Гул баргларидай очилган рақс

Бугун боғимизда очилган бир гул диққатимни тортди. Унинг ўзига хос ранги, жилоси ва таровати мени ҳайратга солди. Гулга узоқ тикилиб қолдим. Ҳар бир барги гўё алоҳида бир гўзаллик ва алоҳида бир маънони ифода этаётгандек эди. Бу манзара мени чуқур ўйга толдирди.

Гулнинг очилишига назар солар эканман, хаёлимда яқинда томоша қилганим — миллий рақс гавдаланди. Чунки гулнинг аста-секин очилиши билан рақс ҳаракатлари ўртасида ажиб бир уйғунликни ҳис қилдим. Худди гул барглари бирин-кетин очилиб, ўз жозибасини намоён этгани каби, рақс ҳам ҳаракатдан ҳаракатга ўтиб, ўзининг бутун нафосатини очиб борар эди.

Табиатда гул бирданига очилмайди. Аввал ғунча бўлиб кўринади. Кейин қуёшнинг илиқ нурлари ва баҳорнинг майин нафаси таъсирида ҳар бир барги аста-секин очилиб, бор гўзаллигини намоён этади. Рақс ҳам худди шундай: ҳар бир ҳаракат, ҳар бир қадам ва ҳар бир нигоҳ томошабин қалбига аста-секин йўл топиб, уни гўзаллик оламига бошлайди.

Айниқса, миллий рақсларимизда бу нафосат янада яққол кўринади. Раққосанинг қўл ҳаракатларида халқимизнинг нозик диди, нигоҳларида шарқона ҳаё ва латофат, қадамларида эса миллий руҳ мужассам. Шу боис миллий рақс шунчаки саҳна санъати эмас, балки халқ маънавиятининг ҳаракатдаги ифодасидир.

Рақс либосларига назар ташласак, улар гўё гулнинг ранг-баранг жилосини эслатади. Атлас ва адрас матоларининг товланиши, миллий нақшларнинг нафосати ҳамда зарҳал безакларнинг жилоси миллий маданиятимизнинг бойлиги ва халқимизнинг юксак эстетик дидидан дарак беради. Худди гул ўз ранги билан инсонни мафтун этганидек, миллий либослар ҳам рақсга алоҳида кўрк ва мазмун бағишлайди.

Бизнинг халқимизда азалдан қиз бола гулга қиёсланади. Бу бежиз эмас. Гул қандай қилиб ўзининг нафосати ва латофати билан инсон қалбини ром этса, қизларимиз ҳам ўз одоби, ҳаёси, меҳрибонлиги ва назокати билан ҳаётимизга файз бағишлайди. Саҳнада миллий рақс ижро этаётган қизларга назар ташлар эканман, улар кўзимга гўё турфа рангларда очилган гуллардек кўринди. Уларнинг майин ҳаракатлари, нафис қоматлари ва миллий либослар билан уйғунлашган жозибаси халқимизнинг асрлар давомида шаклланган гўзаллик ҳақидаги тасаввурини намоён этар эди. Шу боис мен учун рақс тушаётган қизлар бамисли очилиб турган гуллардир. Уларнинг ҳар бир ҳаракати гул баргларининг майин тебраниши каби нафис ва таъсирчандир.

Миллий рақслар халқнинг тарихи, турмуш тарзи ва маънавий дунёсининг бадиий ифодасидир. Уларда аждодларимизнинг ҳаёти, урф-одатлари, орзу-интилишлари ва ҳаётга бўлган муносабати акс этади. Шу жиҳатдан қараганда, миллий рақслар нафақат санъат намунаси, балки халқнинг маданий хотираси ҳам ҳисобланади.

Ўзбек миллий рақс санъатининг ноёб намуналаридан бири бўлган “Лазги”да бу уйғунлик айниқса ёрқин намоён бўлади. “Лазги”нинг ҳар бир ҳаракати инсон қалбидаги туйғулар, ҳаёт қувончи ва табиат билан уйғунликни ифода этади. Асрлар давомида сайқалланиб келган бу санъат намунаси халқимиз маънавий меросининг ажралмас қисмига айланган. 2019 йилда Хоразм рақси — “Лазги” ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилиши унинг нафақат миллий, балки жаҳон маданиятида ҳам муносиб ўрин эгаллаганини кўрсатади.

Шунда мен яна бир ҳақиқатни англадим: гулнинг гўзаллиги унинг баргларида намоён бўлганидек, миллатнинг гўзаллиги ҳам унинг санъатида акс этади. Миллий рақс эса ана шу гўзалликнинг ҳаракатга айланган тимсолидир.

Мен учун рақс — бу очилаётган гул. Унинг ҳар бир ҳаракати баргларнинг очилиши, миллий либослари эса ана шу гулнинг ранг-баранг жилосидир. Бу гул халқимизнинг тарихи, маданияти ва маънавиятидан озуқа олади. Шунинг учун ҳам миллий рақсларимизни асраб-авайлаш, ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Зеро, рақс — миллат қалбининг ҳаракатдаги ифодаси, унинг маънавий қиёфасини намоён этувчи бетакрор меросдир.

Зулфия ЯҚУБОВА,

Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиали “Лазги” ижрочилигини ривожлантириш бўлими бошлиғи.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × three =