиятимиз учун фойдали касбларни танлаб, ўз севган соҳаларида фаолият олиб боришмоқда. Пировардида, солиҳ ва солиҳа набираларни тарбиялашмоқда. Шу эмасми бизни қутқариб келаётган гўзаллик?

Юсуф Хос Ҳожиб бобомизнинг “Кимнинг халққа фойдаси тегиб, шу фойдаси туфайли ҳаловат топса, ўша одам эзгудир”, деган ҳикмати ҳаётий тамойилимдир. Бугун шифокорлар, ўқитувчилар, деҳқону соҳибкорлар, тадбиркорларимиз жонфидолик қилаётган бўлса, ҳарбийларимиз кеча-ю кундуз мамлакатимиз сарҳадларини қўриқлашмоқда. Юртимизда Янги Ўзбекистон, Янги Тошкент каби кентларимиз осмонга бўй чўзмоқда. Энг муҳими, ҳар биримиз эзгу мақсад сари бирлашдик. Туну кун ғайрат билан ишлаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу ишлар бошида барчамизга намуна бўлмоқда. 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да ҳар бир маҳаллада олиб борилаётган ибратли ишларни ОАВ орқали гувоҳи бўлиб турибмиз.

Яна бир гап. Бугун дунёга ўқ-ёйи, даҳшатли бомбаси билан ваҳм солиб турган мамлакатлар ҳам кичик бир зарра олдида бош эгиб қолганини коронавирус балоси даврида кўрдик. Дунё ҳозир ҳам тинч эмас. Турли юқумли вируслар, оғир касалликлар урчиган замонда яшаяпмиз. Минглаб бегуноҳ одамларнинг ёстиғи қуримоқда. Шунинг учун Истиқлолимиз, тинчлигимизнинг қадрига етайлик. Уни ҳар жиҳатдан янада мустаҳкамлайлик. Энг муҳими, гўзалликка, гўзал яшашга интилиб, бир-биримизга оқибатли, меҳрли, жигарсўз бўлайлик! Дарвоқе, мен учун муқаддас даргоҳ бўлган “Ойнаи жаҳон” ташкил топганига 70 йил бўлади. Байрамлар байрамга уланаверсин!

Эркин ЭСИРГАДИЕВ,

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси

Жамоатчилик фикрини ўрганиш, телерейтинг таҳлили ва мониторинг бошқармаси

бош мутахассиси,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − nine =