Халқ хотираси яшаётган гўшалар

Музей — тарих кўзгуси. Ўтмиш ва келажакни боғлайдиган ушбу муқаддас масканлар орқали халқимизнинг кўп асрлик бой тарихи билан танишамиз. Музейлардаги ҳар бир экспонат аждодларимиз ҳаёти, яшаш тарзи, меҳнат фаолияти, маданияти ва санъати ҳақида сўзлайди.

Бугунги кунда юртимизда 130 га яқин музей фаолият олиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, уларда сақланаётган экспонатлар сони 2,17 миллиондан кўпроқ. Шу ўринда ўз фаолиятини намунали йўлга қўйган ўнлаб музейларни санаб ўтиш мумкин. Масалан, Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи республикамиздаги энг йирик санъат масканларидан бири ҳисобланади. Нукус шаҳрида жойлашган бу музей 1969 йилда ташкил топган бўлиб, 1984 йилдан буён И.В.Савицкий номи билан аталади. Музейга таниқли этнограф ва реставратор Игорь Савицкийнинг саъй-ҳаракатлари ҳамда у тўплаган қорақалпоқ халқ амалий санъати асарлари негизида асос солинган. Музей залларини айланар эканмиз, қорақалпоқ халқининг яқин ўтмишдаги ҳаёти, гўзал санъати ва орзу-армонлари билан юзма-юз келгандай бўламиз.

Албатта, Ўзбекистонда бундай қутлуғ масканлар жуда кўп. Ўзбекистон амалий санъат музейи, Самарқанддаги “Афросиёб” музейи ҳамда Термиз археология музейи шулар жумласидандир.

Ҳозирги кунда юртимизнинг барча вилоятларида ҳудуд тарихи, маданияти ва санъатини акс эттирувчи музейлар фаолияти самарали йўлга қўйилган. Бу эса, бир томондан, маҳаллий аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётганини эътиборга олган ҳолда, уларга қўшимча қулайликлар яратиш имконини бермоқда.

Биз яқинда Ангрен шаҳридаги Ўлкашунослик музейи фаолияти билан атрофлича танишдик. Ушбу музей 1960 йил 21 сентябрда “Соцгород” посёлкасида ташкил топган. 1972 йилда эса янги, мослаштирилган бинога кўчирилган. 2019 йил 19 августда шаҳар ҳокимининг қарори билан унга “Ангрен шаҳар тарихи музейи” номи берилди. Музей ҳозирги кунда учта — табиат, тарих ва санъат бўлимларидан иборат.

Айни пайтда 25 нафар ходим фаолият юритаётган бу масканда 35 мингдан ортиқ экспонат сақланмоқда. Музейнинг тарих бўлимидан ўрин олган экспонатларда “Соцгород” посёлкасининг ташкил этилишидан тортиб, Ангреннинг замонавий шаҳарга айланиши ва ҳозирги кунгача бўлган ривожланиш даври ҳикоя қилинади.

Музейга ташриф буюрганлар саноат хом­­ашёси бўлган кўмир конининг очилиши ва у ерда олиб борилган дастлабки ишлар билан батафсил танишишлари мумкин. Албатта, ўтган асрнинг 60-йилларида кўмир қазиб чиқариш осон кечмаган. Томошабинлар техника ривожланган кейинги йилларда ишлаб чиқариш сифати ва самарадорлиги ортиб борганини музейдан жой олган суратлар ҳамда бошқа ноёб экспонатлар орқали яққол билиб оладилар.

Ангрен иссиқлик электр станцияси (ИЭС) ҳам шаҳардаги йирик саноат корхоналаридан биридир. Корхонага тамал тоши қўйилган даврдан бошлаб то шу кунгача, яъни у йирик ишлаб чиқариш мажмуасига айлангунга қадар ишчилар томонидан қанчалик фидокорлик ва жасорат кўрсатилгани музей экспонатларида батафсил акс эттирилган.

Ангрен — тоғли ҳудудда жойлашган сўлим гўшаларимиздан бири. Шунинг учун ҳам бу ерда ўнлаб санаторий ва дам олиш масканлари халқимизга хизмат қилиб келмоқда. Дам олувчилар музейга ташриф буюриб, Ангреннинг ўзига хос гўзал табиати, наботот ва ҳайвонот олами билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар.

Шаҳар йилдан-йилга ривожланиб, ишлаб чиқариш суръатлари ошиб, аҳолининг моддий фаровонлиги юксалиб бораётган кўркам масканга айланмоқда. Шу билан бирга, бу ерда санъат ва маданият ҳам изчил тараққий этяпти.

Музей экспозицияларида нафақат кечаги кун тарихи, балки бугунги кун қаҳрамонлари — маданият ва санъат соҳасида астойдил изланиб, юксак натижаларга эришаётган замондошларимиз ҳаёти ҳам кенг ёритилган. Музейга ташриф буюрувчилар улар ҳақида ҳам етарлича маълумот олишлари мумкин. Музей жамоаси халқимизнинг маънавий оламини юксалтириш йўлида хизмат қилаётганидан мамнун.

Динара ЭЛЧИЕВА,

Педагогика фанлари бўйича

фалсафа доктори (PhD), доцент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 3 =