Гулшаний меросини қачон ўрганамиз?

Кунларнинг бирида бир ижодкор танишим куйиниб айтиб қолди:

Яқинда туманда ўтказилган адабиёт фани ўқитувчиларининг йиғилишида қатнашишга тўғри келди. Мен ўқитувчилардан “Абдулла Гулшаний ҳақида ҳам ўқувчиларга маълумотлар берасизларми?” — деб сўрадим. Аввалига улар ажабланиб, бир-бирларига қараб олишди. Кейин эса кўксига аълочи нишонини таққани деди:

— Анови “Зарбулмасал”ни ёзганни айтяпсизми?..

Мен индамадим. Аммо ич-ичимдан хафа бўлиб кетдим. Эй, дўстим, мана, юртимиз истиқлолга эришганига ҳам ўттиз беш йилдан ошди. Авваллари шўро тузумини айблардик. Энди-чи? Айтинг, қачон лоқайдлик деган бу балодан қутуламиз-у, ўзлигимизни англаймиз?

Ғазалхон шоир, таржимон, аруз ва муаммо илмининг билимдони Абдулла Гулшаний 1898 йил март ойида Шаҳрисабзнинг Зингарон маҳалласида косиб Абдураҳмон Фозил ўғли оиласида туғилган. Олти ёшдан тоғаси мулла Мейлининг мактабида ўқиб, Қуръони каримни ёд олган ва мударрисларнинг синовидан ўтгач, “қори” даражасига эришган.

У 18 ёшга етгач, Бухорога бориб, Мир Араб мадрасаси толиби бўлиш билан бирга, ўзи ҳам Гулшаний тахаллуси билан ғазаллар ёзгани сабабли тез орада яхшигина шоир бўлиб танилади. Абдулла Гулшаний дўстлари билан энг яхши ғазалларни жамлаб, “Туҳфат ул-аҳбоб” (“Дўстлар совғаси”) номли девон тузишган.

Ёш Абдулла Гулшаний Бухорода Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳамза Ҳакимзодалар билан танишиб, жадидлар ҳаракатининг фаол аъзосига айланиб улгуради ва тараққийпарвар ёшларни янгича ғоялар билан таништиради. Уларнинг бош мақсади амирлик тузумини ислоҳ қилиш, мамлакатни оқ подшо қарамлигидан қутқариб, мустақил давлатга айлантириш, ёшларни хорижга ўқишга юбориб, ҳар томонлама саводхон миллий мутахассисларга эга бўлиш, хотин-қизларни ўқитиш, усули савтия, усули жадидия мактабларининг сонини кўпайтириш, тижорат ишларини ривожлантириб, чет эл сармоясини киритиш каби ишларни амалга ошириш эди.

* * *

Абдулла Гулшаний мадрасадаги таҳсилидан таътилга чиқиб, Шаҳрисабзга келган пайтида эса дўстлари ва танишлари — шоир Файзулла Равнақий, мулла Шоймардонқул саотсоз, Қори Турсун Абдуллаев, Абдулҳамид ҳожи Абдулҳакимов, Аҳмаджон Аминжонов, Шодибек Хўжақулов, Собир Махсумов, Мирза Кароматилла Турсунов, Қори Остон Ҳазратқулов, Қори Фахриддин Низомов, китоблик Эгамберди Гусбандлардан иборат гуруҳ тузишга ҳам эришган. Мулла Исломқул Тўқсабо ушбу гуруҳнинг етакчиси бўлган. Гуруҳ Бухородан Фитрат, Самарқанддан Беҳбудий ва Тошкентдан Абдулла Қодирийлар билан алоқа қилиб турар эди. Ургутга келиб, муаллимлик қилаётган асли бухоролик Ражаб Сулаймоний Туркистонда чиқадиган жадидларнинг “Қутулиш” газетасини Шаҳрисабзга юбориб турар эди. Гулшаний эса Шаҳрисабздаги гуруҳнинг аҳволи ҳақида Бухорога ҳам хабар бериб турарди.

Амирлик айғоқчилари 1919 йилнинг баҳорида уни отасининг уйида қўлга олиб, Шаҳрисабз беги Саид Акромхон тўранинг зиндонига ташлайди. Чунки у амирга атаб мана шу танқидий шеърни битган эди-да…

Сиз бирла бизнинг зикримиз — сиз бир тараф,

биз бир тараф,

Бир-бирига зиддир фикримиз — сиз бир тараф,

биз бир тараф.

Сиз янгиликка қаршисиз, биз эскиликка қаршимиз,

Шул икки мақсад устида сиз бир тараф, биз бир тараф.

Ҳар эскилик ботил эрур, тушунмаган жоҳил эрур,

Ҳар янгилик қобил эрур, сиз бир тараф, биз бир тараф.

Зиндон билан қўрқитмангиз, урмоқ билан ҳуркитмангиз,

Сўзга кирар деб кутмангиз, сиз бир тараф, биз бир тараф.

Истибдодга етди футур, халқ исёни Ватанда зўр,

Энди бўлмас сизга ҳузур, сиз бир тараф, биз бир тараф.

Ҳаддин ошибдир дарду ғам, ҳар бир кўнгилда минг алам,

Токайгача бундоғ ситам, сиз бир тараф, биз бир тараф.

Бизларга мақсад эътиқод, меҳнат эли бўлсин озод,

Мактабимиз бўлсин обод, сиз бир тараф, биз бир тараф.

Гулшан айтур сизга бул сўз, буни билгай элу рамз,

Сизни енггай оҳи дил сўз, сиз бир тараф, биз бир тараф.

 

Абдулла Гулшаний 1917 йилнинг ёзида Шаҳрисабздаги ўзи таҳсил олган “Малики аштар” мадрасасининг мударриси бўлган мулла Худойқулнинг қизи Ҳикоятхонга уйланади. Ҳикоятхон ҳам бошланғич таълимни уйида отасидан олади, сўнгра маҳалласидаги Рисолатбону отиннинг қизлар мактабида ўқийди. Ҳатто ғазалларини тўплаб, девон тузган деган тахминлар бор.

* * *

Ўша йилларда икки севишган дилнинг бир-бирига йўллаган ишқий мактуби эл-улус орасида машҳур бўлган.

Ҳикоятхон:

Сизга ёзиб юбордим ишқимнинг достонини,

Билмамки, бу хатодир ёки савоб бўлғай?

Абдулла:

Шеърингизни ўқиганда ҳайратда қолмаган ким?

Таҳсину офаринлар ҳам беҳисоб бўлғай.

Ҳикоятхон:

Кўксимдаги муҳаббат ўти шарораликдур,

Ҳар дамда мавж урса, диллар кабоб бўлғай.

Абдулла:

Ҳажрингнинг достонин ёзсам адо бўлурми?

Бирлаб китоб эмас, минглаб китоб бўлғай.

Ҳикоятхон:

Мунча ширин сўзингиз, магар масиҳ эрурсиз,

Жонсиз танимда лаззат жондек шароб бўлгай.

Абдулла:

Зулфинг қаросидин ойдек юзингни кўрсат,

Токи бу дардмандинг масту хароб бўлғай.

* * *

Аммо икки ёшнинг висол онлари узоққа чўзилмади.

Амирлик айғоқчилари 1919 йилнинг баҳорида уни отасининг уйида қўлга олиб, Шаҳрисабз беги Саид Акромхон тўранинг зиндонига ташлайди. Абдулла зиндондалигида қора ниятли кимсалар Ҳикоятхонга “Абдуллани зиндонда осиб ўлдиришди”, деган хабарни етказишган. Севганидан айрилган 19 ёшли сулув келинчак заҳар ичиб, жонига қасд қилади.

Абдуллани эса беш ойдан сўнг отаси дала ҳовлисини сотиб, етмаганига қариндошларидан қарз олиб, кафиллик эвазига зиндондан олиб чиқишади. Гулшаний Ҳикоятхонга атаб ўтли ғазаллар битган.

Мен ул ой ҳусну жамолин кўрмасайдим, кошки,

Бир кўриб Мажнуни шайдо бўлмасайдим, кошки,

Фурқатий ишқ ичра бундоғ куймасайдим, кошки,

Ғурбату дард ичра бундоғ тўймасайдим, кошки,

Ё ани кўрган билан ҳам суймасайдим, кошки.

Найлайин, эй Гулшаний, ишқида бўлдим мубтало,

Оташи ҳажри фироқида куйиб, бўлдим адо,

Зори нолан, оҳи афғон, бир ишим субҳи со,

Бул эрур наҳил қисмина, қисмати бўлдим ризо,

Ёки ман рўзи азалда бўлмасайдим, кошки,

Ёки бул қисматга ул дам кўнмасайдим, кошки.

* * *

Ҳокимият шўролар қўлига ўтгач, уни ишга чақиришган. У бир муддат Шаҳрисабздаги ҳукумат идорасида, кейин Қарши, Самарқанд, Наманганнинг чекка туманларидаги идораларда ишлаган. Бир неча йил Қоракўл тумани “Чорвадор” газетаси муҳаррири ҳам бўлди. 1927-1929 йилларда Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университети (САГУ)да ўқийди.

Абдулла Гулшанийни 1939 йилда янги ташкил этилган Қамаши туманига ишга юборишади ва 1957 йилда пенсияга чиқади. У 1978 йилнинг 28 декабрига қадар Қамаши шаҳрида яшаган ва 80 ёшида вафот этган.

Абдулла Гулшанийни 1962 йилда Тошкентга ЎзФАнинг Тил ва адабиёт институтига ишга таклиф этишган. У қисқа муддат ичида Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи манзума” асарини форсчадан ўзбек тилига таржима қилди. Шунингдек, Алишер Навоий қаламига мансуб “Мажолис ун-нафоис” асаридан 1000 байтли, “Хазойин ул-маоний” асаридан 600 сатрли муаммони ечади. Бундан ташқари, М.Нишопурийнинг “Муаммо фани қоидалари ҳақида” китобидан 6654 сатр, “Муаммо қоидалари” рисоласидан 1340 сатр, “99 номли муаммо” китобидан 650 сатр муаммоли шеърни ўзбек тилига ўгирган.

Абдулла Гулшанийдан 2 жилдлик “Гулистони Гулшаний” девони, 3 жилддан иборат тожикча шеърлар тўплами, ўзининг муаммо ва чистонлари жамланган “Муаммиёт” асари, “Тўю тўёна”, “Ариза”, “Кунларим” достонлари мерос бўлиб қолган. Шоирнинг жами 16 минг 854 мисрадан иборат адабий мероси Тошкентдаги Қўлёзмалар институтида сақланмоқда.

Таниқли адиб, марҳум Саъдулла Сиёев 1971 йилда Қамашига келиб, Абдулла Гулшаний билан учрашиб, суҳбат қурган ва “Ҳукуматнинг авлиёси” деган мақола ёзиб, Гулистон журналида эълон қилган. Келинг, ўша мақоладан иқтибос ўқийлик:

“Саъдулла Сиёев: — Шунча қўлёзма китоблар ёзибсиз. Буларни бирор ерда бостирсангиз бўлмасмиди?

Гулшаний: — Мана, оққа кўчириб, тайёрлаб қўйдим. Кимга керак бўлса, чиқариб олар…”

Шоирнинг истеҳзоли жавобидан шу нарса сезилиб турибдики, оворагарчиликлар билан заҳмат чекса-да, асарларини китоб қилиб нашр эттира олмагач, ўзи қўлбола мажмуа-тўпламлар тайёрлаган ва келажакда ижоди билан кимлардир шуғулланиб, асарлари нашр этилишини орзу қилиб яшаган.

* * *

Эл-улус орасида эса Абдулла қори номини олган шоирнинг башоратчи ва кароматгўйлиги ҳақида ҳам гап-сўзлар юради.

Мана шулардан биттаси:

1970 йил баҳор қурғоқчил келиб, экин-тикинлар, айниқса, пахта қовжирай бошлаган. Қамаши туман фирқаси биринчи котиби Абдулла Гулшанийни чақириб, қачон ёмғир ёғишини сўрайди. Абдулла қори ҳисоб-китоб қилиб: “Келаётган жума куни пешиндан сўнг кучли жала бўлади”, деб жавоб беради. Айтилган куни тушдан сўнг ёмғир ёға бошлаган. Котиб ҳам мардлик қилиб, қори бобони “Жигули” машинаси билан мукофотлаган экан.

Қамаши шаҳри яқинида Қамай деб номланган қишлоқ бор. Қишлоқ ўзининг достончи бахшилари ва тилими тилни ёрадиган қовунлари билан машҳур. Қамайликлар эса Абдулла Гулшаний қаламига мансуб “Кўрдим Қамайда бир пари” ғазалини ҳамон тўйларда, базмларда айтиб юришади.

Абдулла Гулшанийнинг шогирдларидан бири — журналист ва адиб Абдивой Раҳим Қамаши тумани газетасида ишлаб юрган кезларида ғазалхон шоир билан кўп бора учрашиб, суҳбат қурган ва хотираларини ёзиб олган. Орадан йиллар ўтиб, домланинг елиб-югуришлари туфайли Абдулла Гулшанийнинг “Алвидо” номли ғазаллар тўплами ва “Абдулла Гулшаний” номли хотиралар китобини кам нусхада нашр эттирган. Устозининг ҳаёти ва ижоди ҳақида мақолалар, “Тонгда сўлиган лола” пьесасини ҳам ёзган.

Кунларнинг бирида домла қўлимга бир нечта варақ тутқазиб, деди:

— Шуларни компьютерда кўчириб берсанг. Биласанми, янаги баҳорда Абдулла Гулшаний бобонинг туғилганига 120 йил тўлади. Шаҳрисабз ҳокимига хат ташламоқчиман. Ахир шаҳри Кеш алломанинг туғилган шаҳри. Бир ўйлаб кўришар…

Орадан анча кунлар ўтиб, домлани яна учратиб қолдим.

— Машина ёллаб, Шаҳрисабзга бордим. Афсус, ҳоким қаёққадир кетган экан. Ёрдамчисига хатни ташлаб, тайинлаб келдим. Бирор натижа бўлиб қолар…

Абдулла Гулшанийнинг бой мероси ҳали ўрганилган эмас. Пойтахтдаги ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик илмий текшириш институти катта илмий ходими Абдусаттор Жуманазардан бу ҳақда сўрадим.

— Абдулла Гулшаний ажойиб ғазалнавис шоиргина эмас, етук олим, таржимон ва яна ислом илмининг билимдони бўлган. У кишининг илмий-адабий меросини бир нечта олимлар ўрганишга ҳаракат қилишган. Аммо уни кенг оммага етказиш, яъни китоб қилиб чоп этишга қолганда, яна ўша қурғур маблағ масаласи муаммо бўлиб турибди-да…

Ҳа, Абдулла Гулшаний Қашқа воҳасидан етишиб чиққан етук ижодкор эди. Абдулла Гулшанийдек алломанинг меросини элимизнинг адабий мулкига айлантириш ва унинг асарларини тўплаб нашр этиш ҳақида мутасадди идоралар амалий ишларни бажаришлари лозим деган фикрдамиз.

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 5 =