Оламни ром этган наволар

ёки ўзбек мусиқа маданиятининг 35 йиллик зафарли йўлига бир назар

Танбурнинг ягона симига нохун урилганда тараладиган майин ва жарангдор товушни эшитганмисиз? Унда шунчаки мусиқий оҳанг эмас, балки асрлар силсиласи, Самарқанд гумбазларида акс-садо берган тарих, Бобурнинг Ватан соғинчи ва аждодлар руҳи мужассамдек туюлади. Найнинг майин ва ҳазин садоси эса инсон қалбидаги энг нозик туйғуларни уйғотиб, тингловчини сукутга чўмдиради, мозий хотиралари билан юзлаштиради…

Ўзбек халқи ҳаётида мусиқа шунчаки куй-қўшиқ ёки кўнгилочар омил бўлиб қолмаган. У миллатнинг тилсиз баён этилган мураккаб тарихи, фалсафий тафаккури, маънавий дунёси ва эзгуликка интилишлари ифодасидир. Ўзбек мусиқа маданияти халқимиз кўп асрлик маънавий меросининг ажралмас қисми ҳисобланиб, унинг шаклланиши ва тараққиёти Марказий Осиё цивилизацияси тарихи билан чамбарчас боғлиқ.

Афросиёб, Тупроққалъа ва Варахша каби тарихий ёдгорликлардан топилган, мусиқачилар ҳамда чолғу асбоблари акс этган деворий суратлар Марказий Осиё ҳудудида мусиқа санъати қадимдан шаклланганини кўрсатади. Най, сурнай, карнай ва чанг каби чолғулар халқ байрамлари, ҳарбий маросимлар ва турли анъанавий удумларнинг муҳим таркибий қисми бўлган.

Буюк Ипак йўли нафақат савдо-сотиқ, балки халқлар ва маданиятлар ўртасидаги маънавий мулоқот вазифасини ҳам бажарган. Шу жараёнда маҳаллий мусиқа анъаналари форс, араб, туркий, ҳинд ва хитой мусиқа маданиятлари билан ўзаро таъсирлашиб, бойиб борди. Асрлар давомидаги маданий алмашинувлар минтақада мусиқа санъатининг ўзига хос услуб ва анъаналари шаклланишига хизмат қилди.

IX-XII асрлардаги Ислом ренессанси даври мусиқа назарияси ривожида алоҳида ўрин тутади. Буюк файласуф Абу Наср Форобий “Китоб ал-мусиқо ал-кабир” асарида мусиқанинг назарий асосларини ишлаб чиқиб, уни математик ва фалсафий жиҳатдан таҳлил қилган. Қомусий олим Абу Али ибн Сино эса мусиқанинг инсон руҳиятига таъсири, унинг тарбиявий ва даволовчи хусусиятлари ҳақида қимматли фикрларни илгари сурган. Уларнинг илмий мероси Шарқ мусиқашунослиги тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди.

Айниқса, XIV-XV асрларда — Темурийлар даврида илм-фан, адабиёт ва санъатнинг барча соҳалари қатори мусиқа ҳам юксак тараққиёт босқичига кўтарилди. Самарқанд ва Ҳирот йирик маданий марказларга айланиб, сарой муҳитида шоирлар, бастакорлар ва созандалар фаолият юритди. Бу муҳитда мусиқа шеърият билан уйғунлашиб, юксак эстетик қадрият даражасига эришди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида турли халқларнинг урф-одатлари, байрамлари, чолғу асбоблари ва мусиқий анъаналари ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Бундай тарихий манбалар халқимиз маънавий ва маданий қадриятлари асрлар давомида узлуксиз тараққий этганини ҳамда миллий ўзликни сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилганини кўрсатади.

Бугун Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим босқичида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик зафарли йўлига назар ташлар эканмиз, бой тарихий ва маънавий меросимиз миллий маданиятимиз ва санъатимизни юксалтиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганига гувоҳ бўламиз.

Ўзбек мусиқа маданияти асрий анъаналарини сақлаган ҳолда замонавий тараққиёт жараёнларига мослашиб, халқаро маданий майдонга дадил кириб бормоқда. Шу жиҳатдан миллий мусиқа бугун нафақат бадиий мерос, балки Ўзбекистоннинг халқаро маданий имижини шакллантирувчи муҳим омил ва маданий дипломатиянинг таъсирчан воситаларидан бирига айланди.

Айниқса, 2016-2026 йилларда ўзбек мусиқа маданиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилди. Миллий мусиқа санъати нуфузли халқаро фестиваллар, маданий форумлар ва концерт дастурлари орқали кенг жаҳон жамоатчилигига намойиш этилди.

ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида мақом, бахшичилик, миллий чолғу ижрочилиги ва номоддий маданий мерос намуналарини асраш ҳамда тарғиб қилишга қаратилган ташаббуслар кенгайди. Рақамли технологиялар ва медиаплатформалардан самарали фойдаланиш эса ўзбек мусиқасини глобал ахборот маконида янги аудиторияларга етказиш имконини берди.

Ўзбек мусиқа маданиятининг халқаро миқёсдаги нуфузи, аввало, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали мисолида яққол намоён бўлади. 1997 йили илк бор ўтказилган фестивалда 31 та мамлакат вакиллари иштирок этган бўлса, 2024 йили бўлиб ўтган XIII фестивалда дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатидан санъаткорлар қатнашди. Бу кўрсаткичлар фестиваль йиллар давомида нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон мусиқа маданиятининг муҳим халқаро мулоқот майдонларидан бирига айланганини кўрсатади.

Фестиваль доирасида ташкил этилган “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда миллий мусиқий меросни рақамли форматда тарғиб қилишга қаратилган “Мақом капсуласи” лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа доирасида 100 дона “Мақом капсуласи” тайёрланиб, конференция ва фестиваль иштирокчиларига тарқатилди. Капсулаларга ўзбек мумтоз мусиқаси ва мақом намуналари, шунингдек, ҳар бир мақомнинг анъанавий ижро вақти ва хусусиятлари ҳақида маълумот берувчи рақамли материаллар жойлаштирилди.

“Мақом капсуласи” ташаббуси миллий маданий меросни нафақат саҳна ижроси орқали, балки замонавий рақамли технологиялар ёрдамида сақлаш, оммалаштириш ва халқаро аудиторияга етказиш имкониятларини намоён этди. Шу маънода у мақом санъатини замонавий ахборот маконига олиб кириш ва унинг халқаро илмий-маданий мулоқотдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган инновацион ёндашув сифатида аҳамиятлидир.

2026 йил 23-26 июнь кунлари Наманган шаҳрида ЮНЕСКО ва ИСЕСКО (“ICESCO”) ҳомийлигида III Халқаро мақом санъати форуми бўлиб ўтди. Мазкур анжуман мақом санъатини асраш, ривожлантириш, ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш ва халқаро илмий-ижодий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилди.

Форум доирасида илмий-амалий конференциялар, халқаро мақом ижрочилари танлови, концерт дастурлари ва турли маданий тадбирлар ташкил этилди. Унда 80 дан ортиқ мамлакатдан 230 дан зиёд хорижий иштирокчи ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Мазкур форум мақом санъатининг тарихий ва илмий аҳамиятини яна бир бор намоён этиш билан бирга, Ўзбекистон мусиқа маданиятининг замонавий жаҳон маданий жараёнларидаги фаол ўрнини ҳам кўрсатди. Зеро, миллий мусиқа меросининг барқарор ривожи уни асраш ва тарғиб қилиш билан бир қаторда, замонавий ижодкорлар салоҳияти орқали жаҳон саҳналарига олиб чиқишни ҳам тақозо этади.

Ўзбек мусиқа санъатининг халқаро нуфузи фақат миллий мусиқий мерос тарғиботи билан эмас, балки жаҳон саҳналарида муваффақиятли фаолият юритаётган истеъдодли ижодкорлар мисолида ҳам намоён бўлмоқда.

Тошкентда туғилиб, жаҳон академик мусиқа саҳнасида ўзбек ижрочилик мактабининг муносиб вакили сифатида танилган пианиночи Беҳзод Абдураимов ана шундай ижодкорлардан биридир. У дунёнинг нуфузли концерт залларида, жумладан, Нью-Йоркдаги “Carnegie Hall” саҳнасида муваффақиятли концертлар берди.

2019 йил 10 декабрь куни “Carnegie Hall”нинг “Stern Auditorium / Perelman Stage” саҳнасида бўлиб ўтган яккахон концертида пианиночи Фредерик Шопеннинг “24 прелюдия”, Клод Дебюссининг “Болалар бурчаги” (“Children’s Corner”) ва Модест Мусоргскийнинг “Кўргазмадан расмлар” асарларини ижро этди. Унинг халқаро саҳналардаги фаолияти ўзбек фортепиано мактабининг жаҳон мусиқаси майдонидаги нуфузини кўрсатувчи ёрқин мисолдир.

Миллий мусиқа меросининг халқаро тарғиботида мақом санъати намояндаларининг ҳам ўрни беқиёс. Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ижоди орқали ўзбек мумтоз қўшиқчилиги ва мақом санъатининг бетакрор оҳанглари турли мамлакатларда янгради. Унинг ижро услуби, вокал маҳорати ва анъанавий санъатга садоқати миллий мусиқа мактабининг нуфузини оширишга хизмат қилди.

Ўзбек мусиқасининг замонавий қиёфасини жаҳон аудиториясига танитишда халқимизнинг севимли санъаткори Севара Назархоннинг ўрни ҳам алоҳида. У миллий оҳангларни замонавий мусиқа йўналишлари билан уйғунлаштириб, ўзбек санъатининг янги ижодий имкониятларини намоён этди. Унинг халқаро майдондаги эътирофи, жумладан, 2004 йили “BBC Radio 3 Awards for World Music” мукофотининг “Best Asian Artist” йўналишида ғолиб бўлгани бунинг ёрқин мисолидир.

Аббос Қосимов эса ўзбек доира ижрочилигини халқаро саҳнага олиб чиққан санъаткорлардан бири сифатида эътироф этилади. У АҚШ, Европа ва Осиёнинг қатор мамлакатларидаги халқаро маданий тадбирлар, концерт дастурлари ва мусиқа фестивалларида иштирок этиб, доиранинг бой ижрочилик имкониятларини намойиш этди. Хорижий университетлар, консерваториялар ва маданий марказларда ўтказган маҳорат дарслари орқали ўзбек зарбли чолғулари анъаналарини халқаро мусиқа таълими жараёни билан боғлашга муносиб ҳисса қўшди.

Ўзбек мусиқа маданиятининг янги тараққиёт босқичида санъаткорларнинг нафақат ижодий фаолияти, балки миллий маданий сиёсатни ривожлантириш, санъатни кенг тарғиб этиш ва халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги иштироки ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шундай ижодкорлардан бири Ўзбекистон халқ артисти, хонанда ва маданият соҳаси раҳбари Озодбек Назарбековдир. Унинг кўп йиллик ижодий фаолияти миллий хонандалик анъаналарини асраб-авайлаш, халқона оҳангларни замонавий саҳна маданияти билан уйғунлаштириш ва ўзбек қўшиқчилик мактабини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

2016-2026 йилларда мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида Озодбек Назарбеков ижодкор ва раҳбар сифатида миллий мусиқа меросини тарғиб қилиш, ижодий муҳитни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантиришда фаол иштирок этди. Унинг Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардаги маданий тадбирлар, концерт дастурлари ҳамда ижодий учрашувлардаги иштироки ўзбек миллий санъатини хорижий аудиторияга танитишга хизмат қилди. Бундай тадбирлар орқали миллий қўшиқчилик анъаналари, халқ мусиқаси ва замонавий ижро йўналишларининг ўзига хос жиҳатлари халқаро маданий мулоқот майдонида намойиш этилди. Унинг фаолиятида устозлик ва педагогик ёндашув ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Хонанда сифатида орттирган бой ижодий тажрибасини ёш ижодкорлар билан ўртоқлашиш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ва миллий хонандалик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган ишлар ўзбек мусиқа мактабининг узвий давомийлигини таъминламоқда.

Бугун ўзбек мусиқаси тараққиётида ижодкор ва раҳбарларнинг ана шундай уйғун фаолияти миллий санъатимизнинг барқарор ривожланишига, маданий дипломатиянинг кучайишига ва Ўзбекистоннинг халқаро маданий нуфузи ортишига хизмат қилмоқда.

Мусиқа — авлодларни боғловчи маънавий кўприк. Унда халқнинг тарихи ҳам, бугуни ҳам, келажакка бўлган ишончи ҳам мужассам. Асрлар давомида шаклланган мақом наволари, бахши достонлари, халқ қўшиқлари ва замонавий ижод намуналари бугун янги мазмун билан янграётган экан, ўзбек мусиқаси нафақат миллий бойлик, балки жаҳон маданияти хазинасига муносиб ҳисса қўшаётган улкан маънавий қадрият сифатида янги аср саҳнасида намоён бўлмоқда.

Абадий наволарнинг жаҳон маданиятидаги янги садоси ўзбек мусиқа санъатининг кечаги мероси, бугунги юксалиши ва эртанги буюк истиқболи рамзидир.

Мусаллам АБДУЖАББОРОВА,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти,

педагогика фанлари номзоди.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 7 =